Қайднома

Қидирув

Жорди Местре: «Мессининг шартномаси торт устидаги безак»

Жорди Местре: «Мессининг шартномаси торт устидаги безак»

  19.02.2018 03:28
  0
  1611
Жорди Местре: «Мессининг шартномаси торт устидаги безак»

«Барселона» спорт директори Жорди Местренинг таъкидлашича, Лионель Месси жамоа учун энг чиройли голни майдон эмас, унинг ташқарисида урди - бу унинг янги шартнома остига имзо чеккани.

Клуб раҳбари ўз интервьюсида Филиппе Коутиньо нима учун айнан  қишки трансферлар вақтида харид қилинганига тўхталди, таркибдаги янги футболчилар салоҳиятига баҳо берди.

Дарвоқе, Местре вақтида жуда катта гапирганди: «Неймар ҳеч қаерга  кетмайди - бунга 200 фоиз кафолат бераман». Табиийки, журналистлар шу гапига ҳам изоҳ сўрашди.

- Мана, қишки трансферлар бозори ёпилди: ҳозирги таркиб кимнинг хоҳишига асосан шакллантирилди? Бу сиз кўришни истаган таркибми ёки Эрнесто Вальверде ғояси?

- Бу «Барса» орзусидаги таркиб. Янада баланслашган жамоа тузиш йўлида баҳамжиҳат иш олиб боряпмиз. Мавсум ҳар жиҳатда яхши ўтаётганини инобатга олсак, самара ёмон эмас. Тўғри, ҳозирча ҳеч нарса ютганимиз йўқ.

- Хўш, ўзингизни мажбуриятларни уддалаётган раҳбардек ҳис қиляпсизми?

- Ҳа, маълум маънода. Дейлик, мураббийлар штаби ёзда Коутиньони харид қилишни сўраганди ва мана, уни ўша вақтдагига нисбатан анча қулай шартлар асосида сотиб олдик.

- Қизиқ, Коутиньонинг трансфери нега ортга сурилганди?

- Сабаби тайин - «Ливерпуль» жаҳон даражасидаги футболчилар учун жуда катта пул талаб қилади. Зеро, Англия клублари шартномаларида товон пули йўқ.

- Ливерпулликларнинг ёзда 200 млн. сўрашгани ростми?

- Ҳа, айнан шунча олишни хоҳлашганди.

- Сиз эса бироз сабр қилиб, нархни 160 млн. еврога туширдингиз...

- Аслида сумма янада камроқ. Тўғри, бонус шаклида қўшимча тўловлар ҳам бор.

- Лекин жамоа Коутиньосиз ҳам зўр ўйнамоқда. Шундай экан, ёзгача кутиш маъқул эмасмиди. Ҳар-қалай, шундай ҳолатда у ЧЛда ҳам бемалол ўйнарди?

- Юқорида айтдим, бразилияликни сотиб олиш мураббийлар штаби илтимоси эди. Қолаверса, футболчининг ўзи ҳам жамоамизга ўтишни истади.

Масаланинг нозик томони шуки, агар ёзгача кутганимизда, Россия мундиали-2018дан сўнг футболчининг нархи кескин ошиб кетиши ҳеч гап эмасди.

- Бу клуб тарихидаги энг йирик харид саналади. «Барса» Коутиньо тимсолида Иньеста ўринбосари ёки Месси издошини кўрмоқда, шекилли?

- Йўқ, уни суперюлдуз сифатида кўряпмиз, холос. Хуллас, Коутиньо сафимизга кимнидир нафақага кузатиш учун ўтгани йўқ. Мақсад - жамоани янада кучайтириш.

- Таркибда Неймарни ўйнатишдан кўра, Коутиньо ва Дембелега эга бўлиш яхшими?

- Улар бошқа-бошқа футболчилардир. Аммо арифметик жиҳатдан ҳақсиз - икки нафар юлдуз маъқулроқ, барибир.

- Яна бир янги футболчи - Йерри Мина. Агар Маскерано кетмаганида, бу трансферни амалга оширармидинглар?

- Минани сотиб олардик, барибир. Тўғри, ҳозир эмас, ёзда.

- Европада ҳали ўйнамаган Мина учун 12 миллион евро тўланди. Ваҳоланки, Ла-лигани яхши биладиган ва савияси кўпчиликка маълум Иньиго Мартинесни 32 «лимон»га сотиб олиш имконияти йўқ эмас.

- Мураббийлар штаби талабини аввало, иқтисодий жиҳатдан кўриб чиқамиз. Аммо айнан кимни харид қилишни мураббийлар ҳал қилишади, барибир.

- Агар Маскерано кетишини ёзда маълум қилганида, таркибни янада кучайтиришга уринармидингиз?

- Спорт ва маънавий томондан қараганда, Маскеранонинг жамоадаги ўрнини инобатга олишимиз шарт эди. У жавоб беришимизни сўради ва шундай қилдик.

- Марказий ҳимоячи - Юмтити шартномасида кўрсатилган товон пули анча паст - 60 млн. евро. Қайсидир клуб уни ўз томонига оғдиришидан чўчимайсизларми?

- Умид қиламанки, муаммо чиқмайди. Аслида 60 миллион ҳам кам эмас, аммо ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, суммани кўтаришимиз керак.

Ахир сўнгги трансферлар вақтида марказий ҳимоячилар учун қанча тўлашганини кўрдик. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, футболчининг истаги биринчи ўринда туради. Юмтити ҳозирча ҳаммасидан хурсанд. Демак, кетиш ҳақида ўйламаяпти.

- Юмтити шартномаси муддатини узайтириш масаласида келгуси мавсумни кутиш таваккалчилик эмасми?

- Айни пайт клуб ушбу масала бўйича иш олиб боряпти.

- Ҳаммаси мавсум охиригача ҳал этилиши мумкинми?

- Билмадим, лекин ишни пайсалга солмаймиз. Муҳими - ўйинчи ва унинг агентлари билан доимий мулоқотда бўлиб туриш.

- Энди ёзги харидлар ҳақида: Паулиньога қандай баҳо берасиз?

- Аъло.

- Унинг шу даража жон куйдиришини кутганмидингиз?

- Йўқ... Мураббийлар Паулиньога яхши таъриф беришганди: «У ўта ёрқин юлдуз саналмасада, келажаги порлоқ, шу боис, Бразилия термасида қадрланади, клубимизни ҳам яққол кучайтира олади». Улар ҳақ бўлиб чиқишди.

- Семеду неча баҳога лойиқ?

- У майдонга кам тушди ва самараси шунга яраша пастроқ. Хуллас, Семеду 10 балли тизимда «6»га муносиб.

- Нега Мбаппе эмас, Дембелени сотиб олдинглар?

- Бу ўйинга боғлиқ  масала. 

- Жерар Деулофеу ҳақида нима дейсиз?

- У клубдан кетдими, билингки, ишончни оқлолмаган. Ваҳоланки, етарлича имкониятга эга бўлди.

- Алейш Видаль сафда қолди. Айтишларича, унинг учун 12 млн. евро тўлайдиган клуб топилмаган...

- Бир томондан, яхши бўлди. Зеро, Алейш ижобий сифатларга эга, майдонда борини беришга шай турадиган ўйинчи.

- 4 нафар футболчи билан хайрлашдинглар - Маскерано, Арда Турон, Рафинья ва Деулофеу. Аммо клуб фақатгина Маскерано трансфери учун пул олди. Нима, «Барса» сотиш масаласида яна инқирозга юз тутдими?

- Асло. Умуман олганда, жамоамиз ҳар доим яхши формада бўлган ёки келажаги порлоқ ўйинчиларни харид қилади. Натижада, харажат каттароқ бўлади. Аммо ҳар бир футболчига етарли ўйин амалиёти тақдим этишнинг имкони йўқ.

Шу боис, баъзи футболчилар билан вақтлироқ хайрлашишга мажбурмиз. Табиийки, уларни сотиб олинган пайтдаги нархда пуллаш қийин. Трансфернинг 3та қирраси бор - сотувчи, харидор ва футболчи. Қолаверса, «Барса»даги маош даражасини ҳисобга олсак, кўплаб клублар футболчиларимиз талабларини бажаролмайди.

- Факт шуки, «Барса» Коутиньо ва Мина учун 132 млн. сарфлаган ҳолда, Маскерано сотувидан 5 млн. евро олди, холос. Бу спорт нуқтаи назаридан яхшидир, лекин иқтисодий томондан...

- 180 млн. фойда келтирдик ва ҳеч ким бизни клубнинг иқтисодий томонини ўйламаётганликда айблай олмайди. Ижрочи-директор, ғазначи ҳамда иқтисодий қўмита рақамларни мунтазам кузатиб боради. Биз эса мураббийлар талабига қулоқ соламиз.

- Аммо Арда Турон, Деулофеу ва Рафиньяни ижара келишуви асосида бериш - фақат маош тўловини иқтисод қилиш. Нима, шунинг ўзи етарлими?

- Йўқ, албатта. Аммо мураббийлар штаби таркибни бироз енгиллатишни сўради ва шу илтимосни бажардик. Шунингдек, кимларгадир жавоб бериш зарурати туғилганди. Муҳими, ҳозир қулай ҳолатдамиз, ҳеч қандай муаммо йўқ.

- Бироқ кўпчиликнинг фикрича, Хосеп Бартомеу ойлик тўловини қисқартириш учун шу йўлдан бормоқда.

- Мантиқсиз фикр. Спорт ва иқтисодий томондан бирдек устун бўлиш - клуб олдидаги биринчи масала. Ҳар икки жабҳада ютуқлар қўлга киритилишигина чин муваффақият ҳисобланади.

- Вақтида Неймар қолишига 200 фоиз кафолат бергандингиз. Бундан неча марта афсусландингиз?

- Мутлақо афсусланмадим. Ўшанда вазият шундай эди: Неймарни клубдан кетишга мажбур қиладиган бирор сабаб  кўринмаганди. Бундан ташқари, у 10 кунлик йиғин давомида ҳам бу ҳақда умуман оғиз очмаганди.

- Яна бир изоҳ талаб қиладиган ҳолат: ўтган йили ёзда Пеп Сегурани қўққисдан Роберт Фернандес ва Альберт Солер томонидан бошқарилаётган бутун тизим раҳбарлигига тайинладингиз.

- Бу ҳақда нотўғри гаплар айтилди. Аммо шуниси фактки, Роберт энди ўзига кўпроқ ёқадиган иш билан шуғулланмоқда - футболчиларни кузатмоқда. Яъни ҳар дам олиш куни журналистлар билан учрашувга келиши шарт эмас. Шундай экан, футболга кўпроқ вақт ажратади.

Бу катта фойда. Пеп Сегурани раҳбарликка тайинлаганимизга келсак, клуб президенти билан футбол секциясида бир қатор камчиликлар борлигини сезгандик. Мазкур тизимда академиядан тортиб, асосий жамоагача - барчани ўзаро боғлаб турадиган шахс бўлиши шарт.

- Ўзгариш натижасидан хурсандмисиз?

- Ҳаммаси жойида.

- Роберт Фернандеснинг шартномаси 30 июнь куни ниҳоясига етади, уни узайтирасизми?

- Бу масалада ҳали Пеп Сегура билан алоҳида гаплашиб олишимиз керак.

- Месси билан шартномани янгилаш жараёни ҳамманинг эътиборида турди. Буни жамоа учун урилган энг чиройли гол сифатида таърифлаш мумкинми?

- Чиндан ҳам, буюк ишлардан бирини амалга оширдик. Шахсан мен Месси билан келишув муддати узайтирилганини торт устидаги безакка қиёслайман.

Шунинг баробарида, йил давомида Иньеста ва Пике масаласини ҳам ижобий ҳал қилдик. Серхи Роберто эса яқин кунларда янги шартномага имзо чекади.

- 1 октябрь - Каталонияда референдум ва тўқнашувлар куни клуб президенти ҳамроҳлигида кийиниш хонасига бош суқдингиз. Агар «Барса» ўша оқшом майдонга тушмаганида ҳам, ҳозир етакчи мақомини сақлаб қолармиди, сизнингча?

- Башоратчи эмасман, аммо айтишим мумкинки, ҳаммаси мутлақо бошқача тус олиши ҳеч гап эмасди.

- Салбий ёки ижобий?

- Ҳарқалай, яхши томонга ўзгармасди. Биринчидан, 3 очко йўқотардик, қўшимча равишда камида 3 очколик жаримага мубтало бўлардик. Тушунарлики, бундай ҳолат жамоага ўта оғриқли таъсир этарди.

- Агар ўшанда ўйнамаганларингда, жамоа бўлиниб кетиши ҳам мумкинмиди?

- Ишонтириб айтаманки, «Барселона»да ҳақиқий профессионаллар тўпланишган. Уларда тажриба беқиёс ва майдонда ўнлаб спорт можароларига дуч келишган.

Шундай бўлсада, ўша куни бошқача қарор қабул қилганимизда, ҳозир тақдиримиз қандай кечарди - буни айтолмайман. Умуман, клуб тепасида 2010 йили иш бошлаган бўлсак, бундан оғир кунни кўрмагандик...

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz