Қайднома

Қидирув

Ғалабалар вақтининг бош тамойили

Ғалабалар вақтининг бош тамойили

  20.02.2018 06:29
  0
  634
Ғалабалар вақтининг бош тамойили

Маълумки, ғалабага чанқоқлик, бу йўлда барча имконларни ишга солиш, йирик ҳисобли мағлубиятларга кескин танқидий муносабат билдириш ва айни шу сабабга кўра, ислоҳотлар жараёнини тезлатиш, истеъфоларга чиқариш - жаҳон спортидаги ёзилмаган қонунлардан бири.

Мисол учун, Роман Абрамович «Челси»нинг бугунги мавқеини ҳазм қилолмаяпти ва бу бежиз эмас. Фикримизча, у бир қарорга келиш учун ЧЛ нимчорак финал учрашуви натижасини кутиб турибди.

Агар Антонио Конте «Барселона» тўсиғидан ўтиш имконини топса, клуб хўжайини шунга яраша қарор чиқаради. Гапни «Челси» - «Барселона» тўқнашуви ҳақида бошлаганимиз боиси шуки, бўлажак икки ўйинга футбол дунёси алоҳида эътибор қаратмоқда.

Чунончи, «аристократлар» салбий натижага юз тутишса, бунинг таъсирида клуб таркиби ва мураббийлар штаби яқин келажакда сезиларли равишда ўзгариб кетиши мумкин.

Муҳтарам мухлис! Ҳа, бу сафар икки сабабга кўра, мулоҳазаларимизни «Челси» мавзуси билан бошладик. Аввало, Лондондаги баҳс барчанинг диққат марказида. Қолаверса, клуб мутасаддиларининг жамоа ҳолатига нисбатан ёндашувлари қуйида айтилажак фикрларимизга ҳамоҳанг.

Хабарингиз бордир, ўтган ҳафта Uzbek Tigers жамоаси фаолиятини тўхтатиши билан боғлиқ маълумотлар тарқалганди. МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов бунга жавобан зудлик билан расмий баёнот берди. Қисқаси, шундан сўнг бокс ихлосмандларининг кўнгиллари таскин топди, ноўрин шов-шув тинчиди.

Тўғри, футболга катта алоқаси йўқ мавзуга қайта мурожаат қилмасак ҳам бўлаверарди. Бироқ масаланинг битта жиҳати бизни ёзишга ундади. Гап шундаки, Uzbek Tigersнинг Куба сафарида «қуруқ» ҳисобда мағлубиятга учраши ва шов-шувлар, расмий баёнот ўртасида алоқадорлик бор.

Бугун Ўзбекистон спортини янги мутасаддилар бошқаришмоқда. Юқорида қайд этилганидек, жаҳон спортидаги ёзилмаган қонунларга мувофиқ, улар Uzbek Tigersни сафарда йирик ҳисобда мағлубиятга учрашини ўзларига сингдиришолмади. Бошқа спорт тури бўлганида, эҳтимолки, баҳсли шов-шувлар урчимасди ижтимоий тармоқларда.

Аммо гап ўзбек бокс мактаби шаъни ва қадр-қиммати хусусида борар экан, мутасаддилар бу мағлубият ва шармандали ҳисобга жим қараб туришолмасди. Негаки, улар Ҳиндистонда бўлиб ўтган халқаро турнирда Исроил Мадримов кубалик кучли рақибини қандай енгганини ва рингда ўзбекона виқор билан сальто отганини яқиндагина кўриб, шодумон қарсак чалишганди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бундай хунук ҳисоб қайд этилиши қайси раҳбарга ёқарди? Айниқса, у ғалабаларга чанқоқ ва янгича фирклайдиган бўлса, мағлубиятга нисбатан тезкор ва кутилмаган реакция табиий ҳол ҳисобланади. Энди Ўзбекистон спорт муҳити бу каби реакцияларга ҳар доим тайёр туриши лозим.

Ҳозирги ҳолатда мамлакатимиз спорт муҳити соҳа мутасаддиларидаги умумий концепцияни англамаётгандек туюлмоқда. Акс ҳолда, Uzbek Tigers мураббийлари Исроил Мадримов катта устунлик билан енгган кубалик боксчига мағлубият аламини олиш ва янги таркибдаги тажрибасиз вакилимиз устидан ғалаба нашидасини суриш имконини яратишмасди.

Футболимиз мутасаддилари Таиланддаги халқаро турнир чоғи Равшан Ҳайдаров позициясини қандай ўзгартириб юборишгани ва мураббийнинг ўзи буни очиқ эътироф этгани хусусида аввалроқ ёзгандик. Uzbek Tigers мураббийлари мана шу жараёнга эътиборсиз қарашган, чоғи.

Акс ҳолда, жамоа таркибини кескин янгилашмасди. Албатта, Uzbek Tigersнинг парда ортидаги ҳаёти бизга номаълум. Шундай бўлсада, умумий қарашни таъкидлашдан чарчамаймиз: бугун ғалабалар вақти! Боксимиз ҳозир шундай мақомдаки, энди шармандали мағлубиятлар унинг руҳи учун бегона!

Янги авлодни шакллантириш ва тажриба оттириш тамойили билан мағлубиятлар сабабини изоҳлаш даври ўтди. Энди мураббийлар шундай йўл танлашлари керакки, у орқали янги авлод шакллансин, тажриба орттирсин ва ғалаба қозонишни ҳам уддаласин!

Бу - спортимиз онгу тафаккурида рўй бериши талаб этилаётган муҳим янгиланиш жараёни! Қайсики мураббий ёки спортчи бу жараён моҳиятини англамаса, унинг фаолияти ўзи ўйлагандек ривожланмайди ҳеч қачон.

Шу маънода айтсак, Темур Кападзенинг миллий терма жамоамизга вақтинча бош мураббий этиб тайинланиши ҳам аслида, кўпчилик таъкидлаётганидек, кутилмаган қарор эмас асло.

Аёнки, футболимиз мутасаддилари биз бот-бот тилга олаётган тамойилга асосан, вақтинча бош мураббийни тажрибаси ва маҳорати нуқтаи назаридан эмас, балки янгиланиш шартига мувофиқлиги ва бу жараёнга муносиблигига кўра тайинлашди.

Ёдингиздами, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёш ва ғайратли Алишер Саъдуллаев Халқ таълими вазири ўринбосари лавозимига тавсия этилганида, жамоатчилик бир қалқиб тушганди. Миллий жамоамизни Темур Кападзе вақтинча бош мураббий сифатида бошқариши хусусидаги қарор ҳам ўша воқеа каби футболимиз муҳитини ажаблантирди.

Ҳолбуки, ажабланишга ҳожат йўқ. Чунки биз яшаб турган жамият аллақачон янгиланиш йўлига чиқди. Умид қиламизки, Темур Кападзе асосий таркибни саралашда бу жараённи доимо ёдида тутади. Зеро, бош жамоамиз ўртоқлик учрашувларида ЖЧ-2018 иштирокчиларига қарши майдонга тушади.

У эълон қилган кенгайтирилган таркибда Осиё чемпионлари ҳам бор. Майли, дарвозабон масаласини қўя турайлик, бироқ қолган ёш футболчиларга бўлажак икки баҳсда тўп суриш имкони берилса, бош жамоамиздаги муҳит ҳам ўзгаради.

Бордию, Кападзе ёшларни кенгайтирилган таркибга шунчаки, номига киритган бўлса ва ўйинларда яна ҳаммага таниш ўша «гвардия»га таянса, ҳеч нарса ўзгармайди. Шуҳрат Муҳаммадиев, Фаррух Сайфиев, Сардор Мирзаев, Олег Зотеев, Акмал Шораҳмедов каби футболчиларни маҳорат ва тажрибасига бирор мухлис шубҳа билдирмайди.

Бироқ улар бош жамоамизга доимий жалб этилмаслик, чақирилган тақдирда ҳам, ўйнаш имконига эга бўлмаслик азиятидан руҳан синиб қолишмаганми? Бу йигитларда ҳар қандай муаммони енгиб, ғалабага интилиш кайфияти устуворми? Ҳозирча саволларнинг жавоби очиқ.

Агар Темур Кападзе аввало, шу саволларга аниқ жавоб топмаса, бош жамоада айтарли имкониятга эга бўлмаган футболчилар Рўзиқул Бердиев каби уни ҳам уялтиришади. Бундай тақдирда айб одатий тамойилга кўра эмас, балки чиндан ҳам, Темур Кападзе зиммасига тушади.

Негаки, жанговар кайфияти собит футболчиларни танлаш унинг вазифаси! Ишончимиз комилки, биз чуқур ҳурмат қиладиган Копа вазиятни теран англаб турибди ва нажотбахш таваккалдан чўчимайди.

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz