Қайднома

Қидирув

Эден Азар: «Ҳамжиҳатлик билан тўп сурсак, мақсадга эришамиз»

Эден Азар: «Ҳамжиҳатлик билан тўп сурсак, мақсадга эришамиз»

  20.02.2018 03:46
  0
  1793
Эден Азар: «Ҳамжиҳатлик билан тўп сурсак, мақсадга эришамиз»

Испаниянинг Marca нашри журналистлари ЧЛ 1|8 финал босқичидан ўрин олган «Челси» - «Барселона» ўйини олдидан Лондон клубининг бельгиялик ярим ҳимоячиси Эден Азарни махсус суҳбатга чорлаб, унинг бўлажак тўқнашув ҳақидаги фикрлари билан қизиқишди.

Эслатма, ушбу жуфтликнинг дастлабки учрашуви 20 февраль (бугун) оқшоми Лондонда бўлиб ўтади.

- Ўйиннинг ўта қизиқарли тус олишига шубҳа йўқ, - деди Азар суҳбатга киришиши ҳамоно. - Тўғри, айни пайт жамоамиз аввалгидек важоҳатли кўринмаяпти.

Боз устига, «Барселона» жорий мавсум фантастик ўйин намойиш этмоқда. Лекин футболда ҳар қандай воқеа рўй бериши мумкин. Қолаверса, нуфузли турнирдаги муваффақият эвазига мухлислар олдида айбимизни бирозгина ювишимиз мумкин.

Шундай экан, кейинги раундга чиқиш йўлида бор имкониятларимизни ишга соламиз. Агар ҳамжиҳатлик билан тўп сурсак, мақсадга эришамиз, албатта.

- Дарвоқе, Том Хеннинг Эвребе кимлигини биласизми?

- Йўқ.

- Норвегиялик ушбу ҳакам 2009 йили «Челси» - «Барселона» учрашувини бошқарган ва ўта жиддий хатоларга йўл қўйганди.

- Бўлди, ёдимга тушди. Ҳа, ўша ўйин эсимда. Айниқса, Дидье Дрогбанинг куйиб-пишгани ҳамон кўз ўнгимда. Футболнинг ўзи шунақа... Лекин яна тушунарсиз ҳакамлик юз бериши мумкинлиги бизни асло чўчитмаслиги керак.

Албатта, рефери «Челси»нинг зарарига қарор қабул қилишини асло истамайман. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳакамлар ишини муҳокама қилмайман. Асосий эътиборим ўйиннинг ўзига қаратилади. Умидворманки, бу сафар «Барселона» тўсиғидан ўтиб, ўша ўйинга жавоб берамиз.

- Айримларнинг хулосаларига кўра, Неймар кетганидан сўнг «Барса» сезиларли даражада заифлашган. Бу масалада қандай фикрдасиз?

- Йўқ, бундай эмас. Ахир «ўзга сайёралик» футболчи ҳамон жамоа сафида ўйнамоқда. Умуман, Каталония клуби таркиби юксак савияли ўйинчилардан тузилган.

- Энди «Челси» ҳақида: Антонио Контега нима етишмаяпти?

- Ўтган мавсум чемпионликка эришдик. Мухлислар эса табиийки, муваффақият такрорланишини истайдилар. Лекин АПЛдек нуфузли турнирда чемпионликни ҳимоя қилиш осон эмас. Вазиятни ўнглашимиз учун олдимизда 3 ой бор. Бундан ташқари, Англия кубогида курашни давом эттиряпмиз.

Муҳими, ҳали ҳам амалдаги чемпионмиз. Тўғри, умумий ҳолат ўта мураккаб. Аммо жамоа иштироки хусусида якуний хулосани мавсум якуни беради. Майдонда бор куч-маҳоратимизни сарфлаётганимиз кўриниб турибди.

Бироқ иш ҳар доим ҳам силлиқ кечавермайди. Нима бўлишидан қатъий назар, хотиржамлик ва ишончни бой бермаслигимиз керак. Фақат шу йўл билан совринларга эришиш мумкин.

- Зиданнинг таклифига биноан Мадридга йўл олишингиз тахмин қилинмоқда. Бу борада нима дея оласиз?

- Зидан ўйинимга илк марта бундан 10 йил муқаддам баҳо берганди. Бу мен учун ҳайратланарли ҳол эди. Чунки буюк Зизуга ҳамиша кумир сифатида қараганман. Унинг иштирокидаги ўйинлар ёзувини минг марталаб томоша қилганман.

Мана, Зидан энди дунёнинг энг кучли клубларидан бирини бошқармоқда. Албатта, унингдек афсона эътиборига тушиш ва ижобий баҳо олиш жуда ёқимли. Лекин тўхташни асло истамайман, бошлаган ишимни давом эттиришим шарт.

- Бу гаплардан кейин тақдирингизни «Реал» билан боғлаётганлар сафи янада кенгаяди.

- Футболда келажакни башорат қилишдан маъно йўқ. Қолаверса, айни пайт «Челси»да тўп сураётганимдан хафа эмасман, бутун эътиборим шу жамоанинг муваффақиятли иштирокига қаратилган.

- Жамоадошингиз Моратани қандай таърифлайсиз?

- Менимча, Альваро «Челси»да ҳозирги мақомидан мамнун. У маълум муддат самарали ўйин кўрсатди. Тўғри, сўнгги вақтларда соғлиги туфайли айрим муаммоларга дуч келди.

Умуман, жамоамизда испаниялик футболчилар кўп ва Альваро мослашиш жараёнида айтарли қийналгани йўқ. Мората - фантастик ҳужумчи, ҳақиқий голеадор. Дейлик, ҳар икки оёғи билан кучли зарба йўллайди, бош билан ўйнаш бобида ҳам маҳорати баланд.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz