Қайднома

Қидирув

Педро Паулета: «Роналдудан асло хафа эмасман»

Педро Паулета: «Роналдудан асло хафа эмасман»

  21.02.2018 03:38
  0
  1912
Педро Паулета: «Роналдудан асло хафа эмасман»

Москвада ташкиллаштирилган «Афсоналар кубоги» турнирида кўплаб фахрий юлдузлар иштирок этишди.

Хусусан, Евро-2004 вице-чемпиони, Португалия терма жамоасининг собиқ бош тўпурари Педро Паулета россиялик касбдошимиз билан суҳбатда турнирдан катта таассурот олганини эътироф этди.

- Педро, олдин ҳам «Афсоналар кубоги» баҳонасида Москвага келгансиз. Сизга фахрийлар мусобақасининг қайси жиҳатлари кўпроқ манзур бўлмоқда?

- Биринчидан, ҳар гал Россия сафаридан ўзгача лаззат оламан. Иккинчидан, Москвада ташкилотчилик доимо аъло даражада бўлади.

Турнирга иккинчи марта келишимнинг яна бир сабаб шуки, бу ерда футболчилик даврида танишган қатор дўстларим билан учрашаман. Ишонинг, бундай учрашувлар кўпчилик учун чинакам хурсандчилик ҳисобланади.

- Футболчилик фаолиятини 2010 йили якунлагандингиз. Катта ўйинларни нечоғли қўмсаяпсиз?

- Эҳ, ўша давр  соғинчи... Хайриятки, айни пайт Португалия футбол федерациясида ишлаяпман, мамлакатимиз терма жамоалари билан ҳамнафасман. Биласизми, менда ҳанузгача майдонда тўп суриш иштиёқи жуда баланд.

Шу боис, ўйнаш имконини берадиган ҳар қандай тадбирни чин байрам сифатида қабул қиламан.

- Энди суҳбат мавзусини бурамиз: Португалия термасининг ўтган йили Конфедерациялар кубогида ғолиб чиқолмагани ранжитмадими?

- Йўқ, чунки жамоа кубокни ютолмаган бўлсада, мазмунли ўйин кўрсатди, футболчилар маҳоратни маромига етказишга интилишди. Энди барчасини ЖЧ баҳсларида исботлашга уриниб кўришади, албатта.

- Португалия футболининг ҳозирги бош юлдузи Криштиану Роналду миллий жамоада гол уриш бўйича ўрнатган рекордингизни янгилади. Ростини айтинг: буни қандай қабул қилдингиз?

- Фахр ва ғурур ҳиссини туйдим. Чунки Криштиану буюк футболчи, мана, қанчадан-қанча рекордларни янгилади.

- Сизнингча, у дунёнинг энг кучли футболчисими?

- Ҳозир футбол оламида икки юлдуз - Роналду ва Месси ҳукмронлик қилаётгани барчага маълум. Албатта, Португалия фуқароси сифатида Роналдунинг ҳам шахсий, ҳам жамоавий кўрсаткичлар бўйича сайёрада тенгсиз бўлиши тарафдориман.

- Португалия термаси Евро-2016 ғолибига айланган кеча қаерда эдингиз?

- Францияда, чемпионликни жамоа билан бирга нишонладим.

- Ўша лаҳзаларда қандай ҳиссиётлар оғушига тушганингизни таърифлай оласизми?

- Ғалаба қувончидан бошимиз кўкка етди, албатта. Лекин қарама-қарши ҳиссиётлар ҳам йўқ эмасди. Ахир ғалабани бевосита майдонда нишонлаш ва техник ҳудудда байрам қилиш ўртасида ката фарқ бор.

Мисол учун айтсам, Евро-2004 финалида майдонга тушганман, бироқ ўшанда Греция термасини енголмагандик. Демоқчиманки, майдонда ўйнаш бошқаю, четдан кузатиш бошқа.

- Хўш, қайси жамоаларни ЖЧ-2018 фаворитлари қаторида кўряпсиз?

- Мундиалда ғалаба қозонишга қодир муносиб жамоалар кўп. Хусусан, Германия, Бразилия, Франция ва Аргентина термаларида имконият  катта.

Ўйлайманки, Португалия термасини ҳам жаҳон чемиони бўлиш учун зарур сифатларга эга жамоалар гуруҳига қўшиш мумкин. Лекин орзунинг ҳақиқатга айланиши учун жуда кўп жиҳатлар ўзаро мувофиқлашиши керак.

- Узоқ вақт давомида «ПСЖ»-нинг селекция тизимида ҳам ишлагансиз. Неймарнинг трансферини қандай баҳолайсиз?

- Мен ишлаган вақтда «ПСЖ» ҳозиргидан кескин фарқланарди. Жамоа айни пайт хоҳлаган футболчини харид қилишга қодир.

Неймарнинг Францияга йўл олганига келсак, унинг трансфер баҳоси кишиларнинг футболга қарашларини бутунлай ўзгартириб юборди. Умуман, эндиликда футболчилар учун жуда кўп маблағ сарфланмоқда, бироқ аксарият келишувлар суммаси асосли эмас.

- Неймар айни пайт жаҳоннинг энг қимматбаҳо футболчиси, бундан келиб чиқадики, у Месси ва Роналдудан ҳам кучли...

- Йўқ, масалага бундай ёндашмаслик керак. Роналду ҳозир 33 ёшда ва «Реал»да ўйнамоқда. Эҳтимолки, бу дунё футболидаги энг кучли клубдир. Месси эса «Барселона»да. Хулоса шуки, трансфер баҳосидан қатъий назар, Неймар шу иккисидан орқада, барибир.

«Афсоналар кубоги»-2018

Финал

4 февраль

РОССИЯ - ПОРТУГАЛИЯ - 8:4 (3:2)

Голлар: Хлестов (3), Титов (9, 25), Смертин (18), Павлюченко (23), Широков (27, 29), Головской (37) - Мигел (14), Манише (15), Саброза (22), Мендеш (36).

Изоҳ: бир бўлим 20 дақиқадан иборат.

«Афсоналар кубогида фақат Россия термаси ғалаба қозонган - 10 марта (2009, 2010, 2011, 2012, 2013, 2014, 2015, 2016, 2017 ва 2018 йиллар).

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz