Қайднома

Қидирув

Сувда чўкмас, ўтда ёнмас «Сампдория»

Сувда чўкмас, ўтда ёнмас «Сампдория»

  21.02.2018 06:26
  0
  831
Сувда чўкмас, ўтда ёнмас «Сампдория»

Бу жамоа бутун бир бўлим давомида «Стадио Олимпико»да ҳукмронлик қилди, мезбонлар дарвозаси томон 13 марта зарба берди, 10 марта бурчак зарбаларини амалга оширди.

Буларнинг барчаси дастлабки 45 дақиқа ичида юз берди. Ваҳоланки, рақиб анойилардан эмасди. Боз устига, у ҳам тўлиқ таркиб билан тўп сураётганди.

Ҳа, «Рома»дек номдор жамоани фақат ҳимоя билан овора бўлишга «Ювентус» ёки «Наполи» мажбур этиши мумкин.  Тўғри, танаффус пайтида мураббийдан етарли танбеҳ олган «бўрилар» иккинчи бўлимда том маънода «оч бўрилар»дек олдинга ташланишди.

Бироқ қаҳрамонимиз посбони Вивиано жасорат кўрсатиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлади. Унинг жамоадошлари эса олдинги чизиқда керакли ишларни амалга оширишди – Муррунинг узатмаси, Сапатанинг аниқ зарбаси ва таблодаги 0:1 ҳисоби.

Хуллас, жамоанинг сафардаги зафари кўпчилик томонидани сенсация сифатида эътироф этилди. Балки шундайдир, лекин халқ орасида юрадиган «Қозонда бўлса чўмичга чиқади», деган ҳикмат бу фикрни рад этади.

«Блучеркьян», яъни «мовий ҳошиялар» - Италия клублари орасида ранга оид тахаллусларнинг энг жарангдори. Ана шу ном остида фаолият юритаётган «Сампдория» 1947 йил Генуянинг икки клуби «Сампьердаренезе» ҳамда «Андреа Дория»нинг бирлашувидан дунёга келган.

Либосидаги ранг-баранглик (қизил, қора ва оқ, асосий ранг мовий) ана шундан. Қисқаси, «Самп» ва «Дория». 90-йилларда жамоа Скудетто ва КЭКни қўлга киритиб, довруғ таратган, ЕЧКда финалигача етиб борган. Кейинчалик жиддий ўзгаришларни бошдан кечирди. Икки марта «В» серияга тушиб кетди.

Еврокубок мусобақаларида ҳам мухлису мураббийлар ишончини оқлай олмади. Бироқ ҳозир яна ўзининг ёрқин ўйинлари билан кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.

Ўтган давр ичида «Сампдория» ўз йўлини топиб олди: молиявий имкониятлари чекланганлигидан келиб чиққан ҳолда, иқтидорли футболчилар кашф этиб, пуллаш орқали ўзини таъминламоқда. Режа босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Сўнгги мавсумда 3 нафар етакчи ўйинчилар - Патрик Шик, Луис Муриэль ва Милан Шкриняр жамоани тарк этишди.

Йўқотишлар ўз таъсирини кўрсатиши табиий эди, бироқ жамоа аввалгидан кўра ишончлироқ, ёрқинроқ ўйин намойиш этмода. «Милан» 2:0 ҳисобида маҳв этилди, йирик ҳисобда имкониятни бой бераётган «Ювентус» сўнгги дақиқаларда 2та гол урган бўлсада, мағлубиятдан қутула олмади - 3:2.

Тўғри, кутилмаган омадсизликлар («Беневенто», «Удинезе»дан қабул қилинган мағлубиятлар) ҳам йўқ эмас. «Сампа» 6-ўриндан пастга тушгани йўқ. Муҳими, мана шу барқарорликка қарамай, жамоа доимо томошабоп ўйин кўрсатмоқда.

Биз каби холис мухлислар «Аталанта»ни қанчалик ёқтирсак, «Сампдория»га бўлган ҳурматимиз ундан кам эмас. Келинг, энди генуяликлар таркибидаги асосий ижрочилар билан танишайлик.

Эмилиано Вивиано. Бу дарвозабон «Рома»га қарши баҳсда пенальтини бартараф этди, иккинчи бўлимдан бир нечта «сэйв»лар намойиш этди. Бир марта кучли зарба билан йўлланган тўпни юзи билан қайтарди.

Ташқи кўриниши ҳам хотирага осон жойлашади: мўйлов, бакенбард, баланд бўй (195 см.), юксак реакция. Афсуски, унчалик барқарорлик етишмайди, оёқлари билан ишончли ўйнолмайди. Оддий вазиятларда рақибга тўпни сов­ға қилиши ҳеч гап эмас.

Шу боис, у «Интер»да ҳам, «Арсенал»да ҳам ҳатто болаликдаги орзуси - «Фиорентина»да ҳам ёлчитиб тўп суролмади. Ниҳоят, «Сампдория»дан қўним топди. Ўз тақдиридан хафа эмас - жамоаси - «фиалкалар»дан анча юқорида.

Жанмарко Феррари. «А» серияда шиддатли ривожланишни қайд этаётган футболчилардан бири. Ёши 25да бўлсада, «А» серияга ўтган мавсум қўшилди. Ҳимоячини жамоа Шкрнияр ўрнини тўлдириш мақсадида «Сассуоло»дан ижарага олганди.

Жанмарко жисмонан бақувват, бош билан ишончли ўйнайди. Қизиғи, Пармада туғилиб, улғайган футболчи ўз шаҳрида иш тополмади. Энди еврокубокларда дебютини нишонлашга яқин турибди. «Парма» эса элитага қайтиш учун кураш билан овора.

Лукас Торрейра. «Сампдория»нинг навбатдаги қиммат жавоҳирларидан бири. 21 ёшга тўлмаган бўлсада, етакчилар қаторидан ўрин ола билди. Ихчам жуссали чаққон ярим ҳимоячи аниқ узатма ва кучли зарба соҳиби.

«Торино»га қарши баҳсда айнан у жамоани олдинга олиб чиқди. Мундиалга ҳозирлик кўраётган Уругвай терма жамоаси Лукаснинг ақлли ўйинини эътибордан четда қолдирмаса керак. Уни ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлган топ-клуб эса ҳеч бўлмаганда 25 млн. евродан воз кечиши талаб этилади.

Гастон Римирес. Ҳужумкор ярим ҳимоячи. Уругвай футболининг вакили. 2010 йили «Болонья»га келган ўйинчи икки мавсумдан кейин Англияга йўл олганди.

У ерда ўйинини тополмагач, «Бенфика» ва «Бетис»дан чаққонроқ ҳаракат қилган «Сампдория» сафига қўшилди. 9 млн.лик трансфер ўйинчига ҳам генуялик жамоасига ҳам катта манфаат келтирди. Қобилиятли Рамирес сўнгги узатмалар учун жавобгар.

Вазифасини аъло даражада уддаламоқда. Тўғри, чидамлилиги талаб даражасида эмас, сўнгги дақиқаларда чарчаганлиги сезилиб қолади. Самарадорлик бобида муаммо йўқ - 10та самарали узатма. Бу борада «А» серияда етакчи!

Фабио Квальярелла. Яқинда бўлиб ўтган «Флорентина»га қарши беллашув (3:1) 2та «хет-трик» билан тарихга кирди. Рамирес 3та самарали узатмани, Фабио эса шунча голни ҳисобига ёзиб қўйди.

Йил сайин тўп-урарлик кўрсаткичини яхшилаб бораётган фахрий ҳужумчи ҳозирда учинчи тўпурар бўлиб турибди. Беш йил таҳдид остида Неаполда тўп суриб, «Наполи»ни тарк этганди.

Бунинг сабабларидан бехабар бўлган мухлислар уни хоинликда айблашди. Футболчи эса «Ювентус»да талабга жавоб беролмади. Ниҳоят, таҳдидчи номи аниқлангач, Фабио хотиржам тўп сура бошлади.

Бельгиялик ярим ҳимоячи Прат, польшалик ҳужумчи Ковнацки хусусида ҳам илиқ фикр билдириш мумкин. Сапата эса бошқалардан кўра бар­қарорлиги билан ажралиб туради.

Марко Жампаоло. Бу мутахассисни Маурицио Cаррининг вориси сифатида эътироф этишади. Ҳолбуки, уларнинг фаолиятида муштарик жиҳатлар йўқ эмас. Мураббийлик соҳасида икки мутахассис ҳам «Эмполи» орқали танилиб, бутун мамлакат ҳурматига сазовор бўлишган.

Жанпаоло айнан «Сампдория» учун яралгандек, гўё. Ёш иқтидорларни кашф этишда унга тенглаша оладиган мураббий кам. Эътиборлиси, Марко Италияда эмас балки италияликлар истиқомат қиладиган Беллинцон (Швейцария) шаҳрида туғилган.

Хуш кўрадиган тактик схемаси - 4-3-1-2. Шу услуб туфайли «Сампдория» номдор жамоаларга қарши биринчи рақамда тўп сура олади. Ҳозирда Жампаолони «Скуадра Адзурра»га мўлжаллашмоқда. Албатта, бу жуда шарафли, лекин масъулиятли юмуш.

Массимо Ферреро. Трансляция чоғида уни илк марта кўрган киши ҳеч қачон клуб соҳиби сифатида қарамаслиги аниқ. Болалар учун яратилган эртакдаги соддадил «гном» образини эслатади. Хоҳласа камеранинг ишлашига халақит бериши ёки жамоа голини нишонлаш учун мухлислар қучоғига отилиши мумкин.

Қисқаси, футбол оламидаги санъат бўлакчаси. Дарвоқе, Массимо - продюсер. Болалигида турма ҳаёти билан танишиб чиққанлиги кейинчалик қўл келиб, 1991 йили «Рома» мухлислари ҳақида ҳикоя қиладиган «Ультра» фильмида суратга тушганди. Ёшлигидан «Жаллоросси»га мухлислик қилган санъаткор 2014 йил «Cампдория»ни харид қилгач, бор бисотини шу жамоага сарфламоқда.

Юзаки қараганда, Массимо Ферреро Маурицио Зампаринига ўхшайди. Бироқ амалда бундай эмас. Массимо клубини қарзга ботиришни истамайди, мураббийга ишонч билдириб, қатъий режа асосида иш юритади.

Ёзги трансфердан жамоа 60 млн. евро даромад олди, 50 млн.ли харидга қўл урди. Ҳаммаси мантиққа мос, пухта ўйланган режа асосида. Қисқаси, «Самп­дория»нинг фаолияти соғлом бизнес учун қўлланма бўла олади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz