Қайднома

Қидирув

«Олд Траффорд» армонлари

«Олд Траффорд» армонлари

  21.02.2018 00:18
  0
  1325
«Олд Траффорд» армонлари

Бундан 60 йил аввал Мюнхен аэропортида юз берган авиаҳалокат «МЮ» клубининг бир нечта футболчи ва ишчи-хизматчиларини ҳаётдан бевақт олиб кетди. Очилмай сўлган юлдузлар руҳи «Олд Траффорд»дан абадий жой олган.

«Кетишга чоғланар эканман, жамоадошларимни қаерда эканликларини ҳамширадан сўрадим. Унинг юзидаги маъюсликни кўргач, саволни такрорладим: «Қолганлар қани?» Нигоҳини мендан олиб қочган ҳамшира базўр жавоб қайтарди: «Қолганларми?

Ҳеч қанақа қолганлар йўқ, уларнинг барчаси шу ерда». Фақат шундан кейин мудҳиш фожианинг кўламини аниқ ҳис этиб, баданим титраб кетди. «Басби миттилари» ўтмишга айланишганди».

Мазкур иборалар «МЮ»нинг собиқ ҳимоячиси Билл Фоксга тегишли. Унинг даҳшатли фалокатдан соғ-омон чиққанлигининг ўзи чинакам мўъжиза. Биллни нафақат фожиа, балки жиддийроқ жароҳат ҳам четлаб ўтганди.

Эсҳуши жойида бўлган ҳимоячи фалокат кўламини тезда англаб етди: унинг дўстлари Мюнхендаги Rechts der Isar шифохонасидан жой олишганди: Бобби Чарльтоннинг боши бинт билан ўраб ташланган, Жеки Бланчфлауэрнинг қўли синган, юзи ёрилган, Альберт Сканлон кўзларини очолмай қолган, Рэй Вуд эса контузияга учраган ҳолда кўкка термулиб ётишарди.

Данкан Эдвардс билан Жонни Беррилар ўта оғир ҳолатда эдилар. Ҳамшира уларнинг соғайиб кетишларини айтиб, Фолксни тинчлантиришга уринди. Аммо афсуски, умидлар тез орада пучга чиқди.

Эдвардс буюк футболчига айланиши керак эди. Бу шунчаки юпанч ўрнида ишлатиладиган эътироф. Мэтт Басби ўз шогирди ҳақида шундай деганди: «У ҳеч қачон ёш бола бўлган эмас. Данкан 16 ёшдаёқ чинакам эркак эди. Шунинг учун уни иккиланмай «МЮ»га қабул қилгандик».

Ҳа, қисқа вақт ичида Эдвардс жамоанинг ноёб жавоҳирига айланди. Ўзининг универсаллиги ва топшириқни аъло даражада бажариши билан мухлислар меҳрини қозонганди. «Ишонинг, ҳаётимда кўплаб юлдузларга дуч келдим. Пеле, Марадона, Бест, Лоу, Гривзни яхши биламан.

Бироқ Данкан мен учун чинакам қаҳрамон ҳисобланган Альфредо Ди Стефанодан ҳам барча жабҳаларда бир бошга юксакроқ эди. Агар сиз шу мавзуда Стэнли Мэтьюс ёки Томми Финнига мурожаат қилсангиз, улар ҳам шу пайтгача Данкандек етук маҳорат соҳибига дуч келмаганликларини тасдиқлашларига шубҳа қилмайман», - деганди сэр Бобби Чарльтон мудҳиш фожианинг 50 йиллигида марҳум жамоадошларини хотирлаш чоғида.

Орзу бўлиб қолган жамоа

Ўша машъум ҳалокат туфайли барбод бўлган «МЮ» рўёбга чиқмаган орзулар жамоаси бўлиб қолди. Мухлислар клубнинг ҳар бир аъзосини бошда кўтариб юришга тайёр эдилар. Чунки, «Басби миттилари» клуб академиясининг тарбияланувчилари бўлишган.

Ваҳоланки, ўша даврда инглиз клублари футболчиларни тез-тез алмаштириб туришарди. 1956 ва 1957 йилларда Басбининг 20 ёшли йигитлари икки марта Англия чемпионлигини қўлга киритишганди. «Мен ўшанда хусусий болалар боғчасини очишни режалаштиргандим», - дейди Басби ярим ҳазил оҳангида.

«Болалар қанчалик барвақт қабул қилинса, аҳил жамоани тарбиялаш шунчалик осон бўлади, деган фикрда эдим». Тўрт йил давомида «МЮ» трансферлар учун бир фунт ҳам сарфламади, «Басби миттилари» эса ички мусобақалардаги муваффақиятлардан ташқари ЕЧКда ярим финалгача кўтарилишди.

Эътиборли жиҳати шундаки, ўша пайтдаги димоғдор инглизлар ФИФА ва УЕФА ғояларига беписандлик билан қарашган ва нуфузли турнирнинг дастлабки икки мавсумида қатнашишни ўзларига эп кўришмаган.

Ким билади дейсиз, агар футбол ихтирочиларининг ўша такаббурлиги бўлмаганида, «МЮ» ярим финалга эмас, балки сўнгги маррагача етиб борармиди...

Чарльтоннинг хотирлашича, аввалига инглиз ва Европа жамоалари ўртасидаги тафовут уни бироз хавотирга солган. Лекин беллашувлар жараёнида «МЮ»нинг рақибларидан кўра кучлироқ эканлигига амин бўлган: «Фожиа юз бермаганида биз бемалол ғолиб чиқа олардик. Назаримда, жамоамизга фақат «Реал» қаршилик кўрсатишга қодир эди».

Тақдир аломати

5 февраль оқшомида «МЮ» собиқ Югос­лавияда «Црвена Звезда»га қарши майдонга тушиб, икки учрашув натижасига кўра ярим финалга чиққанди. Ички чемпионатда навбатдаги беллашув яқинлиги боис, жамоа иложи борича тезроқ ортга қайтишга ҳаракат қиларди.

Масофа олис бўлгани учун, самолёт Мюнхенда ёнилғи қуйиб олишга мажбур эди. Аксига олиб, Жонни Берри меҳмонхонада паспортини унутиб қолдиргани боис, Белграддан Мюнхенга парвоз бир соатга кечикди. Табиийки, учувчилар шошилинч равишда иш кўришди.

Мюнхенда самолёт двигателида айрим носозликлар маълум бўлди. Кучли қор бўрони эса вазиятни янада чигаллаштирди. Экипаж икки марта носозликни бартараф этишга ҳаракат қилиб кўрди. Лекин уриниш зое кетди. «Белграддан Мюнхенга қадар биз қарта ўйнаш билан банд бўлдик.

Дастлабки уриниш омадсиз якунгангач, айрим йўловчилар хавотирлана бошлашди. Иккинчисидан кейин эса ҳамма жимиб қолди. Йўловчиларни 15 дақиқага пастга туширишиб, кейин самол­ётга қайтаришди. Мен қарталарни йиғиштириб, ўриндиққа ёнбошладим», - дея хотирлайди Фолкс.

Самолётдагилар парвознинг кечиктирилишини кутишаётанди, Данкан Эдвардс уйига телеграмма жўнатиб, тунни Мюнхенда ўтказишини маълум қилишга ҳам улгурганди. Лиам Уилан эса трапдан кўтарилар экан, хафсаласизлик билан шундай деди: «Эҳтимол, бу биз учун охирги парвоздир? Мен барчасига тайёрман».

Вақт тўхтаб қолди

Фожиа билан якунланган учинчи парвозни дарвозабон Харри Грегг қу­йидагича хотирлайди: «Иллюминатор орқали шассининг ердан узилишини томоша қилиб ўтиргандим. Кутилмаганда пақиллаган овоз эшитилди, самолёт кескин тарзда пастлай бошлади. Ҳар томондан турли буюм парчалари учиб кела бошлади.

Бир лаҳзада ёруғлик зулматга айланди. Ҳамма жим, фақат металлнинг ғижирлаши эшитиларди. Бошимга нимадир урилди, ке­йин юзим зарбага дуч келди. Оғзимда қон таъми пайдо бўлди. Салондаги пала-партиш шовқин ўрнини сукунат эгаллади. Зимистонда менга вақт тўхтаб қолгандек туюлди».

Ҳа, кўпчилик йўловчиларучун вақт чиндан ҳам тўхтаб қолганди. Футболчилардан Жефф Бент, Рожер Берн, Эдди Коулман, Марк Жонс, Дэвид Пэгг, Томми Тейлор ва Лиам Уилан салон ичидаёқ ҳаёт билан видолашдилар.

Данкан Эдвардс уч ҳафта шифохонада ҳаёт учун курашди. Лекин муолажалар самара бермади. Шунингдек, икки нафар экипаж аъзоси, 3 нафар мураббий, 8 журналист ва икки нафар жамоанинг яқин кишилари Мюнхенда ҳалок бўлишди. Қурбонлар сони 23 кишини ташкил этди.

Узоқ кутилган ғалаба

Аввалига Мюнхен аэропортининг маъмурлари фожиада асосий учувчи Жеймс Тейнани айблашди. Гўёки, у самолёт қанотларидаги қор ва музларни тозаламай туриб парвозни амалга оширганмиш. Мутахассислар қанотлар тозаланганини аниқлашди.

Шунга қарамай, шўрлик Тейна 10 йил панжара ортида дам олишга мажбур бўлди - 1968 йили уни оқлашди. Маълум бўлишича, учиш-қўниш йўлакчасидаги қалин қор самолётнинг талаб даражасида тезлик олишига халақит берган. Оқибатда, ҳаво кемаси керакли баландликка кўтарила олмасдан, аэропорт четидаги омборхона биносига урилган.

Ўша олис 1968 йил «МЮ» ниҳоят қитъанинг энг кучли клуби унвонини қўлга киритди. Соғайиб сафга қайтган Мэтт Басби мураббийлик соҳасига қайтиб, Билл Фолкс ва Бобби Чарльтон атрофида янги жамоани шакллантирди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz