Қайднома

Қидирув

«Олтин тўп» соҳиблари 33 ёшда қандай ўйнашган? (фотогалерея)

«Олтин тўп» соҳиблари 33 ёшда қандай ўйнашган? (фотогалерея)

  24.02.2018 06:26
  1
  6612
«Олтин тўп» соҳиблари 33 ёшда қандай ўйнашган? (фотогалерея)

Яқинда 33 ёшга тўлган Криштиану Роналду майдонда рақиблар учун ҳамон хавфли, гарчи жорий мавсумнинг бошида ишлари унча юришматган бўлсада. Эҳтимолки, футбол учун айни шу ёш гроссмейстерлик нуқтаси саналар...

Ҳар ҳолда, эндиликда 30, 31, 32 ёшли футболчиларга «қария» эмас, шунчаки, «тажрибали» таърифи мосроқ. Ўйинчи 33 ёшдан ошганида эса, одатда ўз-ўзидан «фахрий» мақомини олади.

Жаҳон футболига қарасак, кўплаб футболчилар айнан 33 ёшга тўлганларидан кейин ўйин масаласида кескин орқага кетишади ёки бошқа юмуш ҳақида ўйлай бошлашади.

Келинг, ушбу теорияни Лионель Месси ва Криштиану Роналду давридан олдин «Олтин тўп»га эга чиққан 10 нафар юлдуз мисолида текшириб кўрамиз.

КАКА

25 ёш  33 ёш

«Олтин тўп»ни ютган вақти: 2007 йил. Ёши: 25

33 ёшида (22.04.2015). Бразилиялик футболчи 33 ёшини АҚШнинг «Орландо Сити» клубида қарши олди. Каканинг еврофутболдаги фаолияти эса 2014 йили хотима топди. Умуман, у 35 ёшга тўлишига қадар профессионал даражада ўйнади.

Фабио КАННАВАРО

33 ёш  33 ёш

«Олтин тўп»ни ютган вақти: 2006 йил. Ёши: 33

33 ёшида (13.09.2006). Италиялик марказий ҳимоячи айнан 33 ёшида «Олтин тўп» соҳибига айланди. Бунга Италия терма жамоасининг ЖЧ-2006даги зафари асос бўлди.

Каннаваро шундан кейин «Реал» сафига қўшилиб, Мадридда 3 мавсум ўйнади. Фаолиятига эса 38 ёшида нуқта қўйди. Яъни «Қироллик клуби»дан кетгач, «Ювентус» ва «Ал-Аҳли» (Саудия Арабистони)да 1 йилдан тўп сурди.

РОНАЛДИНЬО

25 ёш  33 ёш

«Олтин тўп»ни ютган вақти: 2005 йил. Ёши: 25

33 ёшида (21.03.2013). Роналдиньо ҳам худди Кака каби катта ғалабадан кўп ўтмай, ортга чекина бошлади. Бразилиялик афсунгар Европада 31 ёшига қадар ўйнаб, ажойиб шартлар асосида юртига қайтди.

2013 йили эса буюк Ронни Мексиканинг «Керетаро» клубида вақт ўтказди ва ўша мавсумнинг ўзида «Флуминенсе»да ўзини қайта намоён қилишга уринди.

Бироқ бундан натижа чиқмади - 7та ўйин, гол йўқ. Роналдиньо шундан буён бирор клуб сафида кўриниш бермади, аммо 2018 йилга келибгина фаолиятини расман тугатди.

Андрей ШЕВЧЕНКО

28 ёш  33 ёш

«Олтин тўп»ни ютган вақти: 2004 йил. Ёши: 28

33 ёшида (29.09.2009). «Челси»даги омадсизлик оқибатида Шеваголнинг фаолияти 30 ёшидан кейиноқ бирданига хиралашди. 33 ёшида эса бирор жиддий клуб унга эҳтиёж сезгани йўқ. Украина футболи фахри шу тариқа жимгина жонажон жамоаси - «Динамо» (Киев)га қайта қолди.

Шевченко ўз юртида яна 3 йил муносиб ўйнади, кўплаб голлар урди ва Евро-2012да кимлигини бир эслатиб қўйганча бутсаларини михга илди. Бу вақтда 36 ёшда эди.

Павел НЕДВЕД

25 ёш  33 ёш

«Олтин тўп»ни ютган вақти: 2003 йил. Ёши: 31

33 ёшида (30.08.2005). Шарқий европалик яна бир юлдуз. У фаолиятининг охирги босқичида чўққига чиқди. Эътиборлиси, Недвед 33 ёшида ҳам «Ювентус»нинг энг муҳим футболчилари қаторида эди ва барқарор равишда асосий таркибдан жой оларди.

Хуллас, Павел фаолиятининг охирига қадар «Юве» муваффақиятларига ҳисса қўшиб, 2009 йили 37 ёшида четга чиқди. Демакки, чехни 30 ёшдан кейин ёшларга йўл бўшатишни ихтиёр этганлар гуруҳига қўшиш мумкин эмас.

Майкл ОУЭН

25 ёш  33 ёш

«Олтин тўп»ни ютган вақти: 2001 йил. Ёши: 22

33 ёшида (14.12.2012). Асосий индивидуал совринни эрта кунда боши узра баланд кўтарган яна бир футболчи. Оуэннинг ғалабаси катта баҳс-мунозараларга йўл очганди.

Зеро, ўша йили Рауль ва Оливер Кан каби даъвогарлар инглиз йигитчасидан кучлироқ таассурот қолдиришган. 33 ёшидаги ҳолатига келсак, Оуэн бу вақтда катта футболдаги охирги мавсумини ўтказаётганди.

Яъни «Сток Сити» шарафини ҳимоя қилиб, 8та ўйинда 1тагина гол урди. Очиқ-ойдин айтганда, Майкл ишончни тўлиқ оқлагани йўқ.

Луиш ФИГУ

25 ёш  33 ёш

«Олтин тўп»ни ютган вақти: 2000 йил. Ёши: 28

33 ёшида (04.11.2005). Фигу худди Шевченко каби чўққига чиқиш йўлида анча узоқ юрди. Фақат 30 ёшга яқинлашганида суперюлдуз мақомига эришиб, «Олтин тўп» соҳиби бўлди. Бироқ португалиялик ярим ҳимоячи чўққида кўп ушланиб турмади. Хуллас, 33 ёшида топ-футболчилар қаторидан тушишга улгурганди.

Шунинг учун ҳам, «Реал» Луишни хотиржам ҳолда «Интер»га кузатиб қўйди ва у Италияда яна 4 мавсум тўп сурди. Фигу ўша йиллар майдонда мўъжизакор ҳаракатларни амалга оширолмасада, анча фойдали ўйинчи саналарди - худди ҳозирги Франк Рибери («Бавария») каби.

РИВАЛДО

27 ёш  33 ёш

«Олтин тўп»ни ютган вақти: 1999 йил. Ёши: 27

33 ёшида (19.04.2005). Ривалдо «Олтин тўп» ютган ҳамюртлари каби фаолияти энг юқори нуқтасига кўтарилган вақтда бош лауреат бўлди. Бироқ Борба Феррейра 30 ёш атрофида кескин ўзгарди, яъни фаолияти ортга кета бошлади. Дейлик, «Милан»да ўзини кўрсатолмай, «Крузейро»га йўл олди. 33 ёшида эса «Олимпиакос» шарафини ҳимоя қилди.

Кейин АЕК орқали «Бунёдкор»га ўтди, Анголада «Кабушкорп» учун тўп сурди. Алоҳида таъкид билан айтиш керак, Ривалдо нақ 43 ёшигача (!) ўйнаб, 2015 йили шахсий клуби - «Можи-Мирим» футболчиси сифатида бутсаларини михга илди.

Зайниддин ЗИДАН

25 ёш  33 ёш

«Олтин тўп»ни ютган вақти: 1998 йил. Ёши: 26

33 ёшида (23.06.2005). Буюк Зизу ҳам футболдаги энг катта шахсий совринини кучга айни тўлган ёшида ютди. Зидан ҳолдан тойгунча ўйнашни истамади, гарчи 33 ёшида ҳам майдонда бинойидек кўринган бўлсада. Хуллас, франциялик юлдуз шу «чегара»дан ўтгач, яна бир мавсум фаолият юритди, холос.

Ваҳоланки, унга талаб жуда юқори эди. Бироқ афсонавий ижрочи ҳаммасига юқори нотада чек қўйишни маъқул кўриб, нисбатан камтарроқ, аммо анча бой клубларнинг эртакнамо таклифларига қиё ҳам боқмади.

РОНАЛДО

26 ёш  33 ёш

«Олтин тўп»ни ютган вақти: 1997 ва 2002 йиллар. Ёши: 21 ва 26

33 ёшида (18.09.2009). Энг кучга тўлган вақти «Олтин тўп» лауреатига айланган яна бир бразилиялик. Роналдо шунинг баробарида илк марта 21 ёшидаёқ оламшумул муваффақиятни тантана қилган.

Аслида «Сўйлоқ» истеъдод бобида ҳеч кимдан қолишмасди ва худди Месси ва Роналду каби чин «гегемон»лик ўрнатиш имкониятига эга эди.

Бироқ унга тиззасидаги муаммолар халақит берди. Умуман, 33 ёшли Роналдо Европада шуҳрат қозонишга даъво қилолмайдиган ҳолатга тушганди - Бразилияда ортиқча вазн муаммосидан азобланди.

У 2009-2011 йиллар оралиғида «Коринтианс» сафида 31 марта майдонга тушиб, 18та гол урди. Қисқаси, «Сўй-лоқ»нинг жиддий фаолияти 33 ёшга тўлишидан анча олдин хотима топганди.

Хулоса. Хўш, 33 ёшдан кейин ҳам катта футболда баралла «ҳайқириш» мумкинми? Бунинг иложи йўқ эмас, албатта. Тўғри, «Олтин тўп» соҳиблари мисолида айтсак, ҳаммаси анча мушкул.

Ҳар ҳолда, бразилиялик лауреатлар 33 ёшдан кейин ҳақиқий юлдуз мақомини бой беришган. Аммо бу масалада уларнинг ўйин-кулгуга мойил менталитетларини эътиборга олиш жоиз. Европаликлар эса одатда фаолиятларини бемалол анча узайтиришлари мумкин, агарда жиддий жароҳат халақит бермаса, албатта.

Шундай экан, Роналдунинг шахсий фанатлари сиқилмасинлар: португалиялик юлдузда яна 3 ёки 4 йил юқори савияда ўйнаш имкони бор!

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Messi ham yuqori saviyada o'ynay oladi
25.02.2018 04:20

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz