Қайднома

Қидирув

Респект – «Sport TV»

Респект – «Sport TV»

  26.02.2018 06:29
  0
  751
Респект – «Sport TV»

Ўзбек футболида сўнгги бир йилда жуда катта ўзгаришлар рўй берди. Насиб қилса, яқин вақтлар ичида трансляция борасида ҳам вазият ижобий тус олиши кутилмоқда.

«Спорт» телеканали томонидан режалаштирилган ишлар кўнгилдагидек кечган тақдирда, келаси мавсумдан эътиборан Суперлиганинг деярли барча учрашувларини жонли эфирда кўриш имкони туғилади.

Шу вақтга қадар бунақаси ҳали бўлмаган. Агар амалга ошса, «Спорт» канали шаънига фақат бир гап айтишимиз мумкин - респект!

Трансляциялар футболимизга нима бериши мумкин? Ҳамма нарса. Яқинда Ўзбекистон футбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтган ва унга кўра Ачилбай Раматов ташкилот раҳбарлигига сайланганди.

Айнан ўша йиғилишда «федерация» атамасидан воз кечилиб, Ўзбекистон футбол ассоциациясига асос солинганди. Раматов эса ўшанда ўзбек футболидаги барча кирдикорларни очиб берганди.

Агар Суперлигадаги барча ўйинлар трансляцияларини амалга ошира олсак, ўз-ўзидан мавжуд муаммолар ечимига ҳам йўл очилади.

Ўзбекистон чемпионатида келишилган ўйинлар борлиги ҳақидаги гап-сўзлар кеча пайдо бўлмаган. Масалан, «майнавозчилик» дея тамға қўйилган «Пахтакор» - «Металлург» ўйини ўтганига яқинда уч йил тўлади.

Шундан буён бундай «майнавозчилик»лардан яна қанчаси кузатилди? Унга қадар қанча бўлган? Бу саволга ким жавоб бера олади? У ёғини сўрасангиз, «Пахтакор» - «Металлург» баҳси ҳам тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилмаганда, бунча шов-шув кўтарилмасди. Трансляция бўлгани учун ҳам футболимиздаги кирдикорларни билиб олганмиз.

Ҳакамлик борасидаги муаммоларни эса гапиришга ҳам ҳожат йўқ. Масалан, ўтган йили кимлардир дарвозага кирмаган голни аввал ҳисоблаган, кейин эса бекор қилганди. Бунақа «майнавозчилик»лар ҳакамлик соҳасида кам бўлган, дейсизми.

Шахсан ўзим биламан, ҳамма томонидан мақталган рефериларда ҳам «ғалати» ўйинлар учраб турарди. Учрашувдан сўнг юзимизга қарашга ботина олмаганларини ҳам кўрганмиз. Хўп, ўша баҳсларни биз кўрибмиз, аммо мухлислар-чи? Уларга ким кўрсатиб беради?

Айнан шу сабабга кўра, «Спорт» телеканали томонидан амалга оширилаётган ишлар мақтовга сазовор. Аммо олдиндан айтамиз, бу осон эмас. Юртимизда ҳар куни ўнлаб, юзлаб юксак аҳамият касб этадиган воқеа ва янгиликлар бўлиб ўтади.

Телевидение эса уларнинг ҳар бирини ёритиб бориши шарт. Магарки, «Спорт» ТВ шулардан ортиб, воҳа ёки водийда, умуман, Суперлига доирасида кечадиган ҳар бир ўйинни жонли эфирда узатишни мақсад қилган экан, омадини берсин! Бошлаган ишлари давомли бўлсин.

Ўзбек футболини ёритиш молиявий жиҳатдан ўзини оқлай олмаслигини ҳар бир журналист жуда яхши билади. Бу иш учун қанчадан-қанча техникани сафарбар этадиган телевидениени қўйинг, ҳатто оддийгина нашр учун ҳам Ўзбекистон чемпионати ҳақида мақола ёзиш осон эмас.

Айтайлик, юртимизда спортга ихтисослашган ўнлаб сайтлар бор. Шунингдек, ижтимоий янгиликларни ёритиб борадиган бир қанча сайтларда ҳам спорт учун алоҳида бўлим очиб қўйилган. Яна талайгина газеталар ҳам топилади. Аммо уларда асосий урғу Европа футболига қаратилади.

Ўзбек футболи ҳақида янгиликлар эса саноқли. Нима учун? Чунки, Европа янгиликларини хонадан чиқмай ҳам топса бўлади. Ўзбек футболини ёритиш учун эса вилоятларга чиқиш лозим. Шахсан ўзим шунча йил журналистикада ишлаб, бирор марта «Қизилқум» - «Бухоро» ўйини шарҳини ёзиш учун Навоийга борган мухбирни кўрмадим.

 Ва бунинг учун ОАВ вакилларини айблашга ҳам асос кўрмаяпман. Чунки, Навоий ёки Фарғонадаги ўйин­ни ёритиш учун сафар харажатларини қоплаш осонмас. Ким фақат фидойилик учун 400-500 километр йўл босиб борарди?

«Спорт» эса шу вақтга қадар баҳолиқудрат ўзбек футболини ёритиб келди. Энди телеканал бу ишни янада кенгайтиришга интилмоқда.

Шу вақтга қадар Осиё Чемпионлар Лигаси қандай намойиш этилган бўлса, Суперлига ҳам худди шундай ёритилади.

Аслида телевидениедаги ишлар ўтган мавсумдаёқ кўзга ташланиб қолганди. Масалан, «Бухоро» - «Пахтакор» баҳси жонли эфирда намо­йиш этилди.

Адашмасам, стадионнинг юқоридан олинган тасвирини айнан ўша баҳсда илк бора томоша қилганмиз ва бизда ҳам шу ишни уддалай оладиган режиссёрлар борлигидан қувонганмиз.

Энди бундай тасвирлар Ўзбекистон чемпионати доирасида тез-тез бериб борилади ва нафақат телевидение, балки Суперлига даражасини оширишда ҳам муҳим ўрин тутиши турган гап.

Хўш, ўзбек футболида шунча ўзгариш бўлаётган экан, биз нима қилиб бера оламиз? Бу саволнинг жавобини топиш қийин эмас. Биздан талаб - шунчаки, стадионга келайлик ва севимли жамоамизни қўллаб-қувватлайлик.

Бунинг имкони бўлмаганда эса, «Спорт» ТВ орқали ўйинларни кузатиб борайлик. Зеро мухлиссиз футболнинг қизиғи йўқ. Ахир миллионлар ўйини деган атама бежиз пайдо бўлмаган-ку...

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz