Қайднома

Қидирув

Суперлига жамоаларининг янги мавсум тараддуди қандай ўтмоқда?

Суперлига жамоаларининг янги мавсум тараддуди қандай ўтмоқда?

  26.02.2018 15:13
  0
  537
Суперлига жамоаларининг янги мавсум тараддуди қандай ўтмоқда?

Ўзбекистон чемпионатининг янги мавсуми бошланишига ҳам саноқли кунлан қолмоқда. Хўш, жамоаларда тайёргарлик жараёни қандай давом этмоқда? Таркибда қандай ўзгаришлар бўлди.

Қуйида барча саволларингизга жавоб олишингиз мумкин.

«Локомотив»

Амалдаги чемпион янги мавсум старти яқинлашгани сари ҳозирлик ишларини кучайтирди.  «Темирйўлчилар» 1-тур доирасида «Қизилқум» меҳмони бўлишади ва кейинги ўйинни ўз майдонларида «Металлург»га қарши ўтказишади.

«Локомотив» стадионидаги очилиш учрашувига ташриф буюрадиган мухлисларни ажойиб янгилик ҳамда «сюрприз»лар кутмоқда. Янгиликлардан бири шуки, «Локомотив» жамоасининг расмий дўкони иш бошлади.

Эндиликда жамоанинг уй учрашувларига келадиган мухлислар LOKO-Food дўконидан егулик ҳамда ичимликлар харид қилишлари мумкин.

Машғулотлар жараёни эса жамоа қароргоҳида давом этяпти. Айни пайт барча футболчилар астойдил шуғулланишмоқда. Фақатгина Салим Мустафоев ва Нивалдо якка тартибда ишлаш билан чекланишмоқда. Қолган футболчилар машғулотларда бинойидек тер тўкишмоқда.

Хабарингиз бор, ЎФА футболчиларнинг жисмоний ҳолатини назорат қилиб бориш мақсадида тест-синовларини йўлга қўйди. Нормативлар меъёри ЎФА Техник ривожлантириш бошқармаси илмий-методик гуруҳи мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган.

Хуллас, «Локо» вакиллари аввалги ҳафта белгиланган нормативлар (30 метр ва 7х50  метрга югуриш, узунликка сакраш, Yо-Yо тест-синови, тўпни қўл ва оёқда етказиб бериш - дарвозабонлар учун) бўйича имтиҳон топширишди.

«Насаф»

Таниқли дарвозабонлардан бири Михаил Наумов маълум айрилиқдан сўнг яна «Насаф»га қайтди. Фақат бу сафар мураббий сифатида. Гап шундаки, 34 ёшли фахрий кипер яқинда футболчилик фаолиятини якунлади. Наумов эндиликда дарвозабонлар мураббийи ролида ишлайди.

Зеро, у қўлқопларини михга илгач, «Насаф»дан шу ҳақда таклиф олди. Аниқроқ айт-сак, ёш мураббий Қарши клуби академияда дарвозабонларни шуғуллантиради. Эслатиш ўринли, Михаил Наумов охирги 2 йил давомида Самарқанд «Динамо»си шарафини ҳимоя қилди.

«Пахтакор»

«Шерлар»нинг Дубайда 9 кун давом этган йиғинлари назорат учрашуви билан якунланди. Ал-Айндаги «Таҳнун Бин Муҳаммад» стадионида Уммоннинг «Ал-Шабаб» жамоасига қарши майдонга тушган «Пахтакор» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. 5-дақиқада Тиаго Безерра тўпни рақибдан олиб қўйиб, Исмоил Гонсалвешни дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқарди.

Португалиялик ҳужумчи ўз навбатида, ҳисобни очиш имкониятидан унумли фойдаланди. Иккинчи бўлим бошида эса «Ал-Шабаб» ўртадаги мувозанатни тиклади. Шундан сўнг ташаббусни бутунлай ўз томонларига оғдиришган «пахтакорчилар» 84-дақиқада ғалаба голини нишонлашди.

Достон Иброҳимовнинг узатмасидан кейин Жасур Ҳакимов дарвозани осонгина ишғол қилди. Шу тариқа «Пахтакор»нинг БАА йиғинидаги 3-назорат учрашуви ҳам ғалаба билан тугади.

 «Пахтакор»: Элдор Суюнов, Фаррух Сайфиев (Станислав Андреев, 88), Марко Симич (Камолиддин Тожиев, 80), Шерзод Аъзамов, Акмал Шораҳмедов, Жамшид Искандеров (Дилшод Раҳматуллаев, 57), Ростин Гриффитс, Жалолиддин Машарипов (Достон Иброҳимов, 75), Баҳром Абдураҳимов, Тиаго Безерра (Жасур Яхшибоев, 55), Исмоил Гонсалвеш (Жасур Ҳакимов, 75).

Шанба куни Тошкентга қайтган «Пахтакор» Суперлига 1-тури доирасидаги ўйинга ўз қароргоҳида шайланмоқда.

«Бунёдкор»

Тошкент жамоаси БАА йиғини режасидан ўрин олган сўнгги назорат учрашувида майдонга тушди. Миржалол Қосимов шогирдлари бу сафар Дубайнинг «Шабаб Ал-Аҳли» клуби вакиллари билан куч синашишди. Қизиқарли кечган баҳсда «Бунёдкор» рақибдан ҳар жабҳада устун эканлигини амалда исботлаб, 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашувнинг 26-дақиқасида Санжар Қодирқулов томонидан оширилган тўпни Филипп Райевац боши билан рақиб дарвозасига тўғрилаб қўйди - 1:0. Бироқ мезбонлар танаффусга чиқиш арафасида жавоб голини уришди. Муҳими, ўйиннинг сўнгги 10 дақиқасида «Шабаб» дарвозаси яна 3 марта ишғол этилди.

82-дақиқада Миржаҳон Мираҳматов майдон марказида тўпни эгаллаб олиб, рақибларни бирин-кетин ортда қолдирган ҳолда, дарвозасини ишғол қилди. Кейинроқ Расул Йўлдошев чиройли чиққан жамоавий комбинацияга мантиқий якун ясади.

Асосий вақт якунланаётган паллада айнан Расулнинг ўзи рақиб футболчилари ва посбонини доғда қолдирган ҳолда, «Бунёдкор»нинг 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишини таъминлади.

«Бунёдкор»: Мурод Зуҳуров, Ислом Қобилов, Рустам Ашурматов, Мирғиёс Сулаймонов, Хуршид Ғиёсов, Жавлон Иброҳимов, Мурод Тошматов, Миржамол Қосимов, Санжар Қодирқулов, Шоҳруҳ Гадоев, Филипп Райевац.

Захирадан майдонга тушганлар: Суҳроб Султонов, Анвар Ғофуров, Сардор Собирхўжаев, Даврон Умиров, Расул Йўлдошев, Артём Габелок, Миржаҳон Мираҳматов, Абдулла Абдуллаев.

Эътиборлиси, «қалдирғочлар» БАА йиғини доирасидаги 4та назорат учрашувидан 3тасида устун келишди. Миржалол Қосимов жамоаси бунга қадар БААнинг «Шаржа» ва Хитойнинг «Шандун Луненг» клубларини тегишлича 3:1 ва 4:0 ҳисобларида доғда қолдирган, Чин юртининг яна бир вакили - «Чунцин Лифан» билан баҳсда эса дурангга кўнганди - 0:0.

Хуллас, Миржалол Қосимов шогирдлари ўтган ҳафта БААда олиб борилган 13 кунлик машғулотларни якунлаб, Тошкентга қайтишди. Мураббийлар штаби қарорига кўра, футболчилар 2 кун дам олишди ва 24 февралдан клуб қароргоҳида мавсум стартига қаратилган тайёргарликнинг сўнгги босқичини бошлашди.

«Навбаҳор»

Мавсумга тайёргарликнинг охирги босқичини Тошкентда олиб борган наманганликлар йиғин доирасидаги сўнгги назорат учрашувини «Қизилқум»га қарши ўтказишди. Мазкур баҳсда «лочинлар» 3:1 ҳисобида ғалаба қозондилар.

«Навбаҳор» голларига Азизбек Турғунбоев, Азамат Алланиёзов ва Дилшод Жабборов муаллифлик қилишди. Эътиборли томони, учрашувни Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бошқаришди.

«Навбаҳор»: Илья Гаврилов, Дарко Станоевич, Остон Ўрунов, Дилшод Жабборов, Мирзоҳид Ғофуров, Ойбек Қиличев, Даврон Ҳошимов, Жаҳонгир Меҳмонов, Аъзам Алиев, Азизбек Турғунбоев, Ненад Иньяц.

Захирадан майдонга тушганлар: Мирзоҳид Маматхонов, Авазбек Маматхўжаев, Сардор Сулаймонов, Зоҳир Пиримов, Беҳруз Содиллаев, Азамат Алланиёзов, Равшан Дўстматов.

«Навбаҳор»нинг сербиялик ҳужумчи Ненад Иньяц билан шартнома тузгани ҳақида хабар берилганди. 1985 йили туғилган футболчи юртимизга келгунига қадар Арманистоннинг «Бананц» клуби шарафини ҳимоя қилган.

Бундан ташқари, 2017 йилги чемпионатда «Навбаҳор»да ўйнаган ҳужумчи Рўзимбой Аҳмедов билан 1 йиллик шартнома расмийлаштирилди. У жароҳат туфайли маълум муддат давомида машғулотларда қатнашолмаганди. Мана, Аҳмедов сафга қайтди ва энди мавсум бошиданоқ жамоага ёрдам бериши мумкин.

Пойтахтдаги йиғин давомида «лочинлар» таркибига қўшилган беларуслик дарвозабон Илья Гаврилов ҳам шартнома остига имзо чекканди. Бироқ маълум сабабларга кўра, «Навбаҳор» раҳбарияти бу келишувни бекор қилди.

Таъкидлаш жоиз, голкипер «Навбаҳор»нинг пойтахтдаги йиғинида қатнашиб, бир қатор назорат учрашувларида майдонга тушганди. Бир неча йил давомида «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилган Наманган футболи тарбияланувчиси Илҳом Бойдедаев ҳам жамоадан кетди. Яъни мураббийлар унга жавоб беришни маъқул кўришди.

«Бухоро»

Бухороликлар тайёргарлик ишларини Тошкентда давом эттиришаётганди. Жамоа ўтган ҳафта пойтахт йиғинини якунлади. Хуллас, «Бухоро» футболчилари қисқа таътилдан сўнг яна машғулотларга киришишга улгурдилар.

Аниқроқ айтсак, жамоа ўз қароргоҳида йиғилди ва режага мувофиқ, Суперлиганинг 1-тур баҳсига якуний тайёргарликни бошлади. «Бухоро» янги мавсумнинг илк баҳсини 3 март куни  ўз майдонида «Қўқон-1912»га қарши ўтказади.

АГМК

Олмалиқликлар Туркиянинг Анталия шаҳрида ташкиллаштирилган ва анча вақт давом этган ўқув-машғулотлар йиғинидан қайтишди. Виктор Кумиков шогирдлари Анталияда жами 6та ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди ва 1та ғалаба, 4та дуранг, 1та мағлубият қайд этишди.

Жумладан, Туркманистон чемпиони «Олтин аср» (3:1) жамоаси устидан ғалаба қозонилган бўлса, Россия иккинчи дивизиони вакили «Нефтехимик» (0:2)ка имконият бой берилди. Венгриянинг «Сегел-2011» (1:1), Украинанинг «Заря» (1:1) ва «Гелиос» (0:0) ҳамда  Грузиянинг «Рустави» (1:1) клублари билан баҳсларда эса кучлар тенг келди.

Футболчилар йиғин давомида жисмоний ва назарий машғулотларда тўлиқ иштирок этишди. Якунда 5 нафар легионер билан шартнома тузилди. Булар - қирғизистонлик Павел Матяш («Мазия», Мальдив ороллари),  сербиялик Владимир Бубанья («Земун», Сербия) ва Йован Жокич («Атирау», Қозоғистон), молдовалик Вадим Чемиртан («Бунёдкор») ҳамда беларуслик Владислав Косминин.

Вадим Чемиртан сафга айнан Анталия йиғинида қўшилди, Косминин эса ўтган йили ҳам Олмалиқ жамоаси таркибида ўйнаганди. АГМК янги мавсумга қаратилган сўнгги тайёргарлик ишларини 2 кунлик дам олишдан сўнг Тошкентда давом эттирмоқда. Футболчилар 26 февраль куни жисмоний нормативлар топширишди.

АГМК бу йил ҳам Joma компанияси билан ҳамкорликни давом эттиради. Жамоа раҳбарияти томонидан тасдиқланган логотипга мувофиқ, сариқ ва қора рангли либослардан фойдаланилади.

«Қўқон-1912»

Қўқон жамоаси сафида сербиялик 3 нафар футболчи тўп суриши аниқ бўлди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар тарқатди. Хуллас, «Қўқон-1912» кўригида қатнашган Милан Спремо ҳамда Марко Милич 1 йиллик шартнома остига имзо чекишди. Улардан ташқари, жамоада ўтган мавсумларда тўп сурган Дарко Гожкович ҳам бор.

«Металлург»

Бекобод жамоаси жума куни Қибрайдаги ўқув-машғулотлар маскани майдонида янги чемпионат олдидан сўнгги назорат учрашувини ўтказди. Аввалги мавсум олий лигада 7-ўринни эгаллаган «Машъал»га қарши кечган ўйин анча қизиқарли, муросасиз тус олиб, якунда «Металлург» ягона гол эвазига ғалаба қозонди.

Жамоа голи Аббос Отахонов номига ёзилди. Мураббийлар шу куни «Металлург» ихтиёрида шуғулланаётган барча футболчиларга имконият беришди. Янгиликларга келсак, «Металлург» ҳафта мобайнида «Машъал» ҳужумчиси Зафар Тўраев ҳамда «Пахтакор» тарбияланувчиси Жамшид Юсупов билан шартнома тузди.

«Қизилқум»

Навоийликлар ўтган ҳафта Тошкентда 2та назорат учрашуви ташкил этишди. Дастлаб «Навбаҳор» билан куч синашган «Қитзилқум» 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу ўйинда жамоанинг ягона голи Не-манья Йованович ҳисобига ёзилди.

«Қизилқум»: Евгений Черемисин, Файзулла Қамбаров, Гиорги Квесиешвили (Акмал Рустамов, 46), Муҳсин Убайдуллаев, Шерали Жўраев, Миржалол Қосимов, Нодирхон Камолов (Самандар Шодмонов, 46), Эркин Бойдуллаев, Дониёр Усмонов, Элгужа Григалашвили, Неманья Йованович.

Йиғиннинг сўнгги куни «Қизил-қум» Тожикистон чемпиони - Душанбенинг «Истиқлол» жамоасига қарши майдонга тушди. Мазкур баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Гол муаллифи - Эркин Бойдуллаев.

«Қизилқум»: Евгений Черемисин, Муҳсин Убайдуллаев, Файзулла Қамбаров, Гиорги Квесиешвили, Шерали Жўраев, Эркин Бойдуллаев, Самандар Шодмонов (Нодирхон Камолов, 46), Миржалол Қосимов, Дониёр Усмонов (Акмал Рустамов, 46), Элгужа Григалашвили, Неманья Йованович (Андрей Сидоров, 80).

Жамоа шу ўйин билан Тошкентдаги йиғинини якунлаб, Навоийга қайтди. Салкам бир ой давом этган машғулотлар жараёнида футболчиларнинг жисмоний ва тактик тайёргарлигини ошириш, ўйин амалиётини шаклантиришга эътибор қаратилди. «Қизилқум» Суперлиганинг 1-турида амалдаги чемпион «Локомотив»ни қабул қилади.

Айтганча, Навоийга қайтишдан олдин Тошкентдаги Rakat Plaza меҳмонхонасида жамоа таркибига қўшилган янги футболчилар расман таништирилди. Тадбир икки қисмдан иборат бўлди. Дастлаб «Қизилқум» бош мураббийи Ҳамиджон Актамов янги футболчиларни бирма-бир таништирди.

Шундан сўнг улар «Қизилқум» футболкасини айнан Ҳамиджон Актамовдан тантанали равишда қабул қилиб олишди. Бош мураббийнинг алоҳида таъкидлашича, жамоа янги мавсумда кучли олтиликдан ўрин олиши керак. Ҳарқалай, раҳбарият томонидан клуб олдига шундай вазифа қўйилган.

«Сўғдиёна»

Жиззах клуби февраль ойининг илк кунларидан Тошкентда йиғин олиб борди. Унинг давомида Александр Мочинов бошчилигидаги мураббийлар штаби селекция ишларини кучайтириб, таркибга янги футболчиларни ҳам жалб қилди. Ўйин амалиётини яхшилаш ва футболчиларни амалда синаб кўриш учун бир қатор ўртоқлик учрашувлари ташкил этилди.

«Сўғдиёна» Тошкент йиғини давомида хусусан, «Пахтакор», «Бунёдкор», «Металлург», «Бухоро», «Навбаҳор», «Сурхон»  ва Тожикистоннинг «Истиқлол» клублари билан куч синашди. Якунда машғулотларда қатнашган айрим футболчилар билан хайрлашилди, яхши таассурот уйғотганлар эса расман шартнома остига имзо чекишди.

Умуман, жамоа 24 февраль куни ўз қароргоҳида тўпланди ва Сеперлиганинг дастлабки турига қаратилган якуний тайёргарликни бошлади.

Тошкент йиғинининг сўнгги куни «Сурхон»га қарши кечган назорат учрашуви «Сўғдиёна»нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганини айтиш жоиз. Бу ўйинда жиззахликлар Акмал Холмуродов голи эвазига устун келишди.

«Сўғдиёна»: Ширинбой Абдуллаев, Акмал Холмуродов, Руслан Мелзитдинов, Дониёр Одилов, Элёр Орипов, Дилмурод Каримов, Иқбол Маликжонов, Тоҳир Шамсиддинов, Алишер Зиёвуддинов, Иззатилла Абдуллаев, Шоҳруз Норхонов.

Захирадан майдонга тушганлар: Дилшод Ҳамроев, Жаҳонгир Абдумўминов, Сардор Азимов, Сардор Қулматов, Шоҳруҳ Холматов, Дониёр Ҳасанов, Фарҳод Мираҳматов, Азамат Исроилов.

«Нефтчи»

Фарғона жамоаси футболчилари 20 февраль куни Қиргулидаги қароргоҳда йиғилишди. Ўйинчилар шу куннинг иккинчи ярмида «Нефтчи» стадионида енгил жисмоний машқларни бажаришди. «Нефтчи» чемпионатнинг 1-тур ўйинигача  тайёргарликни айнан Фарғонада давом эттиради.

Эслатма, жамоа 1 март куни «Насаф»ни қабул қилади. Учрашув Фарғона шаҳридаги «Истиқлол» стадионида соат 20:00да бошланади.

«Динамо»

Про-Лига баҳсларига Тошкентда тайёргарлик кўраётган Самарқанд клуби ҳамон таркибни кучайтириш пайида. Аввалроқ «Динамо» сафига тажрибали ярим ҳимоячилар - Дилшод Шарофутдинов ва Илҳом Юнусов қўшилгандилар. Энди Самарқанд жамоаси яна бир янги футболчини таклиф қилди - Марадона Сафаров.

«Машъал» клуби тарбияланувчиси мавсум-2017нинг биринчи даврасини айнан Муборак клубида ўтказиб, кейин «Шўртан» билан шартнома тузганди. 24 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи ҳозирча «Динамо» кўригида бўлиб турибди.

Умуман, самарқандликлар 5 мартга қадар Тошкентда бир қатор назорат учрашувларида майдонга тушишади. Мураббийлар уларда янги футболчиларни синаб кўришни режалаштиришган.

«Шўртан»

Ғузор клуби бошқарув тизимида ўзгариш юз берди. Шу кунга қадар «Шўртан» бош директори лавозимида ишлаб келган Камолиддин Раҳимов клуб бош ҳомийси ва асосий таъсисчиси «Шўртаннефтгаз» МЧЖ раҳбарияти буйруғига кўра, вазифасидан озод этилди.

Унинг ўрнига жамоада кўп йиллардан буён фаолият юритаётган Виктор Георгиевич Алешников тайинланди. Бутун ҳаётини футболга бағишлаган Алешников 2000 йилдан эътиборан «Шўртан» тизимида ишламоқда.

«Сурхон»

Термиз клуби ўз сафини янги футболчилар билан бойитишда давом этмоқда. Бош мураббий Дилшод Нуралиев аввалги ҳафта рақобатни ошириш мақсадида икки нафар тажрибали ҳимоячини таклиф этди. Булар - Ислом Иномов ва Обид Жўрабоев. Иномов бунга қадар «Андижон»нинг Тошкентдаги йиғинида иштирок этганди.

Аммо у «бургутлар» билан айрим масалаларда келишолмаган кўринади. Обид Жўрабоев эса «Истиқлол» жамоасида шуғулланаётганди. Шунингдек, Иброҳим Раҳимов ҳам «Сурхон» сафини тўлдирди. Тажрибали футболчи ўтган йили аввалига «Қўқон-1912», кейин «Нефтчи»да тўп сурганди.

Клубларнинг расмий сайтларидаги маълумотлардан ҳам фойдаланилди


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz