Якшанба куни Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасида буюк ўзгаришлар шамоли эсди. Жумладан, клубнинг янги расмий либослари ҳамда логотипи ҳавола этилди.
Шунинг баробарида «Навбаҳор» стадиони мажлислар залида жамоа таркибига қўшилган тажрибали ва ёш футболчилар оммага расман таништирилди.
Клуб янги мавсумда «Навбаҳор-Лочинлари» номи остида иштирок этади. Жамоа номига яраша, логотипда лочин қуши тасвири бор. Хуллас, тадбирда клуб рамзи ва спорт формалалари тақдим этилди, 2018 йили жамоа шарафини ҳимоя қиладиган футболчиларга ўйинчилик рақамлари туширилган футболкалар тантанали тарзда топширилди.
Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассосиацияси президенти Хайрулла Ҳайитбоевич Бозоров «Навбаҳор»да катта ислоҳотлар олиб борилгани, жумладан, таркиб сезиларли даражада кучайтирилганини таъкидлаб, жамоа олдига жиддий вазифалар қўйилганини маълум қилди.
«Навбаҳор» бу йил ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Сиз - азиз мухлислардан жамоамизни доимо қўллаб-қувватлашингиз, оғир дамлар ва хурсандчилик онлари футболчилар билан бирга бўлишингларни сўрайман. Мана, Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Ўзбекистон ёшлар терма жамоасинининг Хитойдаги ғалабаси ҳақида жуда таъсирли гаплар айтдилар.
Намангандан ҳам ҳали бутун жаҳонга машҳур футболчилар етишиб чиқишларига ишонаман. Энг асосийси, юртимизда футбол ривожланишнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Умуман, нафақат футбол, балки бошқа спорт турларига ҳам эътибор катта. Футбол мамлакатимизда янгитдан туғилди, десак тўғрироқ бўлар.
«Навбаҳор» олдига қўйилган вазифа ҳақида алоҳида тўхталсам, жамоа янги мавсумда чемпионлик учун курашиши керак. Ҳа, шундай, чунки бизда мухлислар сон жиҳатидан ва ҳар тарафлама устун ҳисобланишади. Барчангизга омад тилайман. «Навбаҳор»нинг доимо юқори ўринларни эгаллашига тилакдошман», - деди Хайрулла Ҳайитбоевич.
Таъкидлаш жоиз, жамоада янги раҳбарият иш бошлади. Олимжон Ботирович Исаев Наманган вилоят футбол ассосиацияси вице-президенти, Акрамжон Гаппарович Дедабаев «Навбаҳор-Лочинлари» директори лавозимини эгаллашгани яна бир бора эълон қилинди.
Шунингдек, Хайрулла Бозоров «Навбаҳор»нинг ўтган мавсумдаги натижалари (ўз майдонида мутлақ мағлубиятсиз серия ва 5-ўрин)да бош мураббий Илҳом Мўминжоновнинг ҳиссалари катта эканлигини алоҳида тилга олди. Шундан сўнг жамоа вакилларига сўз берилди.
Илҳом Мўминжонов (жамоа бош мураббий): - Аввало, барчаси учун вилоят ҳокими Хайрулла Ҳа-йитбоевичга миннатдорчилик билдираман. Йигитлар янги мавсумга юқори кайфиятда тайёргарлик кўришди, барчамиз Суперлига стартини интизор кутмоқдамиз.
Албатта, бўлажак чемпионатда имкон қадар юқори ўринларни банд этиб, Наманган аҳлига хурсандчилик улашишни истаймиз. 2018 йил «Навбаҳор» учун ҳақиқий юксалиш вақти бўлишига ишонаман. Насиб этса, Суперлигада муносиб ўйнаб, Осиё Чемпионлар Лигасига йўлланма оламиз.
Дилшод Жабборов (жамоа сардори): - «Навбаҳор»нинг 40 йиллик юбилейига бағишланган кечада жам бўлиб турибмиз. Аввало, зарур шарт-шароитларни талаб даражасида яратиб бераётган вилоят ҳокими Хайрулла Ҳайитбоевичга футболчилар номидан яна бир марта миннатдорчилик билдираман.
Олдимизга қўйилган вазифаларни ортиғи билан бажариш, «Навбаҳор»ни халқаро майдонларга олиб чиқиш йўлида бор кучимизни сарфлаймиз. Жамоамизни бутун мавсум давомида чиройли тарзда қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга ҳам алоҳида раҳмат.
Шундан сўнг жамоанинг янги футболчиларига ўйинчилик рақамлари туширилган формалар топширилди. Дарвоқе, ушбу тақдимотда «Навбаҳор»нинг янги аъзоси - дарвозабон Ботирали Эргашев иштирок этолмади. Унинг янги мавсумни Наманганда бошлаши сўнгги паллада ҳал этилди. Ботирали 1995 йили Попда таваллуд топган.
Хуллас, энди «Нав-баҳор» шарафини ҳимоя қилувчи поплик Азиз Турғунбоев ёнига Ботирали ҳам қўшилди. Дарвозабон Илья Гаврилов ва Аваз Маматхўжаевга эса жавоб берилди.
Логотип ва янги либослар ҳақида маълумот. Логотипда акс эттирилган лочин -ўткир кўзли, зукко, доимо баланд чўққиларни кўзловчи, нишонни аниқ олиб, мақсад сари олға интилувчи мағрур қуш.
Демак, логотип моҳияти ўз-ўзидан тушунарли. Умид қиламизки, «Навбаҳор» футболчилари янги мавсум давомида майдонда лочинга хос хислатларни намойиш этиб, клуб раҳбарияти ва мухлислар ишончини оқлашади. Жамоанинг янги асосий формаси қизил рангда.
Бунинг рамзи ҳам ҳаммага тайин - вужудимизда оқиб турган қон, ёрқинлик, барчага бирдек куч бағишловчи жўшқинлик. Оқ ранг эса - поклик, ёруғлик ва ҳалоллик нишонаси.
«НАВБАҲОР» ТАРКИБИ
Дарвозабонлар
Ботирали Эргашев
45. Акбар Тўраев
Мирзоҳид Маматхонов
Ҳимоячилар
Жаҳонгир Меҳмонов
Дарко Станоевич
24. Даврон Ҳошимов
33. Томислав Пайович
Остон Ўрунов
Дилшод Жабборов
Ярим ҳимоячилар
Мирзоҳид Ғофуров
Аъзам Алиев
Азизбек Турғунбоев
11. Зоҳир Пиримов
8. Аюбхон Нўъмонов
27. Равшан Дўстматов
23. Беҳруз Содиллаев
Ҳужумчилар
Рўзимбой Аҳмедов
15. Азамат Алланиёзов
12. Ненад Иньяц
17. Сардор Сулаймонов
Мураббийлар штаби
Бош мураббий - Илҳом Мўминжонов
Мураббий - Дурбек Умаралиев
Мураббий - Жамшид Умаров
Мураббий - Владимир Андреев
Мураббий - Шерзод Шарипов
Катта маъмур - Муҳиддин Мелибоев
Акмалхон ЭШОНХОНОВ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20