Қайднома

Қидирув

Юпп Хайнкес: «Баъзан содда ечим самаралироқ»

Юпп Хайнкес: «Баъзан содда ечим самаралироқ»

  27.02.2018 03:36
  0
  689
Юпп Хайнкес: «Баъзан содда ечим самаралироқ»

Мавсумни анча суст бошлаган «Бавария» сентябрь бошларида турнир жадвалида нақ 5та жамоадан ортда бораётганди.

Мана, Карло Анчелотти ўрнини эгаллаган «қария» Юпп Хайнкес енг шимариб ишга киришгач, «бошга чиқиб олганлар» бирин-кетин ўз жойларини топиб олишди.

Айни пайт Бундеслига гранди яқин таъқибчиларидан жуда илгарилаб кетган ҳолда, навбатдаги чемпионлик сари дадил одимламоқда. Хорижлик касбдошимизнинг тажрибали мутахассис билан суҳбатида нафақат футболчи ва мураббийлар, балки бошқа соҳалар вакиллари учун ҳам ибратли ҳикматлар кўп.

- Жаноб Хайнкес, охирги вақтларда ёш мураббийлар ҳақида кўп гапирилмоқда. Сиз 1979 йили 34 ёшда Менхенгладбах «Боруссия»си бошқарувини қўлга олиб, Бундеслига мураббийлари сафига қўшилгандингиз.

- Ҳа, 1978 йилгача футбол ўйнадим, шундан сўнг бир мавсум Удо Латтек ассистенти сифатида ишладим.

Кейин клуб менежери Хельмут Грасхофф бош мураббий лавозимини эгаллашга тайёр ёки йўқлигимни сўраганида, табиийки, ижобий жавоб бердим. Тўғри, тез орада ҳали кўп нарсаларни ўрганишим зарурлигини англаб етдим.

- Айнан қайси жиҳатларни?

- Футболчилик даврида ўта иззатталаб эдим. Менга хусусан, мураббий Хёнесс Вайсвайлер кучли таъсир ўтказган. Зеро, у мағлубиятни сира ҳазм қилолмасди. Мураббий ўзини аввало, шу жиҳатга тайёрлаши шарт.

Аниқроқ айтсам, мағлубиятга кўникмаган ҳолда, ундан тўғри хулоса чиқариш муҳим. Таҳлиллар асосида камчиликларни бартараф этиб, жамоани тобора кучайтириб бориш талаб этилади.

Албатта, бошқа жиҳатлар ҳам муҳим. Масалан, футболчиларни бошқариш, соғлом муносабат ўрнатиш. Тан оламан, футболчи сифатида юксак нуфузга эришганим янги ишда менга жуда қўл келган. Бунга етарлича мисоллар келтиришим мумкин.

- Масалан...

- Бош мураббий лавозимини эгаллаганимда, жамоа таркибида кечагина мен билан ёнма-ён тўп сурган йигитлар кўпчиликни ташкил этишарди. Табиийки, улар билан сенсираб гаплашардик.

Кейин футболчилар бирданига муомалани ўзгартириб, «сизлай» бошладилар. Шунда улардан аввалгидек, сенсираб мурожаат қилишларини талаб қилдим. Айни шу ҳолатда йигитларнинг менга кучли ҳурмат назари билан қарашларига амин бўлдим.

Мураббий учун бу жуда муҳим. Бир томондан, ўртада муайян масофани ушлаш керак, иккинчи тарафдан эса, шогирдларга имкон қадар яқинлашиш лозим. Хуллас, бу борада мувозанатни тўғри сақлаш катта аҳамият касб этади.

- Илк уринишда ўз вазифангизни қай даражада уддалагансиз?

- Дебют мавсумимда клуб 7-ўринни эгаллади. Шунингдек, УЕФА кубоги финалига чиқдик. Шундай экан, етарлича мақтов эшитдим. Лекин танқидлар ҳам йўқ эмасди. Муҳими, босим олдида эсанкираб қолганим йўқ.

Чунки юксак маҳоратдан ташқари, мустаҳкам асабга эга эдим. Айтишим мумкинки, айни шу босиқ табиатим мураббийликда жуда асқотди. Вазифани қандай уддалашни доимо аниқ ҳис этардим.

Бошқалардан ниманидир ўрганиш зарурати сезилса, сира хижолат чекмасдим. Бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда - излансанг, арзимасдек туюладиган фойдали жиҳатларни доимо топасан.

- Сизнингча, ҳозирги ёш мураббийларга қийинроқми?

- Улар талаб даражасида тайёргарлик кўришмоқда. Дейлик, мен буюк Удо Латтекдан атиги бир йил сабоқ олганман, холос. Ҳозирги ёш мутахассислар эса аввалига ўсмирлар, кейин ёшлар жамоалари билан шуғулланиб, маълум тажриба тўплашади.

Қайтараман, ҳар қандай мураббий аввало, ўзини муносиб тутиши, шогирдлари билан самимий муносабатни йўлга қўйиши ва машғулотларни тўғри ташкил қилиши керак.

- Бунда профессионал футболчи сифатида тўпланган тажриба нечоғли ёрдам беради?

- Табиийки, бунинг таъсири кучли. Ахир мураббий футболчилик даври минг марталаб бошидан кечирган вазиятларга қайта дуч келади ва ўз тажрибасидан келиб чиқиб, тўғри ечимни топишга унча қийналмайди. Ҳа, қайсидир маънода ҳозирги ёш мураббийларга қийинроқ.

Ҳар ҳолда, бугунги ОАВ эътибори ёки клублар томонидан қўйилаётган юксак талабларни назарда тутсак, осон эмас. Менимча, ёш мутахассисларнинг 1-2та нотўғри қарорларини кечириб, уларга имконият бериш керак.

- Сизга Хёнесс Вайсвайлердан ташқари, яна ким сезиларли таъсир ўтказган?

- Эрнст Хаппель, у буюк мураббийлардан бири эди, шубҳасиз. Дейлик, «Гамбург» Хаппель қўл остида ўта замонавий футбол намойиш этган: 4 нафар ҳимоячи бир чизиқда, «офсайд», прессинг, мудофаа вакилларининг марказга яқин жойлашувлари, ҳужумкорлик...

Қисқаси, Хаппель ишини диққат билан кузатардим, ишланмаларини обдон таҳлил қилардим. Кейинчалик Арриго Сакки ва Йохан Кройффдан ҳам кўп нарсаларни ўргандим.

Умуман, доимо қандайдир янгилик кашф этиш, билимини бойитиш, қўшимчалар киритиш орқали услубни такомиллаштириб бориш эс-ҳушли мураббий учун одатга айланиши шарт.

- 2013 йили футболдан четга чиққач ҳам, касбдошларингиз фаолиятини кузатиб бордингизми?

- Очиғи, 2013 йили мураббийлик ишига узил-кесил нуқта қўйгандим. Шундан кейин футболни оддий мухлис сифатида кўра бошладим. Албатта, баъзан «Бу жамоа ажойиб ўйин кўрсатмоқда» ёки «Эҳ, мураббий ўрнида бўлганимда, анави футболчини дарҳол захирага олардим» қабилидаги фикрлар хаёлимдан ўтарди.

Бундай ёндашув - узоқ йиллик фаолият маҳсули. Беҳисоб ўйинларни кузата-кузата ким қаерда хатога йўл қўйганию, ким чарчаб қолгани ёки аксинча, яна бир соат бемалол ўйнаши мумкинлигини аниқ айтиб берадиган даражага чиқар экансиз.

Мураббий ишининг самараси айниқса, тенг савияли футболчилардан тузилган жамоада яққолроқ кўзга ташланади. Пухта йўлга қўйилган ўйин эвазига юлдузли таркибга эга жамоани ҳам енгиш мумкин.

- Ули Хёнесс яқинда сизни роса мақтади: «Хайнкес нафақат замонавий мураббий, балки яхши инсон ҳам». Дейлик, «Бавария» кийиниш хонасида таҳсинга лойиқ муҳит ҳукмрон экан. Бунинг сири нима?

- Хёнессдан бирор нарсани сўрасангиз, у албатта, «теша тегмаган» қандайдир ибораларни ўйлаб топади. Унинг иш услубим, фаолиятимдан 100 фоиз хабардор эканлиги шубҳадан холи.

Хусусан, жамоани бошқаришда ҳам, режа тузиш ёки машғулот ўташда ҳам ҳар бир майда элементни назардан қочирмаслигимни яхши билади.

- Хўш, фаолият йўлида қандай умумий қоидаларга риоя қиласиз?

- Мураббийлар турли тоифаларга бўлинишади. Бу уларнинг шахсий характерларига боғлиқ. Жамоа аъзолари ва ишчи-хизматчиларига ҳурмат билан ёндашиш муҳим.

Шунга мувофиқ, дини, мақоми, танасининг рангидан қатъий назар, барчага бир хил муносабатдаман. Бундан ташқари, доимо самимий ва очиқкўнгил бўлишга интиламан.

Натижада ўртамизда ўзаро ишонч юзага келади. Футболчилар менга ишонишади, ўз навбатида, уларга шубҳа билан қарамайман. Муваффақиятнинг асоси шу.

- Умуман, мураббийлик соҳасига бош суққанингизга 39 йил бўлибди. Бу давр ичида футбол баробарида мураббийлик ҳам анча ривожланди. Жумладан, мукаммал маълумот олиш муҳим аҳамият касб эта бошлади. Бунга қандай қарайсиз?

- Ўйинчилар миясини турли маълумотлар билан тўлдиришнинг ҳожати йўқ. Уларнинг фақат энг зарур жиҳатлардан хабардор бўлишлари етарли.

Масалан, майдонда кимнинг қанча югургани хусусидаги статистика мени қизиқтирмайди. Чунки буни кузатиш орқали билиб оламан. Тажрибанинг фойдаси шу.

- Видеотаҳлилларга муносабатингиз...

- Ўйинга шайланиш жараёнида рақибни видеоёзувлар орқали ўрганиш катта фойда беради, албатта. Чунки шу аснода рақибнинг кучли ва заиф жиҳатларини билиб оласиз.

Хуллас, учрашувлар таҳлили замонавий футболнинг асосий талабларидан биридир.

- Ҳозир кўплаб футболчилар «Бавария»га қайтганингиздан миннатдорлар. Масалан, Кингсли Команга тўпни жарима майдонига йўллаётган вақтда бошини тик тутишни уқтирибсиз.

- Ўзим ўйнаган даврда Вайсвайлердан худди шундай кўрсатма олгандим. У барчасига ўта ҳушёр қарар ва шу аснода ўйинимдаги бир қатор камчиликларга барҳам берганди.

Масалан, товоннинг ички томони ва бош билан зарба йўллаш, узатмаларни амалга ошириш бўйича қимматли маслаҳатларни берган. Энди шу билимларни «Бавария»да шогирдларимга беряпман. Мураббийнинг асосий вазифаси ҳам шу.

- Хосеп Гвардиола комбинацион ўйинга катта эътибор қаратарди, Карло Анчелотти эса ўйинчиларга кўпроқ эркинлик беришни хуш кўрарди. Сиз-чи?

- Менимча, позицион услубда ҳар бир ўйинчи нима қилиши кераклиги ва муайян вазиятларда қандай йўл тутишини яхши билиши шарт. Мураббий қаршисида турган футболчи савиясига унинг майдондаги ҳаракати, позициясини нечоғли эгаллашига қараб баҳо беради.

Позицион услуб фақат кўндаланг узатмалар эмас, балки ўйин суръатини ўзгартириш ва вертикал «пас»ларни амалга оширганда самара беради. Бунинг учун муносиб ижрочилар, вазиятларни голга айлантиришга қодир ҳужумчилар зарур.

2013 йили позицион ўйинни тезкор услуб билан уйғунлаштириб, «требл»-га эришгандик. Баъзан содда ечимлар ҳам катта самара келтиради.

- Жорий мавсум «Бавария» сизнинг раҳбарлигингиз остида дастбалки 20та учрашувнинг 19тасини ға-лаба билан якунлади. Бунинг натижасида сизни мўъжизакор мураббий сифатида таърифлашмоқда.

- Аслида муваффақиятнинг сабаблари оддий. Биринчидан, футболчилар савияси ҳам, мураббийларимиз малакаси ҳам, ишчи-хизматчиларимиз лаёқатлари ҳам юксак даражада. Демак, ютуқ барчамизга тегишли. Шахсан мен ҳеч нарсага даъво қилмайман.

Тўғри, улкан тажрибага эгаман. Лекин ҳар бир ҳолатга холис баҳо беришга интиламан. Парвознинг қулашга, ғалабаларнинг мағлубиятларга айланиб туриши - футболнинг бир қисми. Жамоага қайтганим боиси шуки, муваффақият қозонишга ишондим.

Чунки футболчилар, мураббийлар ва клуб аъзолари имкониятларини жуда яхши билардим. Лекин ҳали мақсадга эришганимиз йўқ. Чунончи, Бундеслига, Германия кубоги ва ЧЛда ғолиб чиқишни режалаштирганмиз. Умид қиламанки, бу вазифаларни шараф билан уддалаймиз.

- Собиқ клубингиз «Реал» ЧЛда кетма-кет 2 марта ғолиб чиқди, аммо айни пайт унинг ўйинида пасайиш бор.

- Ўйлайманки, «Реал»нинг ҳозирги ҳолати табиий жараён. Клуб кетма-кет ғалабалардан сўнг ёзда Мората, Пепе ва Хамес Родригес каби яхши ўйинчиларни қўйиб юборди, аммо катта харидларга қўл урмади.

Ҳар қандай вазиятда ҳам, «Мадрид»ни ҳисобдан чиқармаслик керак, айниқса, ЧЛда. Биринчидан, унда «ПСЖ»га нисбатан тажриба кўпроқ. Анча кўп! Иккинчидан, энг зарур паллаларда қандай ўйнашни билади. Менимча, «Реал» бемалол кейинги раундга чиқади.

Мисол учун, 1998 йили 32 йиллик танаффусдан сўнг ЧЛда ғалаба қозонганимизда, Испания чемпионатида атиги 4-ўринни эгаллагандик.

Хуллас, ўз тажрибамга таяниб айтаман, «Реал» ҳамон ЧЛ бош соврини учун асосий фаворитлардан биридир. Унга паст назар билан қараш ярамайди зинҳор...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz