Қайднома

Қидирув

Умид Аҳмаджонов: Олимпиада ва ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак

Умид Аҳмаджонов: Олимпиада ва ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак

  26.02.2018 19:47
  0
  635
Умид Аҳмаджонов: Олимпиада ва ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак

Бугун Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон футбол Ассоциацияси ҳамда Миллий олимпия қўмитаси ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. 

Йиғилишда Миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов иштирок этди. 

Йиғилишда сўзга чиққан Умид Аҳмаджонов ЎФА ҳамда МОҚ ходимлари биргаликда юртимизда спортни, хусусан, футболни юқори босқичга олиб чиқиш, янада ривожлантириш учун бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишлари кераклигини таъкидлаб ўтди. 

“Бу йил олдимизда энг катта вазифа Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш. Кейин 2019 йилда Осиё Кубоги мусобақаси кутиб турибди. Ундан сўнг эса Олимпиада ҳамда футбол бўйича Жаҳон чемпионатига саралаш бошланади.

Вақт тобора кам қоляпти. Футбол мухлислари эртага биздан натижа талаб қилишади. Шу сабабдан ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилиб, куйиб-пишиб ишлашимиз зарур.

Биринчи навбатда болалар футболида тизим яратишимиз зарур. Белгиланган тақвим асосида бу йил мингга яқин мусобақа ўтказамиз деб эълон қилдик. Мусобақалар ҳудудларда бўлиб ўтмоқда. Лекин бу мусобақаларда

ўзини кўрсатган болалар кейин қаерга боради? Ким уларни саралаб олиб, терма жамоаларга номзод сифатида кўрсатади? Бунинг учун селекция ишини кучайтиришимиз керак.

Малакали селекционерлар керак бўлса 10-15 кун вилоятларда, юртимизнинг чекка-чекка қишлоқларида юриб, у ердаги истеъдодли болаларни саралаб олишлари зарур. Шундагина мусобақалар ўтказишдан самара кўзлашимиз мумкин.

Футбол мактаблари ва академиялардаги порахўрлик, таниш-билишчилик каби иллатларни йўқотишимиз зарур. Истеъдоди йўқ бўлса ҳам, фақат пули борлиги учун футбол мактабларида юрган болалар бўлса, улардан воз кечиш вақти келди.

Аксинча, қобилиятли, истеъдодли бўла туриб, футболга қатнаш имкониятига эга бўлмаган кам таъминланган оилалар фарзандларини бепул футбол билан шуғулланишларини таъминлаш керак.

Бунинг учун академияларга қабул жараёнларида шаффофликни юзага келтириб, фақат муносибларгина имтиҳонлардан ўтишини таъминлашимиз даркор.

Токиода бўладиган Олимпиада мусобақаси йўлланмаси учун курашадиган Олимпия терма жамоасини ҳозирдан шакллантиришмиз керак. Хитойдаги Осиё чемпионатида қўлга киритилган ютуқни унутиш керак.

Энди асосий мақсад дастлаб Олимпиадада иштирок этиш, кейин эса Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш. Халқ биздан мана шуни кутяпти.

Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол Ассоциациясида ишлайдиган ҳар бир ходим шуни чуқур ҳис қилиб, тўғри англаган ҳолда иш олиб бориши керак. Шундагина биз ўз олдимизга қўйган мақсадга ета оламиз”, - деди Умид Аҳмаджонов. 

Шундан сўнг, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов сўзга чиқди. 

“Юртимизда спортни, хусусан, футболни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар, ислоҳотлар албатта ўз самарасини беради. Фақат бунинг учун барчамиз жонбозлик кўрсатишимиз керак. Спортга, футболга алоқадор ҳар бир ходим ўз масъулиятини тўла ҳис қилган ҳолда фаолият юртиши керак.

Агар кимда ўзининг таклифлари, фикрлари бўлса бемалол билдириши мумкин. Биз барчани эшитишга, барчанинг фикрини инобатга олишга ҳаракат қиламиз. Спортнинг, футболнинг ривожига барчамиз масъулмиз.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги яқинда ташкил этилди. Лекин олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Агар биргаликда ҳаракат қилсак, барча мақсадларимизга етамиз”, - деди Шоакром Исроилов.


Манба: www.the-uff.com


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz