Қайднома

Қидирув

Адашлари кўпаяётган Азизбек Турғунбоев билан интервью

Адашлари кўпаяётган Азизбек Турғунбоев билан интервью

  28.02.2018 03:37
  0
  1112
Адашлари кўпаяётган Азизбек Турғунбоев билан интервью

Бу йил 40 йиллик юбилейини нишонлайдиган Наманганнинг «Навбаҳор» клуби жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадлар қўйган: жамоа XXVII миллий чемпионатда бронза медаллари сонини 9тага етказиш ниятида.

«Навбаҳор»нинг либоси ранги, логотипи, вимпели ўзгарди. Албатта, эзгу ниятларнинг амалга оширилишда футболчиларнинг ўрни катта. «Лочинлар» таркибида эса бундайлар кўпчиликни ташкил этади.

Улардан бири - аввалги мавсум кашфиёти Азизбек Турғунбоев. Ўтган йили «Нав­баҳор» таркибида 29та ўйинда майдонга тушган иқтидорли ярим ҳимоячи 2088 дақиқа тўп сурди ва рақиблар дарвозасига 8та тўп киритиб, 6та голга ассистентлик қилди.

Биз Турғунбоевни ишқибозларга яхшироқ таништириш мақсадида футболчининг хонадонига ташриф буюриб, ота-онаси ва келинойисидан интервью олдик.

Азизбекнинг ўзи «Навбаҳор» сафида пойтахтимизда ўқув-машғулот йиғини олиб бораётганлиги сабабли, у билан телефон орқали қўнғироқлашиб, мулоқот уюштирдик.

Муроджон Ҳайдаров (отаси): - Икки ўғил, бир қизимиз бор. Азизбек кенжа фарзанд. Акаси Улуғбек ўсимликлар учун кимёвий модда ишлаб чиқарадиган заводда ишлайди, опаси Мафтуна мактабда ўқитувчи. Етти пуштимиз темирчи ўтган.

Азизбек барча қариндошларимиз орасида ягона спортчи, аниқроғи, футболчи. У дастлаб 3 йил мобайнида таэквондо билан шуғулланди. Аммо кейинчалик миллионлар ўйинига бўлган қизиқиши устунлик қилди.

Натижада, мактабнинг бошланғич синфини тамомлаганидан сўнг, Наманган шаҳридаги 15-сонли футбол мактаб-интернатига олиб бордим. Иқтидорли бўлганлиги сабабли имтиҳондан қийналмай ўтиб, мазкур ўқув даргоҳида таҳсил олишни бошлади.

Футбол мактаб-интернатининг 9-синфини тамомлаганидан сўнг, ўқишни Намангандаги Олимпия захиралари коллежида давом эттирмоқчи бўлди. Аммо айрим сабабларга кўра, ниятига етолмади. Натижада касб-ҳунар коллежида ўқиди.

Таҳсил олиш баробарида «Навбаҳор» клубига қарашли «Нав­баҳор-Умид» футбол мактабида раҳматли Тоҳир Мадраҳимов қўл остида машғулотлар олиб борди. Бахтиёр Ашурматов «Навбаҳор»ни бошқарган пайтда, уни асосий таркибга жалб қилиб, бир-иккита ўйинларда майдонга туширди.

Александр Волков даврида ҳам кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлди. Илҳом Мўминжонов аввалги мавсум фарзандимни асосий таркибга жалб этди. Азизбек унинг ишончини оқлашга интилиб, жамоа ғалабаларига муносиб ҳисса қўшди. Футболчилик осон касб эмас.

Албатта, Азизбекнинг ҳам қийналган, йиғлаган пайтлари бўлган. Ўша пайт унга руҳий далда бериб, ҳали ҳаммаси олдинда эканлигини уқтирганман. Мана энди мевасини кўриб турибман.

Азизбек мактабда аниқ фанлардан доимо аъло баҳо оларди. Шунга қарамай, футболчиликни танлаганидан ранжимадим. Боиси, Поп туманидан спортчилар кам чиққан.

Энди эса ўғлимга ҳавас қилиб, туманимиз, хусусан, қишлоғимизда футболчи бўлишни ният қилган болалар сони кўпайди. Азизбекдан маслаҳатларимни аямайман, жумладан, рақибга жароҳат етказмасликка ҳаракат қилишини уқтираман.

Ўтган мавсум «Навбаҳор» ғалаба қозонганида табриклаб, мағлубиятга учраганида кўнглини кўтардим. Баъзан рақиб жамоа аъзоси билан тўқнашиб кетганида, хавотирландим, жароҳат олишидан чўчидим.

Худога шукур, Азизбек учун ўтган мавсум ҳар томонлама ижобий якунланди, ёрқин ўйинлари эвазига мавсумлар оралиғида «Пахтакор» ва «Насаф» каби кучли клублардан таклифлар тушди. Аммо унга «Навбаҳор»ни ташлаб кетмасликни маслаҳат бердим.

Боиси, Намангандаги каби ашаддий мухлисларни бошқа ҳеч қаерда учратмайсиз. Улар «Навбаҳор»нинг барча футболчиларини ҳурмат қилишади, жамоа ижобий натижага эришса, кўкларга кўтаришади.

Муҳтарам Шарипова (онаси): - Отам ва қайнотам ашаддий футбол мухлиси ҳисобланишади. Шу сабабли бўлса керак, мен ҳам болалигимда дадам билан бирга ўйинларни томоша қилардим.

Ўтган мавсумда «Навбаҳор» иштирокидаги учрашувларни ҳам телевизор орқали кузатдим. Дастлаб Азизбекнинг футболчи бўлишига қаршилик қилганман, чунки жароҳат олишидан чўчиганман. Аммо ўғлим футбол мактабида таҳсил олишни бошлаганидан кейин тақдирга тан берганман.

Вақтлар ўтиб, фарзандимнинг футболчи бўлганлигидан қувондим. Боиси, айнан Азизбек сабабли туманда обрўйимиз янада ошди. Бундан ташқари, барча қишлоқдошлар фарзандимизнинг ўйинини бевосита стадионда кўриш учун Наманган шаҳрига боришади.

Бундай имкониятга эга бўлолмаганлар эса учрашувни телевизор орқали кузатишади. Қисқаси, Азизбек «Навбаҳор»нинг асосий таркибида ўйнай бошлаганидан кейин унга ҳавас қилиб, кўпчилик янги туғилган чақалоғининг исмини Азизбек қўймоқда.

Чақалоқларини олиб келиб: «Дуо қилинг, фарзандим ўғлингиз сингари футболчи бўлсин», дейишади. Албатта, бундай эътибордан хурсандман. Азизбек ўйинлар ва йиғинлар туфайли узоқ муддат давомида уйга келолмайди. Шундай пайтда уни соғинаман.

Оилага қайтиши ҳақиқий байрамга айланиб кетади. Уни севган таоми палов билан сийлайман. Янги мавсумда «Навбаҳор» ва ўғлимга омад ёр бўлишини тилайман.

Севара Маҳмудова (келинойиси): - Ушбу хонадонга 2015 йили келин бўлиб тушганман. Ўшанда футболга мутлақо қизиқмасдим. Қайним Азизбек сабабли миллионлар ўйинига қизиқиш уйғонди.

елевизор орқали нафақат «Навбаҳор», балки Испаниянинг «Реал», «Барселона» ва «Атлетико», Англиянинг «Челси» клублари иштирокидаги учрашувларни ҳам кузатаман. Авваллари футбол қоидаларини тушунмасдим.

Ҳозир эса бу соҳада мендан яхши мутахассис йўқ (кулади). Азизбек камтар, хушмуомала. Ҳар сафар жияни, яъни қизим Шаҳлога совға олиб келади. Жорий мавсумда Азизбекнинг «Навбаҳор» билан бирга ўз олдига қўйган мақсадга етишишига тилакдошман.

Шундан сўнг, «Навбаҳор» билан Тошкентда йиғин ўтказаётган Азизбек Турғунбоевга қўнғироққилиб (суҳбат 19 февраль куни уюштирилган), унинг фикрларини ҳам ёзиб олдик.

Мавсум тараддуди ва таркибдаги ўзгаришлар ҳақида

-Жорий мавсумга тайёргарлик жараёни жуда қизғин кечмоқда. Маш­ғулотлар билан бирга назорат-синов ўйинлари орқали жисмоний ҳолатимизни яхшилаб, жамоавий ўйинни шакллантирмоқдамиз.

Боиси, ўтган йилги таркибдагиларидан айримлари сафимизни тарк этишди ва уларнинг ўрни янги ўйинчилар ҳисобига тўлдирилди. Бир-биримизни яхшироқ тушунишимиз учун ўртоқлик учрашувлари жуда зарур.

Айни пайт «Навбаҳор» машғулотларида хорижликлардан россиялик дарвозабон Илья Гаврилов, сербиялик Дарко Станоевич ва Томислав Пажович иштирок этишмоқда. Улар машғулотларга зўр бериб, ўртоқлик учрашувларида ҳам ижобий жиҳатларини намойиш этишмоқда.

Янги мавсумда ушбу футболчилар «Навбаҳор» ғалабаларига муносиб ҳисса қўшадилар, деган умиддаман.

Бош мураббий ва жамоанинг бу йилги вазифаси ҳақида

- Илҳом Мўминжонов анча талабчан ва қизиққон мутахассис. У оддий ўртоқлик учрашувларида ҳам ютқазишни ёмон кўради. Олдимизга жорий мавсум 3-ўринни эгаллаш вазифаси қўйилди. Жамоамиз бу вазифани бажаришга қодир.

Мураббийи­миз ўтган мавсумда аҳил-иноқ, бир мақсад йўлида бирлашадиган ажо­йиб жамоа шакллантирди. У ҳамиша шогирдларини қўллаб-қувватлаб турди ва бу якунда ўз мевасини берди.

Жорий мавсумда унинг қўл остида олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз, деган умиддаман.

Футболга қизиқиши, «Навбаҳор»га келиши ва дебюти ҳақида

- Миллионлар ўйинига болалигимдан қизиққанман. Бу қизиқиш мени Наманган шаҳридаги вилоят футбол мактаб-интернатига бошлади.

Мазкур таълим даргоҳида Илҳом Абдуқодиров ва Хуршид Йўлдошевдан футболнинг илк сир-асрорларини ўргандим. Кейинчалик ўқишни касб-ҳунар коллежида давом эттираётганимда Тоҳир Мадраҳимов ва Аҳмад Холмирзаев «Нав­баҳор»нинг ёшлар жамоасига таклиф этишди.

Асосий таркибга эса 2015 йили Бахтиёр Ашурматов жалб қилганди. Ўша мавсумда 2-3та учрашувда «лочинлар» шарафини ҳимоя қилдим. Александр Волков «Навбаҳор»ни бошқарган 2016 йили асосий таркибда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлдим.

Ўтган мавсумда Илҳом Мўминжонов менга катта ишонч билдирди ва жами 29та баҳсда майдонга тушдим. Ҳисобимдаги сариқ карточкалар тўрттага етганлиги боис, бор-йўғи битта ўйинни ўтказиб юбордим. Ўтган йилги иштирокимдан қониқдим.

Боиси, асосий таркибдаги дебют мавсумимдаёқ 8та тўп киритиб, 6та голга ҳаммуаллифлик қилдим. Келгусида ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, янада яхшироқ натижаларга эришмоқчиман.

Ўтган йили клубимиздаги барча тажрибали ўйинчилар - Дилшод Жабборов, Мирзоҳид Ғофуров, Жаҳонгир Меҳмонов, Ғиёс Комилов ва Илҳом Бойдедаев мени қўллаб-қуввватлаб, маслаҳатлар бериб туришди. Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Кумири ва футболдаги ислоҳотлар ҳақида

- Мадриднинг «Реал» клуби ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг ўйинларига ҳавас қиламан. Шу сабабли «7»ни ёқтираман.

Ўтган мавсум ушбу рақамда Ойбек Қиличев тўп сургани боис, «77»ни танладим. Ўзбек футболидаги янги ислоҳотлар бўйича фикрим ижобий. Янгиланиш даври бу йилга тўғри келганидан хурсандман.

Ушбу ислоҳотлар юртимиз футболининг янада ривожланишига хизмат қилади, барча терма жамоаларимиз учун ҳам фойдали бўлади.

Ёшлар термасидаги ҳамкасблари, касби, мухлислар, орзуси ҳақида

- U-23 ёшлар терма жамоаси таркибида Осиё чемпионлигини қўлга киритган ҳамюртларим - Одил Ҳамробеков ва Ботирали Эргашев билан яхши муносабатдамиз. Уларнинг муваффақиятидан жуда қувондим.

Оғайниларимга келажакдаги ишларида ҳам омад ёр бўлишини тилайман. Футболчи бўлганлигимдан ҳеч қачон афсусланмайман, ўзимни бошқа касб­да тасаввур қилолмайман. Айни пайт мен учун футболсиз ҳаёт йўқ.

Қишлоғимизда Азизбек исмли чақалоқлар, яъни адашларим кўпаяётганлигидан хурсандман. Илоҳим, менга ҳавас қилган ота-оналарнинг ўғиллари келажакда машҳур футболчи бўлиб етишсинлар.

Албатта, «Навбаҳор»нинг ўтган йилги ижобий натижасида мухлисларнинг ўрни ҳам беқиёс. Бежизга ишқибозларни 12-ўйинчи дейишмайди. Фурсатдан фойдаланиб, «Навбаҳор»нинг барча мухлисларига жамоамизни ажойиб тарзда қўллаб-қувватлашаётгани учун клубимиз номидан миннатдорчилик билдираман.

Бу йил ҳам улардан янада фаолроқ бўлиш ва бизга руҳий далда беришларини илтимос қиламан. Ахир биз ишқибозлар учун майдонга тушиб, уларнинг ишончини оқлашга интиламиз.

Орзум - «Нав­баҳор» билан медалларни қўлга киритиш, миллий терма жамоамиз таркибида жаҳон чемпионатида қатнашиб, юртимиз номини дунёга танитиш.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Азизбек Турғунбоев - 1994 йил 1 октябрда Наманган вилояти, Поп тумани, Тўда қишлоғида туғилган. Футбол билан 7 ёшидан шуғуллана бошлаган.

Биринчи мураббийлари - Илҳом Абдуқодиров, Хуршид Йўлдошев.

Амплуаси - ярим ҳимоячи.

2014 йилдан «Навбаҳор»да, 2017 йилдан асосий таркибда

Акмалхон Эшонхонов суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz