Қайднома

Қидирув

«Эҳ, «Арсенал», шошмай тур!» ёхуд Гарри Кейн ўтмиш ҳақида сўзлайди

«Эҳ, «Арсенал», шошмай тур!» ёхуд Гарри Кейн ўтмиш ҳақида сўзлайди

  28.02.2018 06:23
  1
  1139
«Эҳ, «Арсенал», шошмай тур!» ёхуд Гарри Кейн ўтмиш ҳақида сўзлайди

Бугунги кунда «Тоттенхэм» сафида тўпурарлик салоҳияти намо­йиш этиб, кўплаб гранд клублар оромини ўғирлаётган Гарри Кейн ўтмиши ва футболчилик фаолиятидаги энг ёрқин лаҳзаларни ёдга олди.

Демак, маҳоратли ҳужумчининг тақдири қандай кечганини унинг ҳикояси орқали билиб оламиз.

***

Болаликдаги арзимаган омадсизликлар кишига турлича таъсир қилади. Кечагидай ёдимда, ушбу воқеа Чингфорддаги уйимиз ёнидаги боғда юз берганди. Биз - дадам ва укаларим доим шу ерга футбол ўйнагани келардик

 Арзигулик майдон бўлмаса-да, иккитагина дарахтни дарвоза деб фараз қилганча тўп ортидан югуришни қўймасдик. Муҳими, биз шунга ҳам хурсанд эдик. Ўшанда «Арсенал» ёшлари сафида ўйнардим ва бу мен учун берилган катта имкон эди.

8 яшарлигимда дадам билан яна ўша боққа бордик. Кутилмаганда отам тўхтади-да, менга шундай деди: «Сенга бир муҳим бир гапни айтишим лозим». «Нима бўлди?», деб сўрадим хавотирланганча.

Ўшанда дадам айтган гаплар ҳанузгача қулоғим остида жаранглайди: «Биласанми, Гарри, «Арсенал» сени рад қилди». Ростини айтсам, ўша лаҳзаларда нималарни ҳис қилганимни эслай олмайман.

Ҳатто бу сўзлар замирида нима ётганини англай олмайдиган даражада кичкина эдим. Аммо отамнинг муносабати ҳамон ёдимда. У на мени ва на «Арсенал»ни сўкди.

Ташқи кўриниши ҳам бу воқеага бефарқлигини кўрсатарди. Шунчаки, «Хафа бўлма, Гарри. Биз янада кўпроқ ишлаб, сенга бошқа клуб топамиз, хўпми?», - деди холос.

«Арсенал»дан кейин биринчи жамоамга қайтдим ва «Уотфорд» скаутларининг назарига тушдим. Улар менга кўрикдан ўтишни таклиф қилишди. Ҳаёт барибир қизиқ - «Уотфорд»­нинг «Тоттенхэм»га қарши ўйинидан сўнг «шпорлар» менга ўз академиясида ўқишни таклиф қилди.

Оқ ранг менга кўпроқ мос келади, фикрим шундай. «Арсенал»га қарши илк ўйиним ҳам эсимда... Ўшанда уларга нисбатан хафагарчилигим бор эди.

Ҳозир қанчалик қизиқ туюлмасин, аммо 8 ёшдалигимни эътиборга олсак, доим уларга қарши майдонга тушганимда: «Кўрамиз, қай биримиз ҳақ эканмиз», деган фикр хаёлимдан ўтарди. Ҳозирга келиб айтишим мумкинки, бу мен билан содир бўлган воқеалар ичида энг яхшиси бўлган.

Зеро, ўша воқеа ўз устимда янада кўпроқ ишлашга туртки бўлиб хизмат қилди ва бунга қадар айнан шу нарса менга етишмасди.

***

Бугунга келиб Премьер-лигадаги 100-голимни урганимдан бахтиёрман. «Тоттенхэм» мени бошқа клубга икки йилга ижарага юборганида эса тез-тез ўзимга-ўзим «Премьер-лигада ҳеч бўлмаса биттагина гол уриш бахтига муяссар бўлармиканман?» - деган саволни берардим.

Бундан ташқари, ижарада юрган пайтларим ҳам менга кўп нарсадан сабоқ берди. 2012 йили «Миллуол»­да ўйнаганимда, биз қуйи лигага «қулаш» остонасига келиб қолдик. Маҳаллий фанатларнинг ҳис-туйғулари юқорилиги барчага маълум.

Илк бор мазкур жамоа таркибида майдонга тушганимда, ҳакам менга нисбатан нотўғри қарор қабул қилганида буни кўрдим. Кейин нималар бўлганини тасаввурга сиғдириш қийин!

Трибуналардан учмаган нарсанинг ўзи қолмади ва оқибатда, баҳсни тўхтатиб, фанатларни тинчлантиришга тўғри келди. Ўшанда эндигина 18 ёшда эдим. Барчасига назар ташларканман: «Ахир бу ҳақиқий жиннилик-ку!», деган фикр келди хаёлимга.

Мавсум давом этар, биз тобора жадвалнинг қуйи қисмига тушишда давом этардик. Кийим алмаштириш хонасида жамоадошларимнинг ўзаро гап-сўзлари эса мени янада қай­ғуга соларди:

«Агар лигадан тушиб кетсак, маошимни икки бараварга камайтиришлари аниқ» ёки «Биз лигада қолмасак, ҳеч қандай шартномага эга бўлмайман» каби. Шерикларим орасида уйида фарзандлари кутаётганлар ҳам кўп эди ва уларни кўриб футболга бутунлай бошқача кўз билан қарай бошладим.

Энди спортнинг бу тури шунчаки ўйин бўлибгина қолмай, оилани боқиш учун имконият эканлигини ҳам англаб етдим. «Миллуол»даги фаолиятим менга кўп нарсани ўргатди, энди майдонда ўзимни боладай тутмайдиган бўлдим.

Билмадим-у, аммо жамоамизнинг лигада жон сақлаб қолишида озми-кўпми ҳисса қўшганимдан ҳозиргача ўзимни бахтиёр сезаман. Ахир ёмон ўйин кўрсатмагандим-да. Бу эса ўз ўрнида, «Миллуол»даги фанатлар билан яхши алоқа ўрнатишимда асқотди.

***

Ўзимча «шпорлар» мени жамоада сақлаб қолишлари учун етарлича жон куйдирдим, деб ўйлаб юрганимда... афсуски, мени бошқа бир клубга ижарага беришди. Айнан шу даврдан бошлаб, мен учун ўта оғир кунлар бошланди.

«Лестер»далигимда кун келиб жамоа таркибидан ўрин олишим мумкинлиги тўғрисида бирор ишора бўлмаганди. Уйда ўтирганча «Чемпионшипдаги клуб таркибида менга жой йўқ экан, қандай қилиб Премьер-лигадаги «Тоттен­­хэм»­да тўп сураман?», деб ўйлардим.

Ўшанда ҳаётимда илк бор ўзимга бўлган ишончим йўқолди. Оила аъзоларим билан ҳам бу тўғрида жиддий тортишувлар бўлди.

Ўта тушкун кайфиятга тушиб қолганим учун дадамга футболни ташламоқчилигимни айтдим. У эса: «Ишлашда давом этишинг керак. Бу вазиятдан чиқишни уддалай олсанг, ҳаммаси яхши бўлиб кетади», - деди.

***

Келгуси мавсумда «Тоттенхэм»га қайтдим. У ерда янги мураббий Андре Виллаш-Боаш мени кутиб олди ва яна ижарага бериб юбормоқчи бўлди - энди аксарият таниқли клублар мен билан қизиқаётганди, аммо мақсадим Премьер-лигада шунчаки ўйнаш эмас, балки «Тоттенхэм» учун тўп суриш эди.

Шу боис, ичимдагини ташқарига чиқардим: «Кетишни истамайман». Бу сўзларни айтарканман, балки энг тўғри йўл эмасдир, деб ҳам ўйладим. Мураббий эса менга ҳайрон бўлганча боқарди. «Асосий таркибга муносиблигимни исботламоқчиман. Сиз эса бу ишга ҳали номуносиблигимни айтишингиз мумкин.

Майли, розиман. Аммо яна ижарада тўп сурмайман», - дедим мураббийнинг кўзларига тик боққанча. Шу холос. Виллаш-Боаш гапларимни тинчгина тинг­лади-да, асосий таркиб билан бирга машғулотларда қатнашишимга рухсат берди.

Айнан шу нарса клубда ўрнимни топишим ва ўзимга бўлган ишончнинг ортишида калит вазифасини ўтади. Энди иқтидорли эканлигимга ва болалигимдаги орзуларимга эришишимга ишонгандим. Аммо бунинг учун яна кўпроқ меҳнат қилишим лозим эди.

Ахир ҳаётда ҳеч нарса осонликча келмайди-ку?

Машғулотларда астойдил шуғуллана бошладим, лекин майдонда ўзимни кўрсатишга имкон берилмади. Виллаш-Боаш қишга яқин истеъфога чиқарилди ва мураббийлик курсисини эгаллаган Тим Шервуд менга шу имконни берди.

Кейин бўлиб ўтган воқеалар эса аллақачон тарихга айланган. Дастлабки 3 ўйинда 3та тўп киритдим ва бу ҳайратланарли эди. Айниқса, биринчи голни «Уайт Харт Лейн»да уриш... Айнан шу воқеа менинг келажагимни яратди.

***

Маурисио Почеттино келгач, ҳаммаси ўзгарди. Ҳеч ким менинг фаолиятимга бу мураббийдек таъсир ўтказа олмаган. У клубга ақл бовар қилмас ғояларини олиб келди, ҳаммамизни бирлаштирди.

Почеттино ҳеч қачон ўйинчилик фаолияти ҳақида гапирмас, зеро барчамиз унинг қандай футболчи бўлганлигидан бохабар эдик. У мураббий сифатида ўз қобиғига ўралиб қолмай, барча ўйинчиларга бирдек муомала қилар, иқтидорларини юзага чиқаришга интиларди.

Мабодо, имконинг бўла туриб, дангасалик қилсанг, ундан яхшилик кутма. Камида клуб эшиклари сен учун ёпилиши аниқ. Аммо уни мураббий сифатида ҳурмат қилсанг, борингни бериб ўйнасанг, Маурисио керак бўлса, сен учун тоғни қўпориб ташлашга тайёр туради.

Футболчилик фаолиятимдаги энг ёрқин хотираларимдан бири қаторасига бир неча мавсумда «хет-трик»ка эришганимдан сўнг юз берган - ўшанда Маурисио мени ўйиндан сўнг офисига чақирганди.

Ҳаяжонланганча аста эшикни очгандим, Почеттино ичкарига чорларкан, бирга суратга тушишни таклиф қилди. Мен бажонидил кўндим, ахир бу ҳақиқий мўъжиза эди. Ҳарқалай, хаёлимдан «У ўзгача одам», деган фикр ўтди.

Уни мураббий ва босс сифатида янада кўпроқ ҳурмат қила бошладим. Албатта, футболдан ташқарида ҳақиқий дўстим эди.

***

Бугунга келиб, қачонлардир «Арсенал»нинг хизматимдан воз кечиши ҳаётимдаги энг яхши воқеалардан бири бўлган, деб ҳисоблайман. 2015 йили биринчи Шимолий Лондон дербиси арафасида бутсаларим ипини боғлаётганимда эса 11 йил аввал «Арсенал» академиясига қарши майдонга тушганимни эсладим.

Бу «дежа-вю» мисоли эди. Ҳар бир баҳс олдидан хаёлан қачонлардир ҳаммасини унутишим кераклигини ўйлайман. Дарвозанинг паст бурчагига тўпни йўллаётганим, ўнг оёқда жарима бурчагидан берган зарбаларим.

Доимо шундай бўлиб келган, ҳамиша бунга катта эътибор берганман, рақибларимнинг майса устида ётганлари ва бошқа кўп лаҳзаларни. Ўшанда эса «Арсенал» ҳимоячиларини анъанавий қизил либосларида тасаввур қилдим... Шу заҳоти этим жимирлади.

Туннелдалигимизда хаёлимдан шундай фикрлар ўтди: «Бу даражага етишимга 12 йил вақт керак бўлди. Энди ким ҳақ эканини исботлашим лозим». Ўша куни 2та тўп киритдим. Ғалаба голини 86-дақиқада урдим. Бу ҳақда ҳатто тасаввур ҳам қилолмасдим.

Балки бу шу вақтгача урган барча голларимдан ҳам энг чиройлисидир... Ҳакамнинг ўйин тугаганлигини англатувчи ҳуштаги янграганидан кейин мухлисларга миннатдорчилик билдириб, бутун майдонни айланиб чиққаним ҳам ёдимда. «Ўшанда сизларга айтган эдим-ку», - дегим келарди, гўё.

Бу сўзлар фақатгина «Арсенал»га қаратилмаган, масала анчайин чуқурроқ эди. Энг аввало, ўзимга, менга ишонишда давом этган оиламга мақсадимга эришганимни кўрсатишни хоҳлардим.

«Миллуол», «Норвич», «Лестер»да тўп ортидан югуриб юрганимда ҳам, ўзимга ишонмаган пайтларимда ҳам уларни менга бўлган ишонч туйғуси тарк этмаганди ва айнан шу нарса менда келажакка бўлган ишончни пайдо қилганди.

***

Премьер-лигада 100-голимни урганимдан сўнг қайлиғим Кейтга, отамга, укам Чарлига (айнан у туфайли вақти-вақти билан бўлсада ўзимни Тедди Шерингемдек деб ҳис этардим), Том Брэдга, барча жамоадошларимга, машғулотларда «Сен асосий таркибда ўйнашга муносибсан» қабилидаги кўнгилни кўтарувчи сўзларни айтгани учун Маурисио Почеттинога, менда кучли ҳужумчи тимсолини кўра олишгани учун «Тоттенхэм»­нинг барча мухлисларига ўз миннатдорчилигимни билдирдим.

«Шпор»лар сафида тўп суришни болалигимдан орзу қилардим. Узоқ вақтлар давомида кўзларимни юмсам, «Арсенал» дарвозасига тўп киритишни орзу қилиб яшадим.

Бу ишни кўп бор уддалаган бўлсам-да, яна ва яна амалга оширишни орзу қилишда давом этавердим. Бугунги орзум эса бутунлай бошқа - кўзларимни юмаманда, Премьер-лига кубогини бошим узра қай тарзда баланд кўтаришимни тасаввур этаман.

Кейинги 100та голимни бу юмушга сарфлашга тайёрман. Сўнгги мавсумларда шу мақсадга эришишга жуда яқин келдик.

Менимча, бунга етишишнинг биргина йўли бор: отам айтганидек: «Шунчаки, ишлашда давом этиш керак ва ҳаммаси кўнгилдагидай бўлади».

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Garry sen kuchli xujumchisan seni va jamoangni oyinini kòrib faqat rohat olaman ammo men manchester united fanatiman shunday bolsada Muhammad Salohni sendan ózib ketishini xoxleman va u bunga munosib senga esa omad tilayman
28.02.2018 12:01

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz