Қайднома

Қидирув

Том-Хеннинг Эвребе: «Хато қилгандим, аммо «Челси»нинг мағлубиятида айбдор эмасман»

Том-Хеннинг Эвребе: «Хато қилгандим, аммо «Челси»нинг мағлубиятида айбдор эмасман»

  01.03.2018 03:35
  0
  786
Том-Хеннинг Эвребе: «Хато қилгандим, аммо «Челси»нинг мағлубиятида айбдор эмасман»

Футбол мухлислари норвегиялик Том-Хеннинг Эвребени 21-асрнинг можароли ҳакамларидан бири сифатида яхши эслашади.

У 2009 йили ЕЧЛ ярим финалидан ўрин олган «Челси» ва «Барселона» учрашувини бошқариб, кўплаб нотўғри қарорларни қабул қилганди.

«Стэмфорд Бриж»даги ўйиндан кейин (1:1, «Камп Ноу»да 0:0), лондонликлар мусобақани тарк этишганди. Оқибатда, «Челси» клуби ҳакамлар бригадаси устидан арз қилган.

«Аристократлар» учрашув давомида Эвребе «Барса» дарвозасига тўртта пенальти белгиламаганини айтишган.

Мана, орадан шунча йиллар ўтди, аммо аксарият мухлислар ўша можароли қарорларни ҳамон эслашади.

Яқинда россиялик журналист­лар Эвребе билан суҳбат уюштириб, ҳакамга ўша учрашув ҳақида ҳам саволлар беришди.

- Мистер Эвребе, айни пайт нималар билан машғулсиз?

- Ҳакамликдан буткул кетганман. Баъзида ҳамкасбларим ёрдам сўраб туришади. Ўшанда маслаҳатларимни аямайман. Лекин бу менинг расмий ишим эмас.

- Нима учун? Топ-даражадаги ҳакамлар фаолиятларини якунлаганларидан кейин ҳам шу соҳада меҳнат қилишади.

- Ҳозир асосан дам олиш кунлари ишлайман. Шу боис бўш вақтим кўп. Умуман олганда, ўзим ҳам шуни истагандим.

- Келинг, 2009 йилнинг 6 майини эслаймиз. Ушбу санада ўтказилган ўйиндаги ҳакамлик ишингиздан фахрланасизми?

- Албатта, йўқ. У ҳаётимдаги энг ёмон кунлардан биридир. Лекин ҳакамлар билан шунақаси тез-тез учраб туради, биз хато қилишимиз мумкин. Шунингдек, футболчилар, мураббийлар ҳам адашишади.

- Ўйинни қайта кўрганмисиз?

- Ҳамиша учрашувларни кўриб, хатоларимдан хулоса чиқарганман. Лекин айни пайт рефери эмасман ва ўйинни яна қайтадан кўришга асос йўқ.

Шундоқ ҳам ўша учрашувни журналистлар мунтазам равишда эслатиб туришади. Ўйинни муҳокама қилишларига мутлақо қарши эмасман. Ахир у фаолиятимнинг бир бўлаги.

- «Челси» ўшанда тўртта пенальти қўйишингиз кераклигини талаб қилган. Нима деб ўйлайсиз, энг катта хатоингиз қайси эди?

- Учрашувда бир нечта нотўғри қарорларни қабул қилганман. Уларни ҳар ким ўзича талқин этади.

Яна қайтараман, биз каби футболчилар ва мураббийлар ҳам янглишишади. Лекин уларни деярли муҳокама қилишмайди.

Узоқ фаолият юритганимдан, Европанинг элит ҳакамлари рўйхатига кирганимдан, мамлакатимнинг энг яхши ҳакамларидан бири бўлганимдан фахрланаман.

Афсуски, кўпчилик шу жиҳатларни унутиб, мендан ўша ўйин ҳақида сўрайверади.

- Чунки ўшанда ЕЧЛ ярим финали эди-да...

- Тўғри. Боз устига, жавоб ўйини. Ҳамма шокка тушиб қолган. Нима учун «Стэмфорд Бриж»даги учрашувни эслайверишларининг сабаби шунда.

- Пике ва Это~Онинг қўл билан ўйнаганини эслайсизми? Битта вазият ўйиннинг сўнгги дақиқаларида кузатилганди.

- Ҳа, албатта, қўл билан ўйналган вазиятни кўрганман. Аммо мухлисларга бу қизиқ эмас.

Шунингдек, ушбу масалада қандай ўйлашим ҳам. Тортишувлар умрбод давом этиши мумкин.

- Вазиятларнинг бирида Баллак қўпол равишда сизга ниманидир исботламоқчи бўлганди. Нима учун уни майдондан четлатмагансиз?

- Ўйиндан сўнг ундай ёки бундай бўлди, дейиш осон. Энг муҳими - хатолардан тегишли хулоса чиқариш.

Ўшанда Баллакка қизил карточка кўрсатмаганман. Мана шу, холос. Майдонда қайсидир қарорни қабул қилмаганингиз сабабини тушунтириб бериш қийин.

- Босимни ҳис қилганмисиз?

- Бунга ўрганиб қолганман.

- Учрашувдан кейин «Барселона» футболчилари билан қўл бериб сўрашганмисиз?

- Ўйин якунлангач, ҳеч қайси ўйинчи билан гаплашмай, кийиниш хонасига йўл олганман. Ўшанда стадиондан меҳмонхонага бориш жуда қийин кечганди.

Чунки қарорларимиздан норози бўлганлар таъқиб қилишган. Биз фақат ўз хавфсизлигимизни ўйлашимиз лозим эди.

- «Барселона»-«ПСЖ» учрашувини бошқарган Дениз Айтекиннинг ҳаракатига қандай баҳо берасиз?

- Бу ҳақда ўқигандим, лекин ўйинни кўрмаганман. Шу боис нимадир дейишим қийин. Хатолар бўлгани аниқ.

- VAR тизими билан бундай ҳолатлар кузатилмайдими?

- Албатта. Агар ўшанда видеотакрорлардан фойдаланиш имкониятимиз бўлганида, ҳозир сиз билан ўша ўйинни муҳокама қилиб ўтирмасдик.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, VAR тизимини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

- Лекин «Челси»нинг мусобақани тарк этишида ўзингизни бош айбдор деб ҳисобламайсиз?

- Бу вазиятга қай тарафлама қарашга боғлиқ. Балки айрим қарорларим бўлмаганида, «Челси» финалга чиқармиди?! Лекин бунга аниқ жавобни ололмаймиз. Чунки, ўйин бўлиб ўтган.

Шундай экан, «Челси»нинг финалга чиқа олмаганига бош айбдорман, деб ҳисобламайман.

ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz