Қайднома

Қидирув

Супрелига 1-турига бошқача превью ва башорат...

Супрелига 1-турига бошқача превью ва башорат...

  01.03.2018 08:52
  0
  671
Супрелига 1-турига бошқача превью ва башорат...

Баҳорнинг илк кунлариданоқ юртимиз стадионларида анчадан бери орзиқиб кутилган ва буткул янгиланган чемпионатимизга старт берилади. 12 та жамоа чемпионлик учун кураш олиб бориш мақсадида, суперлига байроғи остида янгиланган форматда ўзаро баҳсларга киришади. Қувонарлиси, "Спорт" телеканали 1-тур баҳсларининг барчасини тўғридан-тўғри эфирга узатишни мақсад қилган. Яна бир яхши хабар сифатида ўйинларнинг 18:00 дан барвақт бошланмаслиги белгилаб қўйилганлигини айтиш мумкин. Хуллас, бошланажак суперлига баҳсларига бўлган қизиқиш анча баланд. Бу эса мухлисларни стадионларга жалб этади.

Одатда, тур ўйинлари олдидан бериладиган превьюларда жамоаларнинг ўзаро ўйинлари тарихи, ғалабаю-дуранглар сони, ўз майдонида ва сафарда ўтказилган ўйинларда қайд этилган натижаларига оид статистик маълумотлар бериб келинган. Қўйида эса, одатий превьюдан бироз четга чиққан ҳолда, 1-турда ўзаро беллашадиган жамоаларнинг мавсумга тайёргарлиги, чемпионатда олдиган қўйилган мақсади ва таркибидаги ўзгаришларга асосланиб тайёрланган превьюни эътиборингизга тақдим этмоқчиман.
Эслатиб ўтамиз, 1-тур беллашувлари 1,2,3 ва 4 март оралиғида бўлиб ўтади.

1 март куни Фарғонада маҳаллий "Нефтчи" "Истиқлол" стадионида Қаршининг "Насаф" жамоасини қабул қилса, шу куни Навоийда "Қизилқум" клуби амалдаги чемпион "Локомотив" жамоаси билан беллашади. 2 март куни "Пахтакор" ва "Сўғдиёна" қарама-қаршилиги гувоҳига айлансак, 3 мартда "Бунёдкор"-"АГМК" ва "Бухоро"-"Қўқон-1912" тўқнашувини кузатиш имконига эга бўламиз.

Ва ниҳоят, 4 март куни, аслида 2-март кунида ўтказилиши белгиланган ва айрим сабабларга кўра (Бекабодда жойлашган стадион ёритгичлари сифатини оширишга қаратилган ишларнинг чўзилиб кетганлиги туфайли) якшанба кунига кўчирилган "Металлург"-"Навбаҳор" баҳси билан 1-турга якун ясалади. Хўш, суперлига жамоалари бўлажак баҳсларга қай тарзда ҳозирлик кўрди? Биринчи турданоқ кучли ва курашларга бой тўқнашувларга гувоҳ бўламизми? Келинг, шу ва бошқа нарсалар ҳақида бироз фикр билдирамиз.

 "Нефтчи" - "Насаф"


Айтиш мумкин бўлса, 1-турнинг марказий учрашуви. Бу икки жамоа ўртасидаги қарама-қаршилик ҳар доим кескин ва муросасиз тарзда ўтганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бўлажак баҳсга ҳар икки клуб аъзолари етарлича ҳозирлик кўришди. ЎФА раҳбариятининг қарорига кўра, суперлига баҳсларида "Цементчи" ўрнида иштирок этиши ойдинлашган "Нефтчи" кеч бўлсада, суперлига баҳсларига жиддий тарзда тайёргарлик кўра бошлади. Қисқа фурсат ичида жамоа ўзаги шакллантирилиб, ўйин амалиётини орттиришга ва футболчиларнинг ўзаро тил топишишларига кўмак беришга ҳаракат қилган мураббийлар штаби, таркибга дарвозабонлар В.Мирний ва Ф.Турдиалиев, ҳимоячилар Д.Маматов, Ш.Пўлатов, А.Агалиев, Ж.Кимсанов ва И.Шайкулов, ярим ҳимоячилар Э.Мамасолиев, А.Махсталиев, С.Эрматов ва О.Аҳмаджонов, ҳужумчилар А.Юсупов, М.Бобожонов, А.Бердиев ва В.Сушкин каби тажрибали футболчиларни жалб қилди. Қувонарлиси, ўта зич режа асосида ишлашга мажбур бўлган жамоа олдига чемпионликни қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Қуёшни мўлжалласанг, ойга етасан деганлари шу бўлса керакда.

Ўз олдига ҳар доим юқори ўринлардан бирини қўлга киритишни мақсад қиладиган Қаршининг "Насаф" жамоаси ҳам 1-тур баҳсларига қизғин тайёрланди. "Нефтчи"дан фарқли равишда Р.Бердиев шогирдлари расмий баҳсларда иштирок этишга улгурди. Шу маънода, ўйин амалиёти бобида қаршиликлар сезиларли устунликка эга. Хабарингиз бор, қаршиликлар ОЧЛ доирасида дастлаб сафарда Эрон етакчиси "Персеполис" жамоасидан мағлуб бўлган бўлса, ўз майдонида БААнинг "Ал-Васл" клубидан 1:0 ҳисобида устун келди. Давралар оралиғида жамоани бир қанча етакчи футболчилар тарк этган бўлсада, чуқур ўйланган ва оқилона олиб борилган трансфер сиёсати натижасида кетганлар ўрни муносиб тўлдирилди дейиш мумкин. Эътиборли трансфер сифатида "Сўғдиёна"дан таклиф этилган Санжар Рашидов, сербиялик Славко Лукич ва тожикистонлик Жаҳонгир Алиевларни жамоа аъзосига айланганини қайд этиш мумкин.

Ана шу жиҳатларни инобатга оладиган бўлсак, қарама-қаршилик ғолиби гарчи меҳмонда тўп сурсада, "Насаф" жамоасига насиб этса керак. "Истиқлол" стадионидаги мавсумнинг илк ўйинида меҳмон сифатида Биродар ва Азамат Абдураимовларнинг иштирок этишию, ОТЖ ва МТЖ бош мураббийлари Р.Ҳайдаров ва Т.Кападзеларнинг учрашувни синчковлик билан кузатиб бориши баҳс аҳамиятини ошириб юборади. Қолаверса, ПФЛ ҳакамлар қўмитаси турнинг марказий учрашувига мамлакатимизнинг биринчи рақамли ҳаками Р.Эрматов бригадасини тайинлаган. Шундай экан, қизиқарли ва кескин курашларга бой тарзда ўтиши кутилаётган учрашувни стадионда кузатишга ошиқинг!

Муаллиф тахмини: 30-30-40

 


Қизилқум - Локомотив


1 мартнинг яна бир қизиқ беллашуви Навоий шаҳрида бўлиб ўтади. Ҳ.Актамов шогирдлари дастлабки турданоқ амалдаги чемпион ва кубок соҳиби "Локомотив" жамоасига қарши саф тортади. Биласиз, навоийликлар ҳам доим "Локо"га ноқулай рақиб бўлиб келган.

"Олтин изловчилар" янги мавсумга ҳозирликнинг сўнгги босқичини Тошкентда олиб бориб, оз эмас кўп эмас нақд 11 та ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Мураббийлар мазкур ўйинлар орқали футболчиларга ўйин амалиётини беришга ва мавсум стартига ажойиб спорт формасида етиб келишини таъминлашга ҳаракат қилди. Жамоа таркибида ҳам сезиларли ўзгаришлар содир бўлди. Суперлигада кучли олтиликдан жой олишни мақсад қилган навоийликлар бир йўла 9 нафар футболчи билан шартнома имзолади. Эътиборлиси, Ҳ.Актамов ўз жамоасини шакллантришда, суперлигада ўйновчи легионерлар учун белгиланган "4+1" лимитидан тўлиқ фойдаланди. Шундай қилиб, жамоага россиялик дарвозабон Е.Черемесин, ҳимоя вакиллари бўлмиш С.Прохоров, М.Убайдуллаев, Г.Квесиешвили, ярим ҳимоячилар А.Саноев ва Д.Усмонов ҳамда ҳужумда ўйновчи А.Сидоров, Э.Григалашвили ва Н.Йованович келиб қўшилди.

"Локомотив" ҳақида ортиқча таъриф бериб ўтиш шарт бўлмаса керак. Бугунги кунда футболимиз етакчиси бўлган "темирйўлчилар" охирги икки йил сингари ўз олдига чемпионлик ва кубок соҳиби статусини сақлаб қолиш вазифасини қўйган. "Қизилқум"дан фарқли равишда М.Йеличич шогирдларида ўйин амалиёти нормал ҳолатда. Ҳар ҳолда, улар ОЧЛ доирасида 2 та ўйин ўтказишга муваффақ бўлди. Дастлаб, БАА нинг "Ал-Ваҳда" жамоаси йирик ҳисобда мағлуб этилган бўлса, кейнчалик Эронда маҳаллий "Зоб Оҳан" клубидан енгилди. Ҳам халқаро майдонда ҳам ички мусобақаларда ғолиблик учун ҳаракат қилаётган жамоа учун ўтган йилги таркиб ўзаги сақлаб қолинганлиги ва айрим чизиқларни янада рақобатбардош кўринишга келтирилганлиги муҳим аҳамият касб этади. Бу борада 6 нафар янги футболчи таклиф этилди. Легионерлар сифатида бразилиялик Нивалдо, сербиялик Йелич ва кореялик Чо Сук Жаэ таклиф этилган бўлса, С.Рашидов, Ҳ.Ғофуров ва Ш.Каримов каби маҳаллий футболчилар сифатида рўйхатдан ўтказилди.
Гарчи 1-тур ўйини бўлсада, анча қизиқарли кечиши кутилаётган учрашувда "Локомотив"нинг имкониятлари юқори кўринмоқда.

Муаллиф тахмини: 30-30-40

 


Пахтакор - Сўғдиёна

Ўтган мавсум бронза медали билан чекланган ва йил бошида ОЧЛ плей-офф баҳсида муваффақиятсизликка учраган "Пахтакор" бор эътиборини ички мусобақаларда ғолиб бўлишга қаратиши ҳеч кимни ажаблантирмаса керак. Суперлиганинг очилиш учрашувида Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоасини қабул қиладиган Ш.Арвеладзе шогирдлари, мавсумни чиройли ғалаба билан бошлаб, ўз мухлисларига футбол байрамини тақдим этишни ният қилганликларини жамоа футболчилари ўйиндан олдин тақдим этилган видео превьюда таъкидлаб ўтди.

Айтиш мумкинки, "шерлар" таркиби сезиларли даражада кучайтирилди. Асосий эътибор тенг кучли иккита таркиб қилишга қаратилганлигини жамоа таркибида қайд этилган ўйинчилардан ҳам билиб олса бўлади. Мавсум тайёргарлигини асосий қисмини хорижда олиб борган тошкентликлар, босқичма-босқич кучайишга ҳаракат қилиб келди. Чизиқлардаги рақобатни ошириш мақсадида таркибга ҳимоячилар А.Шораҳмедов, Ф.Сайфиев, Е.Кримец, ярим ҳимоячилар Д.Раҳматуллаев, Ж.Машарипов (ижарадан қайтди), Б.Абдураҳимов ва ҳужумчи португалиялик Исмоил Гонсалвеш таклиф этилди.

Худди "Нефтчи" каби "сўнгги сония"ларда суперлигада иштирок этиши маълум бўлган "Сўғдиёна" ҳам берилган имкониятдан максимал тарзда фойдаланиб, раҳбарият томонидан билдирилган ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қилиши аниқ. Айтиш мумкинки, А.Мочинов ҳам деярли янги жамоа тузишга мажбур бўлди. Айтганча, янги жамоага янги логотип ҳам танланди. Эндиликда, жиззахликлар логотипида мовий тоғлар, яшил бўри ва тўп рамзлари туширилган бўлади. Мавҳумлик ҳукм сурган ва жамоанинг суперлигада иштирок этиши сўроқ остида турган пайтда жамоа ўзининг асосий юлдузидан айрилди. Жамоа "мотори" Санжар Рашидов ўз тақдирини "Насаф" билан боғлади. Шундай бўлсада, А.Мочинов қисқа фурсат ичида ўзи учун керакли таркибни шакллантириб олди. Жамоага таклиф этилган дарвозабон Д.Ҳамроев, ҳимоячилар Р.Мелзиддинов, Ф.Мирахматов, Д.Одилов, Ш.Холматов, Т.Шамшитдинов, ярим ҳимоя вакиллари Н.Тўхтасинов, Д.Каримов, Д.Ҳасанов, С.Азимов, А.Зиявиддинов, Ж.Абдумўминов, И.Маликжонов ва ҳужумчи Ш.Норхоновлар якунда 6-ўринни эгаллашга ҳаракат қилади.

Жамоаларнинг бугунги кундаги ҳолатига реал баҳо берадиган бўлсак, бўлажак баҳсда "Пахтакор"нинг яққол устунлиги кўзга ташланади. Лекин, бу алдамчи таассурот бўлиши ҳам мумкин. Шундай экан, ўйинни стадиондан томоша қилишга ҳаракат қилинг.

Муаллиф тахмини: 50-30-20

 


Бухоро - Қўқон-1912

Ўтган мавсумнинг 1-даврасини ажойиб ўтказган бу икки клуб ўртасидаги баҳс ҳам қизғин курашларга бой тарзда ўтиши кутилмоқда. Ҳар икки клуб ҳам суперлига баҳсларига юқори даражада ҳозирлик кўришга ҳаракат қилди.

Янги мавсумда "Бухоро" олдига аниқ вазифа қўйилмаган бўлсада, У.Бақоев рақобатбардош жамоа шаклллантириш асосий вазифаси эканлигини айтиб ўтиш билан бирга бўлажак ҳар бир учрашувда фақат ғалаба учун ҳаракат қилишини таъкидлаган. Мавсумлар оралиғида жамоа таркибида сезиларли ўзгаришлар содир бўлди. Жамоага келиб қўшилган футболчиларнинг деярли барчаси тажрибали ҳисобланади. Россиялик С.Русецкий, сербиялик М.Клисура каби легионерлар қаторида маҳаллий Р.Бердимуродов, Ш.Муллажонов, Қозоғистонда ўйнаб келган Ш.Саломов, Кореядан қайтган Б.Насимов, А.Омонов, Ш.Эркинов каби йигитлар максимал даражада юқорироқ ўриндан жой олишга ҳаракат қилади.
Н.Ҳасанов бошчилигидаги "Қўқон-1912" жамоаси эса бу йил олдингиданда катта иштиёқ билан суперлига баҳсларига тайёргарлик кўриб келди. Ўтган йилги хатолардан тўғри хулоса чиқарган жамоа раҳбарияти таркибдаги рақобатбардошликни оширишга ва заҳира ўриндиғидаги ўйинчилар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилди. Эсингизда бўлса, ўтган йили 1-даврани 2-ўринда якунлаган қўқонликлар ҳал қилувчи паллада заҳира ўриндиғининг "тор"лиги эвазига панд еб қолган эди. Қўрқмасдан чемпионлик учун курашишни эълон қилган Н.Ҳасанов олий мақсадга эришиш йўлида қўйидаги янги футболчилар хизматидан фойдаланишга қарор қилди: Ў.Юсупов, М.Абдуллаев, Б.Пардаев, Ғ.Комилов, И.Таран ҳамда сербиялик легионерлар М.Спремо ва М.Милич. Бундан ташқари, мураббийлар штаби ҳам сезиларди даражада кучайтирилиб, таркибга ўз вақтида "Пахтакор"да фаолият олиб борган Драган Дукич қўшилди. Энди Дукич ўзининг қимматли маслаҳатлари билан Н.Ҳасановни олға чорлаши кутилмоқда.

Элит жамоалар қаторига кирмасада, мазкур клубларни янги мавсумда ҳақиқий "чақилмас ёнғоқ" бўлишини башорат қилиш қийин бўлмаса керак. Бир-бирига тенг бўлган жамоалар баҳсида ким тўғри тактика танлай олса ва рақиб хатоларидан унумли фойдаланишни уддасидан чиқса ўша жамоа якунда уч очкони қўлга киритади. Фикримча, мазкур баҳсда томонлар дурангга имзо чекади.

Муаллиф тахмини: 30-40-30

 


Бунёдкор - АГМК


Мазкур жамоалар ўртасидаги баҳс ҳам шиддатли ўтишини башорат қилиш қийин эмас. Асосий эътиборни ўз академияси тарбияланувчиларига қаратган "Бунёдкор" ва жамоадаги катта ҳажмдаги ишни кўп ҳолларда легионерлар ёки тажрибали футболчилар гарданига юклайдиган АГМК ўртасидаги қарама-қаршиликни кузатиш ҳаммага бирдек қизиқ бўлса керак. Бошқача айтганда ёшлик шижоати ва тажриба ўзаро баҳслашадиган ўйиндан кўп нарса олса бўлади.

Сўнгги йилларда мавқеини бироз йўқотиб қўйган "қалдирғочлар", жамоа бошқарувида содир бўлган ўзгаришлардан сўнг яна олдинги обрўсини қайтариш йўлида тиним билмай изланаяпти. Маълум танаффусдан сўнг жамоа мураббийлигига қайтган М.Қосимовни ортиқча таърифлаб ўтиш шарт бўлмаса керак. Ошхонасидаги бор масаллиқдан ширин таом тайёрлашга интилаётган мураббий суперлигада совринли ўринлардан бирини эгаллаш орқали қитъа миқёсидаги мусобақаларга йўлланмани қўлга киритишни мақсад қилган. Бу борада эса асосий эътибор ўз академияси тарбияланувчиларига қаратилади. Моддий имкониятлари чекланганлиги туфайли М.Қосимов таркибга 3 нафар футболчи жалб қилган холос. "Қўқон-1912" жамоасида муваффақиятли тўп сурган сербиялик ҳужумчи Ф.Райевац, "Металлург"дан келган М.Сулаймонов ва М.Тошматовлар янги "қалдирғоч"га айланган бўлса, жамоа кўригида бўлиб турган А.Габелюк тақдири ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Шунингдек, жамоа машғулотларига академия тарбияланувчиларининг бир нечтаси жалб қилинган. Суперлига баҳслари бошланишига саноқли кунлар қолган бир пайтда, жамоанинг асосий фигураларидан бири бўлган Д.Ҳамдамов ўз тақдирини Махачқалъанинг "Анжи" клуби билан боғлашга қарор қилди. Ўйлаймизки, М.Қосимов мазкур йўқотиш ўрнини тезда қоплашга ҳаракат қилади.

Мавсумга ҳозирликнинг асосий қисмини хорижда олиб борган В.Кумиков шогирдлари суперлигада янги ном билан қатнашишга қарор қилганидан хабарингиз бор. Эндиликда АГМК номи остида ҳаракатланадиган жамоа олдига кучли учликдан жой олиш вазифаси қўйилган. Эътиборлиси, "АГМК" ҳам легионерлар учун белгиланган "4-1" лимитидан тўлиқ фойдаланишга қарор қилди. Жамоа сафига қирғизистонлик П.Матяш, сербиялик В.Бубанья ва Й.Жокич, молдовалик В.Чемиртан ҳамда беларуслик В.Кашминин каби легионерлар билан бир қаторда маҳаллий А.Абдуллаев, О.Зокиров, Ж.Гусейнов ва М.Музаффаровлар келиб қўшилди. Катта танаффусдан кейин чемпионатимизга қайтган В.Кумиков бошланажак мавсумда юқори мақсадларни кўзлаган ҳолда ишга киришади.

Фикримча, мазкур жуфтликда ўз майдонида ишончли ўйин намойиш этадиган "Бунёдкор" вакиллари ғалаба қозонса керак.

Муаллиф тахмини: 40-30-30

 


Металлург - Навбаҳор

Суперлига 1-тур учрашувларига якун ясаб берувчи ўйин ҳам мухлислар диққат-эътиборини тортиши аниқ. Анча пайтдан бери кескин янгиланган ва нисбатан кучайган "Металлург" ўз майдонида водийнинг "Навбаҳор" клубини қабул қилади.

Бекободда жамоа тепасига янги раҳбариятнинг келиши, клубда ҳам кескин ўзгаришлар содир бўлишига олиб келди. Анча вақтдан бери "маъданчилар"ни бошқариб келган Р.Мирсодиқов истеъфога чиқарилгач, жамоа рули А.Шипиловга топширилди. Бу эса табиий равишда таркибда катта ўзгаришлар кузатилишига олиб келди. Аҳамиятлиси, жамоа таркибида олдинги мавсумдаги футболчилардан бор йўғи 8 нафари қолди. Ўз-ўзидан жамоага келиб қўшилган футболчилар сони бўйича "Металлург" суперлига жамоалари орасида яққол етакчига айланиб олди. Жамоа таркибга кам эмас, кўп эмас, нақд 17 та янги футболчи қўшиб олинди. Булар, дарвозабонлар Н.Рибкин ва Ж.Илёсов, ҳимоячилар А.Отахонов, Ш.Файзиев, Д.Ирматов ва Ш.Шайманов, ярим ҳимоячилар Ж.Соҳибов, А.Исаев, Ж.Юсупов. Ж.Ҳасанов, С.Давлатжонов, П.Смоляченко, А.Исматуллаев ва С.Нуруллаев ҳамда ҳужумчилар П.Пуришкин, З.Тўраев ва З.Ўринбоевлардир. Энг қизиғи, жамоага қўшилганларнинг олти нафари "Пахтакор"дан ижара шартномаси асосида олинган. "Металлург" жамоаси олдига аниқ вазифа белгиланмаган бўлсада, янги қурилаётган жамоа имкон қадар яхши футбол кўрсатган ҳолда дастлабки олтиликка киришга уриниб кўрмоқчи.
Ўтган мавсумда бешинчи ўринни эгаллаган И.Мўминжонов бошчилигидаги жамоа ҳам суперлига баҳсларига жиддий ҳозирлик кўрди. Жамоа олдига чемпионлик учун курашиш вазифаси қўйилган. Янги форматдаги янги чемпионатга, янги логотип билан кириб келаётган "Навбаҳор лочинлари" ўз сафини Б.Эргашев, А.Тўраев, Т.Пайович, А.Нўъмонов, А.Алланиёзов, Б.Саъдуллаев, С.Сулаймонов, З.Пиримов, Р.Дўсматов ва Н.Иньяц каби футболчилар билан тўлдириб олди.

Бўлажак баҳсда мезбонларнинг қўли баланд келса керак. Яна ким билади дейсиз? Қандай натижа қайд этилишини ўз кўзингиз билан стадионнинг ўзидан кўриш завқини бошқа ҳеч нарса бера олмайди. Шундай экан, суперлиганинг дастлабки тур ўйинларини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилинг.

Муаллиф тахмини: 35-35-30
 

Улуғбек Шукуруллаев


Манба: ulugbeksh.blogspot.com


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz