Қайднома

Қидирув

Тақдир олдида йиғлашга мажбур Фабиу Коэнтрау

Тақдир олдида йиғлашга мажбур Фабиу Коэнтрау

  02.03.2018 06:26
  0
  384
Тақдир олдида йиғлашга мажбур Фабиу Коэнтрау

Ҳа, тўхтовсиз ҳаёт португалиялик таниқли ҳимоячини турли синовларга ташламоқда.

Иқтидордан бебаҳра қолмаган Фабиунинг футболдаги йўлига теран назар сол-ган ҳар қандай киши унинг ҳар доим нимадандир жабр чекканини осонгина пай-қайди. Аммо «Реал»нинг собиқ вакили баъзи кўргиликлар учун фақат ўзини айблаши даркор...

**************

Португалия кубоги-2011 ярим финали. Коэнтраунинг жамоаси - «Бенфика» ҳал қилувчи учрашув йўлида «Порту» билан тўқнаш келган ва сафарда кечган дастлабки ўйинни ишончли тарзда ўз фойдасига ҳал қилганди - 2:0. Бироқ лиссабонликлар ўз майдонларидаги жавоб баҳсида 1:3 ҳисобида енгилиб, финал чиптасидан мосуво қолишади.

Аламли мағлубият ёш Фабиу Коэнтрауга шу қадар оғриқли таъсир қиладики, у шунчаки, ҳўнграб йиғлайди. Шундан атиги 2 ҳафта ўтиб, «Брага» ўз майдонида бўлиб ўтган ЕЛ ярим финал ўйинида ғалаба қозонади. Бошқача айтсак, «Бенфика»нинг  рақиби финалга йўл олади, Коэнтрау эса яна кўз ёши тўкади.

**************

2013 йили Фабиунинг «Реал»дан «Манчестер Юнайтед»га ўтиши амалга ошмай қолди. Португалиялик ҳимоячи ўшанда охирига қадар Англияга йўл олишдан умидвор бўлганди. Бироқ... Хуллас, футболчи трансферлар бозори ёпилиши билан йиғлагудек ҳолатга тушди. Шу-шу унинг ўйинига хос учқун батамом сўнди.

Дейлик, Коэнтрау Мадриддаги фаолиятининг илк босқичида Марсело билан чинакамига рақобатлашган бўлса, охирида захирада ўтирганча бразилиялик амплуадошининг ўйин бобидаги тараққиётини жимгина кузатишдан ўзга чора тополмади. Бу борада ҳаттоки, мухлислар ҳам унга ачиндилар, зеро, португалиялик йигит алоҳида иқтидорга эга эди.

Мисол учун, тўп билан яхши ишларди, голлар урарди ва шу аснода «Реал» фанатлар армияси эътиборига тушганди. Бироқ жароҳатлар ва улар ортидан юзага келган руҳий муаммолар буюклар даражасига чиқишга интилган Фабиу оёғига болта урди, унинг бор истиқболию, салоҳиятини йўққа чиқарди.

Коэнтрау аввалига оёғининг синиши, кейин белидаги муаммолар сабаб, бир неча ой четда қолди. «Реал» эса ҳамон унинг иқтидорини қайта қўзғатиш илинжида. Аммо ижара келишувлари самара бераётгани йўқ.

**************

Ҳимоячи жорий йилнинг ёзигача «Спортинг»да ўйнайди. Қарангки, Португалия лигасидаги рақиблари баъзида унинг устидан шунчаки, кулишмоқда. Дейлик, яқинда «Порту»га қарши кечган ўйиндан сўнг Коэнтрауни Маригани ирқчилик кайфиятида ҳақоратлаганликда айблашди.

Умуман олганда, Фабиу маҳаллий Примеро доирасидаги 12тагина учрашувда қатнашди, аммо боши ғалвалардан чиқмаяпти. Айниқса, «Витория Сетубал» билан ўйин унинг учун даҳшатли кўриниш олди. «Спортинг» минимал ҳисобда олдинда бораётган паллада, яъни сўнгги дақиқаларда ҳакам айнан Коэнтраунинг ҳаракати туфайли пенальти белгилади.

Табиийки, ҳимоячи бу ҳолатда ўзини тутиб туролмади ва жамоа бош мураббийи уни дарҳол ўйиндан олди. Бироқ Фабиу шунда ҳам ғазабдан тушмади ва захира ўриндиғини синдиришга киришди. Шундан маълум вақт ўтгач, бечора ҳимоячи бошини тутганча яна йиғлаб юборди. Чунки «Спортинг» 11 метрлик жарима зарбасидан гол қўйиб юбориб, муҳим очколарни йўқотди.

«Тушунинглар, машина эмас, инсонман. Захирага олинганимдан сўнг қандай ҳолатга тушганим ўзимгагина аён. Тўғри, хатти-ҳаракатларим жуда хунук ва буни оқлаб бўлмайди. «Спортинг» мухлислари мени кечиришларини истардим», - деб ёзди Коэнтрау кейинчалик ижтимоий тармоқда.

**************

ЕЛ доирасидаги ўйинда яна бир ўта  жиддий воқеа юз берди. Португалияликлар «Астана» майдонида 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди, аммо бу ҳолат Коэнтрауга хурсандчилик улашмади. У ўйин давомида ҳакамнинг адолатсиз қарорларига ошкора эътироз билдирди.

Натижада маҳаллий мухлислар нафратига учради. Хуллас, улар Фабиуни кийиниш хонасига «чиройли» тарзда кузатиб қўйишди. Оқибатда футболчи яна руҳий мувозанатни йўқотиб, кўзига ёш олди. Боз устига, Коэнтрау «Фейс­бук» орқали аламини тўкиб сочди.

**************

Энг ғалати томони, фанатларнинг салбий муносабатларига Коэнтраунинг ўзи сабабчи бўлмоқда. 29 ёшли ҳимоячи Португалия лигасида «Бенфика»даги ўйинлари орқали танилган. «Реал»га ҳам айнан шу клубдан ўтганди - 30 миллион евро эвазига.

2015 йили эса унинг «Спортинг» сафига қўшилиши ҳақида илк хабарлар тарқалди. Ўшанда Фабиу «Фейс-бук»да фақат «Бенфика»га қайтиши мумкинлиги, қолган клубларни шунчаки, ҳурмат қилиши ҳақида ёзганди. Лекин у ҳозир «Спортинг»да.

Ҳа, мухлислар бу каби ваъдаларни унутишлари мумкиндир, аммо аҳмоқона ҳаракатни асло эсдан чиқаришмайди. Гап шундаки, Коэнтрау яқинда «Бенфика» шарфини тақиб, суратга тушди.

Ваҳоланки, у айни пайт «Спортинг» аъзоси ва бундай қилиши клуб фанатларига сира маъқул келмаслигини тушуниши керак эди. Ҳа, кўринишидан, Фабиу тез орада яна кўз ёши тўкмоқчи, чоғи...

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz