Февраль ойининг энг муҳим янгилиги - бу шубҳасиз, Ўзбекистон миллий жамоасига вақтинча бош мураббий тайинлангани. Яъни, мазкур вазифага мураббийлик соҳасида деярли тажрибага эга бўлмаган Темур Кападзе тайинланди.
Аввалроқ унинг ўрнида Рўзиқул Бердиев ишлаганидан ҳам хабарингиз бор. Келинг, «Насаф» устозининг ваколатни бошқа бир номзодга топширганига тўхталиб, Темур Кападзенинг ушбу лавозимдаги имкониятларини бир чамалаб кўрсак.
ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз интервьюсида Рўзиқул Бердиевнинг озод этилишини «Насаф»нинг ОЧЛдаги иштироки билан изоҳлади. Аниқроғи, ушбу мутахассисни халқаро мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган клубимиздаги ишидан чалғитмаслик мақсад қилинди.
Демак, бу масалада ортиқча тортишувга ҳожат йўқ, бизнингча. Аммо вақтинчалик бўлсада бош мураббий ўрнига Темур Кападзенинг олиб келиниши қанчалик тўғри?
Албатта, Кападзега ҳеч қандай эътироз йўқ. У фидойи, жонкуяр футболчи эди. Қайси клубда ўйнамасин, «Пахтакор» бўладими, «Бун-ёдкор» ёки «Локомотив», ҳар доим етакчилардан бўлган. Шу боис ҳам унга ҳурматимиз чексиз. Аммо фақат футболчи Кападзега. Мураббий Кападзени эса ҳозирча танимаймиз.
Билганимиз - у яқинда «Локомотив» мураббийлар штабида иш бошлаганди. Энди эса Ўзбекистон миллий жамоасига вақтинча бош мураббий бўлиб турибди. ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджонов ушбу масала юзасидан фикр билдираркан, «ҳар қандай мутахассис ишни «0»дан бошлаши, тажриба ва билим йиллар давомида шаклланиб бориши»ни таъкидлаган.
Бу тўғри! Аммо шу ишни бутун бошли мамлакат шарафини ҳимоя қиладиган жамоадан бошлаш мантиққа қанчалик мос келади? Бу билан футбол ассоциацияси Темур Кападзени босим остида қолдирмаяптими?
Кападзени таниганлар унинг инсонийлик хислатига ҳам урғу беришади. Унинг вақти келиб кучли мураббийга айланишига шахсан ўзим асло шубҳа қилмайман. Темур ўзи ўйнаган клубларда ҳамиша мураббийларнинг майдондаги «кўз-қулоғи» бўлиб келган.
Ўйин олдидан берилган кўрсатмалар қай даражада бажарилиши ҳам кўпинча унга боғлиқ эди. Шундай экан, қачондир унинг мураббийлик соҳасида ҳам ўзини синаб кўриши табиий ҳол. Аммо воқеалар жараёни бу қадар тез кўриниш олишини унинг ўзи кутганмикан?
Аввало, Кападзега миллий термадаги ишида омад тилаймиз. Умид қиламизки, март ойида Сенегал ва Марокашга қарши кечадиган ўртоқлик ўйин-ларида у бошқарадиган жамоа яхши натижа намойиш этади.
Аммо Худо кўрсатмасин, мабодо ўхшамай қолса-чи? Калтак кимнинг бошида синади? У ёғини сўрасангиз, футболимизнинг яқин тарихида шунга ўхшаш воқеалар учраган. Аммо етарли хулоса чиқарилмаган кўринади...
Мисол учун, бир вақтлари Миржалол Қосимов, деган номнинг ўзиёқ ўзбек футболида кўп нарсани англатарди. У узоқ йиллар давомида мухлисларнинг энг суюкли футболчиси бўлиб келди. Термадаги фидокорона ўйинлари эса афсонага айланиб кетган. Миллионларни оёғи остига сочиб қўйган клубига қарши чиқиб, ҳар доим бош жамоамиз ўйинларига етиб келарди.
Бу учрашувларда қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, мухлислар уни ҳар доим улкан ҳурмат билан стадиондан кузатиб қўйишган. Қосимов футболчилик фаолиятини якунлаганда эса ҳаммамиз қайғурганмиз. Термага устозлик қилишини истаганмиз. Аммо ўша истак ва умидлар оқландими?
Миржалол Қосимовнинг мухлислар наздидаги обрў-эътибори Кападзеникига нисбатан чандон кўп эди. Бу обрў ҳозир ҳам кам эмас. Аммо илгари у ҳақида гап кетганда, ҳамма бир томон бўлса, энди қарши чиқадиганлар бис-ёр. Нима учун? Чунки Қосимов мураббийлик фаолиятини бошлагани ҳамоно ЎФФ ўз хатоларини ёпиш учун термани унга топшириб қўйди.
Топширганда ҳам энг оғир, мураккаб паллада топширди. Бундай вақтда у тугул бошқаси ҳам Ўзбекистон миллий жамоаси билан керакли натижага эришиши қийин эди. Оқибати эса ўзингизга маълум.
ЎФФ уни шунчаки босим остида қолдирганди. Ўша босим юки ҳозиргача ҳис қилинади. Энди айтинг-чи, Кападзенинг ҳам худди шундай ҳолатга тушмаслигига ким кафил бўла олади?
Аслида, ЎФАнинг бу қарорини ҳам қайсидир жиҳатдан тушуниш мумкин. Керак бўлса, мантиқий асос ҳам топа оламиз. Ассоциация ҳали федерация бўлиб турган вақтлардаёқ терма жамоага хориждан юқори савияли мураббий келиши ҳақида маълум қилинганди. Шу билан бирга мураббийлар штабида маҳаллий мутахассислардан кимдир бўлиши кутилаётганди.
ЎФА мана шу мутахассисни Темур Кападзе тимсолида кўрмоқда. Яна ўша Умид Аҳмаджоновнинг фикрига тўхталадиган бўлсак: «Муҳими, биз кутаётган мутахассис Ўзбекистонга келганида, Кападзенинг ўзи унга биринчи маълумотларни беради». Бу яхши, албатта.
Аммо шу ўринда бошқа бир эътироз ҳам пайдо бўлади - нима, Кападзе хорижлик мураббийга барча маълумотни бериши учун албатта, терма жамоани бошқариб кўриши шартмиди? У шундоқ ҳам барча маълумотлардан бохабар эмасми?
Хуллас, Ўзбекистон миллий жамоасига вақтинча бош мураббий та-йинлаш жуда зарур бўлган тақдирда ҳам бошқа тажрибалироқ мутахассислар етарлича топиларди.
Масалан, Рауф Инилеев ҳозир болалар футболида фаолият юритмоқда. Ёки яқинда Ўзбекистон ёшлар термаси билан Осиё чемпионатида ғалабага эришган Равшан Ҳайдаров бор.
У ўз вақтида МТЖни ҳам бошқарган. Хуллас, топаман десанг номзод кўп. Ҳамма гап фақат истакда қолган, истакда...
АБДУЛЛОҲ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20