Қайднома

Қидирув

АПЛ «ой лауреатлари» тарихига назар

АПЛ «ой лауреатлари» тарихига назар

  04.03.2018 00:19
  0
  361
АПЛ «ой лауреатлари» тарихига назар

Англия элит дивизиони - АПЛ нафақат шиддат ва рақобат масаласида, балки ўзига хос анъаналар нуқтаи назаридан ҳам футбол оламида алоҳида ўринга эга.

Хусусан, инглизлар ҳар ой якунида энг яхши футболчи ва мураббийни аниқлаб, уларга алоҳида соврин топширишни одатга айлантиришган. Афсоналар бутун фаолиятлари давомида муносиб ўйнаш асносида футбол тарихидан абадий жой оладилар.

Мисол учун, Буффон 40 ёшида у қадар чаққон кўринмаётган бўлса, бу унинг буюк эканлигина раҳна сололмайди. Зеро, бетакрор Жижи йиллар давомида кимлигини тўлиқ исботлаган, катта-катта ўйинларда ақл бовар қилмас кароматларни кўрсатиб улгурган.

Бироқ тарихга кириш учун яна бир йўл бор - баъзилар маълум муддат ёрқин ўйнаш эвазига ном қолдиришади. АПЛда бунинг учун имконият яхшироқ - инглизлар 1994 йилдан эътиборан ой лауреатини барқарор равишда аниқлаб келишмоқда.

Демак, бугун жаҳоннинг энг бой ва кучли лигасидаги ажойиб анъана - «Ой футболчиси» сўровига дахлдор қизиқарли фактларга мурожаат қиламиз.

Ўйлаймизки, бу борадаги маълумотлар кўпчиликни етарлича қизиқтиради.

113 марта. Ҳужумчилар нақ 113 ой якуни бўйича АПЛнинг энг яхши футболчиси мақомини олишган. Дейлик, охирги лауреат - Серхио Агуэро январь ойи давомида бир қатор ажойиб имкониятларни кўкка совурди. Аммо ташкилотчилар бундан кўз юмиб, унинг голларига эътибор қаратишди.

Хуллас, аргентиналик тўп-урар голлари эвазига рақобатчиларидан ўзиб кетди. Бу футболда ҳужумчилар индивидуал соврин ютиш учун яхшироқ имкониятга эга эканликларидан далолат. Тўғри, АПЛда бошқа амплуалар вакилларига ҳам ой лауреати бўлиш насиб этган. Мисол учун, ярим ҳимоячилар 76 марта сов-рин ютишган - муносиб натижа.

97 марта. Ойнинг энг яхши футболчисига аталган совринни ютиш бобида Англия фуқаролари олдинда. Ваҳоланки, АПЛда легионерлар кўп, қолаверса, жамоалар хориждан оддий ўйинчи олишмайди асло. Шуни назарда тутиб айтсак, англиялик футболчиларнинг ой лауреати бўлиш бобида етакчи эканликлари таҳсинга лойиқ.

Тўғри, ой сўрови натижалари Англия терма жамоаси фонида бироз ғалати кўринади. Ҳар ҳолда, инглизлар миллий жамоасига нуқул омад ва ёрқин ижрочилар етишмайди. Умуман, «Ойнинг энг яхши футболчиси» сўрови умумий рейтингида ҳам икки нафар инглиз футболчиси пешқадамлик қилмоқда.

34 марта. «Манчестер Юнайтед» футболчилари нақ 34 ой якунида бош лауреат бўлишган. Улар орасида Уэйн Руни, Пол Скоулз, Криштиану Роналду, Рууд ван Нистелрой ва Алекс Фергюсон даврининг бошқа юлдузлари алоҳида ўрин тутишади. Мисол учун, Дуайт Йорк ҳисобида 3та соврин бор (тўғри, тринидадлик ҳужумчи улардан биринчисини «Астон Вилла» сафидаги ўйинлари учун олган).

28 марта. Клублар ҳисобидаги совринлар бўйича рейтингнинг 2-поғонаси «Арсенал»га тегишли - «канонирлар», яъни Арсен Венгер шогирдлари ойнинг энг яхши футболчисини аниқлаш сўровида 28 марта ғолиб чиқишган. Табиийки, бу Лондон жамоаси тарихининг ёрқин саҳифаларини ёдга солувчи ажойиб кўрсаткич.

Ҳаттоки, доимо ҳужумкор футболни тарғиб этувчи «Ливерпуль» ҳам «Арсенал»дан орқада. Иштиёқли мураббий Юрген Клопп томонидан ўзгача шайлантирилган жамоа вакиллари ўтган йили 2 марта ой лауреати сифатида эътироф этилишди. Шунга қарамай, «қизиллар» умумий рўйхатда «Арсенал»дан ҳали ўзиб кетишгани йўқ.

Айни пайт уларнинг ҳисобида 24та соврин бор. Шунингдек, «Тоттенхэм» футболчилари ҳам муносиб натижага эгалар: «шпорлар» 21 ой якунида сўров ғолиби бўлишган. Амалдаги чемпион - «Челси» атиги 5-ўринда, важоҳатли «Манчестер Сити» эса ҳозирча 6-қатор билан чекланмоқда.

17 марта. Франциялик футболчилар АПЛда жуда эркин ҳаракатланишади. Уларнинг 17 марта ой лауреати бўлишгани Англия чемпионатида ўзларини бегонадек ҳис қилмасликларидан далолат. Мамлакатлар рейтингида 2-ўриннинг айнан Францияга тегишли эканлиги бежиз эмас, албатта.

Зеро, бу юрт вакиллари кўпинча АПЛнинг бош юлдузлари қаторида юришган. Дейлик, Франция ҳисобига илк очкони ўзига хос ўйин услуби билан ажралиб турган Давид Жинола келтирган бўлса, кейин «қирол» - Эрик Кантона катта саҳнага чиққан.

Шундан сўнг жаҳон чемпиони - Эммануэль Пети ўзини кўрсатган ва эстафета таёқчасини «Арсенал» кашф этган вундеркинд - Николя Анелька қўлига тутқазган. Кейин яна бир «канонир» - ёш ва ақлга сиғмас даражада улкан иқтидор соҳиби Тьерри Анри бош ролни бажарган.

15 марта. Голландия давлатлар рейтингида 3-ўринни эгаллаб турибди. 15та совриндан иборат жамғармада Робин ван Персининг улуши катта. Испанлар 9 ой якуни бўйича Англия чемпионатининг энг яхши футболчиси мақомини олишган, Аргентина эса биргина Серхио Агуэро туфайли фахрли 5-поғонада.

АПЛда ирландиялик ёки уэльслик афсоналар ҳам қаҳрамонлик кўрсатишган, аммо уларни биргина митти Серхио ортда қолдирмоқда. Айни пайт унинг ҳисобида 5та соврин бор. Ҳа, «Манчестер Сити»нинг бош голеадори ўз ишини жуда яхши билади!

12 марта. Ҳимоячилар ҳам ойнинг энг яхши футболчисига аталган совриндан бенасиб қолишмаган. Улар ҳисобида 12та шахсий мукофот бор. Орқа чизиқ вакиллари орасида биринчи бўлиб, финляндиялик Сами Хююпя эътироф этилганди. Ҳа, «Ливерпуль» фанатлари уни бежиз клуб афсоналари қаторига қўшмайдилар.

Англия миллий жамоасининг амалдаги бош мураббийи Гарет Саутгейт ҳам вақтида ойнинг энг яхши футболчиси мақомига муносиб кўрилган, шунингдек, лауреат-ҳимоячилар рўйхатида Стюарт Пирс бор. Жаҳоннинг эски энг қимматбаҳо ҳимоячиси Рио Фердинанд ва унинг укаси коллекциясида ҳам бундай соврин йўқ эмас.

Жон Терри ва Неманья Видич сўровда бир мартадан ғалаба қозонишган. Ҳимоячилар орасида охирги лауреат - бу Ян Вертонген. У 2013 йилнинг мартида тенгсиз бўлганди. Бельгиялик ҳимоячи шу-шу муносиб тўп сурмоқда, аммо яқин ойларда яна энг яхши мақомини олиши мушкул масала.

9 марта. «Ой футболчиси» мақоми атиги 9 марта голкиперларга берилган. Дарвозабонлар йўлини 1995 йили машҳур мўйловдор Дэвид Симэн очиб берганди, кейин «Блэкберн» кипери Тим Флауэрс ўзини кўрсатган. Ажойиб гуруҳда ҳаттоки, Алекс Маннингер ҳам бор.

Табиийки, АПЛ афсонаси - Петр Чех ойнинг энг яхши футболчисига аталган совриндан бебаҳра қолмаган. 2016 йилнинг февралида эътироф этилган Фрейзер Форстер бундай шарафга эришган охирги дарвозабон бўлиб турибди. Унгача эса Тим Крул лауреатлар рўйхатидан жой олганди.

6 марта. Бир футболчи коллекциясидаги совринлар сони бўйича рекорд кўрсаткич. Такрор айтамиз, айни пайт бу борадаги умумий рейтингнинг юқорисида икки нафар маҳаллий ўйин-чи турибди. Стивен Жеррард илк марта узоқ 2001 йили ғалаба қозонганди.

2014 йилга келиб, «Ливерпуль» афсонаси ҳисобидаги совринлар сони 6тага етди. Демакки, буюк Стиви Жи шундай натижага 13 йил давомида эришди.

Англия футболининг бугунги ёқимтойи - Гарри Кейн эса аксинча, қисқа вақтда рекордчилардан бирига айланди. Илк марта 2015 йилнинг 3-ойида лауреат бўлган «Тоттенхэм» етакчиси яқинда (2017 йил декабрь) Жеррард натижасини такрорлади.

6 марта. Совринларнинг умумий миқдори сўров ўтказилган ойлар сонига нисбатан кўпроқ. Гап шундаки, 6 марта мукофотни бирданига 2 нафардан футболчига беришган.

Биринчи марта Алан Ширер ва Крис Саттон 1994 йили тенгданига шоҳсупага кўтарилишган - «Блэкберн» муваффақияти таъсирида. Кейин Стэн Коллимор ва Робби Фаулер («Ливерпуль») жуфтлиги кўзга ташланган. Икки нафар лауреат танлаш ҳолати охирги марта 2014 йилнинг март ойида кузатилди - Стивен Жеррард ва Луис Суарес (яна «Ливерпуль»).

5 марта. Серхио Агуэродан ташқари, Уэйн Руни ва Робин ван Персида ҳам 5тадан соврин бор. Аргентиналик форвард учун муносиб давра.

5 марта. АПЛ тарихида атиги 5 нафар футболчи кетма-кет 2 ой лауреат бўлган. Булар - Робби Фаулер, Деннис Бергкамп, Криштиану Роналду, Гарри Кейн ва Жейми Варди.

3 марта. Тошкентда туғилган ва футболга юртимизда қадам қўйган нигериялик Питер Одемвинжи ҳисобида 3та соврин бор ва у бу борада Давид Сильва, Луис Суарес ҳамда Кевин де Брюйне каби юлдузлардан олдинда. Қизиғи, «Сити»нинг бош юлдузига айланган бельгиялик ярим ҳимоячи ҳозирча бирор марта эътироф этилмаган.

3 марта. Эшли Янг бир йил давомида 3 марта лауреат бўлгани билан алоҳида мақтанишга ҳақли - рекорд натижа. Боз устига, у бундай кўрсаткичга 2008 йили камтарин «Астон Вилла»да кўрсатган ўйинлари орқали эришган.

Мавсум бўйича айтсак, ҳеч кимга 3 марта ой қаҳрамони мақомини олиш насиб этган эмас. Битта чемпионат давомида 2 марта соврин ютганлар орасида эса Питер Одемвинжи ҳам бор.

1 марта. Андрей Аршавин АПЛда ойнинг энг яхши футболчисига аталган совринни ютган россиялик иккинчи ўйинчи ҳисобланади. У 2009 йилнинг апрелида «Ливерпул»га қарши сафар ўйинида «покер»га эришгани туфайли ғолиб чиққанди.

Россиялик биринчи лауреат - Андрей Канчельскис эса 1996 йили «Эвертон»даги ҳаракатлари билан эътирофга эришган.

Серхио Агуэро январдаги ғалабаси билан умумий рўйхатда Пол Скоулз, Алан Ширер, Деннис Бергкамп, Тьерри Анри, Криштиану Роналду ва Фрэнк Лэмпарддан ўзиб кетиб, кучли бешликка кирди.

Яқин келажакда эса Стивен Жеррард ва Гарри Кейнни ҳам ортда қолдириши мумкин. Ҳар ҳолда, «Манчестер Сити» ўйинларини инобатга олсак, Лионель Мессининг дўстида мутлақ етакчига айланиш имконияти чакки эмас. Тўғри, «Тоттенхэм» етакчиси Кейн ҳам жим қараб турмайди.

АПЛда ойнинг энг яхши футболчисига аталган совринни энг кўп ютган футболчилар

6 марта

Гарри Кейн

Стивен Жеррард 

5 марта

Уэйн Руни

Робин ван Перси

Серхио Агуэро

4 марта

Деннис Бергкамп 

Тьерри Анри

Фрэнк Лэмпард

Криштиану Роналду 

Алан Ширер

Пол Скоулз

3 марта

Робби Кин

Питер Одемвинжи

Рууд ван Нистелрой

Гарет Бэйл

Дуайт Йорк

Эшли Янг

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz