Қайднома

Қидирув

Фозил Мусаев: «Кейруш келса, энг яхши танлов бўларди»

Фозил Мусаев: «Кейруш келса, энг яхши танлов бўларди»

  05.03.2018 03:38
  0
  2430
Фозил Мусаев: «Кейруш келса, энг яхши танлов бўларди»

Бугунги кунда Япония чемпионатида тўп сураётган Фозил Мусаев «Жубило Ивата» сафида янги мавсумга тайёргарлик кўрди.

«Насаф»нингсобиқяримҳимоячисиўтганмавсум J-лигадаўзиданилиқтаассуротқолдирди. Фозил таянч ярим ҳимоясида Япония чемпионатидаги беназир футболчилардан бирига айланди.

Буни «кунчиқарюрт» матбуотиҳамалоҳидаэътирофэтди. Мусаев «Жубило Ивата» билан 2 йиллик шартнома имзолаганди. Ҳозир келишувнинг яна бир йили бор ва биздаги маълумотларга кўра, клуб раҳбарияти легионеримизга келишувни узайтириш бўйича таклиф билан чиққан.

Чунки «Жубило Ивата» олдига жорий мавсумда юқори вазифалар қўйиляпти. Биз Фозил Мусаев билан боғланиб, ундан шу ва бошқа мавзулар юзасидан интервью олдик.

- Фозил, Япония чемпионатига тайёргарлик қандай давом этяпти? Ўзгаришлар кузатилмадими?

- Тайёргарлик 14 январдан бошланганди. Ўқув-машғулот йиғини Япониянинг Кагошима шаҳрида 18 кун мобайнида ўтказилди. Қисқа муддатли танаффусдан сўнг, 14 февраль куни яна Кагошимага қайтиб келдик ва айни пайт машғулотларнинг якуний босқичидамиз.

Чемпионатдаги илк ўйинимиз 25 февралда (суҳбат 22 февралькуниуюштирилган, - муаллиф) «Кавасаки Фронтале» клубига қарши бўлиб ўтади. Ҳозирча J-лигада ҳеч қандай янгилик йўқ. Балки ёзда ўзгариш кузатилса керак.

Боиси, Россия мезбонлигидаги ЖЧ-2018 бор ва шу сабабли ҳам мусобақанинг 1-давраси одатдагисидан эртароқ якунланар экан. Мундиал иштирокчиси бўлган Япония термасининг жаҳон чемпионатига муносиб тарзда тайёргарлик кўриши учун шундай йўл тутилади.

- Клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва жамоа таркибида ўзгаришлар рўй бермадими?

- Ҳозирча йўқ. Ҳамма ўз ўрнида ишлаяпти. Таркибда иккита айтишга арзигулик ўзгариш кузатилди. Сафимизга бразилиялик икки футболчи келиб қўшилди.

- «Жубило Ивата» раҳбарияти янги мавсум олдидан жамоа билан учрашиб, янги мақсад ва вазифаларни эълон қилдими?

- Кучли бешликка киришга ҳаракат қиламиз. Бу минимум вазифа. Ҳар қандай ҳолатда ҳам камида ОЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб борамиз. Ўтган йили бироз омад етишмаганди.

Айниқса, чемпионатнинг сўнгги ўйинларида муҳим очколарни бой бергандик.

- Япония клубларидаги футболчиларнинг қандай шуғулланиши кўпчиликни қизиқтиради. Бизнинг жамоалар ўтказадиган машғулот билан уларники кескин фарқ қиладими?

- Албатта, фарқи бор. Бу ҳолат яққол кўзга ташланади.

- Кўпроқ нимага эътибор қаратилади?

- Жисмоний тайёргарлик билан бир қаторда тактика ва комбинацион тўп узатишларга аҳамият берилади. Клубларда маҳаллий мураббийлардан ташқари хорижлик мутахассислар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Табиийки, маш-ғулотларда уларнинг «имзоси» кўзга ташланиб туради.

- Япония чемпионатида тўп сурган биринчи ва ҳозирча ягона ўзбек футболчиси бўлиб турибсиз. Бу сизга қўшимча масъулият юклайдими? Маҳаллий журналистлар ҳам сиздан шу ҳақда сўрашса керак?

- Албатта, бусиз бўлмайди. Зиммамдаги масъулият жуда юқори. Шунга яраша машғулотларда ишлаяпман.

- Япон тили борасида қийинчилик йўқми? Ҳар ҳолда, ўзига хос иероглиф ёзувлар...

- Ҳали тўлиқ ўзлаштириб олганим йўқ. Лекин шу кунларда тўлақонли тарзда ўрганишни бошламоқчиман. Билмадим, бу менда қанчалик ўхшайди, лекин уриниб кўраман.

- Мулоқот жараёнида қийинчиликка дуч келмаяпсизми? Қайси тилда гаплашяпсиз?

- Ҳаммаси жойида. Мураббий ва футболчилар билан инглиз тилида суҳбатлашамиз.

- Аслида трансферингиз қай тариқа амалга ошганди?

- Бунинг тарихи узун. Шунчаки, қисқача тўхталаман. Ўз вақтида «Бун-ёдкор»да ўйнаб кетган япониялик футболчи Минори Сатонинг агентлари ҳамда Санъат Шарипов биргаликда бу трансфернинг амалга ошишини таъминлашган.

Албатта, Япония клуби ҳам бирданига келишувга рози бўлмаган. «Насаф» таркибидаги ўйинларимни обдон кўриб, таҳлил қилгандан кейин ўзаро битим тузганмиз.

- Бир йил давомида Япония чемпионатида ўйнадингиз. Умумий таассурот ва хулосаларингиз қандай бўлди?

- Таассуротлар жуда яхши. Бу ерда футболга бўлган эътибор, муносабат умуман бошқача. Очиғи, ҳавас кўзи билан қарайман. Шароитлар ҳам кўнгилдагидек. Япония J-лигаси Осиёдаги энг кучли чемпионатлардан бири.

- Матбуотнинг эътибори-чи? Ўйинларга журналистлар кўп келадими?

- Учрашувларни қўя туринг, ҳатто ҳар кунги машғулотларимизга ҳам камида 4-5 нафар ОАВ ходимлари ташриф буюришади. Интервью  оладиган телевидение вакиллари ҳам бисёр.

- «Жубило Ивата» бош мураббийи Хироши Нанами ўз вақтида терма жамоа таркибида ёрқин ўйин намойиш этган. Хўш, мураббийликда ҳам ўзини кўрсата оляптими? Унга қандай таъриф берасиз? Қаттиққўлми?

- Ҳа, жуда ажойиб мураббий. Маш-ғулотни ўзгача тарзда ўтказади. Инсоний жиҳатлари эса алоҳида мавзу. Лекин зарур пайтда қаттиққўл ҳам бўлади. Кези келганда, ҳазил-муто-йибани жойига қўяди.

- Жамоадошларингиз орасидан кўпроқ ким билан ҳамсуҳбат бўласиз?

- Барча футболчилар билан яхши муносабатдаман. Алоҳида бир футболчини ажратиб кўрсата олмайман. Жамоамиз жуда аҳил.

- Шароитлар қониқтиряптими?

- Ҳа, уй, машина берилган. Нафақат мен, балки барча футболчилар учун жуда қулай шароитлар яратилган. Биздан фақат мазмунли ўйин намойиш этиш талаб этилади, холос.

- Япония таомлари аччиқроқ, дейишади. Шу тўғрими? Умуман, ушбу масалада қийналмаяпсизми? Клубда сизга алоҳида овқат тайёрланадими?

- Менимча, аччиқ эмас. Японияда таом масаласида қийналмайсиз. Менга ҳаммаси ёқади. Клубда мен учун алоҳида таом тайёрланмайди. Лекин дунёда ўзимизнинг паловга етадигани йўқ.

- Японияга «зилзилалар юрти», деб ҳам таъриф беришади. Ҳақиқатан ҳам ер силкинишлари тез-тез кузатиладими?

- Билмадиму, лекин мен ҳали бундай ҳолатга дуч келмадим. Умид қиламанки, кейинчалик ҳам шундай бўлиб қолади. Балки зизила кузатилгандир, аммо мен сезмаганман.

- Ўтган йили «Кашима Антлерс» жамоасини чемпионликдан маҳрум қилдинглар. Бу Япониядаги фаолиятингиз мобайнида энг эсда қоларли ўйин бўлдими?

- Шундай деса ҳам бўлади. Қолаверса, Япония чемпионатида урган илк голимни ҳам кўп эслайман. «Кашима»ни чемпионликдан маҳрум қилишга келсак, биз ўша ниятдан кўра, ўз мухлисларимизни хушнуд этишга кўпроқ эътибор қаратгандик.

- Япония клубида ўз позициянгизда тўп суряпсизми ёки мураббийлар сизга ҳужум чизиғига яқинроқ ўйнашни тавсия қилишяптими?

- Йўқ, ўзимнинг жойимда ўйнаяпман. Лекин вазиятга қараб, мураббийлар ҳужумга қўшилишимни ҳам талаб қилишади. Буни ўзим ҳам яхши кўраман.

- Японияда ёқимсиз, номаъқул ҳолатлар ҳам учрадими?

- Очиғи, бундай нарсага дуч келмадим.

- Сизнинг стабил, яъни бир маромдаги ўйинингиз сабаб япон клублари ўзбекистонлик футболчиларга қизиқиш билдиришмаяптими? Бу масалада сизга мурожаатлар бўлмадими?

- Хурсанд қиладиган жиҳати ҳам шуки, ўзбекистонлик футболчиларга Япония клублари қизиқиш билдира бошлади. Айниқса, яқинда 23 ёшгача футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатидан кейин бу қизиқиш янада кучайди.

Терма жамоамизнинг японлар устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозониши «кунчиқар юрт» вакилларига оғир ботди.

- Янги мавсумда ҳамюртларимиздан бирини Япония J-лигасида кўриб қолишимиз мумкинми?

- Ҳозир мазкур саволга аниқ жавоб беролмайман. Бу менга эмас, балки агентлар ва клуб ўртасида ўтказиладиган музокаралар қандай кечиши ва якун топишига боғлиқ.

- Миллий жамоамизга Темур Кападзе вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланди...

- Ҳа, матбуотдан хабар топдим.

- Бу сиз учун кутилмаган янгиликми?

- Шундай деса ҳам бўлади.

- Термамиз аламли тарзда мундиалдан қолиб кетди. Барча мухлислар сизнинг майдонга тушишингизни кутишди, талаб ҳам қилишди. Лекин бош мураббий буни истамади. Муҳим ўйинларни захира ўриндиғидан кузатиш оғир ботдими?

- Ҳар бир футболчида миллий жамоа йиғини ва учрашувига келаётганда бошланғич таркибда, ҳеч бўлмаса, захирадан майдонга тушаман, деган орзу ва ният бўлади.

Афсуски, менга ишонч билдирилмади ва бу ҳолат жуда оғир ботди.

Лекин кўпроқ алам қилгани, майдонга тушмаганим эмас, аксинча, термамизнинг мундиалдан қуруқ қолгани бўлди. Ахир бунга жуда яқин келгандик.

- Ўзбекистон футбол ассоциациясидаги ўзгаришларни кузатиб боряпсиз. Бу борадаги шахсий фикрингиз қандай?

- Бу йил 12та жамоа иштирокидаги Суперлига баҳслари бўлади. Ишончим комилки, чемпионатимиз савияси анча ошади. Айниқса, иккинчи босқичда кучли олтиликдан жой олган жамоалар ўртасидаги шиддатли ўйинлар чемпионатимизни безаб беради.

Бунинг натижасида стадионга мухлислар қайтади. Шунинг баробарида қуйи лига ҳам кучаяди. Эътибор беринг, у ерда «Машъал», «Динамо», «Андижон» каби элитада ўз ўрнига эга бўлган клублар иштирок этишади.

Суперлигага бериладиган йўлланмалар учун шиддатли кураш кечишини ҳозирдан тахмин қилиш қийин эмас.

- Яқинда миллий жамоамизга Карлуш Кейрушнинг бош мураббий сифатида келиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди...

- Ушбу келишув амалга ошадими, йўқми, билмайман. Лекин мазкур масала юзасидан шунчаки ўз фикримни билдирадиган бўлсам, бу айни пайтдаги энг яхши танловга айланиши, шубҳасиз.

Чунки Эрон термасини қаторасига икки марта жаҳон чемпионатига олиб чиқди. Қолаверса, айнан Кейруш бугунги кунда Эронни Осиёнинг энг кучли жамоасига айлантирди.

Лекин ҳамма нарса фақат мураббийга боғлиқ эмас. Биз футболчилар ҳам ўз устимизда кўпроқ ишлаб, ўзимизга бўлган талабни оширишимиз керак.

- Муборак футболига бефарқ эмассиз. Профессионал футболдаги фаолиятингиз айнан «Машъал»да бошланган. Ўтган йили 7-ўринни эгаллаган бу клубнинг Суперлигадан четлатилиши ғалати қарор эмасми?

- Очиғи, бу борада бир нарса де-йишга ҳам қийналаман. Футболчи сифатида ассоциация қарорини муҳокама қилолмайман. Фақат «Машъал»­га омад тилаб, шу йилнинг ўзидаёқ элитага қайтишини истайман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz