Қайднома

Қидирув

Муҳим воқеа ёхуд Осиё ўйинларига эътибор қаратамиз

Муҳим воқеа ёхуд Осиё ўйинларига эътибор қаратамиз

  05.03.2018 06:35
  0
  819
Муҳим воқеа ёхуд Осиё ўйинларига эътибор қаратамиз

Ёзда Индонезияда Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Биз мазкур мусобақага охирги марта 1994 йилда катта эътибор берганмиз.

Бунга қадар Осиё ўйинлари деган турнир борлигини деярли билмагандик (собиқ иттифоқ таркибидаги давлатлар Осиё даражасидаги мусобақаларда иштирок этмасди).

Фақат Хиросимадаги ғалабадан сўнг у ҳақида гапира бошладик.

ЙЎҚОТИЛГАН КУБОК

Аммо кейинчалик Осиё ўйинларидаги футбол мусобақасида аввалгидек миллий жамоалар эмас, ёшлар иштирок этадиган бўлгач, қизиқиш ҳам шунга яраша пасайди. Авваллари мазкур турнир чемпиони Африка миллатлар кубогида ғолиб чиққан терма билан куч синашарди.

Афроосиё кубоги доирасидаги ўша тўқнашувларни биз ҳам яхши эслаймиз. 1995 йилда Нигерияга қарши Тошкентда кечган ўйинни (2:3) ҳаммамиз ўзгача завқ билан ёдга оламиз. Ўшанда жавоб баҳси Африкада кечган ва рақиб 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу икки тўқнашув Ўзбекистон миллий жамоасига кўп нарсалар бергани аниқ.

Афсуски, кейинчалик бу ажойиб мини-турнирга барҳам берилди ва Осиё ўйинлари тугул, қитъа чемпионати ҳам аввалги аҳамиятини бир қадар йўқотди. Ахир бирор мусобақага йўлланма бермас экан, қитъа сарҳадидан четга чиқмайдиган турнирга қизиқиш қанчалик бўлиши мумкин?

Шу боис ҳам аввалги йилларда Осиё ўйинларига эътибор анча сусайди. Аммо бу сафар ҳаммаси бошқача кечиши кутилмоқда. Ишонинг, Индонезияда ўтадиган мусобақа ўзбек футболи учун ғоят муҳим. Нима учун? Ҳозир шу ҳақида.

ЎЗГАРМАГАН

Йўқ, ўтган давр мобайнида ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Осиё ўйин-ларида ҳамон 23 ёшгача бўлган футболчилар иштирок этишади (уч нафар ёши катта ўйинчи бўлишига рухсат борлигини билсангиз керак) ва Афроосиё кубогини қайта тиклайдиган мард ҳам ҳали топилганича йўқ. Шунга қарамай, августда ўтадиган ўйинларга бу сафар катта эътибор қаратишни сўрамоқдамиз.

Чунки айнан шу мусобақа ўзбек футболининг келажагини белгилаб беришда катта аҳамият касб этиши мумкин. Нима учун шундайлигини тушунтиришни бироз ортга сурайлик-да, яқинда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатини яна бирров ёдга олиб ўтсак.

Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар термаси Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ғалабага эришганидан сўнг бу жамоа ҳақида жуда кўп илиқ фикрлар айтилди. Ҳатто миллий термани айнан шу футболчилар асосида шакллантиришни талаб қилганлар бўлди.

Ўзбек футболида ҳозирга қадар турли ёшдаги жамоалар катта муваффақият қозонганини кўрганмиз ва ҳар доим худди шундай талаблар илгари сурилганини ҳам биламиз. Шу боис яна ўша тарих такрорланаётганидан энсаси қотганлар талайгина. Яшириб нима қилдим, шахсан ўзимни ҳам худди шундайлар сирасига киритиш мумкин.

Тўғрида, миллий терма қаердаю, ёшлар жамоаси қаерда?! Энди футбол оламига қадам босиб келаётганлар Россия чемпионати-ю, араб ва Хитой лигаларида суяги қотган юлдузлар билан беллаша оладими?

У ёғини сўрасангиз, ёшлар ўртасидаги мусобақа ўз номи билан ёшлар ўртасида бўлиб қолаверади. Авваллари ўсмирлар сафида Осиё чемпиони бўлган ёки ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида чорак финалга қадар чиққан футболчилар бирор каромат кўрсатишганми? Улар кейинчалик миллий терма тугул, олий лига клубларида ҳам етакчи бўла олишмади.

Бир қарашда ўша тарих такрорланадигандек туюлади. Аммо шундаймикан? Бу сафар ҳаммаси бошқача эмасми? Келинг, нима сабабдан ёшларни ёппасига миллий терма сафига қабул қилишни истаётганлар бу сафар ҳақ эканини исботлашга уриниб кўрсак.

ИСБОТ

Аслида, бунинг сабаблари жуда кўп. Энг асосийси эса - Ўзбекистон миллий жамоасида авлодлар алмашинуви даври етиб келган ва ҳатто бироз кеч қолган. Шу ўринда эътиборингизни ЖЧ-2018 саралашида иштирок этган термамиз таркибига тортиб кўрсак.

Умуман олганда, бу таркибдагиларнинг деярли ярми бош жамоада тўп суришга нолойиқ бўлганини бугунги кунда Ўзбекистон футбол ассоциацияси деб юритилаётган собиқ ЎФФ ҳам тан олиб улгурган.

Шу боис ҳам энг кўп тан-қидга учраган Егор Кримец, Игорь Сергеев ва Александр Лобанов каби футболчиларни шунчаки назардан четга олиб қўя қоламиз. Улар намойиш этган ўйиндан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ёши қандай бўлишидан қатъий назар, терма жамоа мавзуси билан ёнма-ён эслаб ўтишга ҳам арзимайди.

Энди қолганлар ҳақида гаплашсак. Ҳимоя етакчиларидан бўлган Анзур Исмоилов аллақачон 32 ёшга тўлиб улгурган. Келаси жаҳон чемпио­нати вақтида эса 37 ёшни уриб қўйган бўлади. Сўнгги 15 йил давомида нафақат ярим ҳимоя, балки бутун терма жамоа етакчиси бўлиб келган Сервер Жепаров эса камида уч йил олдин Темур Кападзе билан бирга фаолиятини якунлаши лозим эди.

Қўйиб берсангиз, у қирққа кирганда ҳам термага чақирилиб, ЖЧ-2022 саралашида иштирок этишдан тоймайди. Балки етар, энди?

Шунингдек, Азиз Ҳайдаров, Виталий Денисов ва Одил Аҳмедовлар ҳам ўттизлик сарҳадидан ошиб улгуришган. Келаси жаҳон чемпионати саралашида уларнинг ёши 35-36да бўлади. Бу таркибдан фақат Сардор Рашидов сал умидбахш кўринади, аммо ушбу футболчининг дриблинги ҳар қанча кучли бўлмасин, ҳатто фаолиятининг энг гуллаган даврида ҳам барқарор ўйин намойиш этолмаганини инобатга олсак, танлаш имконияти мутлақо қолмайди. Сардор нари борса, бир ёки икки ўйинда асқотиб қолар, аммо ундан асло етакчиликни талаб қилиб бўлмайди.

Энди бир савол - Хитойда ўтган Осиё чемпионатида ғолиб чиққан таркибни ҳамон миллий жамоага асосий номзод, деб билмайсизми?

ЖАВОБ

Аслида бу савол риторик эди, яъни жавоби олдиндан маълум. Ўзбекистон миллий термасида авлодлар алмашинуви даври аллақачон келганди, аммо Отабек Шукуров ва Элдор Шомуродовдан бошқаси жамоага таклиф этилмади. Аслини олиб қарасак, юртимизда иқтидор жиҳатидан улардан кам бўлмаган футболчилар яна кўплаб топиларди.

Агар янада иқтидорли бўлмаса, албатта. Исбот талаб қиладиганларга яна ўша гап - яқинда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига қарашсин. Шунчаки, Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувига келиб қолган аввалги мураббийлар штаби фақат ўзига мос келган футболчиларнигина термага чақирди. Қолганлар билан эса иши ҳам бўлмади, дарди ҳам. Оқибатда бир қатор иқтидорлар сояда қолиб кетишди.

ЯНГИ НОМЛАР

Аслини олганда, биз Хитойдаги мусобақага қадар Рустам Ашурматов ва Акром Комиловни яхши ҳимоячи, Достон Ҳамдамов, Азиз Ғаниев ҳамда Одил Ҳамробековни эса келажаги порлоқ ярим ҳимоячилар сифатида танирдик.

Осиё чемпионати эса Жавоҳир Сиддиқов нафақат ўта иқтидорли, балки аллақачон барқарор ўйин намойиш эта оладиган футболчига айланганини кўрсатиб берди. Энди бир савол: келаси ЖЧ саралашида шу йигитлар майдонга тушмаса, бошқа ким ўйнаши мумкин?

Албатта, футбол рақобатга асосланади.

Бугун ўта ёрқин ўйин намойиш қилганлар ўрнига эртага янада кучлилари чиқиши мумкин. Биз бунга тайёр туришимиз ва ҳар доим энг кучли футболчи ўйнашига кўникишимиз лозим. Акс ҳолда, аввалги саралашда бўлгани сингари, ўнталаб ўйинда гол ура олмаса ҳам асосий таркибда майдонга тушаверадиган футболчи яна терма жамоага келиб қолиши ҳеч гап эмас.

Биз юқорида бир қатор номларни келтириб ўтдик ва МТЖга лойиқ эканини таъкидладик. Бу - бугунги гап. Эртага эса балки улардан-да кучлироқ ўйинчилар ўзини намоён этиб, рақобатда енгиб чиқар. Демак, таркиб ҳам шунга мос равишда шаклланиши лозим.

Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, келаси ЖЧ саралашида айнан шу ёшдаги футболчилар асосий ролда бўлишини инкор этмаслигимиз аниқ. Уларнинг айнан ким бўлишини эса, келинг, соғлом рақобат белгилаб берсин. Ана ўша соғлом рақобат қандай кечиши ЖЧ саралаши бошлангунга қадар ўтказиладиган халқаро мусобақалар, хусусан, Индонезиядаги Осиё ўйинларига ҳам боғлиқ бўлади. Мана энди, айланиб, ўргилиб, асосий мавзуга ҳам қайтиб олдик.

Августда бўладиган Осиё ўйинлари айнан ўша рақобатни ўрганиш жиҳатидан ҳам муҳим. Ундаги натижа эса Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатидан ҳам муҳимроқ бўлиб чиқиши муқаррар. Чунки Индонезияда нафақат 23 ёшлилар, балки 3 нафар ёши катта футболчи ҳам иштирок этади. Айнан шу нарса муҳим аҳамиятга эга.

ИНДОНЕЗИЯ

Ёдингизда бўлса, бир вақтлари 1989 йилда туғилган футболчилар иштирокида ўтказилган Осиё чемпионатида Маҳди Али бошчилигидаги БАА ёшлар термаси ғолибликка эришганди. Кейинчалик бу жамоа Олимпиадада қатнашди ва катта салоҳиятга эга эканини исботлай олди.

Нафсиламрини айтганда, Аҳмад Халил ва Умар Абдулраҳмон каби футболчиларни кашф этиб берган ўша жамоанинг ғалабали юришида ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилиги ғолиблиги муҳим аҳамият касб этганди.

Ҳозирда Осиё етакчиларидан ҳисобланган БАА миллий термасининг асосини айнан ўша ёшлар ташкил этади. Гарчи бу жамоа жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритолмаган бўлсада, амирликлар футболи кўтарилишида муҳим ўрин тутганини ҳеч ким инкор этолмайди.

Ҳозир Ўзбекистон ёшлар термаси ҳам ўша йўлни такрорлаш арафасида турибди. Бу йўлда эса Индонезияда ўтадиган мусобақанинг аҳамияти жуда катта. Хитойда бўлган Осиё чемпионатидаги ғалаба жамоага ғолиблик руҳиятини олиб келди.

Аммо ушбу натижани тасодиф деб биладиганлар ўзимизнинг орамизда ҳам топилади. Демак, ёшларимиз учун ҳали исботлайдиган нарсалар талайгина. Индонезиядаги мусобақа мана шу исбот учун энг қулай воситадир.

Шу билан бирга Осиё ўйинлари яна бир жиҳати билан қизиқишга сабаб бўлади. Бу гал ёшлар сафига Одил Аҳмедов, Виталий Денисов ва балки Сардор Рашидов ҳам қўшилиши мумкин.

Келгуси ЖЧ саралашида ҳам айнан шу футболчиларнинг укалари билан бирга майдонга тушишлари кутилмоқда. Хўш, бу икки авлод вакиллари бир-бирлари билан қандай келишиб кетишади?

Ишонамизки, мазкур саволга жавобни ҳам айнан Осиё ўйинлари беради. Шундай экан, қандай қилиб бу мусобақани муҳим, деб айта олмаймиз?

Умар БЕК


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz