Қайднома

Қидирув

Суперлига 1-тур: фактлар, қаҳрамонлар, иқтибослар ва бошқа турли кўрсатгичлар

Суперлига 1-тур: фактлар, қаҳрамонлар, иқтибослар ва бошқа турли кўрсатгичлар

  05.03.2018 15:13
  0
  555
Суперлига 1-тур: фактлар, қаҳрамонлар, иқтибослар ва бошқа турли кўрсатгичлар

Очиғи, интиқлик билан кутилган Суперлига 1-тури шарҳига мос сарлавҳа топишда анча қийналдик. 6та ўйин, 1та йирик ҳисоб, 3та дуранг (2таси - 0:0), мезбонларнинг 2та ва меҳмонларнинг 1та ғалабаси.

Бир қарашда, ҳаммаси одатдагидек. Аммо «чуқурроқ» кавлаганда, эътиборли жиҳат кўзга ташланади, албатта. Хуллас, ортда қолган дастлабки, 6та учрашувни жами 80617 мухлис бевосита стадионларда томоша қилди.

5та ўйинда мухлислар сони 10000дан ошганига нима дейсиз? Ҳа, футбол ихлосмандлари чинакам байрамга шай чоғланишмоқда. Энди клублар улардаги шу кўтаринкилик, шаштни пасайтирмаса, бас... 

Чемпионча старт

«Локомотив»ни Қатарда ўта муҳим ўйин кутиб тургани боисми, жамоа мураббийлари «Қизилқум»га қарши баҳсда таркиб бўйича ротацияга катта эътибор қаратишди. Хусусан, Ҳусниддин Ғофуровнинг ўйин схемасига тезда киришгани яққол сезилди.

«Қизилқум»нинг 44-рақамли ҳимоячиси Миржалол Қосимов 31-дақиқада Суперлигадаги сариқ карточкалар ҳисобини очиб берди. Орадан яна 2 дақиқа ўтиб эса, ўтган мавсумнинг энг яхши футболчиси - Марат Бикмаев ўйин ҳисобини очди.

Иккинчи бўлимда эса Икром Алибоев ва Сардор Мирзаев ҳам ўз номларига биттадан гол ёзиб қўйишди. Хуллас, амалдаги чемпион чемпионларга хос старт олди - 3:0.

Кураш руҳида муроса

Мавсум-2017 якунига кўра, юқори лигадан тушиб кетган «Нефтчи»ни элитага қайтариш учун клуб мухлислари ва раҳбарлари кўп иш қилишди. Ҳа, вилоят футболи раҳбарияти масалани «Цементчи» ҳисобига ҳал этди, аммо бунда мухлисларнинг ҳиссаси ҳам катта.

«Нефтчи» - Насаф» учрашувини афсонавий Биродар Абдураимов рамзий зарба билан бошлаб берганини айтиш жоиз. 11-дақиқада кўпчиликни хавотирга солган воқеа юз берди. «Насаф» вакили Дониёр Нарзуллаев «Нефтчи» ҳимоячиси Достон Турсунов билан жиддий тўқнашиб, ҳаттоки, ҳушини йўқотди.

Биринчи бўлимда асосан меҳмонлар ташаббус кўрсатишди, аммо мезбонлар хавфли вазиятлар яратиш бобида рақибдан сира қолишмадилар. Тўғри, дарвозалар томон аниқ зарба берилмади. Иккинчи 45 дақиқалик бошида «Нефтчи» ҳужумларни кучайтирди, аммо самарасиз...

Оддий айтганда, кураш, шиддат, ҳужум - барчаси зўр, фақат гол йўқ... Тур доирасидаги охирги ўйинда ҳам ҳисоб очилмади. Унда «Металлург» ҳам, «Навбаҳор» ҳам гол уришга яқин келди, фақат ҳал қилувчи зарбани талаб даражасида берадиган футболчи топилмади. Яна бир дуранг «Бунёдкор» - АГМК ўйинида кузатилди.

Бу баҳс «қалдирғочлар» учун ҳимоявий футболга қаршилик нуқтаи назаридан анча оғир кечди. «Бунёдкор» ғалабага эришиши мумкин эди, бироқ Миржалол Қосимов шогирдлари кўплаб хавфли вазиятларни кўкка совуришди. Тўғри, АГМК кўп ҳолларда ҳимояда 5 нафар футболчи билан ўйнади.

Иккисида мезбон устун

«Пахтакор» - «Сўғдиёна» ўйинига қизиқиш юқори эди. Чунки жиззахликлар тайёргарлик жараёнида «шерлар»га 0:7 ҳисобида ютқазишганди. Қолаверса, жамоа ЎФА раҳбарияти қарорига кўра, Суперлигага қайтарилди. Қизиқ ҳолат: 23-дақиқада стадионнинг 2та ёриткичи ўчиб қолди ва ўйин бир муддат тўхтатилди.

Шунинг ҳисобига биринчи бўлимга 9 дақиқа қўшиб берилди. Голлар танаффусдан кейин урилди: аввалига Шерзод Аъзамов ўзини кўрсатди, кейин Исмоил Гонсалвеш пенальтидан фойдаланди - 2:0. Ёдингиздами, «Пахтакор» ўтган мавсум ҳам 1-турдаёқ пенальти ишлаган, бироқ Жамшид Искандеров имкониятдан фойдаланолмаганди.

1-тур доирасидаги марказий ўйин - «Бухоро» - «Қўқон-1912» қарама-қаршилиги тақдирини ягона гол ҳал қилди. 78-дақиқада Саламат Қутибоев тўпни боши билан дарвозабон майдончаси олдига ташлаб бергач, Нўъмон Ҳасанов шогирдлари бу жойда Артём Филипосянни қаровсиз қолдиришди ва у 3 очкони ўз жамоаси томон «юмалатди».

*** «Пахтакор»нинг юқори дивизиондаги голлари сони 1724тага етди. Чемпионатимизда ундан кейинги ўринларда «Нефтчи» (1545та), «Навбаҳор» (1318та), «Насаф» (1127та), «Бухоро» (1043та) клублари бор. Умуман, 9та жамоагина 700тадан кўп гол урган.

*** «Нефтчи» чемпионатда жами 814та гол қўйиб юборган. Бу борада 5та клуб ундан «олдин»да: «Бухоро» (1123та), «Сўғдиёна» (1115та), «Динамо» (987та), «Навбаҳор» (951та) ва «Металлург» (929та). 10та жамоа 700тадан кўп гол қўйиб юборган.

Тур қаҳрамони - «Спорт»

Миллий чемпионатимизга ТВ эътибори ҳам кучая бошлади. «Спорт» телеканали Суперлига ўйинларини тўлақонли жонли эфирда намойиш этишни режалаштирган. Бунинг яққол исботини 1 март куни кўрдик - Бутунжаҳон бокс сериясининг 3-турида Uzbek Tigers жамоаси Colombia Heroicos (Колумбия)га қарши ўйнади.

«Спорт» эса бу жанг ўрнига чемпионат ўйинларини олиб берди. Умуман, 6та ўйин ҳам телетомошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Демак, «Спорт»ни рамзий маънода 1-тур қаҳрамони сифатида таърифласак арзийди.

Айтганча, биздаги маълумотларга қараганда, «Спорт» ижодкорлари ПФЛ билан ҳамкорликда ҳакамлик мавзуси бўйича янги лойиҳа - Referee time устида ишламоқдалар.

Унда ПФЛнинг ҳакамлар ишини баҳолайдиган махсус вакили тур ўйинларида юзага келган баҳсли ҳолатларни шарҳлаб беради. Бу ҳам Суперлига ўйинлари томошабоплигини ошириши, ўзбек футболи ривожига ёрдам бериши, шубҳасиз.

Тур иқтибослари

- Раҳбарият олдимизга рақибни енгиш вазифасини қўйганди. Лекин дуранг ҳам ёмон натижа эмас, менимча. Шукурали Пўлатов («Нефтчи» ҳимоячиси).

- Кейинги учрашув «Бунёдкор»га қарши, демак, унга жиддий тайёрланишимиз шарт. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Умуман, бошқа клубларнинг ҳам Бухородан очко олиб қайтиши осон эмас. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи).

- Ўйлашимча, натижа - ҳаққоний. Агарда ғалаба қозонганимизда, ноҳақлик бўларди. Виктор Кумиков (АГМК бош мураббийи).

- Ёшлар ҳақида гапирсам, улар учун масъулиятни бўйниларига олиш пайти келди. Энди бу йигитларга ёшларга қарагандек муносабатда бўлиш нотўғри. Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи).

«НЕФТЧИ» - «НАСАФ» - 0:0

1 март. Фарғона. 19632 томошабин.

Ҳакамлар: Равшан Эрматов (Тошкент), Абдуҳамидулло Расулов (Тошкент), Жаҳонгир Саидов (Тошкент), Жасур Мухторов (Тошкент).

«Нефтчи»: 1. А.Абдужалилов, 2. И.Шайқулов, 3. Ш.Пўлатов, 5. Ж.Кимсанов, 8. А.Махсталиев (10. А.Бердиев, 76), 9. А.Юсупов, 20. Ҳ.Ғофуров, 22. А.Исроилов, 29. В.Сушкин (23. А.Абдулҳақов, 46), 55. А.Агалиев (11. Э.Мамасолиев, 62), 95. Д.Турсунов.

«Насаф»: 35. С.Қувватов, 4. М.Каримов, 6. А.Ғаниев, 8. С.Рашидов (7. О.Ҳамробеков, 63), 10. Б.Абдухолиқов, 17. Д.Нарзуллаев (20. И.Кенжабоев, 13; 14. Ш.Муҳиддинов, 89), 22. И.Голбан, 27. И.Рашидхонов, 31. С.Раҳматов, 55. С.Лукич, 77. Ж.Ҳасанов.

Огоҳлантиришлар: Ш.Пўлатов (29), А.Агалиев (34), Э.Мамасолиев (85) - А.Ғаниев (26), С.Раҳматов (75), О.Ҳамробеков (85).

Назоратчи: Арслон Ҳотамов (Тошкент).

Комиссар: А.Фролов.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Биринчи навбатда, ҳаммани футбол мавсуми старти билан табриклайман. Учрашув ажойиб муҳитда кечди. «Истиқлол» стадионида аввал ҳам шундай зўр муҳитда тўп сурганмиз ва ўша ўйин эсимда - «Нефтчи»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этгандик.

Афсуски, бугун ғалаба қозонолмадик. Натижа ўйинга мос. Ҳар икки томон 3 очкони кўзлаб, ҳаракат қилди. Шунга яраша вазиятлар кўп содир этилди. Бироқ улардан фойдаланиш масаласида оқсадик. Ҳа, натижа биз учун қониқарли эмас, зеро, Фарғонага ғалаба илинжида келгандик. Начора, энди бор эътиборни ОЧЛ баҳсига қаратамиз.

Игорь Голбан («Насаф» ҳимоячиси): - Фарғоналикларни футбол мавсуми бошланганини билан қутлайман. Мухлислар билан тўлиб-тошган стадионда тўп суриш шахсан мени ўзгача илҳомлантирди. Ўйинга келсак, белгиланган режаларимиз тўлиқ амалга ошмади.

Ахир 2 очко йўқотдик. Аслида ғалаба қозониш учун майдонга тушгандик. Энди олдимизда муҳим учрашув турибди, табиийки, унда мухлисларимизга қувонч улашишимиз шарт.  

Сергей Ковшов («Нефтчи» бош мураббийи): - Бугун жиддий рақибга қарши муносиб кураш олиб бордик. Менга энг маъқул келган томони - «Нефтчи»нинг ғалабага чанқоқ эканлигини кўрсатгани. Жамоам охиригача курашди, ғалабага интилди.

Бугунги натижада айнан иштиёқ муҳим роль ўйнади. Албатта, ҳар бир мураббий жамоаси ғалаба қозонишини истайди. Хусусан, мен ҳам жамоадан ғалаба кутгандим. Муҳими, оғир меҳнат эвазига қимматли очкони қўлга киритдик. Йигитларнинг ҳаракатларидан кўнглим тўлди.

Шукурали Пўлатов («Нефтчи» ҳимоячиси): - Ҳа, бугун Ўзбекистоннинг энг кучли клубларидан бирига қарши тўп сурдик. «Насаф» ўтган мавсум бежиз 2-ўринни қўлга киритмади. Йигитлар билан ўйинга жиддий тайёргарлик кўргандик.

Шунингдек, мухлислар катта далда бериб туришди. Бунинг учун уларга раҳмат. Ўйлайманки, «Нефтчи» ёмон ўйнамади. Чунончи, раҳбарият олдимизга рақибни енгиш вазифасини қўйганди. Лекин дуранг ҳам ёмон натижа эмас, менимча.

------------------------------------------------------------------------

«ҚИЗИЛҚУМ» - «ЛОКОМОТИВ» - 0:3 (0:1)

1 март. Навоий. 11814 томошабин.

Ҳакамлар: А.Асимов (Тошкент), А.Калинин (Қарши), А.Буров (Бухоро), Ф.Норсафаров (Қарши).

Голлар: М.Бикмаев (32), И.Алибоев (58), С.Мирзаев (90).

«Қизилқум»: 77. Е.Черемисин, 4. Э.Бойдуллаев, 5. Г.Квесиешвили, 7. Н.Камолов (8. А.Рустамов, 46), 11. Д.Усмонов (18. С.Шодмонов, 46), 14. Ф.Қамбаров, 21. М.Убайдуллаев, 23. Ш.Жўраев, 30. Э.Григалашвили, 44. М.Қосимов (16. А.Юсупов, 72), 84. Н.Йованович.

«Локомотив»: 1. И.Нестеров, 5. К.Махарадзе, 7. С.Абдуллаев, 9. И.Алибоев, 10. М.Бикмаев (99. Чо Сук Жаэ, 84), 15. С.Мирзаев, 19. Ҳ.Ғофуров (77. Д.Туропов, 71), 20. И.Тўхтахўжаев, 22. С.Шоаҳмедов (4. Б.Йўлдошев, 80), 28. Ш.Муҳаммадиев, 33. О.Зотеев.

Огоҳлантиришлар: М.Қосимов (31), А.Рустамов (74) - С.Мирзаев (40).

Назоратчи: М.Исмоилов (Тошкент).

Комиссар: Л.Қўчқоров.

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Ўйин осон кечгани йўқ.  Рақиб муносиб қаршилик кўрсатишга уринди. Биз эса оғишмай ўз мақсадимиз сари интилдик. Муҳими, чемпионатни чиройли ғалаба билан бошладик. Энди бор эътиборни кейинги ўйинларга қаратамиз.

Зеро, жамоамизни тиғиз жадвал кутиб турибди. 12 мартга қадар яна 3та майдонга тушамиз. Шунинг учун бугун баъзи футболчиларга дам олиш имконини бердик. Мана, мавсумни яхши бошладик ва шу руҳда давом этишдан умидвормиз.

-----------------------------------------------------------------------

«ПАХТАКОР» - «СЎҒДИЁНА» - 2:0 (0:0)

2 март. Тошкент. 15026 томошабин.

Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов (Андижон), А.Маражабов (Андижон), З.Абдураҳмонов (Андижон),

А.Нажафалиев (Тошкент).

Голлар: Ш.Аъзамов (50), И.Гонсалвеш (81-пен.).

«Пахтакор»: 25. Э.Суюнов, 2. А.Шораҳмедов, 4. Ш.Аъзамов, 55. М.Симич, 34. Ф.Сайфиев, 80. Р.Гриффитс, 77. Т.Безерра (22. Ж.Яхшибоев, 86), 9. Ж.Машарипов (27. Д.Иброҳимов, 90), 18. Б.Абдураҳимов, 10. Ж.Искандеров (8. Д.Раҳматуллаев, 46), 11. И.Гонсалвеш.

«Сўғдиёна»:  23. Д.Ҳамроев, 26. А.Холмуродов, 4. Э.Орипов, 33. Т.Шамсиддинов (2. С.Қулматов, 58), 6. Д.Каримов, 31. Ж.Абдумўминов, 19. А.Зиёвуддинов, 8. Д.Ҳасанов (20. И.Маликжонов, 66), 9. С.Азимов, 3.  А.Исроилов (77. И.Абдуллаев, 81), 10. Ш.Норхонов.

Огоҳлантиришлар: М.Симич (43), Р.Гриффитс (78) - Д.Ҳасанов (57).

Назоратчи: Ф.Абдуллаев (Тошкент).

Комиссар: Ш.Ражабов.

Александр Мочинов («Сўғдиёна» бош мураббийи): - «Пахтакор»ни ғалаба билан табриклайман. Ўйин биз учун анча қийин кечди. Курашларга бой футбол гувоҳига айландик. Бироқ режаларимиз амалга ошмади. Майдонда ҳаракатланганлардан кимнидир ажратиб кўрсатмоқчи эмасман.

Тўғри, ҳакамлар кўп ҳуштак чалишди ва ўйин баъзан тўхтаб қолди. Футбол - жамоавий ўйин. Бугун жамоам ютқазди. Жисмоний ҳолат ўйиндан-ўйинга яхшиланиб боради. Шогирдларимиз ҳужум қилишмоқда, аммо зарба берадиган вазиятга чиқишда муаммолар бор. Бунинг устида ишлаймиз.

«Пахтакор» кучли ва ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган гранд жамоа. Мезбонлар бугун юқори иштиёқда ўйнашди. Айни шу жиҳат бугунги муваффақиятлари бош омили бўлди, менимча.

Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - Биринчи навбатда, барчани янги мавсум билан табриклайман. Суперлигани ғалаба билан бошлаганимиз қувонарли, албатта. Лекин ўйин мураккаб кечди. Ҳа, рақибга нисбатан кўпроқ вазиятлар яратдик.

«Сўғдиёна» вакиллари биринчи бўлимда атиги 1та хавфли зарба йўллашди. Танаффусдан кейин эса уларга умуман имкон бермадик. Чунки иккинчи бўлим олдидан футболчиларга олдинги чизиқда кўпроқ ҳаракатланиш, ҳужум орқали рақибга босим ўтказиш лозимлигини уқтирдик.

Мавсумни ғалаба билан бошлаш муҳим эди. Хуллас, ўйин боришини ўзгартира олдик ва ҳақли ғалабани нишонладик. Абдураҳимов иккинчи бўлимда жуда фаол ўйнади. У ҳужумчи ортида ўзини яхши ҳис қилади. Кейинги учрашув «Бунёдкор»га қарши, демак, унга жиддий тайёрланишимиз шарт. Ахир рақиб сифатли футбол намойиш этадиган жамоа саналади.

----------------------------------------------------------------------

«БУХОРО» - «ҚЎҚОН-1912» - 1:0 (0:0)

3 март. Бухоро. 13495 томошабин.

Ҳакамлар: Владислав Цейтлин (Тошкент), Темур Галлеев (Тошкент), Александр Сидоров (Тошкент), Акобир Шукруллаев (Тошкент).

Гол: А.Филипосян (79).

«Бухоро»: 30. А.Омонов, 7. А.Аманов (77. Ж.Қаҳрамонов, 46), 8. С.Қутибоев, 10. Ш.Саломов, 11. С.Шихов, 16. А.Филипосян, 18. Ш.Муллажонов, 22. Ш.Эркинов (14. Б.Насимов, 46), 27. Р.Ҳасанов, 86. А.Ибрагимов (55. Р.Бердимуродов, 76), 89. С.Русецкий.

«Қўқон-1912»: 1. Ў.Юсупов, 5. Ғ.Комилов, 9. Н.Отақўзиев, 10. Ж.Сиддиқов, 17. Қ.Рўзиев, 19. С.Бердиев, 22. М.Холмуҳаммедов, 23. А.Мерзляков, 55. Д.Гожкович, 65. М.Милич, 96. М.Ҳасанов.

Захира: 30. И.Абдуллаев, 14. А.Маматхўжаев, 15. О.Рустамов, 29. И.Таран, 44. И.Охунжонов, 97. М.Қурбонов.

Огоҳлантиришлар: А.Филипосян (49) - С.Бердиев (69).

Назоратчи: А.Попов (Тошкент).

Комиссар: М.Саидқосимов.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Чиройли ўйин, яхши жанг. Футболчиларга катта раҳмат. Улар барча кўрсатмаларимни тўғри бажаришди. Ўз ўрнида, Қўқондан келиб, бизни муносиб қўллаб-қувватлаган мухлислардан узр сўрайман. Ўйлайманки, яхши ўйин-ларимиз ҳали олдинда.

Рақибга келсак, «Бухоро» яхши шаклланган жамоа, таркибида тажрибали футболчилар бор. Умуман, бошқа клубларнинг ҳам Бухородан очко олиб қайтиши осон эмас. Бугун рақиб дарвозаси олдида голга тортадиган 3та яққол вазият яратдик.

Бироқ улардан фойдаланолмай, битта хато туфайли мағлубиятга учрадик. Қисқаси, ютқазмадик, шунчаки, жамоамизга омад етишмади. Кейинги ўйинларда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз, албатта. Фақат хатолардан тўғри хулоса чиқарсак, бас.

Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912» ярим ҳимоячиси): - Аввало, айтишим керак, ўйин чиройли чиқди. «Бухоро»га ўз майдонида тўп сургани ҳам қўл келди. Лекин бу мағлубиятга баҳона бўлолмайди. Чемпионат энди бошланди ва ўтган йилги натижаларни такрорлашга уриниб кўрамиз, албатта.

«БУНЁДКОР» - АГМК - 1:1 (0:1)

3 март. Тошкент. 12475 томошабин.

Ҳакамлар: З.Қодиров (Навоий), О.Жумаев (Навоий), Р.Самандаров (Навоий), Э.Турсунов (Бухоро).

Голлар: Д.Умиров (88) - Й.Жокич (39-пен.).

«Бунёдкор»: 32. С.Султонов, 2. Р.Ашурматов, 4. А.Комилов, 6. А.Ғофуров, 8. Ж.Иброҳимов, 9. Ш.Нурматов, 11. М.Тошматов (21. Р.Йўлдошев, 58), 13. С.Қодирқулов (14. М.Мираҳмадов, 80), 20. М.Сулаймонов, 44. М.Қосимов (28. Д.Умиров, 76), 99. Ф.Райевац.

АГМК: 12. Р.Абдулов, 2. А.Ҳожиакбаров, 4. Х.Мухторов, 8. М.Музаффаров (21. Ғ.Ғуломов, 69), 10. Ш.Норбеков (20. И.Нўъмонов, 80), 13. Л.Тўраев, 15. В.Бубанья, 18. Қ.Баҳодиров, 23. Й.Жокич, 24. Ж.Гусейнов, 87. В.Чемиртан (9. З.Полвонов, 74).

Огоҳлантиришлар: Ж.Иброҳимов (30) - М.Музаффаров (63).

Назоратчи: И.Нехочин (Наманган).

Комиссар: Б.Орипов.

Виктор Кумиков (АГМК бош мураббийи): - Ўйлашимча, натижа - ҳаққоний. Агарда ғалаба қозонганимизда, ноҳақлик бўларди. Чунки ўйин бобида «Бунёдкор» яхши кўринди. Мезбонлар кўпроқ ҳужумга ўтишди ва вазиятлар яратишди. Аммо бошқа томондан қарасак, охирида гол қўйиб юбориб, ғалабани қўлдан чиқариш жуда аламли.

Тўғриси, жамоамдан яхшироқ футбол кутгандим. Чунки мавсумга тайёргарлик жараёнида самарали йиғинлар ўтказгандик. Бироқ бугун жамоамни таниёлмай қолдим. Дейлик, захирадан майдонга тушган футболчилар ўйинни кучайтиролмадилар. Аксинча, ҳаракатларни бироз бузишди.

Фақатгина Ғуломҳайдар Ғуломов кўрсатмаларимни яхшироқ бажарди. Нўъмонов ва Полвонов эса талаб даражасида ҳаракат қилолмадилар. Полвонов аслида асосий таркиб вакили саналади. Эҳтимол, у ўйинни бошланғич таркибда бошласа, ўзини яхшироқ ҳис этар...

Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Ҳамма янги мавсум старт олганидан хурсанд. Ўйинга ўзгача иштиёқ билан тайёргарлик кўргандик. Чунки АГМК жиддий рақиб эканлигини биламиз. Кумиков Олмалиқда ажойиб ва кучли жамоа шакллантирмоқда.

АГМК ҳимояда зич туриб, қарши ҳужумда кескин ҳаракатланадиган жамоа саналади. Қолаверса, стандарт вазиятлардан анча самарали фойдаланади. Дастлабки бўлимда футболчилардаги ҳис-ҳаяжон ўзимиз ўйлаган ўйинни намойиш этишимизга тўсқинлик қилди.

Фақат иккинчи бўлимда ўйинимиз анча ўнгланди. Ўйлашимча, якунда адолатли натижа қайд этилди. Мени қувонтирган ҳолат шуки, жамоам охиригача курашди, йигитлар кўзида иштиёқни кўрдим.

Мавсум энди бошланди. Бизни олдинда қизиқарли ва қизғин тус оладиган чемпионат кутмоқда. Ўйлайманки, жамоам ўйиндан ўйинга кучайиб, мухлислар кутаётган савияда футбол кўрсатади.

- Шоҳруҳ Гадоевнинг ҳаттоки, қайдномага ҳам киритилмагани нима билан боғлиқ?

- Унга хориждан таклиф тушди. Айни пайт бу борада музокара олиб боряпмиз ва тез орада келишувга эришилса керак. Гадоев шу боис ўйинда иштирок этмади. Чунки уни жамоага қайтараётганимизда хориждан таклиф олса, муаммосиз қўйиб юборишимизни айтгандик.

- Бугун жамоада дебют қилган футболчиларга қандай баҳо берасиз?

- Албатта, ҳар бир янги футболчининг жамоага қўшилиб кетиши учун вақт керак. Ҳа, янги футболчиларимиз назорат учрашувларида яхши таассурот қолдиришди. Аммо расмий ўйин бошқа, барибир. Ўйлайманки, янгилар ўйинимизга тезда мослашишади. Ёшлар ҳақида гапирсам, улар учун масъулиятни бўйниларига олиш пайти келди. Энди бу йигитларга ёшларга қарагандек муносабатда бўлиш нотўғри.

- Таркибдаги энг тажрибали ҳужумчилардан бири Нурматов кўп вазиятларда тўпни йўқотди, дарвозага аниқ зарба беришда ҳам оқсади. Бу биринчи марта кузатилмаяпти. Балки машғулотларда у билан индивидуал ишлаш керакдир...

- Машғулотларда барча жиҳатларни инобатга оламиз. Яъни дарвозабонлар, ҳимоячилар, ярим ҳимоялар ва ҳужумчилар алоҳида дастур бўйича шуғулланишади. Камчиликлар бор ва улар устида ишлашимиз аниқ.

-------------------------------------------------------------------------

«МЕТАЛЛУРГ» - «НАВБАҲОР» - 0:0

4 март. Бекобод. 8175 томошабин.

Ҳакамлар: В.Серазетдинов (Тошкент), Р.Нугманов (Тошкент), Д.Сайлавов (Тошкент), Р.Лутфулин (Тошкент).

«Металлург»: 1. З.Сафоев, 5. А.Отахонов, 8. Ш.Шайманов (9. З.Ўринбоев, 80), 10. И.Исоқжонов (7. С.Нуруллоев, 68), 15. З.Абдуллаев, 16. Ж.Ҳасанов, 37. Ш.Файзиев, 55. А.Исматуллаев, 77. М.Исаев, 88. А.Ҳусинов, 90. З.Тўраев (91. П.Смоляченко, 62).

«Навбаҳор»: 1. Б.Эргашев, 6. О.Ўрунов (11. З.Пиримов, 68), 9. Д.Жабборов, 10. А.Турғунбоев, 12. Н.Иньяц (17. С.Сулаймонов, 85), 19. М.Ғофуров (8. А.Нўъмонов, 80), 21. А.Алиев, 24. Д.Ҳошимов, 32. Ж.Меҳмонов, 33. Т.Пайович, 44. Д.Станоевич.

Огоҳлантиришлар: А.Ҳусинов (48) - Д.Станович (45), Т.Пайович (55).

Назоратчи: Б.Тоғаев (Тошкент).

Комиссар: Р.Черников.

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Ўйин дурангга мос бўлди. Кўрдинглар, майдонда жанговар кураш борди. Бироқ ўта кескин хавфли вазиятлар юзага келмади. Яъни асосан майдон марказида кураш кечди. Шундай экан, дуранг адолатли натижа, менимча.

Афсуски, бугун стандарт вазиятлардан фойдаланолмадик. Стартдаги ҳаяжон халақит бердими, шогирдларим мен хоҳлагандек ўйин кўрсата олишмади. Шунга қарамай, йигитларга ирода намойиш қилишгани, майдонда борларини беришгани учун раҳмат. Олдимизга юқори марраларни забт этиш вазифаси қўйилган.

Демакки, ҳар бир очко олтинга тенг. Энди хатолар устида ишлаб, кейинги учрашувларда яхшироқ натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Мухлисларимизга тенг келадиганини топиш мушкул.

Мана, улар бугун ҳам жамоа ортидан шунча йўл босиб келишди. Келгуси турларда  чиройли ўйинлар эвазига мухлислар ишончини оқлашимиз зарур.

Азиз Турғунбоев («Навбаҳор» ярим ҳимоячиси): - Ўйинда шиддат сезилиб турди. Бекободга ғалаба учун келгандик. Зеро, олдимизга катта вазифа қўйилган. Шу сабаб, ҳар бир ўйинда 3 очко олиш муҳим.

Тур Статистикаси

Ўйин: 6

Гол: 8  (ўртача: 1,33...)

Томошабин: 80617 (ўртача: 13436...)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Нефтчи» - «Насаф» (19632)

Мезбонлар ғалабаси: 2, Меҳмонлар ғалабаси: 1

Дуранг: 3

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Локомотив» - 3:0)

Энг  сермаҳсул ўйин:  «Қизилқум» - «Локомотив» (3та гол)

Огоҳлантириш: 19 (ўртача: 3,16...), Четлатиш: -

Энг «қўпол» ўйин: «Нефтчи» - «Насаф» (6та «сариқ»)

Пенальти: 2 (самарали)

«Дубль»: -, «Хет-трик»: -, Автогол: -

 

2-ТУР

8 март (пайшанба)

АГМК - Навбаҳор

Қўқон-1912 - Қизилқум

9 март (жума)

Насаф - Бухоро

Локомотив - Металлург

10 март (шанба)

Сўғдиёна - Нефтчи

Бунёдкор – Пахтакор


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz