Қайднома

Қидирув

Дино Баджо: «Бразилия чемпион бўлади»

Дино Баджо: «Бразилия чемпион бўлади»

  06.03.2018 03:38
  0
  727
Дино Баджо: «Бразилия чемпион бўлади»

Февраль ойи бошида Москвада ўтган Афсоналар кубоги мусобақасида «ССФ» мухбири Дино Баджодан интервью олди.

«Ювентус», «Парма» клублари ва Италия термасининг собиқ футболчиси ёшликдаги хатолари, тўйидаги можарони ёдга олди ҳамда уни машҳур фамилиядоши Роберто қандай чув туширганини эслади.

«ИТАЛИЯ ФУТБОЛИ 20 ЙИЛ ОРТДА ҚОЛДИ»

- Кўпчилик сизни ЖЧ-1994 гуруҳ босқичида Норвегия дарвозасига урган ғалаба голингиз туфайли ёдида сақлаб қолган...

- Чиндан ҳам, ўша баҳсни кўп бор эслатишади. Биринчи ўйинда биз Ирландияга ютқазиб қўйганимиз сабабли, «плей-офф»га чиқиш масаласи катта сўроқ остида қолганди. Шу боис, қандай қилиб бўлса-да, норвегияликларни мағлуб этишимиз шарт эди. Аммо ўшанда омад келмаганини қарангки, ўйин давомида Франко Барези жароҳатланди, дарвозабон Пальюка эса қизил карточка ишлаб олди.

Оқибатда, биз майдонда камчилик бўлиб қолдик ва Арриго Сакки кутилмаган қарорни қабул қилди: ўшанда энг яхшилардан бири ҳисобланган Роберто Баджони захирага олди. Ростини айтсам, терма аъзолари ваҳимага тушиб қолган, ҳамма бизга қарши, нима қилишни билмасдик. Яхши ҳам омад биз томонда бўлди, сабаби доим ҳам бош билан аниқ ва кучли зарба беролмайман.

Аммо ўшанда уч ҳимоячи орасидан энг баланд сакрадим ва кўзларимни юмганча зарба бердим. Тўп қаёққа йўналганини ҳам билмасдим, лекин трибуналарда ҳайқириқлар янграгач, мақсадга эришганимизни билдим.

Ўша мусобақа чорак финалида испанлар дарвозасига ҳам гол урдим. Футболдаги эстетика ва гўзалликни эътиборга олсак, айнан ўша киритилган тўп менга кўпроқ ёқади. Муҳимлиги жиҳатидан биринчисининг ўрни алоҳида. Ахир ўшанда биз бир оёғимиз билан уйда эдик-да. Ҳамон ўша баҳсда қандай қилиб ғолиб бўлганимизни тушунолмайман.

- Ўтмишдан келажакка ўтсак. Россиядаги мундиалдан нималар кут-япсиз?

- Россия термаси гуруҳ босқичидан чиқади, деб ўйлайман. Аммо уёғига анча қийин бўлиши аниқ. Фаворитлар номи тайин, уларнинг мухлисларни ҳайрон қолдиришини кутиш бефойда.

Ким чемпион бўлишини сўрамоқчимисиз? Бразилия. Ҳаммаси оддий: статистика бўйича топ-терма мундиални ёки қитъа биринчилигини тахминан 10-12 йилда бир марта ютиб олади.

Шу тариқа, Россияда ё Бразилия ёки бўлмаса, Италия ғолиб чиқиши керак эди. Аммо ватандошларим мазкур форумга келмасликларини эсга олсак, фақат пентакампеонлар қоляпти.

- «Скуадра адзурра» сўнгги 60 йилда илк бор ЖЧга чиқолмади, нимага?

- Афсуски, мен хотима шундай бўлишини кутгандим. Итальянларнинг футбол тизими замонавийсидан тахминан 20 йилга ортда қолди. Тўғри, 2006 йили терма жаҳон чемпионига айланди, аммо ўшанда муваффақиятни мустаҳкамлаш ўрнига кўпчилик ғалаба суруридан маст бўлди.

Рақиблар эса ўз ўйинларини яхшилаш масаласида ўйлашди. Биздаги муаммо асосан, ёшлар билан ишлашда кўзга ташланмоқда. Клублар иқтидорларни тарбиялаш ўрнига хориждан тайёр футболчиларни олиб келишни маъқул кўришяпти.

Ҳатто ўйинчи катта иқтидор эгаси бўлса ҳам, унда ўзини кўрсатиш учун вақт кам - ахир 90 фоиз ҳолларда мураббий хорижликлар хизматига мурожаат қиляпти-да. Бунга қўшимча равишда, ёшларимизда халқаро амалиёт йўқ ҳисоби. Бусиз эса ўсиш бўлмаслиги аниқ.

- Агар Италия Россияга борганида, балки бундай фикр юритмасмидингиз...?

- Шундай бўлганига хурсандман, деса ҳам бўлаверади. Зеро, ҳар қандай хато устида албатта иш олиб борилиши аниқ. Швецияга қарши ўйинга келсак, ғалаба қозонишимиз шарт бўлгани ҳолда кўплаб тактик хатоларга йўл қўйдик. Мен ЖЧ йўлланмаси учун норвегияликларга қарши ўйинда футболчиларимиз орасида ишончсизлик пайдо бўлгани ҳақида гапиргандим.

Илк баҳсда ютқазиб қўйгач, шведларга қарши ўтган 2-ўйинда футболчиларимизда ўз кучига бўлган ишончсизлик руҳи ҳукмронлик қилди. Жан Пьеро Вентура учрашув ниҳоясига етай деб қолганида майдонга ҳужумчи Инсиньени эмас, ҳимоячи Де Россини туширмоқчи бўлганини эсланг.

Ўшанда ҳатто Лоренцо ҳам Италияни сақлаб қололмасди. Биз ўйин бошланишидан аввал уни бой бериб қўйгандик.

«НАПОЛИ» СКУДЕТТОГА ЭГА ЧИҚИШИ ШАРТ»

- «А» серияси ҳақида гаплашсак. «Наполи» ҳар қачонгидан ҳам яхши кўриняпти.

- Ҳаддан ортиқ яхши (кулади). Маурицио Сарри жамоаси Италиядаги энг яхши футболни кўрсатяпти, дейиш ҳам мумкин ва клуб чемпионатда ғолиб бўлиши шарт. «Ювен-тус»га эса Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш даври келди.

- Кўпчилик Сарри ҳамма томондан Арриго Саккига тақлид қилмоқда, деб ўйлайди.

- Менга Мауриционинг иш услуби ёқади. Балки сиз ҳақдирсиз. Чиндан ҳам, ҳозир «Наполи» Арриго амалиётдан ўтказган тайёргарлик услубидан фойдаланмоқда.

Ҳатто футболдан ташқарида ҳам Сарри суткасига 24 соат ва бир йилда 365 кун фақат футбол ҳақида ўйлайди. Шу боис ҳам у чемпионликка энг муносиб.

- Дарвоқе, Сакки йиғин пайтларида ҳатто тунда ҳам футболчини суҳбатга чақириши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар бўлганди.

- Сакки мен бирга ишлаш бахтига муяссар бўлган мураббийлар орасида энг яхшиси эди. Ундан кўп нарса ўргандим ва ҳозир мактабда болаларга унинг услуби асосида сабоқ беряпман. Қисқа қилиб айтганда, Арриго футболда кам учрайдиган ислоҳотчилар сирасига кирарди.

- У сизни ҳам тунда безовта қилганмиди?

- (Кулади) Биз у тахминан қачон хоналарни айланишини билардик ва чироқни, телефонларни ўчириб, ўзимизни ухлаётганга солиб олардик. Арриго эшикни очарди-да, ухлаётганимизни кўргач, индамай ортга қайтарди.

Аммо у кимдир ухламаётганини билиб қолса, хонасига олиб бориб, маълум бир учрашувни таҳлил қилишга мажбур этарди. Ҳозир ўшанда ўзимни ухлаганга солиб олганимга ачинаман: ахир ўз ишининг устасидан янада кўпроқ нарсани ўрганишим мумкин эди-да.

- Жорий мавсумда «Ювентус»нинг яккаҳокимлигига барҳам берилиш эҳтимоли юқори. Аммо у шунчалик узоқ давом этдики...

- Афсуски, шундай. Ҳозир «Наполи»га мухлислик қиламан - ахир «А» сериясида рақобатбардошлик бўлиши ҳам керак-ку. Аммо «Ювентус» сўнгги йилларда ҳақли равишда ғолиб бўлганини тан олиш керак.

Клуб тизими аъло даражада ишлайди. Жамоа ўзагига айланган ва футболчиларни бирлаштира оладиганлар кўп. Бошқа клубларда эса доимий равишда ротация жараёни давом этади.

«ТЎЙИМ ТУФАЙЛИ ДИСКВАЛИФИКАЦИЯГА УЧРАГАНМАН»

- Аммо «Ювентус» доим ҳам ҳақли равишда чемпионликка эришмаган. Бир марта шу ҳақда гапириб қўйиб, анчага тушгандингиз ҳам.

- «Кальчополи» можаросини назарда тутяпсизми? «Ювентус» «тозаланиб» олганидан сўнг, «А» серияда таш-қи ёрдамларсиз ғолиб бўлгани аниқ. 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошидаги ҳакамликлар масаласига келсак, улар сабаб анчагина жабрланганим аниқ.

- Келинг, ўша тарихни ёдга оламиз.

- «Парма»нинг «Ювентус»га қарши ўйинида Замброттага нисбатан фол ишлатдим. Унчалик эътиборли вазият бўлмасада, Стефано Фарина чўнтагидан қизил карточка олди.

Ўзимни тутолмай, ҳакамга ножўя ишора қилдим. Тизимни яхшилаш учун ҳақиқатни айтсам, адолат мен томонда бўлади, деб ўйлагандим. Аммо мен кабиларни бундай тизим дарҳол йўқ қилиб юборишини эътиборга олмаган эканман - ҳақиқатим ҳеч кимга керак эмас экан. Умуман олганда, баъзида тилни тийиб юрган маъқулроқ бўларкан.

Ўша учрашувдаги ишорам зараримга ишлади - дисквалификация қилиндим, Европа биринчилигига боролмадим. Орадан 6 йил ўтгач эса, «кальчополи» воқеаси юз берди - Фаринанинг чинданам пора олгани исботланди. Бўлар иш бўлди.

- Аммо саргузаштларингиз бу билан тугамади...

- Еврога боролмагач, бу вақт оралиғида тўйимни ўтказиб олишга аҳд қилдим. Аммо никоҳ маросими санаси белгилаб қўйилган бир пайтда «Парма» президенти қўнғироқ қилиб, термага чақиришмаган экан, у ҳолда клуб таркибида Хитойга - тижорат турнирига боришим лозимлигини айтди.

Тўйим ҳақида гапирганимда эса, жарима ва асосий таркибдан четлатилишимни таъкидлаб, қўрқита бошлади. «Қўлингиздан келганини қилинг!», - дедим. Натижада, менга нисбатан жарима санкциялари қўлланилди. Ҳамон ўшанда тўғри йўл тутганимга ишонаман ва тарих такрорланса, яна шу ишни қилган бўлардим.

- Бирорта қувноқроқ воқеани айтиб беринг.

- Эсимда, августда Роберто Баджо овга таклиф қилиб қолди. Ташқарида 40 даража иссиқлиги боис, ўзим билан газланган ичимлик олволдим. Баджо эса сув солинган шишани очмаслигим кераклигини, йўқса барча ўрдаклар шовқиндан учиб кетиши мумкинлигини айтиб қолса бўладими.

Оқибатда, саратон иссиғида сувсиз 3 соат юришга мажбур бўлдим. Кейин чидолмай, шишани очдим. Ўшанда Баджо узоқ кулганди. Бош-қа бир сафар ТВ ходимлари мени аҳмоқ қилишганди. Машинамни пачоқлаб, унга ачиган помидор ва қандайдир бўёқлар чаплаб, қандай реакция билдиришимни суратга олишган.

Ўшанда ўзимни назорат қилолмайдиган даражада жаҳлим чиққанди. Кейин менга етказилган моддий зарар қопланди, аммо ҳазил антиқа бўлгани аниқ.

- Сиз юксак савияли футболчилар билан елкама-елка туриб ўйнадингиз. Армонингиз борми?

- Дарҳақиқат, жамоадошлар борасида омадим келди. Аммо «Милан»га ўтиш, Гуллит, ван Бастен, Райкардлар билан бирга тўп суриш имконига эга бўла туриб, ундан фойдалана олмаганимдан ҳануз афсусдаман.

Айтиш мумкинки, ўшанда шартнома тузилган ҳам эди, ҳисоб. Аммо энг сўнгги лаҳзаларда келишув амалга ошмай қолди. Сабаби ҳақида тўхталишни истамасдим. Шу тариқа «Милан» ўрнига «Парма»да ўйнадим ва бу ҳам ёмон вариант эмасди.

«РОССИЯЛИКЛАРНИ МАҒЛУБ ЭТИШ - НОРЕАЛ»

- Нима сабабдан россияликларни Афсоналар кубогида мағлуб этишни ҳеч ким уддалай олмайди?

- Бу - нореал нарса! Боз устига, улар анча ёш ва 6х6 форматда ўйнашга ўрганиб қолишган. Италияда бундай ўйнашмайди. Бу ерда аутлар ҳам йўқ. Ростини айтсам, биз Россияга дам олиш учун келгандик ва бунинг уддасидан чиқдик ҳам.

- Сўнгги савол: Роналдуми ёки Месси?

- Албатта, Роналду. У ҳаммадан яхши.

- Барча замонларнинг энг яхши футболчиси-чи?

- Марадона!

МАЪЛУМОТ УЧУН

ДИНО БАДЖО

1971 йил 24 июлда Кампозампьеро(Италия)да туғилган.

Фаолияти: таянч ярим ҳимоячиси сифатида «Торино» (1988-1991), «Интер» (1991-1992), «Ювентус» (1992-1994), «Парма» (1994-2000), «Лацио» (2000-2003), «Блэкберн» (2003), «Анкона» (2004), «Триестина» (2005), «Томболо» (2008) клублари шарафини ҳимоя қилган.

Эришган муваффақиятлари: Италия кубоги (1998|1999) ва суперкубоги (1999) соҳиби, УЕФА кубогининг уч карра ғолиби (1992|1993, 1994|1995, 1998|1999), жаҳон вице-чемпиони (1994).

Италия термаси сафида 60та учрашувда майдонга тушиб, 7та гол урган.

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz