Қайднома

Қидирув

Легионерларимиздан дараклар ёки дабдабали старт

Легионерларимиздан дараклар ёки дабдабали старт

  06.03.2018 08:11
  0
  612
Легионерларимиздан дараклар ёки дабдабали старт

Абдухолиқов гол урди, аммо... Темурхўжа Абдухолиқов Қатар Юлдузлар лигасида ниҳоят, навбатдаги голини нишонлади. Бироқ ҳамюртимизнинг жорий мавсумдаги 8-голи «Ал-Сайлия»га наф келтирмади. Чунончи, жамоа ўз майдонида «Ал-Хор»га 1:2 ҳисобида ютқазди. 59-дақиқада рақиб дарвозасини нишонга олган Темурхўжа бу учрашувда тўлиқ вақт тўп сурди. Қатардаги яна бир легионеримиз Санжар Турсунов ҳам 19-турда мағлубият аламини тортди. Фарқи шуки, унинг клуби - «Ал-Ҳарайтиат» сафарда ўйнади ва «Ал-Аҳли»га бас келолмади - 2:3. Ҳамюртимиз мазкур ўйинни бошланғич таркибда бошлаб, охирига қадар фаол ҳаракатланди, аммо...

Ажойиб старт. 2 март куни Хитой Супер-лигасининг навбатдаги мавсумига старт берилди. ОЧЛ ўйинларини яхши бошлаган «Шанхай СИПГ» клуби миллий чемпионат доирасидаги илк ўйинда ўта йирик ҳисобни қайд этди. Диққат қилинг, шанхайликлар ўз майдонларида «Далян Ифан» дарвозасига нақ 8та жавобсиз гол уришди. Жамоа сафидаги Одил Аҳмедов ушбу жимжимадор ғалабага муносиб улуш қўшди, албатта. Яъни майдонда 90 дақиқа ҳаракатланган терма жамоамиз 2та гол ҳаммуаллифига айланди. Анзур Исмоиловнинг клуби - «Чанчун Ятаи» эса 1-турда «Шанхай Шенхуа»га қарши баҳс олиб бориб, 1:1 ҳисобига кўнди. «Ятаи» фахрийсига айланиб улгурган ҳамюртимиз бутун учрашув давомида ҳимояни назорат қилиш баробарида 11-дақиқада сариқ карточка олди.

Кўтаринки руҳ. «Теҳрон дербиси» Эрон чемпионатининг 25-тури безаги бўлди. Муҳими, таркибида Сервер Жепаров ўйнаётган «Истиқлол» клуби ўз майдонида чемпионат пешқадами - «Пирузи»ни мағлубиятга учратди - 1:0. Иккинчи даврада дадил одимлаётган «истиқлолчилар»нинг бошланғич таркибидан жой олган ҳамюртимиз 80-дақиқага қадар майдонда фаоллиги ва аниқ узатмалари билан ажралиб турди. Эътиборли томони, мазкур учрашувни ФИФА президенти Жанни Инфантино бевосита стадионда кузатди.

«Ўзбекча дерби». БАА чемпионати 18-турида икки нафар ҳамюртимиз майдонда ўзаро тўқнаш келди. Ўзига хос «ўзбекча дерби»да «Ажман» (Азиз Ҳайдаров) клуби «Ал-Дафра» (Игорь Сергеев)ни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида зафар қучди. Ҳар икки футболчимиз ўйинни ўз жамоаси асосий таркибида бошлади. Тўғри, Ҳайдаров «Ажман» сафида 90 дақиқа ҳаракатланган бўлса, Сергеев биринчи бўлимдан сўнг ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Отабек Шукуровнинг жамоаси - «Шаржа» эса «Эмирейтс» майдонида 0:0 ҳисобини қайд этди. Терма жамоамиз ярим ҳимоячиси бу сафар ҳам тўлиқ 90 дақиқа фаол тўп сурди.

Элдор, қачон гол урасан? Россия Премьер-лигасининг ҳал қилувчи - баҳорги босқичи бошланди. Ўтган йили «Ростов» сафига қўшилган ва чемпионатда ҳали голлари ҳисобини очмаган Элдор Шомуродов «Краснодар»га қарши ўйинни асосий таркибда бошлади, аммо «буқалар» дарвозасига йўл тополмади. Хуллас, Элдор 65-дақиқада алмаштирилди. Боз устига, «Ростов» ортга мағлубият билан қайтди - 1:3. «Локомотив»даги ҳамюртимиз Виталий Денисов эса «Спартак»ка қарши кечган уй учрашуви (0:0)да қатнашмади. Айтиш жоиз, Вагиз Галиулин жамоаси - «Тосно» учун Россия футбол мавсуми иккинчи қисми (танаффусдан кейин) анча муваффақиятли бошланди. Бу клуб Премьер-лига доирасида «СКА-Энергия» меҳмони бўлиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Вагиз муҳим 3 очко қўлга киритилган баҳсда 76 дақиқа ҳаракатланди. У ҳафта ўртасида «Тосно»нинг Россия кубоги ярим финалига йўл олишига ҳам ҳисса қўшганди. Яъни «Луч-Энергия» билан ўйинда 90-дақиқага қадар тўп сурган ва жамоаси 2:1 ҳисобида устун келганди. «Тосно» энди финал йўлида «Крилья Советов» - «Спартак» жуфтлиги ғолиби билан куч синашади. «Анжи» сафига қўшилган Достон Ҳамдамовга келсак, у «Рубин»га қарши ўйин қайдномасига ҳам киритилмади. Қолаверса, Достон Махачқалъа клуби томонидан расман таништирилган янги футболчилар қаторида ҳам кўринмади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz