Қайднома

Қидирув

ЎФА томонидан қабул қилинган яхши ва ёмон қарорлар ҳақида

ЎФА томонидан қабул қилинган яхши ва ёмон қарорлар ҳақида

  10.03.2018 06:29
  0
  924
ЎФА томонидан қабул қилинган яхши ва ёмон қарорлар ҳақида

Ўзбек футболида охирги ярим йилда ўзгаришлар шу қадар кўп бўлдики, қай биридан бошлашни ҳам билмайсан. Ҳаммасини айтсак, газетада биз учун ажратилган саҳифа етмай қолиши мумкин. Шу боис фақат асосийларига тўхталишга ҳаракат қиламиз.

Ўзгаришлар бўлгани яхши, аммо Ўзбекистон футбол федерациясининг (ҳозирда ассоциация) ҳамма тадбирлари ҳам мухлисларнинг эътиборига тушди, дея оламизми? Баъзиларини тушуниш жуда қийин бўлди.

Қуйида ЎФАнинг энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган қарорларини келтириб ўтамиз. Аввал ижобийларини, кейин эса бизнинг наздимиздаги салбийларини. У ёғига эса, хулоса ўзингиздан.

СУПЕРЛИГА

Ўзбекистон чемпионатининг аввалги формати аллақачон ўз даврини ўтаб бўлганди. Бунга шубҳа йўқ. Футбол ҳам худди иқтисод сингари, ҳамма нарса талаб ва таклифга асосланиши керак. Собиқ олий лигада эса, истайсизми ёки йўқ, 16та жамоа иштирок этгани билан рақобат жуда паст эди.

Мусобақани тарк этадиган клуб номи эса (баъзан чемпион ҳам) мавсум яримламай аниқ бўлиб қоларди. Ёмон томони - айнан шу жамоа бир йилдан сўнг биринчи лигадан элитага қайтарди. «Сўғдиёна», «Динамо», «Андижон» - бу клубларнинг барчаси «олий»дан «қуйи»га тушиб-чиқиш бўйича «беллашув» ўтказишган.

Орада фақат «Обод» қўшилганди, аммо мўлжални нотўғри олган экан, «бели сингани» қолди. Кўриниб турибдики, ўзбек футболи анчадан буён ислоҳотларга муҳтож эди. Олий лигани ўзгартириш зарурати катта бўлганлиги сир эмасди. Аммо бунинг учун регламентга қарши бориш зарурмиди? Буниси энди алоҳида масала.

Сентябрда ЎФФда бошқарув тизими алмашди. Янги раҳбарият амалга оширган энг биринчи тадбир эса айнан олий лига форматини ўзгартириш бўлди.

Энди Суперлига деб номланувчи турнир ўтказилаётгани, унда 12та жамоа иштирок этаётганини ҳозир ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо бу хабар энди чиққанда кўпчилик шок ҳолатига тушиб қолди. Сабаб эса битта эди - ЎФФ ўз регламентига қарши чиққанди.

Ислоҳотлар бўлгани яхши албатта, аммо барчаси амалдаги ҳужжатлар доирасида ўтиши лозим. Модомики, федерация ўзи чиқарган қоидаларга амал қилмайдиган экан, бошқалардан буни талаб қилиши мумкинми?

Айнан шу масалада кўп тортишувлар кузатилди. Кимдир хурсанд бўлди, айримлар эса йўқ. Бир томондан олиб қарасак, чемпионлик учун ҳам, «жон» сақлаб қолиш учун ҳам турли қинғир йўллар орқали курашадиган, ўйинни сотиб оладиган, сотадиган, ҳакамлар билан тил бириктирадиган клублар учун бу яхшигина жазо бўлиши мумкин.

Бироқ бошқа томондан, ЎФФ ўз регламентига амал қилмагани жуда хунук кўринганини ҳам инкор этолмаймиз.

ВАҚТИНЧА БОШ МУРАББИЙ

Нафақат ўзбек футболи, балки бутун дунёда вақтинчалик бош мураббий тайинлаш амалиёти учраб туради. Аммо Ўзбекистон миллий жамоасидаги охирги воқеаларга қарайдиган бўлсак, айнан шу амалиёт ҳаддан ортиқ суиистеъмол қилинганини кўрамиз.

Вақтинча бош мураббий тайинлаш учун вақтинча бош мураббийни истеъфога чиқариш - буни энди абсурд қарор, десак хафа бўлмассиз. Зеро, ЎФАнинг янги «юриши»ни изоҳлаш учун бошқа таъриф тополмадик.

Аслида Ўзбекистон термасига ҳозир бош мураббий жуда ҳам зарур эмасди. Жамоани яқин ўртада бирор жиддий мусобақа кутиб тургани йўқ, энг яқин расмий ўйинлар эса бир ярим йилдан сўнг бошланади. Бундай вақтда миллий термани бирор кучли мураббий қабул қилиб олиши жуда қийин.

ЎФФ (ҳозирги ЎФА) эса дарҳол янгиликлар бошлашга интилди ва шошилинч тарзда бир-биридан ғалати қарорлар чиқарди. Аввал ҳеч кимга керак бўлмаган ўртоқлик ўйини учун Рўзиқул Бердиев вақтинча бош мураббий этиб тайинланди.

Кейинчалик унинг иши шундоқ ҳам етарли экани кўриниб қолгач, истеъфога чиқарилгани ҳақида расмий хабар ҳам чиқарилмай, ўрнига Темур Кападзе тайинланди.

Умуман олганда, «Насаф»да ишлар тиғиз экани ва Рўзиқул Бердиевнинг вақти бўлмаслиги аввалдан маълум эди. Клуб бу йил Суперлига, Ўзбекистон кубоги ва Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этмоқда. Бердиев эса бу мусобақалардан ортиб, Ўзбекистон бош жамоасига вақт ажрата олмаслиги аниқ. Шундай экан, уни нега тайинлашди-ю, нега истеъфога чиқаришди? Тушунарсиз...

Энди Темур Кападзега келадиган бўлсак, бу йигит ҳали мураббийлик тажрибасига эга бўлмай туриб, мамлакатнинг биринчи рақамли жамоаси бошқарувига тайинланди. Майли-да, вақтинча бўлса ҳам, барибир, миллий терма деган номи бор. Бу билан ЎФА МТЖнинг нуфузини тушириб юбораётганини ҳис қиляптимикан?

Қизиқ томони, боя ҳам айтиб ўтилганидек, аслида ҳозир ҳеч қандай «вақтинча бош мураббий»га ҳожат йўқ. Айни вақтда бутун дунё ёзда бўладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Биз эса бу байрамдан четда қолганмиз.

ЎФА истаётган хорижлик мураббий фақат Россиядаги мундиалдан сўнг келиши мумкин. Шундай экан, яхшиси, ЖЧни жимгина кузатиб, Карлуш Кейруш бўладими ёки бошқаси, ишидан бўшашини кутган маъқул эмасмиди?

Ўртоқлик ўйинлари эса ҳозир Ўзбекистон миллий жамоасидан ҳам кўра ёшларимизга кўпроқ керак. Августда Индонезияда Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Бу мусобақанинг аҳамияти ҳақида ортиқча гапириш шарт эмас.

Хитойда ёшлар ўртасида ўтказилган қитъа чемпионати биз учун шунча байрам туҳфа этган экан, нима учун Осиё ўйинларига катта эътибор бериш керак эмас? Ҳозир ҳар қанча тайёргарлик ва ўртоқлик ўйинлари бўлса, Равшан Ҳайдаров шогирдларидан ортмаслиги лозим. Биз-чи? Биз нима қилмоқдамиз?

ЧЕТЛАТИШЛАР

Ўзбек футболининг янги раҳбарияти амалга оширган айнан мана шу тадбирга турли томондан қараш лозим бўлади. Инсоф юзасидан айтиш лозим, ЎФФ (ҳозирги ЎФА) бошқарувига Умид Аҳмаджонов келгандан сўнг бошланиб кетган оммавий четлатишлар орасида барчага бирдек манзур келганлари ҳам бор.

Масалан, Самвел Бабаян турли кирдикорлари учун футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан бутунлай маҳрум этилганда, аксарият мухлислар фақат олқишладилар. Ҳар ҳолда, интернет оламида билдирилган фикрлардан шундай хулоса чиқариш мумкин.

Шунингдек, ҳакамлик билан боғлиқ масаладаги четлатишлар ҳақида ҳам айни фикрни билдириш мумкин. Аммо бу борада ишлар барибир, охирига етмай қолгандек кўринмоқда.

Масалан, ўтган мавсум бўлиб ўтган «Пахтакор» - «Бунёдкор» ўйини (1:0) ҳакамлиги ҳақида бирор расмий хабар чиқмади. Аввал шунча четлатишлар бўлгани ҳолда, бир ўйин давомида аввал голни ҳисоблаб, кейин бекор қилганлар ҳақида ҳеч қандай маълумот чиқмагани анча ажабланарли.

Боз устига, ўша учрашув пайти ҳакамлар яна бир қатор хатоларга йўл қўйишганди. Майли, бу масалада чуқурлашмаймиз. Балки янги мавсумда ҳакамлик масаласида ҳам тозалаш ишлари якунига етказилар. Ҳар ҳолда, янги ЎФАдан умид катта.

Ўтган мавсум қабул қилинган қарорлар орасида биттаси мухлислар учун мутлақо тушунарсиз бўлди - «Нефтчи» клуби собиқ устози Вадим Абрамов ҳам четлатилди. Нима учун? Карленович ҳар доим нимани ўйласа, шуни айтишга ўрганган.

Мураббий бу сафар ҳам одатига қарши чиқмади ва олий лига иштирокчилари сони 16тадан 12тага туширилгани ҳақида нимани ўйлаган бўлса, шуни айтди, холос. ЎФФ эса шартта олди-ю, мураббийни бир умрга футболдан четлатди-қўйди. Мана шунисига тушуниш анча қийин.

Аслида, бошқарув ташкилоти ҳақида ножўя фикр билдирган мутахассис ва футболчиларни жазолаш амалиёти ҳамма жойда бор. Масалан, Англияда ҳам. Аммо жазо билан жазонинг фарқи бор. Масалан, жаримага тортиш ёки қанчадир муддатга ўйинлардан четлатиш мумкин.

Бироқ бирданига футболдан батамом маҳрум қилишга ҳатто улар ҳам жазм эта олишмайди. Балки Вадим Абрамовнинг яна бошқа айблари бордир ва биз буни билмасмиз. Агар бўлса, демак, ҳаммасини очиқ айтиш лозим. Ўшанда балки собиқ ЎФФнинг қарорларига биз ҳам тушуниб қолармидик...

КУННИНГ ЁРУҒ ТОМОНИ

Яна бир гап бор, айтмасак бўлмайди. Тан олиш лозим, ЎФФнинг (ҳозирги ЎФА) яқин олти ойлик фаолиятида фақат салбий жиҳатлар бўлгани йўқ, бир қатор ижобий ишлар ҳам амалга оширилди.

Аслида, Суперлига ташкил этилгани ҳам катта воқелик, аммо бу ишни регламентга асосланиб, бир йилдан сўнг бажарса, янада яхши бўларди. Бироқ янги раҳбарият бошқа йўлдан боришга қарор қилди ва кескин ўзгаришларга қўл урди. Эҳтимол, бу яхшиликкадир, нима бўлган тақдирда ҳам ҳаммасини фақат маълум вақт ўтгач билиб олиш мумкин.

Шу билан бирга яна бир қатор ишларга қўл урилдики, бу ҳақда ҳам айтиб ўтмасак бўлмас. Масалан, янгиланган ЎФА ниҳоят, трансляциялар борасида телевидение билан муносиб келишувга эришди.

МТРК ва ЎФА ўртасида олиб борилган катта ҳажмдаги ишлар туфайли жорий мавсумдан эътиборан Суперлиганинг деярли барча ўйинлари трансляция қилиниши белгилаб қўйилди. Қувонарлиси - жонли эфирда.

Тан олиш лозим, ўзбек футболи тарихида ҳали бунақаси бўлмаган. ЎФА ўз фаолияти давомида биринчи марта тақвимни трансляция вақтига мослаб тузиб чиқди. Қойил!

Шунингдек, биринчи лига савиясини оширишга бўлган уринишлар ҳам келажакка умид билан қараш имконини беради. Аслини олганда, Суперлига иштирокчилари сони камайтирилишидан қуйи дивизион фақат ва фақат ютади.

Агар илгари биринчи лигадан элитага чиқишга даъвогарлар сони деярли бўлмаган ва «Дўстлик-2008» ва «Қўқон-1912» ўз вақтида «қуйи»да ғолиб чиққани ҳолда, «олий»да ўйнашдан воз кечган бўлса (бу йил «Цементчи» билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди), энди Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш ушалмас орзуга айланиши эҳтимоли жуда катта.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, янги мавсумда Про-лигада (дарвоқе, қуйи дивизион номи ҳам ўзгартирилди) «Андижон», «Динамо», «Машъал» ва «Шўртан» ўйнайди. Шунингдек, «Орол» ва «Сурхон» олдига ҳам келаси мавсум элитага йўл олиш вазифаси қўйилган.

Суперлига йўлланмаси эса фақат ғолиб жамоага берилади. Қўшимчасига, аввалгидек иккита лига иштирокчилари ўртасида «ўтиш ўйин»лари ўтказилади.

Энди мана шу ўринлар учун кечадиган рақобатни тасаввур қилаверинг. Даҳшат!

ЯКУНДА

Танганинг икки томони бўлганидек, ЎФА томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижобий томонлари ҳам бор. Хатони эса ким қилмайди, дейсиз. Муҳими, бу хатолардан тўғри хулоса чиқарилсин. Қилинган ишлар якунини эса фақат ЖЧ-2022 саралаши белгилаб бериши мумкин.

Шундай экан, биздан талаб қилинадигани - фақат кутиш. Агар ўзбек футболининг азалий орзуси рўёбга чиқиб, ЖЧ йўлланмаси қўлга киритилса, аниқки, аввалги гап-сўзларнинг барчаси унутилади. Чунки ғолиблар ҳеч қачон муҳокама қилинмайди.

ЎФА ғолиб чиқишини эса биз ҳам жуда истаймиз.

Умар БЕК


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz