Қайднома

Қидирув

ЕЧЛ тарихидаги энг эътиборга молик ўйинларни ёдга оламиз

ЕЧЛ тарихидаги энг эътиборга молик ўйинларни ёдга оламиз

  10.03.2018 00:28
  0
  2623
ЕЧЛ тарихидаги энг эътиборга молик ўйинларни ёдга оламиз

Кучсизроқ жамоанинг еврофутбол гултожи саналган ЧЛ «плей-офф» босқичига чиқолмаслиги барчага аён ҳақиқат. Шундай бўлсада, «ҳаёт ёки ўлим» даражасидаги раундлар ўйинларида ҳам томонлардан бирининг чинакамига калтакланиши дам-бадам кузатилади.

Мисол учун, жорий турнирнинг 1|8 финали биринчи учрашувларини олинг: 8та учрашувдан 3таси ўта йирик ҳисоб билан тугади. Бошқача айт­ганда, 3та жамоа кейинги раундга чиқиш имкониятини йўқотди, ҳисоб, яна шунчаси эса жавоб ўйинидан олдин мутлақо хотиржам.

Хуллас, бугун ЧЛнинг XXI асрдаги «плей-офф» ўйинларини таҳлил қиламиз. Зеро, янги 100 йилликда 4та ёки кўпроқ гол фарқи билан поёнига етган ўйинлар сони кескин ошди.

ЧЛнинг эски формати амалда бўлганида эса (икки босқичли гуруҳ ўйинларидан сўнг «плей-офф» раундлари  чорак финалдан бошланарди), ҳаттоки, 3та тўп устунлигидаги ғалаба ҳам анча ноёб ҳолат саналарди. Энди эса бундай катта ҳисоблар одатга айланиб қолди...

4та ГОЛ УСТУНЛИГИДА

ЧЛ-2003|2004. 1|4 финал. «Депортиво» - «Милан» - 4:0 (жавоб ўйини)

Ла-Корунья жамоасининг энг ажойиб ғалабаларидан бири. Эътиборлиси, «Депортиво» илк учрашувда 1:4 кўринишида енгилганди. Умуман, бу XXI асрда қайд этилган энг зўр «камбэк»дир.

Хуллас, «Депор» - янги 100 йиллик ҳисобидан ЧЛнинг «плей-офф» босқичи биринчи ўйинини 3та гол фарқи билан ютқазиб, жавоб баҳсида устунликни ўз томонига оғдирган илк жамоа.

Яна бир томони, «Милан» турнирнинг амалдаги ғолиби эди ва ўз майдонидаги 4:1 ҳисобидан кейин якуний ғалабага заррача шубҳа қилмаган бўлса керак. Аммо «Риасор»га сафар жуда оғир кечиб, «россонерлар» ортга йўлламасиз қайтишади - 0:4. Айтганча, «Депор» 1|8 финалда амалдаги финалчи - «Ювентус»ни доғда қолдирганди.

ЧЛ-2005|2006. 1|8 финал. «Лион» - ПСВ - 4:0 (жавоб ўйини)

«Тўқувчилар» ўша йиллар анча кучайишган ва ЧЛ «плей-офф» раундларида ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозонишга жазм этишарди.

Муҳими, ПСВга қарши ўйинда қайд этилган ўша ғалаба «Лион» учун УЕФА таснифидаги турнирларда қўлга киритилган энг йириги ҳам, охиргиси ҳам эмасди.

ЧЛ-2008|2009. 1|8 финал. «Ливерпуль» - «Реал» - 4:0 (жавоб ўйини)

Қаранг, ҳаттоки, «Реал»дек буюк клуб ҳам ЧЛда шармандали мағлубиятга юз тутган. Ачинарли томони, «Мадрид» ўз майдонида 0:1 ҳисобида ютқазгач, «Энфилд»га қасос ўтида ёнган ҳолатда боради, аммо якун - жавобсиз 4та гол...

ЧЛ-2008|2009. 1|4 финал. «Барселона» - «Бавария» - 4:0 (биринчи ўйин)

Ўша мавсумнинг кейинги раундида «Бавария» ҳам «ўт ичида ёнди». Ваҳоланки, мюнхенликлар чорак финалга чиқиш йўлида «Спортинг»га сира раҳм қилишмаганди. «Барселона»га дуч келишгач эса, биринчи ўйин якунидаёқ курашдан чиқишди, ҳисоб.

ЧЛ-2009|2010. 1|8 финал. «МЮ» - «Милан» - 4:0 (жавоб ўйини)

Мавсум-2008|2009да 4та учрашув «4}» кўринишидаги устунлик билан тугаган бўлса, навбатдагисида бундай йирик ҳисоб 3 марта кузатилди.

«МЮ» ва «Милан» ўртасидаги тўқнашувнинг илк сериясида «россонерлар» рақибга жиддий қаршилик кўрсатишди, аммо 2:3 ҳисобида мағлубиятга учрашди. «Олд Траффорд»да эса «қизил иблислар» меҳмонларга кичик дарс ўташди.

ЧЛ-2009|2010. 1|8 финал. «Барселона» - «Штутгарт» - 4:0 (жавоб ўйини)

Ўша вақт «Барселона» Хосеп Гвардиола қўл остида Европанинг энг кучли клуби мақомини олганди. Бироқ каталонияликлар Германияда 1:1 натижасига кўнишди. «Камп Ноу»даги жавоб баҳсида эса «Штутгарт» Лионель Месси ва бошқалардан ўз насибасини тўлиқ олди.

ЧЛ-2010|2011. 1|4 финал. «Барселона» - «Шахтёр» - 5:1 (жавоб ўйини)

«Барселона» навбатдаги ЧЛ кубоги йўлида «Шахтёр»ни бир уринишда четга сурди. Ваҳоланки, донецкликлар бундан олдин «Рома»дан устун келиб, шов-шув кўтаришганди.

ЧЛ-2010|2011. 1|4 финал. «Реал» - «Тоттенхэм» - 4:0 (биринчи ўйин)

«Реал» ўз навбатида, «Тоттенхэм» билан пачакилашиб ўтирмади. Дарвоқе, Гарет Бэйл ўша ўйинда Лондон клуби шарафини ҳимоя қилганди. «Мадрид» учун эса Эммануэль Адебайор 2та гол урган.

ЧЛ-2011|2012. 1|8 финал. «Милан» - «Арсенал» - 4:0 (биринчи ўйин)

Массимилиано Аллегри бошқарувидаги «Милан» энг ёрқин ғалабаларидан бирини «Арсенал» билан ўйинда нишонлади. Тўғри, Лондонда барчаси чиппакка чиқиши ҳеч гап эмасди.

Зеро, «канонирлар» итальянлар дарвозасига 3та жавобсиз гол уришдан ташқари, ҳужумда беармон хафвли вазиятлар яратишганди.

ЧЛ-2012|2013. 1|8 финал. «Барселона» - «Милан» - 4:0 (жавоб ўйини)

«Милан» энди жабрдийда ролида. «Россонерлар» «плей-офф» босқичини 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлагандилар. Шу нарса «Камп Ноу» эгалари ҳамиятига теккан бўлса, ажабмас.

ЧЛ-2012|2013. 1|2 финал. «Бавария» - «Барселона» - 4:0 (биринчи ўйин)

Қарангки, ярим финалда «Барселона» ўзига сира ўхшамади. Яъни «Бавария» 2та ўйин якунига кўра, 7:0 ҳисобида устун келди. Бунгача ЧЛ ярим финал босқичларида 7та гол фарқи кузатилган эмасди.

ЧЛ-2013|2014. 1|8 финал. «Ба-йер» - «ПСЖ» - 0:4 (биринчи ўйин)

Париж жамоаси биринчи ўйиндаги ғалаба билан чекланиб қолмай, сафарда 4та жавобсиз гол урди - ЧЛ учун ноёб ҳодиса.

ЧЛ-2013|2014. 1|2 финал. «Бавария» - «Реал» - 0:4 (жавоб ўйини)

«Бавария» бир йилча олдин «Барселона»ни 4:0 ҳисобида енгиб, ярим финал ўйинида 4та гол устунлигини қайд этган илк жамоа бўлганди. Қизиғи, немисларнинг шу «сербет»лик учун «Реал» олдида жавоб беришларига тўғри келганди.

ЧЛ-2014|2015. 1|8 финал. «Порту» - «Базель» - 4:0 (жавоб ўйини)

«Базель» - ЧЛ «плей-офф» бос-қичларининг стандарт қурбони. Швейцария клуби гуруҳдан чиқиш учун куч ва иштиёқ топади, аммо баҳорда...

ЧЛ-2016|2017. 1|8 финал. «ПСЖ» - «Барселона» - 4:0 (биринчи ўйин)

Ақлга сиғмас драманинг биринчи қисми. Эҳ, «ПСЖ»га Париждаги 4:0 ҳам наф бермаганди-я...

ЧЛ-2016|2017. 1|8 финал. «Бавария» - «Арсенал» - 5:1 (биринчи ўйин)

ЧЛ-2016|2017. 1|8 финал. «Арсенал» - «Бавария» - 1:5 (жавоб ўйини)

Бечора «Арсенал»... Лондонликлар гуруҳда бир амаллаб ғолиб чиқишди, аммо илк «плей-офф» раундидаёқ «Бавария»га дуч келишди. Натижаси жуда аянчли - немис гранди Арсен Венгерни жуда-жуда уялтирди - 10:2.

ЧЛ-2016|2017. 1|8 финал. «Боруссия Д. - «Бенфика» - 4:0 (жавоб ўйини)

«Боруссия» футболчилари Лиссабонда ҳаддан ортиқ кўп вазиятларни кўкка совуриб, 0:1 ҳисобида ютқазишди ва уйга қайтгач, «Бенфика»га ортиғи билан жавоб беришди.

ЧЛ-2017|2018. 1|8 финал. «Базель» - «Манчестер Сити» - 0:4 (биринчи ўйин)

Яна «Базель», боз устига, швейцарияликлар бу сафар ўз майдонларида мутлақо ожиз қолишди. Хуллас, жавоб ўйини шунчаки, расмиятчилик учун ўтказиладиган бўлди...

5та ГОЛ УСТУНЛИГИДА

ЧЛ-2004|2005. 1|8 финал. «Лион» - «Вердер» - 7:2 (жавоб ўйини)

Томас Шаафнинг хушчақчақ жамоаси - «Вердер» «плей-офф» баҳсларини ўз майдонидаги 0:3 ҳисоби билан бошлади. Бироқ бу ҳолва эди - «Лион» Францияда «мусиқачилар» учун эсдан чиқмайдиган «куй» яратади.

ЧЛ-2008|2009. 1|8 финал. «Спортинг» - «Бавария» - 0:5 (биринчи ўйин)

Бешафқат «Бавария» бу сафар «Спортинг»ни ғариб ҳолга солди, боз устига, португалиялик мухлислар кўз ўнгида. Энг қизиғи, кейинги раундда мюнхенликларнинг ўзлари ҳам айнан биринчи ўйинда аччиқ қисматга дуч келишди.

ЧЛ-2009|2010. 1|8 финал. «Арсенал» - «Порту» - 5:0 (жавоб ўйини)

«Арсенал» шовқинли «Драгао» аренасида 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйгач, Арсен Венгер шогирдларини сира аямаган бўлса керак. Ҳар ҳолда, «канонирлар» Лондонда «Порту»дан чинакамига қасд олишди.

ЧЛ-2013|2014. 1|8 финал. «Шальке» - «Реал» - 1:6 (биринчи ўйин)

«Реал» одатда Германияда жуда қийланарди, аммо Гельзенкирхендаги баҳс бундан мустасно. «Шальке»да ҳаттоки, номига ҳам имконият қолмаганди. 

ЧЛ-2014|2015. 1|4 финал. «Бавария» - «Порту» - 6:1 (жавоб ўйини)

«Порту» ўз майдонида донгдор ва ҳурматли рақибга ҳурматсизлик қилиб, 3:1 ҳисобида ютиш асносида ҳақиқий «сенсация» тақдим этди. Бироқ бунинг жавоби жуда оғир бўлди - «Бавария» Мюнхендаги ўйиннинг танаффусигачаёқ 5та гол урди.

ЧЛ-2016|2017. 1|8 финал. «Барселона» - «ПСЖ» - 6:1 (жавоб ўйини)

Ҳа, ЧЛдек турнирда ҳам илк ўйинни 0:4 ҳисобида бой бериб, жавоб баҳсида барчасини тўғрилаш мумкин. Фақат бунинг учун «Барселона» бўлиш керак. Хуллас, беқиёс драма.

ЧЛ-2017|2018. 1|8 финал. «Порту» - «Ливерпуль» - 0:5 (биринчи ўйин)

Юрген Клопп аллақачон чорак финал учун режа туза бошлаган бўлса, ажабмас. «Порту» эса бу сафар Англияда шунчаки, «Энфилд» сеҳрини кўриш учунгина майдонга тушади.

ЧЛ-2017|2018. 1|8 финал. «Бавария» - «Бешиктош» -  5:0 (биринчи ўйин)

Турклар ўз майдонларида кейинги раунд эмас, обрўларини ўйлаб ғалаба қозонишга уриниб кўришади. Бироқ голга «тўймас» «Бавария» жимгина қараб турармиди?

6та ГОЛ УСТУНЛИГИДА

ЧЛ-2006|2007. 1|4 финал. «МЮ» - «Рома» - 7:1 (жавоб ўйини)

«МЮ» фанатлари ҳозир бундай ўйинни фақат орзу қилишлари мумкин. «Қизил иблислар» Римдаги илк ўйинда 1:2 ҳисобида ютқазишганди. Бир ҳафтадан кейин эса «Олд Траффорд»да «бўрилар»ни ҳар сонияда «савалашди». 20-дақиқагача - 3:0, биринчи бўлимдан кейин - 4:0, якуний натижа - 7:1.

ЧЛ-2008|2009. 1|8 финал. «Бавария» - «Спортинг» - 7:1 (жавоб ўйини)

«Спортинг» Бундеслига етакчиси олдида шунчаки, бош эгди - Лиссабондаги 0:5дан кейин Мюнхенда ҳам гол қўйиб юборишда ҳиммат кўрсатиб, умумий - 1:12 кўринишидаги мағлубиятни тан олди.

ЧЛ-2011|2012. 1|8 финал. «Барселона» - «Байер» - 7:1 (жавоб ўйини)

Бу ўйин якунида германиялик мухлислар баралла бақиришди: «Бундеслигани ёпиб қўйиш вақти келди». Чунки «Барса» Леверкузенда ҳам ғалаба қозонганди - 3:1.

7та ГОЛ УСТУНЛИГИДА

ЧЛ-2011|2012. 1|8 финал. «Бавария» - «Базель» - 7:0 (жавоб ўйини)

«Базель» кутилмаганда, қўрслик қилиб, ўз майдонида «Бавария»ни енгишга журъат этди ва Мюнхенда «голлар балоси»га дучор бўлди. Ҳа, немис гранди бундай қўрсликка чидолмайди.

ЧЛ-2014|2015. 1|8 финал. «Бавария» - «Шахтёр» - 7:0 (жавоб ўйини)

Яна 7:0, яна «Бавария»! «Шахтёр» биринчи ўйинда муносиб ҳимояланиб, 0:0 ҳисобини сақлаб қолди. Бироқ Мюнхенда ҳаммаси донецкликлар учун ўта омадсиз бошланди - қизил карточка, пенальти... Шу тариқа улар якунда таблога қарашга ҳам уялиб қолишди...

XXI асрда ЧЛ «плей-офф» босқичлари доирасидаги 32та ўйинда томонлардан бири 4та ёки кўпроқ гол фарқи билан ғалаба қозонди

4та гол устунлигида (4:0 ёки 5:1)  - 19 марта

5та гол устунлигида (5:0, 6:1 ёки 7:2) - 8 марта

6та гол устунлигида (7:1) - 3 марта

7та гол устунлигида (7:0) - 2 марта

32та «жимжимадор» ҳисобли ўйиннинг раундлар бўйича тақсимоти:

1|8 финалда - 24 марта

1|4 финалда - 6 марта

1|2 финалда - 2 марта

«4+» кўринишидаги 32та ғалаба 13та жамоа томонидан қайд этилди

 «Бавария» - 9 марта

 «Барселона» - 6 марта

 «Реал» - 3 марта

 «МЮ», «Лион», «ПСЖ», «Ливерпуль» - 2 мартадан

 «Депортиво», «Милан», «Порту», «Боруссия» Д., «Арсенал», «Манчестер Сити»  - 1 мартадан

Бундай мағлубиятга юз тутган жамоалар сони эса 19та

«Арсенал», «Милан», «Базель», «Порту» - 3 мартадан

«Барселона», «Бавария», «Спортинг», «Шахтёр», «Байер» - 2 мартадан

«Реал», ПСВ, «Штутгарт», «Тоттенхэм», «Бенфика», «Вердер», «Шальке», «ПСЖ», «Рома», «Бешиктош» - 1 мартадан

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz