Қайднома

Қидирув

Ғурури баланд орол ёхуд Жерси футболи УЕФА таркибига қўшилмоқчи

Ғурури баланд орол ёхуд Жерси футболи УЕФА таркибига қўшилмоқчи

  11.03.2018 00:17
  0
  1495
Ғурури баланд орол ёхуд Жерси футболи УЕФА таркибига қўшилмоқчи

Европа футбол иттифоқи 26 февраль куни ўзининг навбатдаги Конгрессида тарихий қарор қабул қилиб, аъзолари сонини 56тага етказиши мумкин эди.

Бироқ миттигина Жерси ороли футболи раҳбариятининг аризасига ижобий жавоб берилмади. Чунончи, Ла-Манш бўғозидаги бу оролча БМТ томонидан тан олинган мустақил мамлакат ҳисобланмайди.

География дарси

Жерси - Ла-Манш бўғозидаги оролча. У Нормандия ороллари таркибига киради. Ҳудуди - 116 км|квадрат. Аҳолиси - 100 минг киши. Жерси Франция соҳилларига жуда яқин.

Орадаги масофа атиги 20 километр. Ваҳоланки, орол Британия қироллиги мулки ҳисобланади. Бироқ дейлик, Англия қирғоқларидан нақ 150 километр узоқда жойлашган.

Сиёсий тузилма

Ҳа, Жерси ороли Буюк Британиянинг муайян қисми саналмасада, шу қироллик тасарруфида. Лекин оролда ўз ҳукумати, вазирликлари бор. Хуллас, жерсиликлар қонунларни мустақил равишда қабул қиладилар, солиқ тушумларини ўз эҳтиёжларига сарфлайдилар. Шунга қарамай, оролнинг асосий раҳбари тайин - Буюк Британия қироличаси.

Умуман, Британия ҳукумати Жерсининг муҳофазаси ва халқаро ишларига жавобгардир. Жерси футболи раҳбарлари УЕФА таркибига кириш учун «заявка» беришда айни шу нисбатан мустақил тузумни асос қилиб олишганди. «Бизда алоҳида парламент, ҳукумат, қонунлар ва солиқ тизими ишлаяпти», - деди Жерси футбол ассоциацияси бошлиғи Фил Остин.

Бироқ бу УЕФА оиласининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиш учун кам. Зеро, Европа футболининг олий органи 2007 йили ўз Низомига тузатишлар киритганди. Янги қоидалар бўйича УЕФА фақат БМТ томонидан тан олинган мустақил мамлакатларни ўз таркибига қўшиб олиши мумкин.

Аслида УЕФА таркибида янги таҳрирдаги Низомга мувофиқ келмайдиган аъзолар ҳам бор. Мисол учун, Фарер ороллари ва Гибралтар мустақил давлат эмас, бироқ ҳар иккиси УЕФА оиласига Низом ўзгартирилганидан олдин қўшилган.

Яна бир томони борки, Жерси бошқа спорт турларида мустақил қатнашмоқда. Дейлик, оролнинг крикет терма жамоаси 2015 йили нуфузли халқаро турнир финал «пулька»сига чиққанди.

Футбол ҳолати

Орол олий лигасида 13та жамоа бор (аҳоли сонига нисбатан олганда, анча кўп). Шунинг баробарида Жерси терма жамоаси мунтазам равишда Орол ўйинлари турнирида иштирок этади. 2 йилда бир марта ташкиллаштириладиган бу мусобақада айнан қайсидир жиҳатдан мустақил саналган митти ҳудудлар жамоалари қатнашади.

Дарвоқе, кейинги турнир (Орол ўйинлари-2019)га Жерси жамоаси бормайди. Чунки унда футбол мусобақаси бўлмайди (мезбон - Гибралтарда бунинг учун шунчаки, майдонлар етишмайди). Жерси жамоаси шунингдек, олдинлари Гибралтар, Фарер, Бермуд ва Кайман ороллари термалари билан доимий равишда ўртоқлик ўйинлари ўтказарди.

Бироқ улар ФИФА ва УЕФА таркибига киргач, жерсиликлар муносиб спарринг-рақибларни йўқотишди. Эндиликда оролликлар баъзан Франция ва Буюк Британия клублари билан куч синашишмоқда.

Эътиборлиси, Жерси футбол ассоциацияси битта клубни Англия қуйи дивизионларидан бирига жойлаштиришга ҳам уринди. Аммо бу ғоя самарасиз кўринди. Биринчидан, масофа узоқ ва ҳар бир сафар ўйини 200 км. йўл босишни талаб этади.

Қисқаси, бу моддий томондан жуда оғир. Иккинчидан, оролдаги энг кучли футболчиларни битта клубга жалб қилишганида, ҳудуд чемпионати таназзулга учраши ҳеч гап эмасди.

Машҳур футболчилар ҳам борми?

Ҳа, албатта. Айни пайт Бретт Питман («Портсмут»), Питер Винсенти («Ковентри») ва Кертис Гатри («Колчестер») Англияда тўп суришмоқда.

Жерси тарихидаги энг таниқли футболчи эса - бу вақтида «Челси» ва Англия терма жамоаси (36та ўйин) таркибида тўп сурган Грэм Ле Со.

УЕФАга бундай аъзолар керакми?

Унчалик эмас. Ахир 100 минг аҳолиси бор орол УЕФАга нима ҳам берарди? Бу борада Гибралтарни мисол келтириш мумкин. Бу ҳудудда биттагина стадион бор.

Шунинг учун Гибралтар термаси ўзининг барча муҳим ўйинларини қўшни Португалияда ўтказиб, Европа футбол оиласи учун «қолоқ фарзанд» бўлиб турибди...

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz