Қайднома

Қидирув

Гвардиола орзусидаги қаҳрамон – Эмерик Ляпорт

Гвардиола орзусидаги қаҳрамон – Эмерик Ляпорт

  12.03.2018 06:27
  0
  676
Гвардиола орзусидаги қаҳрамон – Эмерик Ляпорт

Яқинда Рио Фердинанд таъкидлаганидек, айни пайт Европанинг энг яхши ҳимоячиси ким эканлигини айтиш мушкул.

«Авваллари ҳеч иккиланмай, Пуйоль, Терри ёки Мальдинидан бирининг номи тилга олинарди. Ҳозир эса бу борада етакчи йўқ», - деди англиялик собиқ футболчи. Нима ҳам дердик, балки йил сўнгида Риода ушбу масала бўйича аниқ жавоб бўлар:

«кўҳна қитъа»даги энг кучли ҳимоячи - Эмерик Ляпорт. Тўғри, бу жавоб «МЮ» афсонасини хурсанд қилмаслиги аниқ, зеро франциялик футболчи эндиликда қўшнилар - «Манчестер Сити» сафида тўп сурмоқда.

Ваҳоланки, «МЮ» уч йил аввал Ляпортни ўз сафига қўшиб олиши мумкин эди, бироқ «қизил иблислар» 20 ёшли ҳимоячи учун 42 миллион кўплик қилишини таъкидлашди.

Хосеп Гвардиоланинг эса бу борада қараши бошқача: Эмерик испаниялик мутахассиснинг ўйин услубига тўлиқ мос тушади.

Биринчидан, у тўп билан яхши муомала қилиб, кучли прессингдан чиқишда қийналмайди ва дарҳол ҳужум бошлайди. Ўрта ва узун паслар бўйича Ляпорт беназир.

Унинг чапақай эканлигини эса бонус сифатида баҳолаш мумкин: бугун «Ман Сити» таркибидан ўрин олган марказий ҳимоячиларнинг барчаси ўнг оёқда ўйнашади. Биргина истисно - Англияда ишлари юришмаган Мангаляни ҳисобга олмаймиз.

Иккинчидан, Ляпортнинг жуссаси катта бўлсада (189дан 191 см.гача, қўшимчасига регбидаги тажриба), тезлик борасида қийналмайди. Бу эса Эмерикни ҳақиқий универсалга айлантиради, зеро «Атлетик»да у кўпинча чап қанот ҳимоясида ўйнарди.

Боз устига, 18 ёшли футболчи ҳужумга қўшилишдан қўрқмасди (Марсело Бьелса жамоаларида бу одатий ҳол). Кейинчалик Фернандо Аморебиета «Фулхэм»га ўтиб кетди, Карлос Гурпеги эса жароҳатлардан азият чекди. Натижада Ляпорт мудофаа марказига кўчди.

Учинчидан, Ляпорт ҳар қандай шароитга тезда мослашиши мумкинлигини кўрсатди. Гап шундаки, Эмерик асосан баскларга ишонч билдириладиган «Атлетик» тарихидаги иккинчи француз ҳисобланади. 1996|1997 йиллар мавсумида порлаган Биксант Лизаразюдан фарқли равишда, Ляпорт бегона мамлакатга анча навқирон пайтида кўчиб ўтган.

- Тўрт нафар франциялик ўйинчи билан «Атлетик» сафига қўшилганимизда, 15 ёшда эдим. Улардан бирини танирдим - биргаликда ўйнагандик. Ўша танишим испан тилини билгани ҳолда, менга ҳам ўргатарди. Уч-тўрт ойдан сўнг ўзим бемалол маҳаллий тилда гаплаша бошладим, - дея эслайди Ляпорт.

Мослашиш жараёни шунчалик тез кечдики, ҳатто «Атлетик» ҳимоячисининг Испания термаси сафига қўшилиши ҳақида гап-сўзлар урчиди. Гарчи уни Франциянинг ўсмирлар ва ёшлар жамоасига мунтазам чақириб туришсада, Дидье Дешам миллий термада Одил Рами, Лоран Косельни ҳамда Курт Зумалар ёнида Ляпортга жой топиб беролмади.

Бу муаммо Евро-2016да барҳам топиши мумкин эди, аммо март ойида Ляпорт жароҳат олиб, августгача сафдан чиқди. Кейинчалик бир неча марта Франция термасига таклиф этилган ҳимоячи Испания жамоасида қатнашмаслигини оммага маълум қилди. Эмерик «Манчестер Сити» либосини кийгач, Дешамнинг унга бўлган муносабати ўзгарса, ажабмас.

Ҳозирда Ляпорт янги лигага мослашиш жараёнини бошдан кечирмоқда. The Telegraph 2016 йил бошида Гвардиола «Бавария»ни бошқараётган кезлари мудофаа марказида Стоунз - Ляпорт тандемини кўришни хоҳлаётгани ҳақида ёзганди.

Яъни, Пеп анчадан буён Эмерикка кўз тиккан ва уни захирада ушлаб турмоқчи эмас. Боз устига, Ляпорт чап қанотга қўйилиши ҳам мумкин. Мендининг жароҳатидан сўнг Гвардиола бу чизиқда баъзан Делф, гоҳо Зинченко ёки Данилони ўйнатишга мажбур бўлаётганди.

Ляпортни бундай ўзгаришлар заррача чўчитмайди. 23 ёшида (майда 24га тўлади) профессионал даражада 250та ўйин ўтказишга улгурди. 2012 йили Европа Лигаси финалида қатнашган жамоанинг асосий таркибига киролмади, аммо қисқа муддатда ўша футболчиларга тенглашиб олди.

2013|2014 йиллар мавсуми якунига кўра, Испания футбол федерацияси ҳамда нуфузли Marca нашри эълон қилган рамзий термадан Ляпортга ҳам жой ажратилгани кўп нарсадан далолат.

Эмерик шундан буён ўсишда давом этди. 2016|2017 йиллар якуни бўйича Ляпортнинг ўртача статистик кўрсаткичлари қуйидагича:

- ҳаводаги курашларнинг 2,3тасида устунликка эришди;

- 1,7 марта тўпни олиб қўйиш;

- 1,9 марта тўпни эгаллаб олиш.

Ҳимоявий ҳаракатлар камроқ кузатиладиган «Сити»да кўрсаткичлар пасайиши эҳтимоли юқори, аммо моҳият ўзгармайди: Ляпорт - жаҳоннинг келажаги порлоқ ҳимоячиларидан бири.

Унинг учун катта пул сарфлангани эса баскларнинг муаммоси эмас. Мазкур ҳолатда «Манчестер Сити» иқтисод қилишга ҳам улгурди, зеро кейинги мавсумда Эмерикнинг «Атлетик»даги нархи 65 эмас, балки 70 миллион еврогача ошиши мумкин эди.

Агар Компанининг мунтазам жароҳат олаётгани, Мангалага билдирилган ишонч оқланмагани, Стоунзнинг 100 фоиз мослашолмаганини инобатга олсак, «шаҳарликлар»нинг бу трансферини танқид қилишга асос йўқ.

Ҳамма гап сарфланган пулларнинг оқланишида. Ляпорт эса бу борада ҳозирга қадар муаммога дуч келмаган.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz