Қайднома

Қидирув

Адриен Рабьо: «Аслида, намунали йигитман, фақат…»

Адриен Рабьо: «Аслида, намунали йигитман, фақат…»

  12.03.2018 03:34
  0
  1098
Адриен Рабьо: «Аслида, намунали йигитман, фақат…»

22 ёшли Адриен Рабьо жорий мавсум «ПСЖ» етакчилари қаторида гавдаланмоқда.

Ҳарқалай, мухлислар ҳам, мутахассислар ҳам иқтидорли йигитнинг ўйинлардаги фойдали ҳаракатларини муносиб баҳолашмоқда. Тўғри, ОАВда Рабьони ҳамон «Онасининг эркатой ўғли» қабилида таърифлашмоқда.

Футболчининг ўзига эса «граф» лақаби кўпроқ маъқул ва у буни L’Equipe нашри журналистлари билан суҳбатда ошкора тан олди.

Адриен қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган интервьюни Сена соҳилидаги эски қироллик резиденцияси - Сен-Жермен саройи яқинида жойлашган ресторанда берди.

Суҳбат жараёнида футболчининг онаси Вероника ҳам иштирок этди. Чунончи, у ўғлининг шахсий агенти ҳисобланади.

- Адриен, Чемпионлар Лигаси қуръаси «ПСЖ»ни 1|8 финалдаёқ «Реал»га рўбарў қилди. Очиғи, Зидандек мураббий қўл остида ўйнаш ҳар қандай футболчи, айниқса, франциялик йигитларнинг орзуси бўлса керак...

- Албатта! Ахир Зидан Франция футболи афсонаси! У ЖЧ ва ЧЛда бирдек қойилмақом ўйнаб, ғолиб чиққан. Ваҳоланки, футбол оламида ҳеч қачон чинакамига тўп тепмаган мураббийлар ҳам йўқ эмас.

- Вақтида Лоран Блан билан ўртангизда келишмовчилик юзага келганди - 2015 йилги Франция кубоги финалида «Осер»га қарши кечадиган учрашув олдидан ўтказилган машғулотга йўл олган автобусга кечиккансиз. Оқибатда мураббий сизни ҳал қилувчи ўйинда майдонга туширмаганди.

-  Ҳа, шундай воқеа кузатилганди. Аммо у бугунги суҳбатимизга мавзу бўлолмайди...

- Нега энди?

- Ўша куни муҳим учрашувим бор эди. Аслида автобусга улгурмаслигимни олдиндан билганман ва бу ҳақда мураббийларни огоҳлантиргандим. Яъни стадионга ўзим етиб олишимни айтдим.

Бироқ улар шунчаки, рухсат беришмади: «Йўқ, фақатжамоабиланборасан, тамом!» Хуллас, ҳар қанча шошилмайин, барибир, кеч қолдим. Йўлда кетаётсам, қўнғироқ қилишди: «Қаердасан? Сени кутяпмиз!» Орадан яна 5 дақиқа ўтгач, яна қўнғироқ бўлди: «Бошқа кутолмаймиз, тўғри стадионга бор!» Рости, бундан роса жаҳлим чиқди.

Онам ўзи олиб бориб қўйишини айтди, аммо кўнмадим: «Йўқ, яхшиси, уйгақайтамиз!»

- Кейин нима бўлди?

- Кетма-кет қўнғироқлар бошланди - спорт директори Оливье Летанг, бош мураббий... Улар дарҳол машғулотларга етиб боришим лозимлигини айтишди, аммо рад жавобини бердим.

Эртасига эса гарчи ўйинда қатнашмасамда, тўлиқ шай ҳолда туришимни тайинлашди. Бироқ қайсарлигим тутиб, яна дангал гапирдим: «Йўқ!» Тўғри, кейинроқ Блан ва Летанг билан алоҳида учрашиб, келишмовчиликка барҳам бердик.

- Финал ўйинини томоша қилгандирсиз...

- Фақат биринчи бўлимини. Асабим шу даражада таранглашганидан ҳаттоки, экранга нигоҳ ташлашни ҳам истамадим. Бу воқеа ҳақида хўп ва кўп ёзишди.

Аслида табиатан жуда босиқ ва намунали йигитман, аммо ўшанда негадир ўзимни босолмай қолгандим. Ҳа, ҳар ким баъзан шундай ҳолатга тушиши мумкин экан...

- Энди эса «ПСЖ»да «қария» футболчилар гуруҳидасиз...

- Ҳа, жамоа таркибига фақат Тьяго Мотта, Хавьер Пасторе ва Альфонс Ареолагина  мендан олдин қўшилишган. Ваҳоланки, энди 22 ёшдаман.

-  Жамоада «ўт олдирувчи» экансиз.

- Умуман, дуч келган киши билан муаммосиз чиқишиб кетаман, самимийлик ва ҳазил-ҳузулни қадрлайман. Қолаверса, франциялик, парижликман, клуб тарияланувчиси ҳисобланаман. Демакки, «ПСЖ»нинг ўзига хос рамзига айланиб улгурдим.

- Дейлик, баъзида қайсидир жамоадошингизга қаттиқ тегишингиз мумкинми?

- Кўпинча майдонда бақиришимга тўғри келади. Кийиниш хонасида эса мураббий талабига мувофиқ, жамоа учун ўта зарур гапларни айтишим керак.

Унинг айтишича, ақл билан иш тутсам, йигитлар ортимдан эргашишади. Зеро, футболчилар орасида характери оғир йигитлар ҳам бор.

- Масалан...

- Тьяго Сильва ўйин давомида ниманидир уддалай олмаса, кўпинча асабийлашади, назоратни йўқотиши ҳам ҳеч гап эмас. Шундан лаҳзаларда унга нимадир дейиш керак, тинчлантириб, яхши маънода шайлантириш зарур.

Умуман, кўплаб футболчилар шундай қўшимча далдага эҳтиёж сезишади. Албатта, ҳар бир вазиятда томоқни йиртишга ҳожат йўқ.

Дейлик, Златан Ибрагимович ҳар доим ҳам барчасини назорат қилган эмас, аммо чин етакчи саналган, барибир. Унинг ҳар бир гапи албатта, инобатга олинарди.

- Неймар ва Мбаппенинг сафга қўшилишлари жамоадаги муҳитга нечоғли таъсир қилди?

- Ўзгариш йўқ эмас, фақат бу нарса кўпроқ ўйинимизда сезилди. Улар чиндан ҳам, буюк ижрочилар. Кийиниш хонасида эса оддий йигитларга айланишади.

Менимча, Неймар ҳаттоки, бироз қаттиққўлроқ бўлиши керак, бу ортиқчалик қилмасди. Килиан ҳақида ҳам шундай дейишим мумкин.

-  Ўртадаги муносабатларингиз қандай? Улар билан келишиш қийин эмасми?

- Ҳаммаси жуда оддий. Килианга назар солиб, унинг 180 миллион евролик футболчи эканлигига ишонмайсан ҳам. Неймарга келсак, у ғоят очиқкўнгил йигит ва ўзини асло юлдуздек тутмайди. Мен эса ҳеч кимга лаганбардорлик қилмайман.

Муносабатларимиз вазият тақозосидан келиб чиқади. Тўғри, Преснель Кимпембе ва Альфонс Ареолага нисбатан яқинроқман. Аммо дейлик, Марко Верратти ёки Юлиан Дракслер билан ҳам бирга ресторанга боришим мумкин.

- Жамоада сизни сардордан ке-йинги иккинчи «фигура» ўрнида кўришадими?

- Йўқ. Сардор - Тьяго Сильва, вице-сардор - Тьяго Мотта. Агар иккиси ҳам майдонда тушмаса, боғич Маркиньосга берилади. Бордию, у ҳам майдонда бўлмаса, унда боғични менга топширишади.

Билишимча, Тьяго Мотта «ПСЖ»даги сўнгги мавсумини ўтказмоқда, демак, яқин орада учинчи позицияга чиқаман. Аммо бундай арифметика ҳеч нарсани англатмайди.

- Яна 4 ойдан кейин Россия мундиали бошланади. Футбол форумини эсдан чиқармаяпсизми?

- Ўйлайманки, Франция термаси юқори сакрашга қодир. Руслар диёридан жаҳон чемпиони сифатида қайтсак, зўр бўларди-да! Табиийки, миллий жамоа либосида майдонга тушиш ўзгача завқ ва ҳаяжон уйғотади.

- ЖЧ-2018 «заявка»сига киролмай қолишдан чўчимайсизми?

- Ҳаётда ҳам, футболда ҳам ҳеч нарсадан қўрқмайман. Ўз кучимга мутлақо ишонаман, тиззаларим асло қалтирамайди. Аммо Россияга бориш насиб этмаса, жуда афсусланишим тайин.

Ахир ҳозир миллий термага тўлиқ мослашиб олгандекман (РабьоФранциятермажамоасида 2016 йилнинг 15 ноябридадебютқилган).

- Айниқса, жорий мавсум мазмунли футбол намойиш этяпсиз. Ўйин бобидаги ўсишингизни Блез Матюидининг кетганига боғлаш мумкинми?

- Менимча, шундай. Ҳар ҳолда, айнан Блез кетганидан кейин асосий таркиб вакилига айландим. Бошқача айтганда, жамоага кераклигимни англадим. Хуллас, мавсум бошланганидан буён ҳаммаси аъло даражада давом этяпти.

- Позиция бўйича олдинга сурилган таянч ярим ҳимоячиси, яъни диспетчерсиз. Бу роль ўзингизга маъқулми?

- Ҳа, майдонда анчайин эркин ҳаракатланяпман. Дейлик, ҳужумда бемалол иштирок этишим мумкин. Чунончи, маълум бир ҳудудни назорат қилиш билан чекланиб қолишни истамайман.

- Амалдаги шартномангиз 2019 йилнинг июнида ниҳоясига етади. Уни узайтиришни истармидингиз?

- Бу масалада ҳозирча раҳбарият билан гаплашмадик. Шартномам билан онам шуғуллангани маъқул.

- Фаолиятингиз бошланганидан буён онангизсиз бир қадам ҳам қўёлмаётгандексиз.

- Бунда ёмон томони йўқ-ку, ахир. Онам футболда ҳам худди ҳаётдаги каби барчасини тўғри бажаряпти. Муҳими, унда катта ҳаётий тажриба бор. Баъзида айримлар унинг қарорлари моҳиятини тушунишмайди.

Ҳаттоки, ўзим ҳам кўп ҳолларда шундай ҳолатга тушаман. Аммо доимо унинг ҳақ эканлигини қалбан биламан.

- Сизни кўпинча «Онасининг эркатойи» қабилида таърифлашади. Бундан ранжимайсизми?

- Ушбу масалада ортиқча тортишиш ниятим йўқ. Оилада уч ўғилмиз ва фақат менгина онамнинг эркатойи эмасман. Факт шуки, болалигимдан футбол ўйнай бошлаганман ва ўз хатти-ҳаракатларимга мустақил жавоб бера оламан.

Тўғри, майдондан ташқаридаги ишларимни онам юритади ва шу боис, матбуотда бир неча бор чиқиш қилди. Натижада оғзига кучи етмайдиган айрим кимсалар «Онасининг эркатойи», «Онасининг ўғли», «Ўзи ҳеч нарсани ҳал қилолмайди»  қабилида гап-сўзлар тарқатишди.

Аммо бу гапларнинг заррача аҳамияти йўқ. Онам шунчаки, шахсий агентим сифатида ўз зиммасидаги ишларни бажаряпти, холос. Уйда она ва боламиз, ишда эса бир-биримизга футболчи ва агентдек муомала қиламиз.

- Ҳамон онангиз билан яшаяпсиз (Рабьо 12 ёшлигида отасидан айрилган), ваҳоланки, кўплаб тенгқурларингиз аллақачон умр йўлдошларини топишди, алоҳида хонадонга кўчиб ўтишди, айримлари ҳаттоки, оталик бахтига муяссар бўлишди.

- Ҳозирги ҳаёт тарзим ўзимга ёқади. Бошқа юмушлар билан чалғишни истамайман. Дейлик, алоҳида уйга кўчиб ўтган тақдиримда ҳам, онам билан бирга яшайман. Оиламиз жуда иноқ, онам - бизнинг таянчимиз. Албатта, шахсий ҳаётим ҳам бор.

Мисол учун, ўйин ёки машғулотлардан сўнг дўстлар билан учрашаман, қаердадир дам олишимиз мумкин. Бордию, эртага кўнглимга ёққан қизни учратсам, оила қуришни пайсалга солмайман.

Хуллас, бу масалада мутлақо мустақилман. Лекин ҳозирча фақат футболни ўйлашим керак.

- Майдон ташқарисидаги Адриен Рабьо қандай инсон?

- Оддий. Ҳамма қатори мулоқотга киришиш, истироҳат боғида сайр қилиш, ресторанларда ўтириш, дўконлар айланиш, укаларим билан кино кўриш ёки бирга ўйнашни ёқтираман. Мисол учун, ҳозир Call of Duty ўйини билан бандмиз.

Кўчада мени тез-тез таниб қолишади ва бирга суратга тушишни ёки дастхат беришимни сўрашади. Табиийки, бундай илтимосларни сира рад этишни хоҳламайман.

Тўғри, баъзида ҳар ким хотиржамликка интилади. Шахсан мен бундай пайтлар кўчага капюшон ёки шапкада чиқаман.

- «Граф» лақабига муносабатингиз?

- Чакки эмас, ҳаттоки, ёқади ҳам. Аммо унинг моҳиятини, яъни қандай пайдо бўлганини билмайман.

Онаси: - Шунчаки, ташқи кўринишинг билан аристократларни эслатасан, шунингдек, ўз услубинг бор.

- Албатта, «Безори» каби лақаблардан кўра, шуниси маъқул. Умуман олганда, кўпчилик майдонда анча нафис ҳаракатланишимни айтади. Демак, менда графларга хос хислат йўқ эмас.

Онаси: - Ўғлим болалигида Франция қиролидек кўринарди. Ҳа, Адриен қиролларга хос қиёфага эга.

Маълумот учун

Адриен РАБЬО

Амплуа бўйича: марказий ярим ҳимоячи

Туғилган санаси ва манзили: 1995 йил 3 апрель, Сен-Морисе (Франция)

«Кретей» клуби тарбияланувчиси. 2010 йилдан «ПСЖ»-да. 2012 йилнинг августида Париж клуби сафида дебют қилган. 2013 йили ижара келишуви асосида «Тулуза»да тўп сурди 

Франция чемпионатидаги статистикаси: 138та ўйин, 12та гол

Ютуқлари: Франциянинг 3 карра чемпиони; Франция суперкубоги соҳиби; Франция Лига кубогининг 4 карра соҳиби

Франция миллий жамоасидаги статистикаси: 5та ўйин

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz