Қайднома

Қидирув

Суперлига 2-тур: фактлар, қаҳрамонлар, иқтибослар ва бошқа турли кўрсатгичлар

Суперлига 2-тур: фактлар, қаҳрамонлар, иқтибослар ва бошқа турли кўрсатгичлар

  12.03.2018 15:15
  0
  694
Суперлига 2-тур: фактлар, қаҳрамонлар, иқтибослар ва бошқа турли кўрсатгичлар

Тан олиш керак, Суперлига ўйинлари кутилганидан-да юқорироқ суръатда бошланди. Эҳтимол, баъзи учрашувларда шиддат пастроқ бўлгандир, аммо рақобат нуқтаи назаридан қарасак, ҳозирча ҳаммаси аъло!

Диққат қилинг, атиги 2та турдан кейин очко йўқотмаган жамоа қолмади. Қолаверса, 12та иштирокчидан 11таси ўз ҳисобига очко ёзиб қўйди. Очиғи, бундай сценарий эски олий лигамиз учун ёт эмасмиди? Ҳа, ортда қолган 12та ўйинда атиги 20та гол кузатилди (ўртача ҳисобда 1та ўйинда 1,66та) ва бу кам.

Яна бир томони, шунча голга  20 нафар футболчи муаллифлик қилди. Бошқача айтсак, ҳозирча «дубль», «хет-трик» ёки «покер»га эришган футболчи тугул, 2та ўйинда 2та гол ургани ҳам йўқ.

Аммо ўйлаймизки, вақт ўтгани сайин голеадорлар ўзларини кўрсатишади, маҳсулдорлик ошади. Ахир футбол кескинлик ва рақобат баробарида голлар билан гўзал...

1-КУН: ВОДИЙ ФУТБОЛИ БАЙРАМИ

2-турга АГМК - «Навбаҳор» ўйини билан старт берилди. Биринчи бўлим тенг курашлар остида кечди, жамоалар бир қатор хавфли вазиятлар яратишди. Жумладан, мезбонлардан Хуршид Мухторов ва Владислав Касминин, меҳмонлардан эса Мирзоҳид Ғофуров дарвозабонлар ҳушёрлигини синаб кўришди.

Танаффусдан сўнг фаолликни оширган «лочинлар» 50-дақиқада ниятларига етишишди. Олмалиқликлар жарима майдони яқинида Азиз Турғунбоевга нисбатан қўполлик ишлатишгач, жарима зарбасини жабрланувчининг ўзи амалга ошириб, бу борада кимсан Лионель Мессини эслатиб юборди.

Мукаммал ва аниқ ижро, Роман Абдулов шунчаки, ожиз. Ҳисоб очилгач, АГМК устози Виктор Кумиков ўз-ўзидан ўйинда бурилиш ясаш учун таркибда ўзгаришларни амалга оширди. Унинг бу ҳаракатлари 82-дақиқада самара берди: мезбонлар захирадан тушган футболчиларнинг фаол ҳаракатлари эвазига мувозанатни тиклашди.

Яъни Отабек Зокиров тўпни қулай тарзда Зафар Полвоновга оширди, у эса боши билан зарба йўллаб, Ботирали Эргашев дарвозасини нишонга олди. Лекин шу куни АГМК қисматига мағлубият, «Навбаҳор»никига ғалаба битилган экан.

Хуллас, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда Илҳом Мўминжоновнинг захира кучи ҳам ўз сўзини айтди - Дилшод Жабборов бурчакдан оширилган тўпни боши билан дарвозага тўғрилаб, жамоасига илк ғалабани тақдим этди. Эътиборлиси, ҳал қилувчи голга ўйин қаҳрамони Азиз Турғунбоев ҳаммуаллифлик қилди.

Наманган клубининг муваффақиятини водийнинг яна бир вакили - «Қўқон-1912» чиройли суръатда давом эттирди. Нўъмон Ҳасанов жамоаси бутун ўйин давомида ташаббус кўрсатди, хавфли вазиятлар яратиш масаласида «Қизилқум»дан устун кўринди, лекин ҳисобни мезбонлар майдонда бир киши кам бўлиб қолишганидан кейин, боз устига, пенальти орқали очди.

Хуллас, Миржалол Қосимов 57-дақиқада янги чемпионатнинг қизил карточкалари ҳисобини очиб бергач, қўқонликлар олдинга боришда янада далиллашишди. Охир-оқибат, Акмал Рустамов жарима майдончаси ичида Жавоҳир Сиддиқовга нисбатан қўполлик ишлатишдан ўзга чора тополмади.

Бу вазиятда «Қўқон-1912»нинг штатли пенальтичиси - Мурод Холмуҳаммедов қулай имкониятни кўкка совурмади. Ўйин якунида эса Суҳроб Бердиев ажиб зарба йўллаб, Евгений Черемисинни ожиз қолдирганча ўйинга нуқта қўйди - 0:2.

2-КУН: ЧЕМПИОНГА «СОВҒА»

Турнинг иккинчи куни ОЧЛда қатнашаётган клубларимиз ўз майдонида чемпионатнинг очилиш ўйинини ўтказди. Айниқса, «Насаф» - «Бухоро» учрашувида муросасиз кураш уфуриб турди. Ҳисобни меҳмонлар вакили Санъат Шихов очгач, «аждарлар» дарҳол «уйғониб», Асилбек Омонов дарвозасини қамалга олишди, гўё.

Бу қамал биринчи бўлим тугашига 10 дақиқача қолган вақтда унинг ўзига хос зарбаси мисолида самара берди - 1:1. Иккинчи бўлим янада кескинроқ тус олди.

Хусусан, Улуғбек Бақоев шогирдлари ҳам Санжар Қувватовни дам-бадам безовта қилиб туришди. Фақат улар қаршиликлардан фарқли ўлароқ, вазиятлардан фойдаланолмай, ортга очкосиз қайтишди. Хуллас, тиниб-тинчимас Бобур Абдухолиқов ва Славко Лукичнинг голлари эвазига «Насаф» ишончли ғалабани тантана қилди.

«Локомотив» эса ОЧЛ олдидан баъзи етакчиларига дам бериб, «Металлург»ни енгиш уддасидан чиқолмади - 1:1. Аслида ҳаммаси «темир-йўлчилар» учун яхши бошланди - Диёр Туропов 8-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Бироқ устунлик вақтида мустаҳкамланмади ва бекободликлар ўйиннинг охирги қисмида амалдаги чемпионни муносиб жазолашди.

Эътиборлиси, захирадан майдонга тушган Павел Пуришкин тўпга биринчи тегинишидаёқ Маъмур Икромов дарвозасинини «ўқ»қа тутди - 1:1. Андрей Микляев|Мирко Йелечич жуфтлиги аслида ҳисоб тенглашишидан аввалроқ ҳаммаси яхши эмаслигини тушуниб, Марат Бикмаев, Сардор Мирзаев ва Шуҳрат Муҳаммадиевни майдонга туширганди.

Аммо улар ҳам ёрдам беролмадилар. Аксинча, «Металлург» ғалабани илиб кетиши ҳеч гап эмасди. Бироқ ҳакамлар сўнгги дақиқада Забиҳилло Ўринбоевнинг жарима майдони ичида йиқилишига ортиқча эътибор қаратишмади.

3-КУН: «ТОШКЕНТ ДЕРБИСИ» МУҲИТИ

«Бунёдкор» - «Пахтакор» учрашуви шубҳасиз, 2-турнинг марказий қарама-қаршилиги эди. Аввало, ўйинни 20 мингдан кўп мухлис стадионнинг ўзида кузатиб борганини айтиш керак.

Ҳа, «Тошкент дербиси»га аввалги шукуҳ қайтаётгани рост бўлсин. Ўйин воқеликларига ортиқча тўхталиш шарт эмасдир. Зеро, «Спорт» телеканали ҳаракати ва қулай вақт белгилангани эвазига кўпчилик учрашувни телевизор орқали томоша қилди.

Фақат айтиш мумкинки, «Пахтакор» кўпроқ ҳужум қилди, вазиятлар яратди, «Бунёдкор» эса тартибли ҳаракатлар ҳисобига ғалаба қозонди. Ягона гол муаллифи - Рустам Ашурматов.

Шота Арвеладзенинг куюнганича бор: «шерлар» ҳаттоки, пенальтидан фойдаланолмадилар: 90+3-дақиқа, Жасур Ҳакимов антиқаҳрамон, Мурод Зуҳуров қаҳрамон!

«Сўғдиёна» - «Нефтчи» учрашуви кейинчалик Суперлига тарихидаги «Шамол жанги» сифатида эсга олинса, ажабмас. Тўғри, бу ўйинда шамол қайсидир томон ёнини олмай, холис бўлиб қолди.

Умуман, Жиззахдаги очилиш ўйинида кўп нарса кузатилди: кескин кураш, ҳужумлар, сариқ ва қизил карточкалар, чироқ ўчиб қолиши (айнан кучли шамол таъсирида 2 марта электр таъминоти узилиб қолди), қўшимча 10 дақиқа... Қисқаси, бир нарса етишмади - гол.

Инсоф юзасидан айтсак, «Нефтчи» ғалабага яқинроқ эди, тўғри, «Сўғдиёна» сўнгги дақиқаларда фаолликни оширди ва 3 очкони ўз томонига оғдириши ҳам ҳеч гап эмасди. Аммо томонлар якунда 0:0га кўнишди.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - АЗИЗ ТУРҒУНБОЕВ

Аслида 90}3-дақиқада пенальтини бартараф этиб, «Бунёдкор»нинг «Пахтакор»дан устун қолишини таъминлаган Мурод Зуҳуровни бош қаҳрамон сифатида таърифлаш керак эди.

Бироқ АГМК - «Навбаҳор» ўйинида ҳисоб очилган вазиятдан шунчаки, кўз юмолмадик. Кўпчилик Азиз Турғунбоевнинг жарима нуқтасидан йўллаган зарбасини кўриб, беихтиёр «О, Месси...», деб юборган бўлса, ажабмас.

Қолаверса, бутун вақт давомида фаоллиги билан ажралиб турган Азизбек сўнгги лаҳзаларда «Навбаҳор»га ғалаба келтирган гол ҳаммуаллифига айланди. Хуллас, шу икки самарали ҳаракатни назарда тутиб, 23 ёшли ярим ҳимоячини тур қаҳрамони мақоми билан сийладик.   

«ҚИЗИЛҚУМ» - «ҚЎҚОН-1912» - 0:2 (0:0)

8 март. Навоий. 7302 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент), А.Расулов (Тошкент), Ж.Саидов (Тошкент),  Д.Жалимов (Тошкент вил.).

Голлар: М.Холмуҳаммедов (78-пен.), С.Бердиев (88).

«Қизилқум»: 77. Е.Черемисин, 4. Э.Бойдуллаев, 8. А.Рустамов, 10. А.Саноев (18. С.Шодмонов, 42), 11. Д.Усмонов, 14. Ф.Қамбаров, 21. М.Убайдуллаев, 23. Ш.Жўраев, 30. Э.Григалашвили, 44. М.Қосимов, 84. Н.Йованович.

«Қўқон-1912»: 1. Ў.Юсупов, 5. Ғ.Комилов, 9. Н.Отақўзиев (29. И.Таран, 79), 10. Ж.Сиддиқов, 18. Б.Пардаев (17. Қ.Рўзиев, 66), 19. С.Бердиев, 22. М.Холмуҳаммедов, 23. А.Мерзляков, 55. Д.Гожкович, 65. М.Милич, 96. М.Ҳасанов (95. М.Спремо, 82).

Огоҳлантиришлар: М.Қосимов (16), А.Рустамов (77) - М.Милич (82).

Четлатиш: М.Қосимов (57, Қ.).

Назоратчи: Б.Тоғаев (Тошкент).

Комиссар: Б.Намозов.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Олдинги тур ўйинида «Бухоро» меҳмони бўлиб, мағлубиятга учрагандик. Ўша баҳсда ҳам чакки ўйнамадик. Лекин иккинчи бўлимда аламли тўп ўтказиб юбордик. Мана, яна сафарда тўп суриб, бу сафар ғалаба қозондик.

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўйиндан ўйинга кучайиб боришимизга ишонаман. «Қизилқум» - яхши шаклланган жамоа. Таркибида тажрибали футболчилар бор. Навоийликларга кейинги ўйинларда омад тилайман.

Ҳамид Актамов малакали мутахассис ва ўйламанки, жамоани қийин вазиятдан олиб чиқиб кетади. Бугунги натижада қизил карточка муҳим роль ўйнади. Чунончи, тенг кучли жамоалар ўртасидаги баҳсда бир киши кам бўлиб қолиш мағлубият билан тенгдир.

Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912» ярим ҳимоячиси): - Чиройли ўйин. Мухлислар шиддатли футбол гувоҳига айланишди. Ҳар икки жамоа ғалабани кўзлаганди. Боиси, 1-турда  мезбонлар ҳам биз каби мағлубиятга учрашганди.

Тўғри, жамоамизда ғалабага иштиёқ бироз кучли эди. Умуман, ҳужумкор футболга таянмоқдамиз. Дейлик, бугун ҳам майдонга 2 нафар ҳужумчи билан тушиб, максимал даражада тўп суришга интилдик. Лекин менимча, энг яхши ўйинларимиз ҳали олдинда.

АГМК - «НАВБАҲОР» - 1:2 (0:0)

8 март. Олмалиқ. 8320 томошабин.

Ҳакамлар: А.Рисқуллаев (Тошкент), А.Цапенко (Тошкент вил.), Т.Гайнуллин (Тошкент),

А.Эргашев (Тошкент).

Голлар: З.Полвонов (82) - А.Турғунбоев (50), Д.Жабборов (90}2).

АГМК: 12. Р.Абдулов, 2. А.Ҳожиакбаров

(18. Қ.Баҳодиров, 60), 4. Х.Мухторов, 8. М.Музаффаров (77. О.Зокиров, 59), 10. Ш.Норбеков (9. З.Полвонов, 81), 13. Л.Тўраев, 15. В.Бубанья, 19. В.Касминин, 23. Й.Жокич, 24. Ж.Гусейнов, 87. В.Чемиртан.

«Навбаҳор»: 1. Б.Эргашев, 6. О.Ўрунов, 8. А.Нўъмонов, 10. А.Турғунбоев, 12. Н.Иньяц (15. А.Алланиёзов, 86), 19. М.Ғофуров, 21. А.Алиев (9. Д.Жабборов, 85), 24. Д.Ҳошимов, 32. Ж.Меҳмонов, 33. Т.Пайович, 44. Д.Станоевич.

Огоҳлантириш: Д.Станоевич (43, Н.).

Назоратчи: К.Смирнов (Қарши).

Комиссар: А.Фролов.

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Футболчиларимизнинг бугунги ҳаракатларига 10 баҳо қўйиш-га асосим бор. Улар ғалаба учун бор куч ва имкониятларини ишга солишди. Хуллас, ирода ва йигитларнинг ўз ишларига профессионал даражада ёндашганлари эвазига 3 очко олдик. Назаримда, ортиқча таърифга ҳожат йўқ.

Азизбек Турғунбоев («Навбаҳор» ярим ҳимоячиси): - Гувоҳи бўлдинглар, ўйин анча қийин кечди. Ўзи Олмалиққа 3 очко олиш учун келгандик. Зеро, жорий чемпионатда ҳар бир очко олтинга тенг.

Бизни бевосита стадионда қўллаб туриш учун Намангандан келган мухлисларга алоҳида раҳмат. Футболимизда ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Ортда қолган ўйинлар фикримга далил.

Виктор Кумиков (АГМК бош мураббийи): - Афсуски, мағлубиятга учрадик, рақиб ғалабага ҳақли эди. Керакли натижага эришолмаганимиз аламли, албатта. Билмадим, нима бўлди, балки уйдаги илк ўйин ҳаяжони халақит бергандир..

Умуман, бу жорий йилги энг ёмон ўйи-нимиз бўлди. Ҳар ҳолда, ўқув-машғулот йиғинларида ҳам, илк турда ҳам бу даражада мазмунсиз футбол кўрсатмагандик.

- Дарҳақиқат, шогирдларингиз «Бунёдкор»га қарши баҳсда ҳам анча фаол ҳаракатланишганди. Бугун жамоангизга айнан нима етишмади?

- Жасурлик ва аниқлик.

- «Навбаҳор» ҳақида нима дея оласиз?

- Рақиб имконият юзага келишини кутди ва боридан унумли фойдаланди. Яъни меҳмонлар қарши ҳужумларга таяниб тўп суришди ва кўроқ гол уришлари ҳам ҳеч гап эмасди. Ҳисоб очилгач, ўз-ўзидан олдинга ўтишга мажбур бўлдик. Биринчи бўлимда тенглик кузатилди, аммо иккинчисида наманганликлар фаолроқ кўринишди. Шуни назарда тутсак, улар ғалабага ҳақли эдилар.

- Жамоангиз олдига қандай вазифа қўйилган?

- Биринчи босқичда кучли олтиликдан жой олишимиз керак. Мавсум энди бошланди, бор эътиборни шу вазифани бажаришга қаратамиз.

Лутфулла Тўраев (АГМК ярим ҳимоячиси): - Бугун ўз майдонимизда биринчи ўйинни ўтказдик. Мухлисларга раҳмат, стадионда яхши муҳит яратишди.

Бироқ ўйинимиз қовушмади, боз устига, сўнгги дақиқаларда гол қўйиб юбордик. Ўйин тугагани ҳамоно биз - футболчилар алоҳида гаплашиб олдик. Яна нима дердим, кейинги учрашувларда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

«НАСАФ» - «БУХОРО» - 3:1 (1:1)

9 март. Қарши. 10386 томошабин.

Ҳакамлар: В.Серазитдинов (Тошкент), Р.Шояхметов (Тошкент), А.Пўлатов (Тошкент), И.Ибрагимов (Нукус).

Голлар: А.Ғаниев (35), Б.Абдухолиқов (46), С.Лукич (90}4) - С.Шихов (18).

«Насаф»: 35. С.Қувватов, 6. А.Ғаниев (20. И.Кенжабоев, 82), 8. С.Рашидов (7. О.Ҳамробеков, 46), 10. Б.Абдухолиқов, 14. Ш.Муҳиддинов, 22. И.Голбан, 27. И.Рашидхонов (4. М.Каримов, 68), 31. С.Раҳматов, 55. С.Лукич, 77. Ж.Ҳасанов, 92. У.Эшмуродов.

«Бухоро»: 30. А.Омонов, 7. А.Аманов (77. Ж.Қаҳрамонов, 74), 8. С.Қутибоев (86. А.Ибрагимов, 63), 10. Ш.Саломов, 11. С.Шихов, 16. А.Филипосян, 18. Ш.Муллажонов, 22. Ш.Эркинов (14. Б.Насимов, 46), 27. Р.Ҳасанов, 55. Р.Бердимуродов, 89. С.Русецкий.

Огоҳлантиришлар: С.Рашидов (43) - А.Филипосян (78), А.Аманов (83).

Назоратчи: Р.Айтеков (Тошкент).

Комиссар: Р.Черников.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - «Насаф»ни ғалаба билан табриклайман. Қизиқарли ва томошабоп ўйин бўлди. Ҳар икки жамоада гол уриш учун кўплаб вазиятлар юзага келди. Улардан фойдаланиш масаласида майдон эгалари устунроқ чиқишди.

Хуллас, бизга имкониятлардан самара чиқаролмаслик панд берди. Бошқа томондан йигитларга эътироз йўқ, улар бинойидек ўйин кўрсатишди. Футбол хатолардан холи эмас. Қайси томон камроқ  хато қилса, ғалаба унга насиб этади.

«Насаф»нинг дарвозабони мамлакатимиздаги энг кучли киперлардан бири ҳисобланади. Бугунги натижада унинг ҳиссаси жуда катта бўлди. Оддий қоида шуки, гол уриш керак, акс ҳолда, ғалаба қозонолмайсан...

Шавкат Саломов («Бухоро» ярим ҳимоячиси): - Аввало, «Насаф»ни ғалаба билан табриклайман. Бугун гол уриш учун етарлича имконият ҳосил қилдик, аммо омадимиз чопмади...

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - «Бухоро»да тажрибали ўйинчилар йиғилишган, бугунги ўйинга қараб, «Бу жамоа олдига бемалол чемпионлик учун курашиш вазифасини қўйса бўлар экан», деган фикрга келдим. Шогирдларимга эса ўйин учун алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Чунончи, рақибга нисбатан тезроқ ўйнадик ва фикрладик. Шунинг натижасида ишончли ғалабага эришдик. Хуллас, йигитларимиз характерларини ҳам намойиш қилишди. Яъни рақиб гол урганидан кейин тушкунликка берилмай, олдинга боришди. Бу ҳолат мураббийларни хурсанд қилади, албатта.

Умуман, рақибни яхши ўрганган эдик. Футболчиларимизнинг тезкор ҳаракатлари ҳам меҳмонларни анча асабийлашишларига сабаб бўлди. Бунга тайёр эдик.

Рақиб қўпол ўйнайдими ёки бошқача - чўчимай тўп суриш керак. Бошқача айтганда, футболчиларимиз энди ёш эмаслар ва ҳар қандай рақиб билан муносиб курашишлари шарт.

Драган Черан? Ҳужумчи айни пайт уйида муолажа оляпти. У билан алоқада бўлиб турибмиз. Драган эртага Қатарга боради, яъни навбатдаги ўйинга тайёр.

Уни тезроқ тикланиши учун ҳам юртига юборган эдик. Чунки Европада бундай жароҳатларни тез даволайдиган мутахассислар кўп. Дониёр Нарзуллаев? Агар рухсат берсак, бугуноқ майдонга тушарди. Аммо Дониёр ҳали зарур муолажаларни олиши керак, шифокорлар шуни талаб қилишяпти.

Ўйлайманки, у чамаси бир ой давомида сафга қайтади. Афсуски, бўлажак ўйин олдидан йўқотишлар бор. Бу ҳақда чуқур ўйлаб, режалар тузиб қўйдик. Лекин ҳозир ҳаммасини очиқ айтолмайман. Жаҳонгир Алиев? Уни албатта, майдонда кўрасизлар. Бу футболчи хизматидан ҳали кўп фойдаланамиз.

Бугун майдонга тушмагани эса тактикага боғлиқ. Умуман, таркибдаги барча йигитларга имкон берамиз. Хуллас, майдонга камроқ тушаётганлар хусусида бошқача фикрга бормаслигингизни сўрайман.

Бобур Давлатов? Унинг ёшлар терма жамоасида қандай ўйнагани кўпчиликка маълум. Футболчимиз айни пайт жамоамизга мослашиш жараёнида. Бобур ҳам жамоамизга ҳали кўп ёрдам беради.

------------------------------------------------------------------------

«ЛОКОМОТИВ» - «МЕТАЛЛУРГ» - 1:1 (1:0)

9 март. Тошкент. 3188 томошабин

Ҳакамлар: И.Танташев (Бухоро), Ҳ.Шодмонов (Бухоро), Б.Қодиров (Бухоро), Д.Каримов (Тошкент).

Голлар: Д.Туропов (8) - П.Пуришкин (76).

«Локомотив»: 12. М.Икромов, 4. Б.Йўлдошев, 8. Ш.Каримов (15. С.Мирзаев, 63), 14. А.Омонов, 17. С.Мустафоев, 18. Ф.Бекмуродов, 19. Ҳ.Ғофуров, 33. О.Зотеев (28. Ш.Муҳаммадиев, 57), 77. Д.Туропов, 88. И.Йелич, 99. Чо Сук Жаэ (10. М.Бикмаев, 70).

«Металлург»: 1. З.Сафоев, 5. А.Отахонов, 7. С.Нуруллоев, 8. Ш.Шайманов (91. П.Смоляченко, 69), 15. З.Абдуллаев (9. З.Ўринбоев, 46), 16. Ж.Ҳасанов, 37. Ш.Файзиев, 55. А.Исматуллаев, 77. М.Исаев, 88. А.Ҳусинов, 90. З.Тўраев.

Огоҳлантиришлар: Д.Туропов (45), Ҳ.Ғофуров (56), И.Йелич (64), М.Бикмаев (90}4) - З.Сафоев (90}3).

Четлатиш: Д.Туропов (90, Л.).

Назоратчи: Д.Роман (Тошкент).

Комиссар: Ш.Ражабов.

Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи): - Аввало, «Локомотив» раҳбариятига ажойиб қабул ва зарур шарт-шароитларни яратиб беришгани учун миннатдорчилик билдираман. Бевосита ўйинга тўхталсам, биринчи бўлимда футболчилар ҳаракатларидан қониқмадик.

Боз устига, оддий хато ортидан гол қўйиб юбордик. Муҳими, йигитлар танаффусдан кейин барча кўрсатмаларни бекам-у кўст бажаришди. Хуллас, иккинчи бўлимда тезкорликни оширдик, иштиёқ эвазига керакли натижага эришдик. Гол қўйиб юборилган вазиятни ҳали алоҳида таҳлил қиламиз.

Ўйин сифатидан тўлиқ қониқмаган бўлсамда, натижадан хурсандман. Зеро, ортга қимматли очко билан қайтмоқдамиз. Олдимизда қиладиган ишлар ҳали кўп, йигитларни оптимал спорт формасига олиб чиқиш учун ишлашдан тўхтамаслигимиз лозим.

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Яккакурашларга бой ўйин кўрдик. Икки жамоа майдонда тенгма-тенг курашди. Ҳа, биз ўйинни ёмон бошламадик, гол уришни ҳам уддаладик. Бироқ якунда дарвозамиздан тўп ўтказиб юбориб, ғалабани қўлдан чиқардик.

Агар юзага келган вазиятлардан унумлироқ фойдаланганимизда, бемалол 3 очко олардик, менимча. Йўқ, йигитларга эътироз йўқ, чунки бугун майдонга тушганлар қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Фақат натижа бироз қониқарсиз...

-------------------------------------------------------------------------

«БУНЁДКОР» - «ПАХТАКОР» - 1:0 (0:0)

10 март. Тошкент. 20186 томошабин.

Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент), С.Шоюсупов (Тошкент), О.Абдувасилов (Тошкент), И.Худойдотов (Тошкент).

Гол: Р.Ашурматов (79).

Амалга оширилмаган пенальти: Ж.Ҳакимов (90+3).

 «Бунёдкор»: 25. М.Зуҳуров, 20. М.Сулаймонов, 2. Р.Ашурматов, 6. А.Ғофуров, 4. А.Комилов, 8. Ж.Иброҳимов, 44. М.Қосимов (18. С.Собирхўжаев, 60), 30. Х.Ғиёсов (3. И.Қобилов, 85) 11. М.Тошматов, 9. Ш.Нурматов, 13. С.Қодирқулов (28. Д.Умиров, 46).

«Пахтакор»: 25. Э.Суюнов, 2. А.Шораҳмедов, 4. Ш.Аъзамов, 55. М.Симич, 34. Ф.Сайфиев, 8. Д.Раҳматуллаев (7. А.Аҳмедов, 82), 80. Р.Гриффитс, 77. Т.Безерра, 18. Б.Абдураҳимов (22. Ж.Яхшибоев, 69), 9. Ж.Машарипов, 11. И.Гонсалвеш (20. Ж.Ҳакимов, 78).

Огоҳлантиришлар: Ж.Иброҳимов (90+3), Р.Ашурматов (90}3, Б.).

Назоратчи: Р.Серазитдинов (Тошкент).

Комиссар: М.Саидқосимов.

Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - 90 дақиқа давомида рақибдан кучлилик қилдик, ўйинни тўлиқ назорат остига олдик. Бироқ кўплаб имкониятлардан фойдаланолмадик. Баъзида футбол шундай: яхши ўйнаган жамоа ҳар доим ҳам ютавермайди.

Кимдир тўпга кўпроқ тегади, бошқаси йўқ. Ўйинчилар ўртасидаги фарқни шу каби жиҳатлар белгилайди. Хуллас, ўйин сифати тарафлама яхши кўриндик, аммо ҳужумларни якунлашда оқсадик. Мавсум энди бошланди, ишонаманки, ўйинимизни ҳали кучайтириб борамиз.

Бугунги учрашув ҳам жисмонан яхши ҳолатда эканлигимизни кўрсатди. Футболда энг қийини - гол уриш. Рақиб дарвозасини кўпроқ нишонга олган жамоа ғалаба қозонади.

Вазиятлардан самара чиқариш борасида ишлаяпмиз, машғулотларда барча бирдек тер тўкмоқда. Пенальтини нега айнан Ҳакимов тепди? Бундай ҳолатда ким ўзини тайёр сезса, тўпга у яқинлашади.

Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Дербига хос ўйин кўрдик. Шиддатли ва кескин курашларга бой учрашувдан аввало, мухлислар ютишди, менимча. Албатта, ғалаба қозонганимиздан хурсандмиз. Шогирдларим билан фахрланаман.

Тўғри, биринчи бўлимда ташаббус рақиб томонида бўлди. Лекин танаффусдан кейин ўйиннинг боришини тенглаштирдик. Аниқроғи, жамоалар очиқ футбол кўрсатишди ва иккинчи 45 дақиқаликда кўпроқ вазият яратилди. Стадионда ажойиб муҳит яратган мухлисларга раҳмат айтаман. Бундай шароитда ўйнаш ёқимли. Агар мухлислар оқими пасаймаса, ўйинчилар қўшимча мотивация билан ҳаракатланишади

а бундан футболимиз ютади, албатта. Яъни футболчилар маҳорати худди бугунгидек учрашувлар туфайли ошиб бораверади.

Ҳа, таркибимизда ўзгаришлар бор. Етакчилар жамоадан кетишди. Аммо бундан фожеа ясамаймиз. Аксинча, янги футболчиларни кашф этамиз.

Мурод Зуҳуров («Бунёдкор» дарвозабони): - Дербига ўзгача тайёрланган эдик. Мана, мураббийлар кўрсатмалари асосида ҳамжиҳат ҳаракатланиб, ғалаба қозондик.

Ўйин охиридаги пенальти? Бунда таваккал қилганим йўқ, шунчаки, тўп йўналишига қараб ташландим. Мана, омадим чопиб, дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолдим...

------------------------------------------------------------------------

«СЎҒДИЁНА» - «НЕФТЧИ» - 0:0 

10 март. Жиззах. 8512 томошабин

Ҳакамлар: А.Асимов (Тошкент), М.Мажидов (Наманган), Р.Фозилов (Наманган), Р.Абдувоҳидов (Қарши).

«Сўғдиёна»: 23. Д.Ҳамроев, 3. А.Исроилов (5. Ф.Мираҳматов, 88), 4. Э.Орипов, 6. Д.Каримов, 9. С.Азимов (77. И.Абдуллаев, 81), 10. Ш.Норхонов, 19. А.Зиёвуддинов (20. И.Маликжонов, 46), 26. А.Холмуродов, 31. Ж.Абдумўминов, 33. Т.Шамсиддинов, 99. Н.Тўхтасинов.

«Нефтчи»: 77. В.Мирний, 3. Ш.Пўлатов, 95. Д.Турсунов, 2. И.Шойқулов, 5. Ж.Кимсанов,  20. Ҳ.Ғофуров, 8. А.Махсталиев, 22. А.Исроилов, 23. А.Абдулҳақов (10. А.Бердиев, 74), 55. А.Агалиев (6. О.Аҳмаджонов, 58), 9. А.Юсупов (29. В.Сушкин, 90).

Огоҳлантиришлар: Ж.Абдумўминов (41) - Ш.Пўлатов (7), Д.Турсунов (56).

Четлатиш: Д.Каримов (84, С.).

Назоратчи: С.Нажафалиев (Тошкент).

Комиссар: С.Қудратуллаев.

Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи» мураббийи): - Ўйин юқори суръатда ўтди. Ҳар икки жамоа вакиллари бирдек яхши таассурот қолдиришди. Бироқ ноқулай об-ҳаво шароити янада мазмунли ўйнашга тўсқинлик қилди. Муҳими, қизиқарли футбол кўрдик, барибир.

«Нефтчи» иккинчи бўлимда анча жонланди. Ҳаттоки,  рақибга нисбатан бир бош устун кўриндик. Жиззах жамоасига ҳурмат сақлаган ҳолда айтаман, бугун «Нефтчи» ғалабага лойиқ эди. Жиззахга айнан 3 очко илинжида келгандик. Афсус, бунинг уддасидан чиқолмадик. Энди эътиборни кейинги ўйинларга қаратамиз.

Виталий Мирний («Нефтчи» дарвозабони): - Оғир ўйин. Рақиб жиддий қаршилик кўрсатди. Ортимиздан кўплаб мухлислар келишгани диққатга сазовор. Бутун ўйин давомида уларнинг далдаларини ҳис этиб турдик. Қандай шамол - бўрон кўтарилганини кўрдинглар.

Бундай об-ҳавода комбинацион футбол намойиш этиш тугул, тўп суриш ҳам мушкул. Бугун Ўзбекистонда илк марта расмий баҳсда қатнашдим. Таассуротлар ижойиб. Очиғи, бугунги об-ҳаво натижага жиддий таъсир қилди. Шамол бўлмаганида, ўйин бошқача руҳда кечарди, менимча.

Александр Мочинов («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Аввало, жиззахлик мухлисларни янги мавсум билан табриклайман. Оғир ўйин бўлди. Бунда об-ҳавонинг таъсири ҳам бор. Ўйин давомида бир қатор қулай вазиятларга эга чиқиб, гол уролмаганимиздан афсусдаман.

Лекин йигитларга раҳмат, улар четлатиш ва ноқулай об-ҳавога қарамай, характер кўрсатишди. Ҳа, «Нефтчи» ҳам хавфли вазиятлар яратди, аммо футбол шунақа - гол урмасанг, ғалаба қозонолмайсан. Яна нима дердим, хатолар устида ишлаб, кейинги ўйинларга янада пухтароқ тайёргарлик кўрамиз.

Тур Статистикаси

Ўйин: 6, Гол: 12  (ўртача: 2), Томошабин: 57894 (ўртача: 9649)

Мезбонлар ғалабаси: 2, Меҳмонлар ғалабаси: 2, Дуранг: 2

Йирик ҳисобли ғалаба: -, Энг  сермаҳсул ўйин:  «Насаф» - «Бухоро» (4та гол)

Огоҳлантириш: 17 (ўртача: 2,83...), Четлатиш: 3 (ўртача: 0,5)

Энг «қўпол» ўйин: «Локомотив» - «Металлург» (5та «сариқ» } 1та «қизил») 

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Бунёдкор» - «Пахтакор» (20186)

Пенальти: 2 (1таси самарасиз)

«Дубль»: -, «Хет-трик»: -, Автогол: -  

1 Локомотив             2          1          1          0          4-1       4

2 Насаф                    2          1          1          0          3-1       4

4 Навбаҳор               2          1          1          0          2-1       4

3 Бунёдкор               2          1          1          0          2-1       4

5 Пахтакор               2          1          0          1          2-1       3

6 Қўқон-1912           2          1          0          1          2-1       3

7 Бухоро                   2          1          0          1          2-3       3

8 Металлург             2          0          2          0          1-1       2

9 Нефтчи                  2          0          2          0          0-0       2

10 АГМК                    2          0          1          1          2-3       1

11 Сўғдиёна             2          0          1          1          0-2       1

12 Қизилқум             2          0          0          2          0-5       0

Келгуси ўйинлар. 2-тур

16 март (жума)

Бухоро - Сўғдиёна

Металлург - Қўқон-1912

17 март (шанба)

Нефтчи - Бунёдкор

Навбаҳор - Локомотив

18 март (якшанба)

Қизилқум - Насаф

Пахтакор – АГМК


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz