27-28 февраль кунлари Сочида ЖЧ-2018 иштирокчи жамоалари вакиллари учун ташкиллаштирилган семинарда Эрон миллий термаси бош мураббийи Карлуш Кейруш ҳам қатнашди.
Маросим якунида FIFA.com сайти ижодкорлари португалиялик мутахассисни безовта қилиб, махсус интервью олишди.
Биласиз, форслар айнан португалиялик мураббий бошқарувида қаторасига иккинчи марта мундиал йўлланмасини қўлга киритишди.
Айтиш жоиз, Эрон футболи тарихида бундай муваффақият илк марта кузатилди.
- Эрон миллий жамоаси 4 йилча олдин сизнинг бошқарувингизда ЖЧ-2014 финал босқичида майдонга тушганди. Энг муҳими, форсларни 8 йиллик танаффусдан сўнг яна мундиал сари бошлаган эдингиз.
Мана, жамоангиз навбатдаги ЖЧ саралашини янада муваффақиятли ўтказиб, Осиёда биринчи бўлиб йўлланмани қўлга киритди. Хўш, Эрон термаси олдига қандай вазифалар қўйилмоқда, босим йўқми?
- Ҳозир жамоа қудрати сезиларли даражада ошгани аниқ. Бразилияда олинган бебаҳо тажриба, бир қатор ўйинчиларнинг Европада тўп суришаётгани эвазига жамоада барқарорлик қарор топди, рақобат кучайди.
Таъкидлаш жоизки, бу сафар саралаш босқичини мағлубиятсиз якунладик, дарвозамиздан атиги 2 марта тўп ўтказиб юбордик. ФИФА рейтинги бўйича Осиёнинг энг кучли жамоаси бўлиб турибмиз.
Тўғри, қитъа миқёсидаги ўйинлар ва халқаро учрашувлар ўртасида катта фарқ бор. Лекин жамоамизда уюшқоқлик ошганлигига шубҳа йўқ. Хуллас, Россия мундиалида муайян аниқ мақсадни кўзлаймиз.
- Яъни...
- Аввало, «плей-офф» босқичига чиқишимиз керак. Ҳа, гуруҳ раундида ғолибликка асосий даъвогарлардан саналган Испания ва Португалия термаларига қарши майдонга тушамиз.
Шундай бўлсада, ўз имкониятларимиздан баландроқ сакрашга уринамиз. Тараққиёт учун навбатдаги қадамни ташлаш шуни талаб қилади. Бу қадам нафақат ЖЧ, балки кейинги қитъа мусобақалари ва келгуси саралаш кампанияси учун ҳам жуда муҳим.
- «Португалия футболига қарши туриш» иборасидан хижолат чекмаяпсизми?
- Йўқ, «Испанларга қарши тўп суриш, португаллар билан беллашиш» қабилида гапиришни хуш кўраман (кулади). Ҳа, Португалия фарзандиман. Аммо гуруҳдаги вазиятга салмоқли таъсир этадиган бу баҳс шогирдларим каби мен учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўша «дуэль», шунингдек, Испания ва Марокаш термаларига қарши кечадиган учрашувларни катта қизиқиш, сабрсизлик билан кутяпман. Ўйлайманки, гуруҳимиз доирасидаги ҳар бир ўйин қизиқарли тус олади.
- Криштиану Роналду ўйинларини уни зарарсизлантириш йўлини топиши шарт бўлган мураббийи сифатида кузатиш қандай экан?
- Албатта, таркибида шундай кучли ўйинчиси бор жамоага қарши тўп суриш осон эмас. Ахир гап дунёнинг энг кучли футболчиси ҳақида кетмоқда.
Бироқ ҳакамнинг старт ҳуштаги чалиниши билан барча ўй-хаёллар иккинчи даражага ўтади. Майдонда қайси жамоа ишончлироқ ҳаракатланиб, юқори савияни кўрсатса, ғалаба унга насиб этади. Футболнинг оддий ҳақиқати шу.
- Умуман, вақтида Роналду билан бирга ишлагансиз. Ўша давр таассуротлари нечоғли ёрқин?
- Бундай ҳамкорликни унутиб бўлмаслиги ўз-ўзидан маълум. Айниқса, «МЮ» клуби ва Португалия терма жамоасидаги фаолиятим ҳамон кўз ўнгимда. Лекин орадан анча йиллар ўтди.
ЖАР мундиали ҳам ўтмишда қолди. Шу тариқа фаолиятимда мен учун бош-қа Роналдулар пайдо бўлишди. Бунда Алиризо Жаҳонбахш, Ризо Гужаннажот ва Али Карими каби шогирдларимни назарда тутяпман.
Олдимизга қўйилган режаларни рўёбга чиқариш учун бор эътиборимни шу йигитларга қаратишим, тинмай ишлашим керак.
- Буюк футболчилар мавзусини давом эттирамиз. Бразилияда жамоангиз Лионель Мессини қўриқлашга жиддий эътибор қаратган бўлсада, уни бутунлай зарарсизлантиришни уддалай олмаганди...
- Доимо алоҳида таъкидлаб келганман - Месси феноменал ўйинчи. У дарҳақиқат, ўзга сайёра вакилидек туюлади. Агар Лео бизга ўхшаш одам бўлганида, ўша сеҳрли гол (аргентиналиклар ЖЧ-2014 гуруҳ босқичида айнан Мессининг сўнгги дақиқаларда урган ягона голи эвазига форсларни маҳв этишганди)ни уролмасди.
Табиатан мағлубликни ҳазм қилолмайман. Лекин тан оламан, ўша куни мағлубият аламини ҳис этмадим. Айнан шундай сеҳрли лаҳзалардан кейин футбол тирик эканлигию, ҳамон энг қизиқарли спорт турлари қаторида турганини яққол англайсан.
Муболаға учун узр, аммо футболчи шундай афсункор ишни бажарганидан кейин инсон боласи эканлигини исботлаши шарт. Акс ҳолда, ФИФА уни мусобақага қўймаслиги лозим...
- Якунда айнан Россияда тўп сураётган Сардор Азмун, Саид Иззатуллоҳи ва Милад Муҳаммади ҳақида гапиришингизни истардик - ихтиёрингизда бундай футболчилар борлиги нақадар муҳим?
- Дейлик, 2011 йили терма жамоа таркибида Европа клубида тўп сурадиган атиги бир футболчи бор эди. Ҳозир эса таркиб 60 фоизга «кўҳна қитъа» клублари вакилларидан тузилмоқда. Жумладан, 3 нафар футболчимизнинг Россияда ўйнаётгани айни муддао.
Ҳар ҳолда, улар маҳаллий муҳитни яхши билишади. Ажабмас, россиялик мухлислар шу йигитлар сабаб, жамоамизни алоҳида қўллаб-қувватлашса. Умуман, легионерлар сонининг ошгани - Эрон футболининг охирги 8 йил давомидаги тараққиётидан нишона.
Содиқ СОБИР тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20