Қайднома

Қидирув

Муносабат шамоли футболимизни тебратар

Муносабат шамоли футболимизни тебратар

  14.03.2018 06:21
  0
  417
Муносабат шамоли футболимизни тебратар

Таниқли ижодкор Асқад Мухторнинг «Бўронларда бордек ҳаловат» номли асари кўпчиликка манзур тушган. Очиғи, асарнинг ўзидан ҳам номи кўпроқ ёқади. «Сўғдиёна» - «Нефтчи» учрашуви чоғи эсган ва ўйин маромига таъсир кўрсатган кучли шамол ўз йўлига.

Табиат ҳамиша ўз билганидан қолмайди. Инсоннинг қудрати - унинг босимига бардош беришида. Шу маънода айтсак, Жиззах клуби мутасаддилари баҳсни якунлаб қўйишга имкон топишди ва бунинг учун уларга раҳмат.

«Бўронларда бордек ҳаловат» сарлавҳаси эса бизга табиат ҳодисасини ифодалагани эмас, балки тасаввуримизда шиддатли футбол баҳсини жонлантиргани учун маъқулроқдир. Футболчилар майдонда шахду-шижоатга тўла бўрон кўтаришса, бу ҳол - мухлислар учун чинакам ҳаловат.

Шу соғинч билан таъкидламоқчимизки, Суперлига 2-тур якунида машҳур хоккейчи Валерий Харламов ҳақидаги «Афсонавий 17» фильми намойиш этилганида ҳам ўзига хос рамз, мақсад-муддао мавжуд.

Ҳа, Суперлиганинг ҳар туридан сўнг бўронли баҳслар сони кўпайиб бораверади. Бўронлар босимига бардош берганларга эса ғалаба кулиб боқади. Ўша фильмдан маълумки, Валерий Харламов қанча-қанча руҳий ва жисмоний азобларни мардонавор енгади. Айни мардонаворлик бағридаги маҳорат унга жаҳоний машҳурликни туҳфа айлайди.

Бугун мухлислар Суперлигада шундай шиддат ва мардонаворлик баралла бўй ростлашини исташмоқда. Табиийки, элита баҳсларини ўтказиш тартиби жамоаларга шундай босим юклайди. Ҳамма гап босимни англаш ва уни тўғри қабул қилишда. Муҳими, футболчиларда аста-секин Суперлига талабларини тушуниш жараёни кузатилмоқда.

2-тур биринчисига нисбатан шиддатлироқ кечгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Ҳар ҳолда, бу сафар голлар сони ҳам кўпайиб, 12тага етди. «Қизилқум» - «Қўқон-1912» учрашувини ҳисобга олмаганда, барча ўйинларда қизғин кураш иси уфуриб турди. Хусусан, водий жамоаларининг аъло сафар чоғи 7 очко жам-ғаргани таҳсинга лойиқ.

Аввалги мақоламизда «Қизилқум» ҳақида танқидий мулоҳазалар билдирган эдик, бироқ жамоа бу сафар ҳам ўзгармади. Яна бир бор таъкидлаймиз, мазкур хулоса «Қизилқум»нинг мағлубиятидан келиб чиқиб айтиляпти. Ана, 1-турда «Қўқон-1912», 2-турда эса «Бухоро» мағлубиятга учради.

Бироқ биров бу жамоаларга таъна қилмаяпти. Чунки Нўъмон Ҳасанов шогирдлари Бухорода, Улуғбек Бақоев шогирдлари эса Қаршида очко учун охирги дақиқаларгача курашишди. Суперлиганинг бош талаби - шу.

«Кристал Пэлас» сафарда «Челси»га 0:2 ҳисобида ютқаза туриб ҳам, ҳеч бир қўрқувсиз олдинга интилди, сўнг-ги дақиқаларгача курашдан тўхтамади. «Ливерпуль» эса «МЮ»нинг биринчи бўлимдаги даҳшатли икки зарбасидан эсанкирамади ва баҳс якунига қадар ҳисобни тенглаштириш иштиёқида ёнди.

Рой Хожсон ва Юрген Клопп кучли рақибларга ютқазишди. Шундай ўйинлар томошасидан кейин «Бу - футбол!» дейсан киши қониқиш билан беихтиёр. Умуман олганда, «Бу - футбол!» хитобини «Ўйинда кимдир ютади, бошқаси ютқазади» маъносида тушуниш баҳона изловчиларга хос.

Юрген Клопп ва Рой Хожсон мағлубият сабабини изоҳлаш учун баҳона излашмади. Негаки, АПЛда ФУТБОЛ ЎЙНАЛАДИ ва ФУТБОЛНИ АНГЛАШАДИ! Қувонч-лиси, шу жараён Суперлигада ҳам кўзга ташланмоқда. Шунинг учун мухлислар Улуғбек Бақоев ва Нўъмон Ҳасановдан ажойиб «интрига»лар кутишмоқда.

Мана, Нўъмон Ҳасанов жамоаси 2-турда шу ниятни ғалаба билан тақдирлади. «Қизил-қум» эса осонгина таслим бўлди. Ҳолбуки, жамоа таркибида Артур Геворкян, Эркин Бойдуллаев, Файзулло Қамбаров каби тажрибали, шунингдек, Андрей Сидоров, Муҳсин Убайдуллаев, Дониёр Усмоновдек истеъдодли йигитлар бор.

Демоқчимизки, жамоа икки турда лоақал 1та гол уриши керак эди. Афсуски, гол урилмади, рақибларга айтарли қаршилик кўрсатилмади. Энди «Қизилқум» 3-турда «Насаф» билан баҳслашади. Чемпионлик йўлида чинакам курашга бел боғлаган «Насаф» ҳам Навоийга ғалабани кўзлаб бориши аниқ.

Қисқаси, «Қизилқум» мухлислари «Қолган ишга қор ёғар, гол уриш кимга ёқар?» дея афсусланишмаса бўлгани. «Олтин очко» қоидаси жорий этилган Суперлигада ҳам курашдан бўйин товлайдиган жамоага таъна қилишнинг ўзи етарли эмас, назаримизда.

Ҳар бир иштирокчи шуни англаши керакки, Суперлигада номигагина иштирок этиш ва муайян бир ўринни шунчаки, банд қилиб туриш - футболимиз ривожига нисбатан хиёнат. ПФЛ муаммонинг маънавий жиҳатларини назарда тутиб, балки клуб маъмуриятига огоҳлик қўнғироғи чалар. Зеро, бу ҳол бирор клубнинг ички иши ҳисобланмайди ва Суперлига савиясига таъсири сезиларлидир.

Албатта, Суперлига савиясини фақат «Қизилқум» муаммолари бартараф этилиши билан боғлаш ноўрин. Миллий лига даражасини янада юқорига кўтариш учун «Локомотив», «Пахтакор» ва «Бунёдкор»да бир қатор ислоҳотлар ўтказиш керакка ўхшайди. Зеро, «Локо» таркибида кучли футболчилар жамланишган.

Лекин Садриддин Абдуллаев, Сардор Мирзаев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Сардор Рашидов, Шерзод Каримов каби тажрибали ижрочиларнинг мана шу «кучли» мақомига муносиб ўйин намойиш этишолмаётгани ажабланарли. Мураббийлар штабининг 2-турда захира таркибидан фойдалангани фақат ўйинлар жадвалидаги тиғизлик билан изоҳланмайди, бизнингча.

Профессионал футболчи учун ўйинлар орасидаги 2-3 кунлик фарқ катта муаммо туғдирмайди. Агар футболчи чин дилдан истаса, чарчоқни енгишга куч топади. Фақат буни аввало, ўзи исташи лозим. Акс ҳолда, унга ҳеч ким ёрдам беролмайди.

Мухлисларни «Локомотив» масаласида футболчиларнинг масъулия-ти ташвишлантираётган бўлса, «Пахтакор» бўйича мураббийнинг таркибга муносабати ўйга толдирмоқда. Шота Арвеладзе ҳамон асосий таркиб бобида бир қарорга келолмагани тобора яққолроқ кўзга ташланмоқда.

Легионерлар кучлими ёки Владимир Козак, Азим Аҳмедов, Камолиддин Тожиев, Жасур Яхшибоев? Жасур Ҳакимов афзалмиди ёки «Металлург» захирасида ўтирган Заҳибилло Ўринбоев?

Ўйлаймизки, «Бунёдкор» дарвозасига ҳаттоки, пенальтидан ҳам гол урилмаганидан сўнг клуб мутасаддилари юқоридаги саволларга оқилона жавоб излаш устида бош қотиришган. Ахир «Пахтакор»даги имконлардан фойдаланмаслик тўлиб-тошиб оқаётган молия дарёсини қадрламаслик билан тенг...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz