Қайднома

Қидирув

Кимга шодлик, кимга ғам

Кимга шодлик, кимга ғам

  14.03.2018 19:04
  0
  979
Кимга шодлик, кимга ғам

Навбатдаги «уик-энд» турли-туман воқеаларга бой бўлди: Англияда жамоалар ўртасидаги муросасизлик айрим фанатларга ҳам юқди, Испанияда касбдошлари ўз вазифаларини адо этаётган пайтда Месси рафиқасининг «хет-трик»ига «ассистентлик» қилди. Италияда Давиде Асторининг бевақт вафоти туфайли тўхтаб қолган чемпионат давом эттирилди.

Англия. Қитъанинг марказий қарама-қаршилиги

«Олд Траффорд»да бўлиб ўтган «МЮ»-«Ливерпуль» ўртасидаги баҳс нафақат АПЛ, балки барча топ-чемпионатларда ҳафтанинг марказий учрашуви сифатида эътироф этилди. Бироқ совринлар борасида яққол етакчилик қилаётган икки жамоа ўртасидаги баҳс ишончни тўла оқламади. Яъни, Юрген Клоппнинг ҳужумкор услуби Жозе Моуриньонинг «автобус»и қаршисида ожиз қолди. Ваҳоланки, мезбонлар ўйин арафасида Погбадек маҳорат соҳибининг хизматидан фойдалана олмайдиган бўлиб қолишганди. «Беназир» таъбири билан айтганда, франциялик ярим ҳимоячи охирги машғулотнинг сўнгги дақиқаларида жароҳат олганди. Аммо бу йўқотиш «қизил иблислар»нинг самарали ҳаракатларига таъсир этмади. Биринчи бўлимнинг ўзида Рэшфорднинг икки аниқ зарбаси Лорис Кариусни доғда қолдирди. Шундан кейин Моуриньо ўз шогирдларига «автобус»ни пухта жойлаштириш кўрсатмасини берди. Натижада меҳмонлар мустаҳкам ҳимояни ёриб ўта олишмади. Фақат Эрик Байининг автоголидан кейин ўйинга бўлган қизиқиш жонланди. Тўғри, «Ливерпуль» Салоҳ ва Мане ёрдамида бир қатор хавфли ҳужумларни уюштирди. Бироқ иш аниқ зарбагача етиб бормади. Қолаверса, учрашув ҳаками «МЮ» дарвозасига пенальти белгилаши мумкин бўлган вазиятда бунга журъат этмади. Аввалига Валенсиянинг жарима майдончаси ичида қўл билан ўйнагани эътибордан четда қолди. Кейин Маненинг Феллайни томонидан йиқитилиши ҳам жазосиз қолди. Хуллас, «МЮ» ўз мав­қеини мустаҳкамлаб олди. Ажабланарли томони шундаки, Клоппдек изланувчан мураббий ҳанузгача ношуд дарвозабонларга ишонч билдирмоқда.

Лондон жамоаларидан учтаси («Челси», «Арсенал», «Тоттенхэм») ниҳоят ғалаба қозонишди. «Вест Хэм» эса ўз майдонида «Бернли»дан йирик (0:3) ҳисобда мағлуб бўлди. Шу боис, стадионда ғайритабиий воқеалар кузатилди - аламига чидолмаган мухлислардан бири майдонга сакраб тушиб, суюкли жамоасининг ярим ҳимоячиси Марк Ноублга ташланди. Ўзини йўқотиб қўймаган футболчи мухлисни кураш услуби билан майдонга қулатди. Бошқа бир «шоввоз» бурчак байроқчасини юлиб олиб, майдон марказидан махсус ложа томон йўл олди. Унинг шериклари ҳам ложага яқинлашиб, «Вест Хэм» соҳибидан клубни сотиб юборишни талаб қила бошладилар. Мағлубият «болғачилар»ни аутсайдерларга яқинлаштириб қўйди.

Испания. Мессининг оилавий «хет-трик»и

Ла-лига пешқадами бу турда Малагага сафар уюштириб, ортиқча қийинчиликсиз навбатдаги 3 очкони қўлга киритди. Қолаверса, ўзининг ёрқин юлдузи - Лионель Мессини узрли сабабга кўра ўйиндан озод қилди - ҳужумчининг оиласида учинчи ўғил дунёга келди. Лео эса рафиқасининг ўзига хос «хет-трик»ига «ассистент»лик қилди. Ўша оқшом унинг ўрнига Суарес билан Коутиньо «Малага» дарвозасини ишғол этишди. Париж сафаридан ҳорғин, лекин кўтаринки кайфиятда қайтган «Реал» бу турда еврокубок йўлланмаси учун курашаётган «Эйбар»ни қийинчилик билан бўлсада, маҳв этди. Эътиборлиси, муҳим ғалабага жамоа Роналдунинг «дубл»­и эвазига эришди. Жорий йилни сермаҳсул ўтказаётган португалиялик мерган Примеранинг саккиз учрашувида 14та гол урди, фақат бир марта майдонни голсиз тарк этди. «Қироллик клуби»га учинчи поғонани бўшатиб берган, лекин таъқибни тўхтатмаган «Валенсия» ҳам сафардан ишончли ғалаба (2:0) билан қайтди. Боз устига, «кўршапалаклар» ўзларининг энг яқин таъқибчилари - «Севилья»ни енгишди. Учрашувда Родриго «дубл»га эришди. «Атлетико» эса бу турда «Сельта»ни қабул қилиб, йирик (3:0) ғалабани расмийлаштирди. Дарвоқе, баҳсда ҳисобни очган Антуан Гризманн охирги 4та учрашувда сакккиз марта рақиб дарвозабонларини ранжитди. У февраль ойида Примеранинг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлди.

Германия. «Бавария» шаҳдам одимламоқда

Ортда қолган ҳар бир тур бундеслига грандини нурли чўққига етакламоқда. Бу гал Юпп Хайнкесс шогирдлари «Альянц Арена»даги 75000 мухлисга 6та жавобсиз гол совға қилишди. Қизиғи, «хет-трик»ка эришган Левандовски ўз ҳисобига «покер»ни ёзиб қўйиши ҳам мумкин эди. Бироқ у битта пенальтидан унумли фойдалана олмади. Рибери «дубл»ни қайд этган бўлса, Роббен ягона гол билан кифояланди. Мюнхенда шармандали мағлубиятни қабул қилган «Гамбург» эса афтидан қуйи дивизионга тушиб кетадиган кўринади. Шу пайтгача жамоа бундай омадсизликка дуч келмаганди. Ҳозирда клуб президенти ва спорт директори директорлар кенгашининг қарорига кўра клубни тарк этишди. Бу ҳолат вазиятни янада чигаллаштиради. Чемпионатда қаторасига тўртинчи ғалабага эришган «Шальке» иккинчи ўринни сақлаб қолди. Жамоа «Майнц» майдонидан муҳим ғалаба (1:0) билан қайтди.

«Боруссия» Д.нинг қийин (3:2) ғалабасида эса Миши Батшуайи муҳим роль ўйнади. Дортмундликлар сафида олти марта майдонга тушган ҳужумчи 5та гол урди. Дебютант учун юксак натижа!

Италия. Пешқадам ўзгарди

Миланда «Интер» билан «сулҳ» тузишга мажбур бўлган «Наполи» пешқадамликни «Ювентус»га топширди. Чунки Турин суперклуби ўз майдонида хотиржамлик билан «Удинезе»ни енгди - 2:0. Қизиғи, Лондонда «Тоттенхэм» дарвозасини ишғол этган Гонсало Игуаин бу сафар пенальтидан гол уришни эплолмади. Пауло Дибала эса «дубл»ни қайд этди.

Учинчи поғона учун курашаётган «Рома» «Торино» устидан йирик (3:0) ғалабага эришди. Унинг ҳамшаҳри, лекин азалий рақиб ҳисобланган «Лацио» эса Кальярида жанговар дуранг (2:2) билан кифояланди. Аслида римликлар ягона очкодан маҳрум бўлишга яқин туришганди. Лекин Чиро Иммобиле сўнгги сонияларда мезбонлар дарвозасини забт этиб, тўпурарлик мавқеини мустаҳкамлаб олди. Шунингдек, «Милан» ҳам Андре Сильванинг ягона голи эвазига сўнгги сонияларда «Женоа»ни маҳв этди. Қаторасига эришилган тўртта ғалабадан кейин «россонери» еврокубок ҳудудига кўтарилиб олди. Чунки «Сампдория» Кротонедан йирик (1:4) мағлубиятга учради. Ёдингизда бўлса, «Фиорентина» сардори Давиде Асторининг ҳаётдан бевақт кўз юмиши  4 март санасидаги учрашувларнинг кечиктирилишига сабаб бўлганди. Ҳисобот турини барча жамоалар марҳум хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш орқали ҳурмат бажо келтириш билан бошладилар. Асторининг жамоаси эса «Беневенто»дан устун келди - 1:0.

Франция. Майдонда яна Веа

ЕЧЛни барвақт тарк этишга мажбур бўлган «ПСЖ» барча аламини «Метц»дан олди. Парижга ташриф буюрган меҳмонлар пойтахт клубидан нақ 5та жавобсиз гол қабул қилиб олишди. Қизиғи, Кавани ҳамда Неймарнинг майдонда бўлмагани умуман сезилмади. Қулай имкониятга эга бўлган ёш иқтидор соҳиби Кристофер Н~кунку «Труа»дан кейин бу ўйинда ҳам бошланғич таркибда майдонга тушди ва ўзини кўрсатди. Бу сафар «дубль» билан! Бундан ташқари, футбол орқали юксак обрў-эътиборга эришган, ҳозирда Либериянинг президенти лавозимини эгаллаган афсонавий Жорж Веанинг 18 ёшли ўғли - Тимоти ҳам пойтахт клуби таркибида майдонга тушди. Тўғри, унинг учун ажратилган 20 дақиқа ичида гол уришга улгурмади. Шунингдек, совринли ўринларда бораётган «Монако» «Страсбург»дан (3:1), «Марсель» эса «Тулуза»дан (2:1) устун келди. «Лилль»-«Монпелье» баҳси (1:1) эса оммавий тартибсизликлар билан якунланди. Аутсайдерлар сафига тушиб қолган мезбонларнинг дуранг натижасидан ғазабланган мухлислар майдонга ёпирилиб, футболчиларга ҳужум қила бошлашди. Жумладан, ҳужумчи Николя Пепенинг оёғига тепишди. Тез орада ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қоидабузарликларга чек қўйилди.

 

А.ЭШОНХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz