Қайднома

Қидирув

Ҳобби: Фергюсон изқувар, Гвардиола гольф устаси, Виллаш-Боаш пойгачи (фотогалерея)

Ҳобби: Фергюсон изқувар, Гвардиола гольф устаси, Виллаш-Боаш пойгачи (фотогалерея)

  16.03.2018 06:24
  0
  1996
Ҳобби: Фергюсон изқувар, Гвардиола гольф устаси, Виллаш-Боаш пойгачи (фотогалерея)

Луис Энрике «Челси»ни қабул қилишга шошилмаяпти. Хўш, бунга сабаб нима? Гап шундаки, у ва бошқа мураббийлар футболдан ташқари турли хоббиларга эгалар.

Яъни, бўш вақтлари беҳуда ўтмайди. Soccer.ru айнан шундай мутахассислар ҳақида сўз юритади.

Шотландиялик Шерлок Холмс

«Манчестер Юнайтед» афсонаси сэр Алекс Фергюсоннинг таъкидлашича, собиқ полициячи бўлмайди. Шотландиялик мутахассис ҳаётининг маълум қисмини Жон Кеннеди ўлими билан боғлиқ ишни ўрганишга сарфлаган. Сэр Алекс ҳаттоки, расмий ҳисобот қўлига тегиши учун Буюк Британия бош вазири билан алоқа ўрнатган.

Шунингдек, АҚШнинг янги президенти чигал жиноят бўйича ҳужжатларни ошкор этишини билдирганда, Фергюсоннинг қувончи ичига сиғмаганди. Ҳозирда буюк мураббий нима билан шуғулланяпти?

У айнан тарихий суиқасд бўйича 2800та ҳужжатни ўрганмоқда. Сэр Алекс бу борада ёрдамчиларни ёллашга ҳам улгурди. Ўтган йилнинг кузида шотландиялик Шерлок муҳим маълумотларга эга бўлди. Шундай экан, у билан кўришганда, биринчи навбатда «Кеннедини ким ўлдирди?» деб сўраш мумкин.

Ирландия термаси устози Мартин О~Нил эса бир неча йил савдойиларни ўрганиб, иш юзасидан тергов жараёнларида ҳам қатнашган. Демак, бу икковлонни мураббийлар оламидаги Холмс ва Ватсонга қиёсласак бўлаверади. Чунки улар криминалистикага худди экспертлар сингари жиддий тарзда киришишган.

Тайгер Вудс каби...

«Манчестер Сити»ни енгилмас жамоага айлантираётган Хосеп Гвардиоланинг гольфга меҳри бўлакча. Чунки бу спорт турида ҳакамлар йўқ - қандай ўйнасанг, шунга яраша очко тўплайсан. Ҳаммаси адолатли, шамол ёки ўйинга таъсир ўтказадиган бошқа омилларни тактика эвазига бартараф этиш мумкин.

Шунингдек, Украина термаси бош мураббийи Андрей Шевченко ҳам гольфга иштиёқманд. Пеп бу борада қандай ютуқларга эришган билмадик, аммо Андрей Николаевич турнирларда ғолиб чиққан.

«Милан» ва «Челси»нинг собиқ ҳужумчиси муносиб рақибларга қарши ўйнаш учун Англияга ташриф буюриб, Зола, Гиггз ҳамда Скоулзлар билан беллашади. Кўриб турганингиздек, миллионлар ўйини афсоналари орасида гольфга қизиқадиганлар бисёр.

Португалиялик чавандоз

«Шахтёр» устози Паулу Фонсека ўсмирлик чоғларидан от минишга қизиққан, ўзининг ҳаваскорлигини таъкидлаб, бироз камтарлик қилади. Унинг қизи конкур баҳсларида қатнашиб, ҳаттоки, Португалия чемпионига айланган.

ЕЧЛ «плей-офф» босқичида «Рома»ни енгган ёш мураббий бўш вақтида ўз юртидаги фермада бажонидил чавандозлик билан шуғулланади. Ишончимиз комилки, жониворлар ҳимоячилари ундан ранжимайдилар. Тулпорлар яхши инсонлар билан суҳбат қуришга қарши бўлишмайди.

Марафончи ва экстремал

«Барселона»дан кетишидан аввал эътирофга арзигулик ютуқларга эришган Луис Энрике бир неча марта марафонларда қатнашган. Эътиборлиси, 2005 йили ўтказилган мусобақада ҳаваскорлар учун ёмон бўлмаган натижани қайд этиб, маррага 3 соатда етиб келган.

Испаниялик мураббий ёввойи марафонлардаги мураккаб имтиҳонлардан ўтган. Ҳа, унинг ўзини тутиши бироз ғайритабиий. Ахир одам организми қувват тўплаб, уни асрашга мослашган, Луис Энрике эса кўп куч сарфлайди.

Агар у «Челси»да иш бошласа, мазкур клуб футболчиларига машғулотларда ҳам осон бўлмаслиги турган гап.

Тасвирий санъат шайдоси

Фабио Капелло аристократларга хос хоббига эга - ноёб суратларни сотиб олиб, коллекция қилади. Италиялик мутахассис машҳур мусаввирлар билан таниш, кўпинча улар даврасига ошиқади.

Капеллонинг уйида Кандинский, Шагал сингари рассомлар ижод намуналари бор. 20 йил муқаддам эса Фабио тасвирий санъат ва антиквариат тўплаш учун бир йил сарфлади.

Тахминларга кўра, мураббийнинг уй музейи камида 15 миллионга баҳоланади. Эҳтимол, Капелло шу сабабдан Россияда ишлашни хоҳлагандир? Янги танишлар орттириш, шу тариқа коллекцияни бойитиш, дегандек. Умид қиламизки, Фабио ҳақпарвар ва рус ўлкасидаги музейларда сақланаётган суратларнинг ҳеч бири қалбакисига алмаштирилмаган.

Португалиялик Петерансель

Кўпинча Андре Виллаш-Боашга қаттиққўллик етишмаслиги таъкидланган. Ахир «Тоттенхэм», «Челси» ёки «Зенит»даги ўзбошимчаларнинг попугини пасайтириш учун ёш эди, ҳаётий тажрибага эга эмасди. Навқиронлик чоғларидаёқ мураббий курсларига борди.

Кейинчалик қандай ютуқларга эришгани кўпчиликка маълум: ўз юртидаги муваффақиятдан сўнг Англия, Россия ва Хитой чемпионатларида ишлади. Хуллас, «Шанхай СИПГ»ни тарк этган мутахассис «Дакар» раллиси сари отланди.

Кўп кунли пойгаларнинг бири Виллаш-Боаш ва унинг ёрдамчиси Рубен Фария учун омадсиз бошланди. Тўртинчи босқичда енгил автомобиллар рейтинги бўйича 43-ўринда йўлга чиққан португалияликлар ҳалокатга учрашди. Жиддий шикастланиш кузатилмади, аммо улар раллини давом эттира олишмади.

Дарҳақиқат, ҳар бир шахснинг ўз хоббиси бўлгани яхши. Кўриб турганингиздек, миллионлар ўйинида ўзига яраша ном қозонганлар ҳам футболдан чалғиш учун турли машғулотларни танлашади. Луис Энрикега мураккаб марафонлар, Виллаш-Боашга экстремал пойгалар ёқади.

Фергюсонга эса сирли қотилликни фош этиш имкони берилса, бас. Гвардиола «Манчестер Сити» футболчиларига уч кунлик дам бериб тўғри қилган экан. Ахир шу тариқа севимли хоббиси - гольф билан шуғулланиш имкони туғилади-да!

ИБРОҲИМЖОН тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz