Қайднома

Қидирув

Бир бўлим орқали ёхуд Бафетимби Гомис ижросидаги намунали ўйин ҳақида

Бир бўлим орқали ёхуд Бафетимби Гомис ижросидаги намунали ўйин ҳақида

  18.03.2018 02:06
  0
  639
Бир бўлим орқали ёхуд Бафетимби Гомис ижросидаги намунали ўйин ҳақида

«Галатасарой» мухлислари клуб таркибида мунтазам топ-форвардларни кўришга одатланишган. Туркияликлар яқин-яқингача Дидье Дрогба ҳаракатларидан ҳайратланишарди, энди эса Бафетимби Гомисни кўкларга кўтаришмоқда.

Франциялик ҳужумчи «Галатасарой» сафига ўтган ёзда қўшилди. У турк диёрига йўл олишидан аввал «Марсел»да бир мавсум ажо-йиб тарзда ўйнаганди - Лига 1да 20та гол.

Туркия элит дивизиони финишига ҳали анча бор, Гомис эса аввалги натижасини яхшилашга улгурди. У айни пайт маҳаллий Супер-лига тўп-урарлари пойгасида пешқадамлик қилмоқда.

У 24-тур ўйинида «Галатасарой» сафида 23-марта майдонга тушиб, 28 дақиқа ичида «покер» қайд этди ва голлари сонини 24тага етказди (шундан атиги 3тасини пенальтидан урган).

Бафетимби шунингдек, чемпионатнинг ўзида 6та гол ассистентига айланди.

Аввало, Гомисга боғлиқ бир неча қизиқарли ва муҳим фактларга эътибор қаратиш жоиз:

1). Гомис 2017 йилнинг январида Франция чемпионатидаги голлари сони бўйича кимсан Златан Ибрагимовичдан ўзиб кетди. Швед ҳужумчиси Лига 1даги фаолиятини 113та гол маррасида тўхтатган бўлса, қаҳрамонимиз ундан 2та кўп урди.

Бироқ «Марсель» клуби «Суонси»дан ижара шарти бўйича олинган тўпурар ҳужумчи трансферини сотиб олмади (томонлар маош масаласида келишолмадилар). Натижада Гомис Туркия футболига юз тутди.

2). Гомиснинг катта футболдаги энг яхши даври «Лион»да ўтди. Ҳужумчи «Суонси»га айнан «тўқувчилар» сафидаги ёрқин ўйинлари эвазига қўшилганди. Бироқ Англияда Бафетимбининг ишлари юришмади.

Ваҳоланки, у туманли ўлкага сафари олдидан янги шерикларини яхшироқ билиш учун Football Managerда ўйнаганди. Аммо реал футбол бошқа-да, барибир. Умуман, Туркия Гомис учун футбол масаласида омад келтирган ягона хориж мамлакатидир.

3). Туркияда чемпионати давом этяпти, аммо Гомис ҳозирнинг ўзида «Галатасарой»да битта мавсум мобайнида энг кўп гол урган футболчи мақомини олиб улгурди.

Бразилиялик Жардел мавсум-2000|2001да рақиблар дарвозасини 22 бора ишғол қилиб, клуб рекордини ўрнатганди. Хуллас, 32 ёшли Гомис энг юқори натижани янгилаб, 3,5 миллион еврога тенг йиллик маошини тўла оқлади.

 «Галатасарой» Туркия чемпионати 24-турида аутсайдер «Қорабуюкспор»­ни қабул қилиб, бечора меҳмонларни 7та жавобсиз гол билан сийлади. Шундан 4таси Бафетимби Гомис номига ёзилди. Эътиборлиси, у барча голларини биринчи бўлим, аниқроғи, 5-33-дақиқалар оралиғида нишонлади.

Франциялик ҳужумчи шу тариқа Туркия лигасининг янги асрдаги тарихида бир бўлим давомида «покер»га эришган биринчи футболчи бўлди. Бошқача айтганда, тарихга кирди. Тўғри, Бафетимбида жиддий муаммоси ҳам бор ва бу азалий: баъзан ўйин чоғи қўққисдан ҳушуни йўқотади.

Дейлик, «Лион»да ўйнаган вақти 3 марта шундай нохуш ҳолатга тушганди. Ке-йинчалик Англияда «Тоттенхэм»га қарши кечган ўйинда ҳам ҳушини йўқотиб майдонга йиқилди ва уни замбилда олиб чиқишди.

Энг ачинарлиси, Гомис Туркияда ҳам кўнгилсизликка учради: «Қосимпошо» билан учрашувнинг 7-дақиқасидаёқ ҳушини йўқотиб, «Галатасарой» фанатларини бироз чўчитди. Нега бироз?

Гап шундаки, Гомис сал туриб ўзига келди ва ҳеч нарса бўлмагандек ўйинни давом эттирди. Фақат бир томони ўхшамади: «Галатасарой» ўша баҳсда мағлубиятни тан олди. Муҳими, айни пайт ҳужумчи ўзини жуда яхши сезмоқда. Бунга тинмай гол ураётгани далолатдир.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz