Қайднома

Қидирув

Қўшалоқ мағлубият қайғуси

Қўшалоқ мағлубият қайғуси

  19.03.2018 06:29
  0
  718
Қўшалоқ мағлубият қайғуси

Муҳтарам мухлис! Газетамизнинг аввалги сонида мағлубиятни «Бу - футбол!» жумласи билан хаспўшламаслик ҳақида мулоҳаза билдирилганди.

Афсуски, «Локомотив» - «Ал-Дуҳайл» учрашувидан сўнг Шуҳрат Муҳаммадиев нўноқларча бой берилган ғалабани, одатдагидек, яна шу жумла билан изоҳлади ва микрофондан тезгина узоқлашди.

У «Мен яхши ўйнамадим. Ислом Тўхтахўжаев ва Марат Бикмаев уриши шарт бўлган голларни ҳавога совуришди. Кайфияти йўқ ўйинга руҳан тайёр бўлмаган Салим Мустафоев захирадан майдонга туширилмаслиги керак эди», - деб бир гапни дангал-дангал айта олмади.

Агар у имкониятдан фойдаланиб, ҳамма кўриб-билиб турган ҳақиқатни баралла сўзлаганда, футболимиз осмонида гўё чақмоқ чақнарди. Яна қайсидир футболчи уни қўллаб-қувватлаб, парда ортида ҳамон яшириниб турган муаммоларни рўйи рост очиб ташларди, балки.

Аммо у майдонда бўлгани каби микрофон қаршисида ҳам қулай вазиятдан фойдаланмади. Бошқалар қатори у ҳам эски «пластинка»ни айлантирди.

Майли, бу ўринда айбни фақат унга юклаб қўймайлик. Зеро, бу ҳолат бир-икки кишига эмас, балки футболимизга тааллуқли муаммо.

Тўғри, футболимизда ошкоралик жараёни аллақачон бошланган. Спортимиз, хусусан, футболимиз мутасаддилари ислоҳотлар рўёбини тезроқ таъминлаш мақсадида астойдил жон куйдиришмоқда.

Миллий олимпия қўмитасида шу йил 13 март куни бўлиб ўтган йиғилиш эзгу мақсадлар йўлида яна бир дадил қадамдир. Чунки айнан шу йиғилишда мамлакатимизнинг барча маъмурий субъектларида футбол академиялари ташкилланиши ва улар ЎФА тасарруфига берилиши ҳақида маълум қилинди.

Демак, яқин келажакда футболимизнинг ташкилий тузилмаси энг қуйи бўғинга қадар тубдан янгиланади. Мухлислар қалбида умид гулханларини тобора ловуллатадиган хушхабарлар буларнинг ҳаммаси. Фақат бир жиҳат кўнгилни озгина хира қилади, холос.

Биз хиралик деганда, футболчиларимизнинг умидбахш ислоҳотлар жараёнида иштирок этишмаётганини, муаммоларни очиқ-ойдин сўзлашдан ўзларини олиб қочишаётганини назарда тутмоқдамиз.

Агар ислоҳотлар жараёнида футболчиларнинг фаоллиги ҳам таъминланса, футболимиз тараққиёти янада тезлашарди. Эҳтимол, вақтинча яширин номлар остида футболчиларнинг мулоҳазаларини чоп этиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳар ҳолда, эзгулик учун ҳар бир зарарсиз имконни ишга солган маъқул. Негаки, вақт кутиб турмайди. Суперлига етакчилари энди ОЧЛ гуруҳ босқичи доирасида наинки сафар, балки уй учрашувида ҳам мағлубиятдан бош эгишмоқда.

Ҳолбуки, футболимизнинг савияси бу даражада паст эмас. Юқорида таъкидлаганимиздек, «Локомотив» тайёр ғалабани ўз ихтиёри билан рақибига топширди.

Жамоа шу ҳаракати билан биринчи турда қозонилган йирик ҳисобдаги ғалабани мухлислари бурнидан булоқ қилиб чиқариб юборди. «Насаф» Эрондаги шармандали мағлубиятини Қатарда қўшимча гол эвазига жуфтлади ва турнир жадвалидаги аҳволини жиддийлаштирди.

Хўш, саккиз кун ичида учта ўйин ўтказиш, хақиқатан ҳам, футболчилар учун оғирми? Еврофутбол тажрибасидан келиб чиқсак, бу тиғизлик оғир ҳисобланмайди. Лекин қандайдир қийинчиликлар юз бериши мумкин.

Ротация имкони бўлмаган жамоаларда тажрибали мураббийлар тактик бошқотирмалар воситасида вазиятни юмшатишади. Дейлик, сафар учрашувларида мезбонлар босимини сусайтирадиган, йирик ҳисобдаги мағлубиятларнинг олдини оладиган совуққон ҳимоявий услубни танлашади.

Рўзиқул Бердиев эса ёш жамоаси имкониятларига юқори баҳо бериб юборган кўринади. Йўқ, «Насаф» ҳозирча таркибида Хави каби футболчи тўп сурадиган жамоа билан сафарда тенгма-тенг курашадиган даражага кўтарилмади.

Фикримизча, Мақсуд Каримовдек тажрибали ҳимоячи асосий таркибда майдонга тушганда, ҳисоб бу қадар йириклашиб кетмасди. Ёшларни бу зайл тоблаб бўлмайди.

Тажрибасини ошириш мақсади ғурури баланд, мағлубиятни ёқтирмайдиган истеъдодлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши, бошқача айтганда, «Қош қўяман деб, кўз чиқариш» ҳеч гапмас.

Очиғи, асосий таркибига бир ҳафта дам берган «Локомотив»нинг мағлубиятига жўяли сабаб топишнинг ўзи мушкул. Қандайдир ички овоз эса «Айрим футболчилар масъулиятни зиммаларига олишни, яна ҳам аниқроғи, ўйнашни хоҳлашмаяпти», демоқда. Шундайми?

Буниси энди бизга номаълум. Маълуми шуки, ҳали ҳар икки жамоамизда «плей-офф» босқичига чиқиш имкони мавжуд. Бунинг учун мағлубиятлардан етарли сабоқ чиқарилса, бас!

А.ҲАМИДОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz