Қарангки, собиқ жамоадошлар - Жерар Пике ва Неймар яқинда тақдир тақозоси билан дийдорлашиб, чинакамига дилдан суҳбатлашдилар.
Жерар журналист ролида, Неймар эса интервью берувчи юлдуз мақомида. Таъкидлаш жоиз, улар бу галги учрашувда фақат жаҳон чемпионати хусусида гаплашишди, яъни «Барселона» ва «ПСЖ» мавзуси очилгани ҳам йўқ.
-Ишларинг қандай, Ней?
- Кўриб турганингдек, чакки эмас!
- Париж ёқдими?
- Ҳаммаси жойида.
- Янги муҳитга мослашиб улгурдингми?
- Ҳа, аста-секин кўникяпман.
- Яхши. Кел, бу сафар Парижни ҳам, Барселонани ҳам четга суриб, фақат ЖЧ ҳақида гаплашайлик. Айниқса, ёзда бизни Россияда қандай воқеалар кутаётганлиги хусусида. Чунончи, охирги мундиалдан кейин навбатдагисини орзиқиб кутаётганинг аниқ.
- Ҳа, албатта. Россияда майдонга тушиш лаҳзаларини сабрсизлик билан кутяпман. Биласан, охирги мусобақа мен учун нохуш тугади - белим жароҳатлангани панд берди.
Майли, энди афсусланишдан маъно йўқ - вақт ортга қайтмайди. Муҳими, бўлажак мундиалга яхши кайфиятда отланяпмиз, ажойиб жамоага эгамиз. Умидворманки, Россияда оламшумул ғалабага эришамиз.
- Тўхта, мен ҳам жаҳон чемпиони бўлишга умид боғлаяпман.
- Сен жамоанг билан бир марта шоҳсупага кўтарилгансан. Шунинг ўзи етарли, менимча...
- Тўғри, аммо бу масалани вақти келганида, жойида ҳал қиламиз. Энди айтчи, хотирангдан чуқур жой олган дастлабки ЖЧ қайси? Масалан, мен 1994 йилги мусобақада Тассотти тирсаги билан қадрдонимиз - Луис Энрике юзига зарба берагинини эслайман.
Ушбу нохуш воқеа АҚШ мундиалининг чорак финали доирасидаги Испания -Италия баҳсида рўй берганди: Энрикенинг қонга беланган футболкаси ҳамон кўз олдимда...
- Менинг илк хотираларим ҳам айнан ЖЧ-94га боғлиқ. Тўғри, ўша вақт ЖЧ нима эканлигига ақлим етмасди. Лекин Бразилия термаси сафида Ромарио голландлар дарвозасига гол урганини эслайман. 2002 йилги турнир эса хотирамга тўлиқ муҳрланган илк мундиалдир. Айниқса, Роналдо ижросидаги ўйинлар.
- Унинг соч турмаги ҳам ёдингдами?
- Ҳавас қилса арзийдиган ижод намунаси. Тан олишим керак, ўшанда мен ҳам сочимни худди шундай услубда олдиргандим.
- Йўғе-е, уни кўришни истардим, фотосуратинг борми?
- Ҳозир ёнимда йўқ. Қидириб кўришга ваъда бераман. Ойимнинг бисотида тургандир.
- Бразилияда барча болакайлар Роналдога ҳавас қилишгани, соч турмаги билан ҳам унга ўхшашни исташгани тайин.
- Ҳа, ҳамма-ҳамма Роналдо тимсолига киришни хоҳлаб қолганди.
- Сабаби аниқ - Бразилия термаси тенги йўқ жамоага айланган ва Роналдо унинг чин етакчиси эди.
- Сен ҳам билар экансан-ку. Туркия термасига қарши кечган биргина ярим финал баҳсининг ўзи бутун тарихга тенг!
- Ўйлашимча, ҳар бир йирик турнирнинг ўзига хос белгиси бўлади. Масалан, 2006 йилги мундиал Зидан туфайли хотираларга «михланган».
- Тўппа-тўғри.
- 2002 йили эса айнан Роналдо бош ролни бажарганди.
- Боз устига, у тиззасига боғлиқ жиддий жароҳатдан кейин шундай фантастик ўйин кўрсатганки, асти қўявер...
- 1998 йили Бразилия термаси футболчиларнинг саломатлиги борасидаги муаммолар туфайли 0:3 ҳисобида имкониятни бой берганди, 2010 йили Иньеста «овер-тайм»да ғалаба голини уришга муваффақ бўлди.
Охирги мундиалга келсак, ҳамма жамоангдан фақат ғалаба кутганди. Бироқ ярим финалда... Ўша воқеалар шахсан сенга нечоғли таъсир ўтказди?
- Аввало айтишим керак, Бразилия термаси ўйинларини мунтазам кузатиб борганман. ЖЧ хусусида сўз очилса, кўз ўнгимда дарҳол Ромарио ва Роналдо сиймолари гавдаланади. Айнан шу футболчиларнинг юксак маҳорати жамоа муваффақиятини таъминларди.
- Терма жамоадан илк марта таклиф олганингда қандай ҳолатга тушганингни эслай оласанми? Ўша пайт қаерда ва нима билан машғул эдинг?
- Машғулотларни эндигина якунига етказгандим.
- Демак, «Сантос» ихтиёрида бўлгансан, шундайми?
- Йўқ, кечки пайт навбатдаги ўйинда майдонга тушгандик ва эрталабгача нима қилиш лозим бўлса, шунга амал қилганмиз.
- Яъни...
- Шунчаки, дам олганман. Эрталаб спорт залига кирсак, Мано Менезес жамоани шакллантириш билан банд. Эътиборлиси, ҳамма бу жараённи ТВ орқали кузатиб борганди.
- Нима, жамоа таркибига киришинг ҳақидаги гап-сўзлар аввалдан маълум эдими?
- Охирги ЖЧдан кейин бу мавзу қизғин муҳокама қилингани рост. Хусусан, кўпчилик менинг номзодимни маъқуллаганди.
- Ўшанда неча ёшда эдинг?
- Атиги 17да. Янгиликни эшитгач, илк табрикни яқин дўстим - Гансодан қабул қилдим. Яна бир шеригим Андре эса бу пайт майдонда тўп сураётганди. Биз «Сантос»да ажралмас дўстларга айлангандик. Хуллас, Гансо билан майдонга чопиб тушиб, Андредан суюнчи талаб қилдик.
- Терма жамоа сафига қўшилганингдан кейин «қариялар»дан ким сенга устоз ёки акалик қилди?
- Ҳар қайси фахрий ниманидир ўргатишга интилди. Айниқса, вақтида «Сантос»да ёнма-ён тўп сурган Робиньо алоҳида ғамхўрлик кўрсатди. Муҳими, қолган ўйинчилар ҳам мамнуният билан қарши олишди. Қисқаси, янги муҳитга осонгина мослашиб олдик.
- Хотирангда қолган терма жамоадаги энг ёрқин ва «хира» кун...
- Ўйлайманки, ёрқин кунлар ҳали олдинда, омадсизликлар эса ортда қолди. Бир қатор воқеалар борки, уларни эслагим йўқ. Масалан, кутилмаган жароҳат ва бир ҳафталик мажбурий «таътил». Эҳ, ўшанда уйда бўкириб ётишдан ўзга илож тополмаганимни ўйласам... Бу жуда азоб. Боз устига, ота-онамни хавотирга қўйгандим.
- Ҳа, ЖЧ-2014 чорак финалидан ўрин олган Бразилия - Колумбия ўйинида бемаврид жароҳатланган эдинг. Ўша пайтги ҳисоб эсингдами?
- Ҳа, 2:0 ҳисобида олдинда бораётгандик. Иккинчи гол Давид Луиз номига ёзилганди. Ўйин эса 2:1 ҳисобида якунланган.
- Жароҳатланишингга қайси футболчи сабабчи бўлганди?
- Суньига.
- Тўғри, рақибинг ортдан зарба бериши оқибатида майдонни тарк этдинг. Кейинчи?
- Кўрикдан сўнг шифокорлар икки хил хабар етказишди. Ёмони - «Мундиал сен учун тугади», яхшиси - ...
- ... «Кейинчалик юра оласан».
- Яхши хабарнинг моҳияти шуки, агар зарба атиги 2 сантиметр нарироққа текканида, юриш имкониятини ҳам йўқотишим ҳеч гап эмасди.
- Йўғ-е, наҳотки?
- Ҳа, у ҳолда футбол билан батамом хайрлашишимга тўғри келарди.
- Шифохонада неча кун ётдинг?
- Атиги бир кун.
- Демак, Германия термасига қарши учрашувни уйингда томоша қилгансан.
- Ҳа, кўрик якунлангач, уйга вертолётда етказиб қўйишди. Чунки ўша пайт ҳаттоти, қимирлай олмасдим. Немислар билан беллашувни нигоронлар аравачасида ўтирган ҳолда кузатдим, лекин нима бўлганини сира тушунмадим.
- Ҳа, 1:7 ҳисобини ҳеч ким кутмаганди. Энди вазият тамоман ўзгача - янги мундиал эшик қоқмоқда, унга пухта тайёргарлик кўряпсизлар. Рақиблар хусусида нима дея оласан?
- Менимча, футболнинг умумий савияси сезиларли даражада ошди. Бунгача ЖЧда бирор марта қатнашмаган жамоалар ҳам фаворитларга муносиб қаршилик кўрсатиш пайида. Шундай экан, бизни олдинда ўта қизиқарли, муросасиз баҳслар кутмоқда. Қолаверса, Лео ҳам ЖЧда ўйнайди.
- Дарвоқе, яқинда Месси билан шу ҳақда гаплашдим. Кўринишидан, унга ҳам осон бўлмайди, чоғи.
- Ҳа, вақтида мен ҳам тез-тез ҳазиллашиб турардим: «Хўш, ўғил бола, мундиалда ғолиб чиқа оласанми? Акс ҳолда, майдонга тушишингдан не маъно?»
- Жамоангни яққол фаворит ўрнида кўрсата оласанми?
- Испания, Аргентина, Франция ва Германия термаларини ҳам фаворитлар қаторига қўшиш керак. Хуллас, биз шу 4та фаворит ичидамиз.
- Лекин Бразилия термаси фаворитлар орасида кучлироқ туюлмоқда. Таркибда янги юлдузлар бош кўтаришди - Коутиньо, Габриэль Жезус, Паулиньо, қолаверса, Неймар. Қисқаси, мукаммал жамоа.
- Дарҳақиқат, барча чизиқларда савияли ижрочилар жамланишган. Бунинг самарасини мундиалда кўришдан умидворман, албатта.
- Сенингча, қайси жамоадан «сюрприз» кутиш мумкин?
- Асосий «сюрприз»ни Исландия термаси улашса, ажабмас.
- Қойил, мен ҳам худди шундай фикрдаман.
- Аслида исландлар иштирокидаги атиги 1та ўйинни томоша қилганман, холос. Шунга асосан айтсак, бу жамоа ҳар қандай кутилмаган совға тақдим этишга қодир!
- Ҳа, Исландия термаси буни Евро-2016да исботлаб улгурди.
- Албатта, барчасидан хабарим бор.
- Ней, энди битта таклиф: ЖЧ-2018 финалига Испания ва Бразилия термалари чиқсин, сен «хет-трик»ка эришгин, учрашув 3:3 ҳисобида тугаб, «овер-тайм»да биз ғалаба қозонайлик. Бунга рози бўлсанг, қўл ташла (кулади)...
- Йўқ, йўқ. Шу пайтгача фикримиз бир жойдан чиқди. Лекин бу таклифинг ўзингга сийлов. Ахир биз ғолиб чиқишимиз шарт!
- Дўстим, яхшилаб ўйлаб кўр, 3:3, сенга «хет-трик», бизга кубок...
- Хомтама бўлма, тирик эканман, бунга йўл қўймайман!
Неймар «ПСЖ»дан кетмоқчими?
Неймар «ПСЖ»даги умумий ҳолатидан норози, шекилли. Бу ҳақда El Mundo Deportivo нашри хабар тарқатди. Газетада ёзилишича, бразилиялик футболчи «Барселона» раҳбарларига Каталония клубига қайтиш нияти борлигини маълум қилган.
Хусусан, Неймар «ПСЖ» сафига қўшилганидан афсусланаётганини тушунтиришга уринган. Алоҳида айтиш жоиз, у Лига 1 савия бўйича Ла-лигадан пастда туришини билсада, «ПСЖ» илгари сурган даҳшатли молиявий шартлар сабаб, кетишга қарор қилганди.
Энди эса футболчи Месси соясида қолиб кетмасликни ўйлаб, чиқарган қароридан афсусланмоқда. Хуллас, Неймар қайтиш ниятини очиқ-ошкора баён этган ва бу борада тегишли кўрсатмалар ҳам олган. Тўғри, трансфер 2018 йили амалга ошмаслиги аниқ.
Айтишларича, футболчи чиндан ҳам, жамоага қайтишни истаса, каталонияликлар бу масала билан 2019 йили шуғулланишади. Қўшимча қилинишича, «Барселона» раҳбарияти ҳозирча «Неймарни қайтариш иши»ни алоҳида кўриб чиққани йўқ.
Ўз ўрнида эслатиш жоиз, Неймар «Реал»нинг асосий трансфер мақсади бўлиб турибди. Табиийки, «бланкос» унинг трансфер қийматини яхши билади. AS нашрининг маълумотига асосан айтсак, «ПСЖ» президенти Носир ал Хелайфи бразилиялик юлдузни 400 миллион евро эвазига қўйиб юборишга тайёр.
Бинобарин, икки клуб вакиллари яқинда Парижда учрашишди ва мадридликлар футболчининг отасига ушбу трансфер билан жиддий шуғулланишлари ҳақида ваъда беришди.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20