Қайднома

Қидирув

Футболимиз бағрига шамол тегади

Футболимиз бағрига шамол тегади

  20.03.2018 06:29
  0
  723
Футболимиз бағрига шамол тегади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг футболимиз ёруғ истиқболини кафолатловчи янги Қарори мухлислар томонидан баралла олқишланмоқда.

Энди футболимиз бағрига шамол тегиши аниқ. Ишонинг, энди ишлар янада жадаллашади. Гарчи футболимиз бошқаруви аллақачон шиддат билан ислоҳотларни бошлаб юборган бўлсада, янгиланиш ва ўзгаришлар суръатини жиловловчи расмий маъмурий тўсиқлар ҳамон мавжуд эди.

Мамлакатимиз раҳбарининг тарихий Қарори футболимиз тараққиётига халақит берувчи турли муаммоларни бартараф этиш ва улардан бутунлай қутулиш йўлидаги улкан қадамдир.

Қарорда футболимиздаги мавжуд ҳолат икир-чикирларига қадар ўз аксини топган. Таъбир жоиз бўлса, «Энг кичик заррадан Юпитергача» ғоят пухта, батафсил ифодаланган.

Тўғри, авваллари ҳам эзгу орзу-ниятлар билан футболимиз тақдирини ўйлаб, давлат миқёсида бир қанча Қарорлар қабул қилинган. Ўша Фармон ва Қарорлар вақтида соҳа ривожига муносиб таъсир ўтказди, албатта. Бироқ ўсмирлар ва ёшлар футболини ҳисобга олмаганда, эзгу ниятлар ниятлигича, расмий ҳужжатлар эса қоғозда қолиб кетди.

Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Чунки шу пайтга қадар имзоланган ҳужжатлар кўпроқ ҳомийлик ва ихтиёрийлик тамойилларига асосланган бўлиб, футболимиз инфратузилмасини ягона тизимга бирлаштириш кўзда тутилмаганди. Янги тарихий Қарорда ана ўша жиҳатларнинг барчаси ҳисобга олинди.

Маълумки, истиқлолимиз босиб ўтган 27 йил мобайнида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва хавфсизлик масалаларига катта эътибор қаратилди. Ўтиш даври муаммоларидан келиб чиқиб, футболга қўшимча соҳа сифатида муносабат билдирилди баъзан.

Бошқача айтганда, футболга муносабат давлат сиёсати даражасига кўтарилмади, аниқроғи, шундай қараш мавжудлиги ҳақида таассурот уйғотилди, холос. Аслида эса таассурот бор эди-ю, амалда бирор йирик ислоҳотга қўл уриш амри-маҳол ҳисобланарди.

Мана, ниҳоят, бошқа соҳаларда бўлгани каби, футболимиздаги ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи расмий ҳуқуқий ҳужжат имзоланди. Диққатга сазовор томони, Қарорда 2023 йил 1 январга қадар бутун бошли футбол тизимига турли мажбурий ажратмалар, солиқ ва божхона тўловлари борасида алоҳида имтиёзлар белгилаб қўйилди.

Бу муддатдан икки маъно ўқиш мумкин. Биринчидан, белгиланган вақт - футболимиз ва унинг бошқарув тузилмасининг қад ростлаши учун имконият. Иккинчидан, имтиёзли муддат давомида ЖЧ-2022 бўлиб ўтиши назарда тутилган. Бизнингча, бу муддат - футболимизнинг ҳозирги мутасаддилари учун ўзига хос синов жараёни.

Мантиқан шундай. Зеро, амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий самараси билангина қадрлидир. Шу маънода айтсак, янги Қарор моҳиятан миллий терма жамоамиз зиммасига ЖЧ-2022 йўлланмасини қўлга киритиш, етакчи клубларимиз олдига эса ОЧЛ баҳсларида муваффақиятли иштирок этиш вазифасини юклайди.

Ҳа, бундай мажбуриятлар хусусида Қарор матнида ҳеч бир сўз йўқ. Лекин унинг мақсад-мазмунида шундай ишора яққол сезилиб турибди.

 Таъкидлаш жоизки, ушбу Қарорни тайёрлаш жараёни узоқ муддат давом этди. Шу аснода футболимизнинг барча жиҳатлари жиддий ўрганиб чиқилди. Натижада тараққиёт учун зарур саналган пухта расмий ҳуқуқий ҳужжат ҳозирланди. Очиғи, Қарорни ҳаётга татбиқ этиш осон кечмайди.

Чунки шу ҳужжат асосида футболимиздаги кўникилмаган анъанавий тизим тубдан янгиланади. Бу жараёнда кимлардир тинч ва иссиқ ўринларидан айрилишади, бошқа бировлар янгиланишларга нисбатан танқидий муносабатда бўлишади. Ҳаммаси табиий, албатта. Тараққиёт шуъласи кимнингдир кўзини қамаштирса, яна бировга қувонч улашади.

Асосийси, футболимиз мутасаддиларини қийинчилик асло чўчитмаяпти. Биргина Суперлига ташкиллаш чоғи қанча-қанча қаршиликлар кузатилгани фикримиз далилидир. Эътироф этиш керакки, футболимиз мутасаддилари мураккаб вазиятларда ортга чекинишмади. «Навбаҳор» - «Локомотив» учрашуви назаримизда, шу мардонаворлик учун ўзгача туҳфа сифатида тарихда қолади.

Салгина муболаға билан айтсак, Наманганда ўтган баҳс - тасаввуримиздаги Суперлига кескинлигининг кўзгуси. Ишончимиз комил, эски регламентга танқидий назар ташланиб, Суперлига йўлга қўйилмаганида, балки бундай қарама-қаршиликлар юз бермасди, «Навбаҳор» чемпионлик учун астойдил бел боғламасди.

Қарангки, амалдаги чемпион, кучли таркибга эга «Локомотив» дастлабки 3та турда 4 очко йўқотди. «Металлург» ва «Навбаҳор» чемпионга қарши бемалол, хавотирсиз тўп сурди. Жамоаларда шундай кучли рақобат кайфиятини шакллантириш - ислоҳотлар, Суперлига ташкиллашнинг бош мақсади.

Кўриниб турибдики, ислоҳотлар тўғри йўлдан бормоқда. Бунинг исботи сифатида Суперлига баҳсларида кескинлик кучаймоқда. 3-турда Фарғона вилоятининг ҳар икки клуби мағлубиятга учради, аммо «Қўқон-1912» ва «Нефтчи» қандай шаҳд билан ўйнаганига барчамиз гувоҳмиз.

Очкосиз қолаётган «Қизилқум»ни олинг, бу жамоанинг «Насаф» дарвозаси томон уюштирган ҳужумлари таҳсинга сазовор эмасми? Демакки, ҳеч бир клуб ортда қолишни истамаяпти.

Суперлигани янгиланиши, уйғониши - шу. Эҳтимол, элитамизда ҳам ҳали Муҳаммад Салоҳ, Криштиану Роналду ва Мауро Икарди каби «покер» қайд этадиган футболчилар, рақибни «Ливерпуль» ва «Интер»дек 5та тўп фарқи билан енгадиган клублар топилар.

Бўлиши мумкин ҳодиса бу футболда. Лекин йирик ҳисоблар «А» серияси ва АПЛ савиясига соя сололмаганидек, Суперлигадаги рақобатга ҳам путур етказолмайди. Аксинча, йирик ҳисоблар қайсидир клублар руҳиятида кутилмаган шаҳду-шиддатни қўзғатади.

Хуллас, ҳозирча ҳаммаси яхши, Суперлига баҳслари мухлисларга ёқмоқда. Кўзга ташланаётган айрим камчиликлар эса вақт ўтган сайин аста-секин тузатилади.

Умид қиламизки, Суперлигада бўй ростлаган кучли рақобат туйғуси бош жамоамиз руҳиятига ҳам кўчиб ўтади ва малакали мураббийлар гуруҳи маслаҳатига таянадиган Темур Кападзе шогирдлари Африка сафаридан ўрин олган учрашувларда кучли рақибларга муносиб қаршилик кўрсатишади.

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz