Қайднома

Қидирув

ОЧЛ. Гуруҳ босқичи 4-тур: фактлар, рақамлар, статистик кўрсаткичлар

ОЧЛ. Гуруҳ босқичи 4-тур: фактлар, рақамлар, статистик кўрсаткичлар

  20.03.2018 00:23
  0
  663
ОЧЛ. Гуруҳ босқичи 4-тур: фактлар, рақамлар, статистик кўрсаткичлар

«Насаф»га кўз тегдими, Дохадаги ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ мағлубиятни тан олди, гўё. Лекин якуний икки турда ғалаба қозониш имкони бор. Демакки, Қарши жамоаси ва «Локомотив»нинг нимчорак финалга чиқиш имкониятини тенг баҳолаш мумкин.

«A» гуруҳи

* Юсуф ал Араби жорий турнир давомида 90-дақиқадан кейин урилган 13-14-голларга муаллифлик қилди.

* «Локомотив» охирги 3та ўйинда ютқазган бўлсада, клубнинг тўплар нисбати ҳамон плюс кўринишида.

«B» гуруҳи

* «Зоб-Оҳан» ва «Ал-Ваҳда» (Абу-Даби) ўртасидаги баҳсларда фақат мезбон томон ғалаба қозонмоқда. Тўғри, бу жамоалар бунгача 2010 йилги мусобақада тўқнаш келганди, холос.

«C» гуруҳи

* 4133 томошабин кузатган ва асосий вақтга 4 дақиқа қўшиб берилган «Ал-Садд» - «Насаф» баҳсида қаршилик футболчилар тўп назорати бўйича 51,7 фоизлик кўрсаткич қайд этишди. «Насаф» вакиллари хусусан, 5 марта бурчак тўпи тепишди, ҳаводаги курашларнинг 35,7 фоизида устун келишди.

* «Ал-Садд» сафида ўйнаётган жаҳон футболи юлдузи Хави ОЧЛдаги 5-ўйинида илк голини нишонлади. Маълумот ўрнида айтиш керак, каталониялик фахрий ярим ҳимоячи еврокубокларда жами 170та ўйин ўтказиб, ўз номига 13та гол ёзиб қўйган.

* «Ал-Садд»нинг ўйиндаги 4-голини урган жазоирлик 28 ёшли вингер Жуғурта Ҳамрун Қатар клуби сафига қўшилгунига қадар Франция, Болгария, Туркия ва Руминияда тўп сурганди.

* «Ал-Васл» 32та иштирокчи орасида кейинги босқичга чиқиш имкония-тини бутунлай бой берган илк жамоа бўлди. Умуман олганда, бу жамоа ОЧЛ-даги охирги ғалабасини 2008 йилнинг 7 май куни Ироқнинг «Ал-Қува Ал-Жавия» клубига қарши сафар ўйинида қўлга киритганди - 2:1.

«D» гуруҳи

* «Истиқлол» - «Ал-Айн» ўйинида мухлис тўплаш бўйича нафақат тур, балки бутун мавсум рекорди (90000) қайд этилди. Аввалги турда «Гуанжоу Эвер-гранд» - «Жежу Юнайтед» баҳси (37693) энг кўп мухлис йиққан учрашув бўлганди.

«E» гуруҳи

* «Китчи» нафақат гуруҳ босқичидаги илк голини нишонлади, балки ғалабалари ҳисобини ҳам очди. Ўтган мавсум Гонконг шарафини ҳимоя қилган «Истерн» клуби гуруҳ босқичи учрашувларида атиги 1 очко олганди.

«F» гуруҳи

* «Мельбурн Виктори»нинг ягона голи муаллифи - Коста Барбарузес ОЧЛдаги самарали зарбалари сонини 4тага етказиб қўйди. У Австралия жамоалари учун гол урган футболчиларнинг умумий рейтингида 10-ўринда. Австралия клублари тўпурарлари рўйхатини Трэвис Додд («Аделаида Юнайтед») бошқариб турибди - 8та гол.

«G» гуруҳи

* «Серезо Осака» клубининг кореялик легионери Янг Донг Хюнг профессионал фаолиятидаги 99-голини нишонлади. У ўтган мавсум «Поханг Стилерс» клуби сафида тўп сурган эди.

«H» гуруҳи

* «Сидней» ОЧЛда 24-ўйинини ўтказиб, 10-марта дуранг натижага рози бўлди. Австралия клуби ОЧЛда охирги марта 2016 йилнинг 5 апрелида ғалаба қозонганди («Поханг Стилерс» - 1:0).

Ҳафта қаҳрамони. «Китчи» клубининг 11-рақамли ҳужумкор ярим ҳимоячиси Ченг Чин Лунг. У 1998 йилнинг 1 июлида Гонконгда туғилган. Бўйи - 169 см. «Китчи» клуби тарбияланувчиси.

Болалигида баскетболга жиддий қизиққан Ченг ўз клуби академияси тарбияланувчилари орасида энг қисқа вақтда профессионал шартнома тузишга эришган футболчи саналади. Ҳужумкор усулни хуш кўрувчи Чин Лунг «Кашива Рейсол»га қарши баҳсда япониялик ҳимоячиларга асло тинчлик бермади.

Тўпурарлар: 6та - Юсуф ал Араби («Ал-Дуҳайл»); 5та - Рикардо Гоу-ларт («Гуанжоу Эвергранд»), Бағдод Бунеджаҳ («Ал-Садд»); 4та - Оскар («Шанхай СИПГ»), Маме Тиам («Истиқлол»), Меҳди Тареми («Ал-Гарафа»).

Ҳафта футболчилари: 1-тур - Лерой Жорж («Мельбурн Виктори»), 2-тур - Оскар («Шанхай СИПГ»), 3-тур - Рикардо Гоуларт («Гуанжоу Эвергранд»), 4-тур - Ченг Чин Лунг («Китчи»).

Минтақа ва миллий чемпионатлар бўйича таҳлил

Қатар ва Хитой футболи «Ал-Дуҳайл» ҳамда «Шанхай СИПГ» клублари мисолида квоталарни тўлиқ оқлаяпти. Тижорат нуқтаи назаридан БАА клубларига берилган квоталар эса ҳамон наф бераётгани йўқ. 4-турдан сўнг вакиллари ғалаба қозонмаган бирор мамлакат қолгани йўқ.

Охирги тур ўйинларида «Ғарб» минтақасида 20та, «Шарқ»да эса 19та гол қайд этилди. Айни пайт Япония ва Ўзбекистон клублари тенг кўрсаткичга эга - японлар ҳам имкони бор очколардан атиги 37,5 фоизини қўлга киритишди.

ФИКРАТ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz