Қайднома

Қидирув

Ўтмишга саёҳат: «Пахтакор»нинг қойилмақом еттилиги ва ҳакам (фотогалерея)

Ўтмишга саёҳат: «Пахтакор»нинг қойилмақом еттилиги ва ҳакам (фотогалерея)

  21.03.2018 06:37
  0
  1601
Ўтмишга саёҳат: «Пахтакор»нинг қойилмақом еттилиги ва ҳакам (фотогалерея)

Турли даврларда «Пахтакор» ва бошқа клубларимизда тўп сурган 7 нафар таниқли футболчи ўтган йили 80 ёшли юбилейини тантана қиларди... агарда ҳаёт бўлганларида.

Улар ўйинчилик фаолиятларини якунлашгач, мураббий сифатида ҳам мамлакатимиз футболи тараққиётига муносиб улуш қўшишган.

Демак, бугун шу қойилмақом еттилик ва узоқ йиллар давомида Ўзбекистон футбол федерациясида ишлаган таниқли ҳакам Николай Надеждинни хотирлаймиз.

Юрий БЕЛЯКОВ (1937-2001)

«Пахтакор» жамоасини собиқ иттифоқ олий лигасида қатнашадиган ҳолатда шакллантириш жараёнида мураббийлар Беляковнинг тезлиги, жонкуярлиги ва туғма иқтидорига алоҳида эътибор қаратишган. Зеро, ҳужум чизиғида ўйновчи Юрий дарҳақиқат, ноёб хусусиятларга эга эди.

У айниқса, рақиб жамоа жарима майдончасининг «қайноқ нуқталари»да пайдо бўлишни қойиллатарди. Асосийси, ҳужум вақти тўғри қарорга келиш асносида дарвозани нишонга олишни пайсалга солмасди сира. Юрий Беляков футболчилик фаолиятини тугатгач, ўтган асрнинг 60-70-йиллари Ўзбекистоннинг иккинчи лигадаги жамоаларида мураббий сифатида ишлаган.

Вячеслав КОЛЬЦОВ (1937-2001)

Вячеслав Кольцов футболга Тошкентнинг «Меҳнат захиралари» («Трудовўе резервў») жамоаси орқали кириб келган. 1960 йилдан эътиборан эса машҳур Юрий Пшеничниковнинг ўринбосари ролини бажарди. 1963 йилги мавсумда «Политотдел» клуби сафига қўшилган дарвозабон кейинчалик (1968 йили) «Спорт устаси» унвонига муносиб кўрилган.

Кольцов мураббийлик ишига ўтгач, аввалига турли жамоаларимизни бошқарди, сўнгра жонажон клуби - «Пахтакор»да селекционер сифатида фаолият юритди. 1979 йили машъум фожиа рўй бергач, Кольцов ҳалок бўлганлар яқинлари билан алоқа ўрнатишдек оғир юкни ўз зиммасига олди.

Умуман, у самимийлиги, меҳрибонлиги ва доимо ўзгаларга ёрдам беришга тайёрлиги билан ажралиб турарди. «Пахтакор»нинг қайта тикланиши ва 1982 йилги мавсумда собиқ иттифоқ олий лигасида 6-ўринни қўлга киритишида Вячеслав Кольцовнинг хизмати катта.

Айнан шу натижа учун унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» унвони берилган. Кольцов 1988 йилдан Москвада Умуминсоний қадриятлар академиясида ишлаганини ҳам қўшимча қилиш жоиз.

Олег  МОТОРИН (1937-1978)

Моторин 17 ёшида вақтида анча танилган Тошкентнинг ОДО жамоасида тўп сурган. «Пахтакор» клуби тузилганидан кейин биринчи таркиб футболчилари (асосан «спартакчилар») Моторинни ўз ёнларига чорлашади. «Пахтакор» олий лигада ўйнай бошлаганида, мураббий А.Келлер уни янги позицияга суради.

Тошкент жамоаси шу тариқа биринчилардан бўлиб ҳимояда позицион ўйинчи (хатоларни тўғрилаш учун)дан фойдаланади. Олег Моторин бу вазифани муносиб уддалаганди. Бироқ афсуски, Олег кейинчалик тартибни тез-тез бузишга одатланади ва оқибатда спорт фаолиятини анча эрта тугатади. Қолаверса, алоҳида иқтидорга эга бўлган футболчи 41 ёшида ёруғ ҳаётдан кўз юмганди.

Станислав СЕМЁНОВ (1937-1988)

Стас (уни шундай эркалашарди) ҳаммасини «Пишевик» стадионида бошлаган. Юқори интеллектуал соҳиби спортга қизиқувчи кўпчилик учун намуна сифатида мактабдаги таҳсилни олтин медаль билан тугатган. Семёнов «Пахтакор» сафига 1957 йили ҳимоячи сифатида қўшилади.

1960 йили тошкентлклар олий лигада клуб тарихидаги илк ўйинда майдонга тушганларида, 11 нафар асосий футболчи орасида Семёнов ҳам бор эди. «Пахтакор» яна 2 йилдан сўнг чемпионатда фахрли 6-ўринни эгаллайди. Семёнов ке-йинчалик «Политотдел»да ўйнайди ва 1968 йили футболчилик фаолиятига якун ясаб, мураббийлик ишини бошлайди.

У хусусан, «Металлург» (Олмалиқ), «Наримановчи» ва бошқа жамоаларга устозлик қилади. Станислав Семёнов 1988 йили фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмади. Муҳими, футбол эстафетасини ўғли - Алексейга топширади.

Яъни фарзандининг «Пахтакор»даги ўйинларини кўради. Дарвоқе, Алексей 1995 йили Фарғонанинг «Нефтчи» жамоасида тўп суриб, Ўзбекистон чемпиони бўлиш баробарида мамлакат кубоги соҳибига айланади.

Виталий  СУЮНОВ (1937-2016)

Виталий футбол таҳсилини Тошкентдаги «Пишевик» стадионида бошлайди. У афсонавий Геннадий Красницкий билан битта мактабда ўқиган. 1960 йилдан «Пахтакор»да ўйнаган ва олий лигада бошланғич таркибда майдонга тушган. Виталий рақиблардан чўчимай ўйнар, айниқса, тўп олиб қўйишда дадил ҳаракатланар ва мудом шеригини қўллаб-қувватлашга шай турарди.

Битта факт шуки, айнан Суюнов олий лигада «Пахтакор» либосида 100та ўйин маррасини босиб ўтган биринчи футболчи ҳисобланади. У шунингдек, кубок турнирлари ва халқаро ўйинларда ҳам етарлича қатнашган. Суюнов бутсаларини михга илганидан сўнг ўз салоҳиятини мураббий ролида синаб кўради.

У бу соҳада 30 йилдан кўпроқ вақт фаолият юритиб, Ўзбекис-тоннинг турли клубларида ишлайди. Бутун эътиборини мураббийликка қаратган Виталий шунинг баробарида Ўзбекистон ёшлар ва миллий жамоаларида ҳам ишлаган. Лекин унинг биографиясидаги энг ёрқин саҳифа - бу «Пахтакор» сафида кўрсатган ўйинлари.

Виктор  ТИХОНОВ (1937-2007)

Виктор Тихонов футболчилик фаолиятини бошлаган вақт «Пахтакор» энди ташкил этилганди. У жуда ёш бўлишига қарамай, жамоада 3 мавсум (1957-1959 йиллар) тўп суради. Бироқ жиддий жароҳат Викторнинг олий лигада ўйнашига тўсқинлик қилганди. Хуллас, Тихонов 1962 йилдан эътиборан Тошкент вилоятининг «Политотдел» жамоаси шарафини ҳимоя қилади.

1968 йили эса мураббийлик фаолиятини бошлаб, «Пахтакор» ва бошқа клубларда тўп сурган футболчиларнинг бутун бир авлодини тарбиялайди. Бу меҳнатлари самараси ўлароқ, 1980 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» унвони билан тақдирланади. Мавсум-1985да мураббий Иштван Секеч истеъфога чиқарилгач, «Пахтакор» бошқарувини айнан Тихонов қўлга олади.

Жонажон жамоасини икки мавсум шуғуллантирганидан кейин эса мамлакат футбол федерацияда ишлаб, ташкилотнинг оёққа туришига катта ҳисса қўшади. 2005 йилга келиб, Виктор Тихонов Москвага кўчиб кетади.

Владимир  ЯТЧЕНКО (1937-2011)

Владимир Тошкентнинг «Спартак», «Меҳнат захиралари» ва «Старт» жамоаларида ўйнаган. Кейинчалик узоқ йиллар давомида Тошкент спорт интернатида фаолият юритиб, Михаил Ан, Владимир Фёдоров, Вячеслав Бектошев, Тўлаган Исоқов, Виктор Жалилов ва бошқа кўплаб буюк футболчиларни тарбиялайди.

Унинг шогирдлари қаторида турли терма жамоалар сафида ўйнаб, қимматли мукофот ва совринларга эга чиққан йигитлар кўп. Ўша вақт спорт интернати кадрлар ўчоғи ҳисобланган ва Ўзбекистон жамоаларига иқтидорли футболчиларни етказиб беришда муҳим аҳамият касб этарди.

Ятченконинг мураббий сифатидаги самарали иши эътиборсиз қолмаган - у 1980 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» унвони билан тақдирланган. Муҳими, Ятченко узоқ йиллар давомида спорт формасини яхши сақлаб юриб, «Пахтакор» фахрийлар жамоаси сафида турли турнирларда фаол иштирок этган.

Николай  НАДЕЖДИН (1937-2002)

Николай бутун ҳаётини футболга бағишлаб, миллионлар ўйинига қалбан содиқ қолган. Надеждиннинг ҳаёт йўли мураккаб, шунинг баробарида ажойиб. Мисол учун, у 14 ёшидаёқ ўсмирлар ўртасидаги ўйинларда ҳакамлик қилган. 1964 йили эса Республика тоифасидаги ҳакам мақомига муносиб кўрилган.

Аслида Николай футболчи бўлиш орзусида эди ва машҳур мураббий С.Будагов қўл остида шуғулланган. Тақдир тақозосига кўра, 1950 йили ҳакамликка ўтган бўлсада, умрининг охирига қадар футболдан йироқлашмади.

Дейлик, ўтган асрнинг 60-йиллари фотомухбир сифатида ҳам ишлаб, ноёб фотоархив тўплади. Зеро, Николай Надеждин кўплаб қизиқарли ва муҳим воқеликлар гувоҳи бўлган.

Мамлакатимиз футбол фотожурналистикаси фахрийсининг суратларини кўплаб газеталарда кўриш мумкин. Олий савия - қойилмақом фотомухбир ва тажрибали ҳакам.

Николай Николаевич футбол бобида чуқур билимга эга эди ва узоқ йиллар Ўзбекистон футбол федерацияси президиуми таркибида ишлади. Аввалига «Физкультурник Узбекистана», кейин «Спорт» газеталарида шарҳловчилик қилди. Охирги йилларда эса «Наш футбол» газетаси ва Республика футбол федерациясида фаолият юритди.

Владимир САФАРОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz