Қайднома

Қидирув

Бернард: «Мундиалдаги муҳит, барибир ўзгача»

Бернард: «Мундиалдаги муҳит, барибир ўзгача»

  23.03.2018 03:38
  0
  584
Бернард: «Мундиалдаги муҳит, барибир ўзгача»

Донецкнинг «Шахтёр» клуби ярим ҳимоячиси Бернард УЕФА расмий сайтига интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

- Сиз Белу-Оризонтида ўсгансиз. Футболчи бўлишни орзу қилганмисиз?

- Ҳаммаси болалигимда бошланган. Ота-онамдан ҳамиша мен билан тўп ўйнашларини сўрардим. Ўшанда отам мени футбол мактабига берган. Айнан шу туфайли футболчи бўлиб етишдим. Буни жуда-жуда истаганман ва ҳаракат қилганман. Айни пайтда ўзимни бошқа касбда тасаввур қилолмайман.

- Болалигингиз қандай ўтган, футбол сизга нима берди?

- Фақат футбол билан яшаганман, дея олмайман. Хайриятки, болаликдан баҳра олиш имкониятим бўлган. Дўстларим билан ўйнашим мумкин эди. Қувноқ яшашим учун сабаблар кўп эди. Мактабдан қайтгач, ўйнашни истардим.

Дам олиш кунлари кечгача кўчада ўйнардим. Ўшанда футболдан ташқари бошқа ўйинларни ҳам ўйнардик. Футбол нафақат орзуларим амалга ошишига ёрдам берди, балки оиламга ҳам кўп нарса бера олдим: яхши уй, яхши шароитлар.

- Ёшлигингизда қандай футбол орзуси билан яшардингиз?

- Бразилиядаги ҳар бир футболчи Европада ўйнашни орзу қилади. Бу одатий ҳол. «Шах-т­ёр»га 21 ёшимда келганман. Шу жамоа орқали жаҳон чемпионатига бордим.

Ўшанда Бразилия терма жамоаси сафидаги энг ёш футболчи эдим. Бу ҳам мен учун алоҳида натижа. Бразилияда асосан Англия чемпионатини кўрсатишади. Лекин мен «Шахтёр»га йўл олдим ва Европада ўйнаш орзум ушалди.

- Чемпионлар Лигасида ўйнашни орзу қилганмисиз?

- Шубҳасиз. Болалигимда ЕЧЛ ўйинларини ҳамиша томоша қилардим. Бу мусобақанинг мадҳияси ҳам ўзига хос таассурот уйғотади. Чемпионлар Лигасида ўйнашни жуда истаганман.

Айрим футболчилар ушбу мусобақани жаҳон чемпионатидан юқори қўйишларини биламан. Лекин ўзим жаҳон чемпионатидаги муҳит ўзгача деб ҳисоблайман. Бироқ ЕЧЛ мен ғалаба қозонишни истаган турнир эканини яширмайман.

- Бўйингиз унчалик баланд эмас. Фаолиятингизни бошлаётганингизда бу халақит бермаганми?

- Халақит берган. Профессионал футболчи бўлганимдан кейин муаммолар йўқолган. «Атлетико Минейро» академиясидаги вақтларимни кўп эслайман. Айримлар бўйим туфайли профессионал футболчи бўла олмаслигимни айтишган.

Бироқ айнан шу ишончсизликлар сабаб ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Бўйимнинг пастлиги мени тўхтатиб қолмади, аксинча, янада кучли бўлишимда ёрдам берди.

- «Шахтёр»га ўтиш қарори қанчалик қийин бўлган? Украинада қандай қийинчиликларга дуч келгансиз?

- Мен учун энг қийин синов - қиш бўлди. Кўп нарсага мослашишимга тўғри келди. Бразилияда йил бўйи иссиқ бўлади. Шу боис ҳам совуққа мослашишим жуда қийин кечди. Лекин оилам билан келганим учун янги мамлакатга мослашишим осон ўтди.

Футбол борасида ҳам осон бўлмади. Чунки бу ерда умуман бошқача ўйнашади. «Шахтёр»га келганимда, жамоада 13 нафар бразилиялик бор эди. Дўстлар билан гаплашиш, португалча сўзларни эшитиш жуда ёрдам берган. Бунинг устига президентнинг ишончини ҳам ҳис қилиб турардим.

- «Шахтёр»да ўйнаб, қайси соҳаларда ўсдингиз?

- Кўп нарсада. Мисол учун, тактикада. Афсуски, Бразилия мактабларида бунга деярли эътибор қаратишмайди. Бу ерда Паулу Фонсека туфайли футбол мактабини якунлагандек бўлдим.

- Паулу Фонсека бош мураббий бўлганидан кейин «Шахтёр» қанчалик ўзгарди? Шахсан сиз учун мураббийнинг таъсири қанчалик бўлди?

- Олдинги бош мураббийимиз билан бироз муаммоларимиз бўлганди. Паулу эса ажойиб инсон. У барча футболчилар билан яхши муносабатда. Жамоанинг ўзгаргани шундоқ кўриниб турибди. Чунки ЕЧЛда қийин гуруҳдан чиқа олдик.

Жаъфарали тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz