Қайднома

Қидирув

Мухлис муаззам ўйинга муштоқ ёхуд футболчиларимиз африкаликлар олдида довдираб қолишмайдими

Мухлис муаззам ўйинга муштоқ ёхуд футболчиларимиз африкаликлар олдида довдираб қолишмайдими

  23.03.2018 06:29
  0
  891
Мухлис муаззам ўйинга муштоқ ёхуд футболчиларимиз африкаликлар олдида довдираб қолишмайдими

- Баландпарвоз гаплар одамларга ёқмайди. Халқимиз кутишдан чарчади ва ўзгаришлар бугун бўлишини истамоқда. Асосий вазифамиз - одамларни рози қилиш!

Юқоридаги мазмун Президентимиз - Шав­кат Мирзиёевнинг фаоллар билан учрашувларда сўзлаётган нутқлари пафосини белгилайди. Мамлакатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига навбатдаги сафари чоғида ҳам бу фикрни қайта-қайта таъкидлади.

Муҳтарам мухлис! Сезиб турганингиздек, биз шундай талаб ва даъват миллий терма жамоамизга ҳам тааллуқли эканига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Ҳа, футболимизнинг ҳозирги раҳбариятига ислоҳотларни амалга ошириш осон кечмайди. Чунки вақт кутиб турмайди. Ислоҳотлар жараёнида терма жамоаларимиз халқаро учрашувларда майдонга тушадилар. Вазиятнинг мураккаблиги шунда.

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг маълум босқичи якунланмасданоқ футболчиларимиз рақибларига қарши чинакамига тер тўкиб тўп суришларига тўғри келади. Аслида майдонда борини бериш - ислоҳотларнинг бошланиши. Негаки, мухлисларни шу пайтга қадар асосан, футболчиларда жавобгарлик туйғусининг етишмаслиги кўпроқ безовталантирган.

Терма жамоамиз майдонда жонини жабборга бериб ўйнаса ва мағлубиятга учраса, мухлис бир-икки кайфиятсиз юради, холос. Кейин ҳаммасини унутади ва яна янги ғалабаларга умид боғлайди. Аммо «ўлик» ўйинлар ва ҳатто бу каби ўйинлардаги ғалабалар мухлисларни қувонтирмайди.

Факт шуки, ҳимоявий услуб - рақибдан ҳадиксираш ва ҳаддан зиёд эҳтиёткорликнинг натижаси. Тўғри, жаҳоннинг энг кучли терма жамоалари ҳам гоҳо шундай услубни танлашади ва бу ҳол кўпроқ йирик турнирлардаги финал учрашувларида кўзга ташланади. Лекин ҳар бир учрашувга финал каби ёндашув ва футболни асабийлик ўйинига айлантириб юбориш мухлисларга ёқмайди.

Шу маънода рақибдан чўчимаслик, мардонаворлик ва доимий курашчанлик мухлисларни стадионларга бошловчи асосий омил ҳисобланади. Албатта, бу хулоса оламшумол янгилик эмаслиги барчага аён. Бироқ барчага аён мана шу ҳақиқатни тан олмаслик футболимизни боши берк кўчага киритиб қўйди.

Бугун футболимиз боши берк кўчадан чиқиб, янги ва равон йўллар сари юз бурмоқда. Шунисига ҳам шукр. Фақат бир жиҳат кўпчиликни ўйлантирмоқда: тажрибали футболчилар ўйин услубида ҳамон ўша эски қолиплар таъсири сақланиб қолмаганми?

Таркибига тажрибали футболчилар жамланган «Локомотив» ўйинида шиддаткорлик етишмаётгани ана ўша эскича ёндашув таъсири эмасми ва бу салбий кўриниш «темирйўлчилар» таркибидан чорланган футболчилар орқали терма жамоамизнинг бугинига ҳам кўчиб ўтмайдими?

Тажрибали футболчилар энди аввалгидек ўйнаб бўлмаслигини, терма жамоага жавобгарлик муҳити ҳукм сурадиган оила сифатида қараш лозимлигини тушуниб етишганми?

Мураббийлар штаби терма жамоамизда қандай янги услубни шакллантириш устида бош қотиришмоқда? Улар Африка футболига хос тезкор ва дриблингларга бой услуб қаршисида довдираб қолишмайдими?

Хуллас, саволлар кўп, сабоқлар етарли рақобатбардош маҳорат ва савия ҳам мавжуд футболчиларимизда. Энди мухлисларга ҳозиргача кўрмаган, тополмаган ЎЙИН бўлса, бас!

А.ҲАМИДОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz