Қайднома

Қидирув

Диққат стадионга вертолёт қўнмоқда ёхуд ўйин чоғидаги фавқулодда ҳодисалар

Диққат стадионга вертолёт қўнмоқда ёхуд ўйин чоғидаги фавқулодда ҳодисалар

  24.03.2018 06:29
  0
  2621
Диққат стадионга вертолёт қўнмоқда ёхуд ўйин чоғидаги фавқулодда ҳодисалар

Футбол майдонида вертолётга нима бор? У қаердан учиб келди ва нима учун? Яқинда Англия чемпионати тизимида савия бўйича тўртинчи ўринда турувчи дивизион - League Two доирасидаги «Честерфилд» - «Линкольн» ўйини майдонга қўққисдан вертолёт қўнгани туфайли тўхтатилди.

Ушбу ноодатий воқелик сабаби анча жиддий: мухлислардан бирининг аҳволи оғирлашгач, стадион ходимлари тиббий вертолёт чақиришди.

Муҳими, «Тез ёрдам» тезда етиб келди ва кутилмаган танаффус чамаси ярим соатга чўзилди. Умуман, футбол тарихини чуқурроқ «кавласак», бу каби фавқулодда ҳодисалар етарлича кузатилганига амин бўламиз.

Азон

Саудия Арабистонида ўйин динга боғлиқ сабаблар туфайли тез-тез тўхтатиб турилади. Хусусан, хорижлик мутахассислар ҳам маҳаллий қоидаларга ҳурмат билан қарашади.

Дейлик, ушбу мамлакатда ишлаётган англиялик ҳакам Марк Клаттенбург январь ойида «Қирол кубоги» доирасидаги «Ал-Фейха» - «Ал-Фотиҳ» ўйинини тўхтатиб турди. Стадионга қўшни масжиддан азон товуши эшитилган вақт ҳисоб 1:1 эди ва ўйиннинг қўшимча бўлимлари давом этаётганди.

Хуллас, Клаттенбург азонни эшитгани ҳамоно махсус ҳуштак чалиб, барчани бироз тин олишга таклиф этди. Машҳур реферининг ушбу иши маҳаллий мухлислар ва клублар раҳбарларига хуш ёққани аниқ.

Соч турмаги

Яна Саудия Арабистони. Лекин буниси умуман кутилмаган воқеа. Ҳаммаси 2 йилча олдин «Ал-Шабаб» - «Ал-Қодисия» ўйинида рўй берди. Меҳмон жамоа ҳужумчиси мезбонлар дарвозабони Волид Абдулланинг соч турмаги шариат қоидаларига зид эканлигига эътибор қаратиб, ҳакамга эътироз билдирди.

Рефери эса шу заҳоти ўйинни тўхтатиб, «Шабаб» раҳбариятига икки вариантдан бирини танлашни таклиф этди: голкиперни алмаштириш ёки унинг кокилларини кесиб ташлашни. Клуб иккинчи вариантни маъқул кўриб, Абдуллани майдонда қолдирди.

Ислом дини ва маҳаллий анъаналарга тўғри келмайдиган соч турмаклари бўйича тақиқ мамлакат футбол федерацияси ва Миллий олимпия қўмитаси томонидан жорий қилинганини ҳам айтиш жоиз.

Машина

«Қоч, автомобиль!» БАА чемпионати (ёшлар ўртасида)дан ўрин олган «Ал-Жазира» - «Ал-Аҳли» ўйини иштирокчилари бир-бирларига шу маънода хитоб қилишди. Гап шундаки, ўйин давом этаётган паллада «Фольк-сваген» русумли машина катта тезликда майдонга бостириб кирди.

Бунақаси бошқа ҳеч қаерда кузатилмаса керак. Хуллас, ҳайдовчи автомобилни майдон марказигача ҳайдаб бориб, ортга қайтди. Бунинг натижасида ўйинда 16 сониялик танаффус юзага келди.

Буқа

Болгарияда маҳаллий «Ботев» (Пловдив) клубининг АЕЛ (Кипр)га қарши ўртоқлик ўйинида кутилмаган муаммо чиқди. Диққат қилинг, майдонга асов буқа югуриб кирди. Боз устига, баҳайбат жонивор икки дарвоза оралиғида роса югурди, бу вақтда уни четга чиқаришга уринишмади ҳам.

Ахир ким ҳам ўзини хавф остида қолдиришни истарди? Энг қизиғи, стадион ходимлари буқа ортидан катта итни қўйиб юбориш билан чекланишди. Аммо ит ҳам буқа ёнига яқинлашолмади. Охир-оқибат, буқа югуриб чарчади, шекилли, майдондан ўзи чиқиб кетди...

Ўрдак, сувсар ва эчки

Ҳайвонот олами ҳам футболда ўз ўрнига эга. Дейлик, Болгария чемпионатида майдонга ўрдак учиб келган, Швейцарияда эса бир сафар ўйинни давом эттиришга оддий сувсар халақит берган. У ҳаттоки, «Цюрих» футболчиси Лорис Бенитони тишлаб ҳам олганди. Чунки айнан шу жасур йигит жониворни тутишга уринган.

Грециянинг Крит оролида эса эчки ўзини кўрсатган. Беақл ҳайвон ўйин айни қизиган вақтда майдонга кириб бориш билан чекланиб қолмай, дарвоза ёнига туриб олган.

Қизиғи, стадион ходимлари эчкини майдондан чиқариб юборишга уринишганида, у қочиб, яна ўша дарвоза томон югурган. Тўғри, мухлислар эчки ижросида «сейв» кўришмаган: ходимлар иккинчи уринишда кутилмаган «меҳмон»ни қўлга олишган.

Арилар

Футболни фақат инсонларгина яхши кўришадими? Йўқ, бу ўйинга бошқа ишқибозлар ҳам бор. Масалан, 2013 йили Бразилия чемпионати доирасидаги «Понте Прета» - «Атлетико Сорокаба» ўйини арилар «ҳужуми» оқибатида бир муддат тўхтаб қолди.

Таклиф этилмаган «чипта»сиз мухлислар галаси шу қадар катта эдики, футболчилар уларнинг нишлари нишонига айланишдан қочишди. Арилар эса ўйинни яхшироқ кўриш учунми, дарвоза тўсинига жойлашиб олди.

Табиийки, бу ҳол дарвозабонга асло тинчлик бермасди. Натижада ташкилотчилар ўйинни тўхтатиб, махсус қутқарувчиларни чақиришдан ўзга чора тополмадилар. Ахир бечора дарвозабонни хавф остида қолдиролмасдилар... Акс ҳолда, у дарвозаси туриб, ўзини ҳимоя қилишдан нарига ўтмасди-да.

Ўғирлик

Испанияда ҳакам бир сафар ўйинни шахсий сабаб туфайли тўхтатган. Тўртинчи дивизион доирасидаги «Хумилья» - «Пуэнте Точинос» ўйини давом этаётган паллада стадион сухандони ташқарида битта автомобилни «тозалаб» кетишганини эълон қилади.

Қисқаси, полиция илтимосига кўра, машина соҳибидан дарҳол кўчага чиқиши ва баённома тузиш жараёнида иштирок этиши сўралади. Қарангки, ўғрилар «ўлжа»сига айланган автомобиль бош ҳакамга тегишли экан. У машина рақами айтилгани ҳамоно ҳуштак чалиб, ташқарига чопади. Шу тариқа ўйинда 20 дақиқалик узилиш юзага келади.

Зилзила

Уэльс чемпионатида эса ўйин табиат таъсири билан тўхтаб қолганди. Аниқроқ айтсак, «Порт Толбот» ва «Таффс Велл» ўртасидаги учрашув чоғи футболчилар майдон «тебранаётгани»ни сезиб қолишади.

Ўшанда ер қимирлаганди. Британия геология хизмати маълумотларига кўра, ўйин пайти стадион атрофида 4,4 баллик зилзила қайд этилган. Эътиборлиси, бу Буюк Британияда сўнгги 10 йилликда кузатилган энг кучли ер қимирлаш ҳолатидир. Ўша куни стадионга кирган бирор мухлис ёки футболчига шикаст етмаган ва маълум вақтдан сўнг ўйин давом эттирилганди.

Граната

Афсуски, айримлар футболни уруш оҳангида кўришади. 2003 йил. Осиё чемпионати саралаш босқичи. Эрон - КХДР ўйини. Пенальти орқали гол урилгач, мухлислардан бири қувонганидан майдонга қўл гранатаси улоқтирди.

Оқибатда портлаш юзага келиб, меҳмонлар вакили Чул Су Хук жароҳатланди ва майдонни шифокорлар аралашувида тарк этди. Шунга қарамай, ҳакам ўйинни давом эттиришни маъқул кўрди, гарчи кореяликлар четга чиқиб улгурган бўлсаларда.

Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz