Қайднома

Қидирув

Орзумандлар турнири ёхуд Франция ўзига хос мусобақаси ҳақида

Орзумандлар турнири ёхуд Франция ўзига хос мусобақаси ҳақида

  25.03.2018 06:29
  0
  807
Орзумандлар турнири ёхуд Франция ўзига хос мусобақаси ҳақида

Ўтган йили кўпчиликка нотаниш «Этуаль» клуби Франция кубоги 1|8 финалига чиқиб, катта шов-шув кўтарган эди. Табиийки, французлар кейинчалик ушбу ҳаваскорлар жамоасини мавсумнинг бош кашфиёти сифатида тан олишди.

Диққатга сазовор томони, турнирнинг жорий мавсуми ҳам афсона мисоли «учиш»лардан холи бўлмаяпти. Мана, Франция учинчи дивизионида ўйновчи бирданига 2та клуб турнир ярим финалига йўл олди.

Тақдир тақозосига кўра, финал йўлида шу иккиси ўзаро куч синашади. Демакки, 17 апрель кунига белгиланган ўйинда ғалаба қозонган томон Европа Лигасига «сакраш» имкониятига эга бўлади.

Тўкилган япроқлар

- Йигитлар, жим, жим... Келинглар, яхшиси, севимли қўшиғимизни куйлаймиз, — дея жамоадошларини кийиниш хонасида безатилган байрам столи атрофига чорлади ҳимоячи Диаранке Фофана.

Шу тариқа тобора кучайиб бораётган шовқин пасайиб, ёқимли хониш янгради: «Ша-ла-ла-ла-ла, о-о-о «Ле Эрбье!» Ғалабадан сармаст футболчилар шундан сўнг бир-бирларига сув сепишди. Йўқ, сепишмади, балки устиларидан сув тўкишди.

Янада қувноқроқ йигитлар эса бутсаларини ечмасдан стол устига сакрашди. Нуфузи бўйича Францияда учинчи ўринда турувчи дивизион иштирокчиси «Ле Эрбье» Лига 1 вакили «Ланс»ни пенальтилар серияси орқали енгганидан кейин унинг кийиниш хонасида худди шундай ҳолат ҳукм сурганди.

Зеро, камтарин «Ле Эрбье» айни шу ғалаба натижасида «ПСЖ» ва «Лион» қатори мамлакат кубоги ярим финалига йўл олганди худди эртакдагидек... Алоҳида маълумот: «Гербария» (узоқ 1919 йили тузилган клуб номини тахминан шундай талқин қилиш мумкин) тарихида айтарли ёрқин саҳифа йўқ эди.

Дейлик, Вандей жамоаси деярли 100 йил бадалига бирор марта олий дивизионга чиққан эмас. Янги асрнинг илк йиллари эса молиявий муаммолар сабаб, номини бир неча марта ўзгартиришига тўғри келган ва қандайдир мўъжиза туфайли якуний инқироз ҳолатидан чиқиб кетганди.

Ўшанда жамоага ҳаммадан ҳам собиқ футболчи Франк Ризетто кўпроқ қайғурган. Вақтида «Монпелье» сафида ўзини кўрсатган ва шу орқали Франция миллий жамоасидан таклиф олган Ризетто мураббийлик фаолиятини бошлашидан аввал маълум вақт «ПСЖ» тизимида ишлаб, тажриба тўплаганди.

Хуллас, у чамаси 3 йил давомида «Гербария»нинг Конференция лигасига тушиб кетмаслиги учун курашди. Бироқ 2015 йилга келиб, жамоа барибир, ҳаваскорлар қаторига «қулади».

Охирги 2 йилда «қизил-қоралар»-ни Фредерик Рекуло бошқарди ва оғир ҳолатга қарамай, жамоанинг кубок турнири 1|16 финалига олиб чиқишдан ташқари, Миллий лигада сақлаб қолди. Бундан руҳланган клуб раҳбарияти ўтган ёз бир неча обрўли ҳомийлар билан келишувга эришди.

Жумладан, Volkswagen компаниясининг Ла-Рош-сюр-Йондаги филиали моддий кўмак беришга кўнди. Шу тариқа «Ле Эрбье» футболкасида ҳамма «Вольфсбург» формасида кўришга одатланган логотип пайдо бўлди. Тўғри, «қизил-қоралар» жорий мавсум чемпионатда ҳар бир очкони катта қийинчилик билан қўлга киритишмоқда.

Мисол учун, жамоа айни пайт атиги 11-ўринда бормоқда. Кубок баҳслари эса Фредерик ва унинг шогирдлари учун эртакнамо тус олмоқда. Бунда мураббийнинг футболчиларни кубок ўйинлари Лига 1 вакилларига қарши тўп суриш учун зўр имконият эканлигига ишонтира олганию, уларни алоҳида шайлантиргани катта аҳамият касб этади, албатта.

Мана, «Ле Эрбье» аввалига «Ангулем» (2:1) ва «Сен-Ле» (2:1) каби камтарин рақибларни енгиб, 1|8 финалга чиқди. Жамоа бу раунд­да Лига 2да ҳам ишлари юришмаган «Осер»га тўқнаш келди.

Диққатни тортадиган томони, «қизил-қоралар» вақтида ҳаттоки, УЕФА кубогида ҳам шов-шув кўтарган жамоага заррача имконият қолдиришмади - 3:0. Бироқ бу орада Фредерик Рекуло истеъфога чиққан ва унинг ўрнини ассистент мураббийлар эгаллашганди.

«Ле Эрбье» раҳбарияти клубнинг мўъжаз аренаси (атиги 5 минг мухлисга мўлжалланган) кубок доирасидаги ҳал қилувчи ўйинларга торлик қилишини инобатга олиб, «Нант» стадиони - «Божуар» (сиғими - 37 минг)дан фойдаланиш масаласида келишувга эришди.

Хуллас, «Ланс»га қарши баҳс 20 мингдан кўп мухлис кўз ўнгида ўтди. Муҳими, учинчи дивизионда тўп сураётган футболчилар ўйинга худдики, охирги жангдек ёндашишди. Ҳа, Франция миқёсида олганда ҳам, томошабоп футбол кўрсатилгани йўқ: «Гербария» ҳимояланишдан бўшамади.

Яъни ҳужумда ҳеч қандай вазият яратмади. Факт шуки, жамоа ўз мақсадига эришди - ишни пенальтилар сериясигача чўзиб, ярим финал эшигини очганча янги тарихини битди.

Оилавий пансионат

Франция кубоги-2017|2018 ярим финалида «Ле Эрбье»га мамлакат учинчи дивизионининг яна бир вакили «Шамбли» рақиб бўлади. Бунисининг рамзи худди «Интер» (Милан)никидай. Энг қизиғи, «Шамбли» жорий чемпионатда «Ле Эрбье»дан ҳам ортда қолмоқда. «Кўк-қоралар» жамоаси - нисбатан янги лойиҳа. Бу клуб 1989 йили асли италиялик Лузилар оиласи томонидан тузилган (Милан клубига боғлиқлиги боиси шу).

Ўшанда Вальтер Лузи жамоа соҳиби, унинг укаси Фульвио бош мураббий, ўғли Бруно эса футболчи мақомини олганди. «Шамбли» деярли 30 йил давомида ҳаваскорлар чемпионининг 8-лигасидан Миллий дивизионга кўтарилди. Охирги 4 мавсумдан буён эса Франция учинчи дивизионида мажолсиз қатнашмоқда.

Клуб акаси ўрнини эгаллаган Фульвио Лузи маблағи ҳисобига кун кўрмоқда. Унинг асосий хизматларидан бири Ford автоконцерни филиали билан ҳамкорликни йўлга қўйганидир. «Шамбли»нинг жорий мавсум учун бюджети 1,7 млн. еврони ташкил этди. Таққослаш учун айтсак, бу биргина Неймар трансфери учун тўланган сумманинг атиги 3,74 фоизига тенг.

Клубнинг илк даврларида майдонда футболчи сифатида тўп сурган Бруно Лузи 2001 йили бутсаларини михга илди ва айни пайт бош мураббий ролида. Жорий кубок турниридаги парвоз унинг учун энг юқори натижа ҳисобланади.

Энди «Шамбли»нинг ярим финал йўлидаги юришига тўхталсак, жамоа аввалига ортиқча шовқин-суронсиз «Лион» фарм-клубини четга сурди (2:0), кейин «Шатору»ни пенальтилар серияси орқали енгди (0:0, 5:4). Шундан сўнг «Гранвил»дан ягона гол эвазига устун келди.

«Стад Пьер-Бриссон»да «Страсбур»га қарши кечган чорак финал ўйини эса электр таъминотидаги муаммолар туфайли белгиланганидан 1 соат кеч бошланди. Шу лаҳзаларда мезбон жамоа фанатлари пиротехника воситаларини ёқиб, стадионга нур олиб ки-ришди. Лига 1 дебютанти табиийки, «Шамбли»ни «яксон» қилиш илинжида майдонга тушганди.

Дарҳақиқат, жамоа Франция шимолидаги ҳаваскорларни 80 дақиқа давомида бош кўтаришга қўйгани йўқ. 83-дақиқада эса малилик ярим ҳимоячи Гахаро Дукуре «Шамбли»га ғалаба келтирган гол муаллифига айланди. Жамоа сардори шу заҳоти жамоадошлари остида қолди, хайриятки, унга шикаст етмади...

Франция кубоги-2017|2018нинг икки бош «сенсация»чиси ўртасидаги ярим финал ўйини 17 апрель кунига белгиланган. Катта эҳтимолки, бўлажак учрашув миллий кубок йўлидаги кураш эмас, Европа Лигаси йўлланмаси учун чинакам жангга айланади.

Зеро, ярим финалнинг иккинчи жуфтлигида чемпионат орқали Чемпионлар Лигасига йўл олишни кўзлаётган «ПСЖ» ва «Лион» клублари бор. Демакки, «Ле Эрбье» ёки «Шамбли» финалда мағлубиятга учраган тақдирда ҳам ЕЛда дебют қилиши мумкин.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz