Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон Кубоги янги форматда ўтказилади

Ўзбекистон Кубоги янги форматда ўтказилади

  25.03.2018 08:57
  0
  595
Ўзбекистон Кубоги янги форматда ўтказилади

Ўзбекистон Кубоги беллашувлари янги форматда ўтади. Унда мамлакат Суперлигасининг 12 та ҳамда Про-лиганинг 18 та жамоаси ғолиблик учун кураш олиб боради.

Аввалдан белгилаб қўйилгани учун “Локомотив”, “Насаф”, “Пахтакор” ва “Бунёдкор” клубларининг мусобақага 1/8 финал босқичидан қўшилиши ўз кучини сақлаб қолди. Бироқ энди улар ўзларининг бўлажак рақиблари ҳақида маълумотга эга бўлмайди.

Шу йилдан эътиборан “Нурафшон-С”, “Ифтихор”, “Шердор” ҳамда “Лабса” клублари катта футболга кириб келмоқда. Кубок беллашувларини айнан шу тўрт клуб бошлаб беради. 1/32 финал босқичида уларга қулайлик яратиш мақсадида бир-бирига нисбатан яқинроқ бўлган “Шердор” ҳамда “Лабса” жамоалари ўзаро ўйнаши, иккинчи жуфтликни эса “Нурафшон-С” ҳамда “Ифтихор” ташкил қилиши белгилаб қўйилди. Бир ўйиндан иборат плей-офф ғолиби иккинчи саралаш босқичига йўл олади.

Кубокнинг янги форматига кўра, ярим финалга қадар барча учрашувлар фақатгина битта учрашувдан иборат бўлади ва унда мезбон жамоа номини қуръа аниқлаб беради. Про-лига клубининг футбол майдони талабга жавоб бермаса, у ўз вилоятидаги асосий майдонда ўйнаш имкониятини қўлга киритиши мумкин.

Иккинчи саралаш босқичида юқоридаги икки жуфтлик ғолиби ҳамда Суперлиганинг 8 та, Про-лиганинг 14 та жамоаси — жами 24 та клуб иштирок этади. Бунда жамоалар ҳеч қандай саватга ажратилмайди. Саватчадан биринчи тортилган жамоа мезбон мақомини қўлга киритса, кейингиси унинг рақибига айланади.

Мана шу 12 та жуфтлик ғолиби 1/8 финалга йўлланма олади ҳамда юқоридаги квартетга қўшилади. Қуръа бу босқичда ҳам исталган клубни бир-бирига рақиб қилиши мумкин. ПФЛ ҳамда “Спорт” телеканали ўзаро келишиб, қуръа шаффоф ўтиши учун 1/8 финалдан бошлаб жараённи жонли намойиш этишга ҳаракат қилади.

Бунга қадар Ўзбекистон Кубогида табақаланиш мавжуд бўлиб, жамоалар финалгача дуч келиши мумкин бўлган эҳтимолий рақиблари ҳақида маълумотга эга бўлган. Эндиликда эса ҳеч бир клубда бундай имконият бўлмайди. Ярим финал беллашувларигина уй-сафар тизимида ўтади.

ПФЛ Про-лиганинг ўзгартирилган форматига қуръа ташлаш маросимини 27 март — сешанба куни ўтказади. Ўзбекистон Кубогининг 1/16 финалига ҳам шу куни қуръа ташланади. Шунингдек, биринчи саралаш босқичи беллашувлари қачон ва қаерда ўтишига ойдинлик киритилади.

Янги формат ўз олдига юқори мақсадлар қўяётган бир қатор клубларга ғолиб бўлиш имкониятини тақдим этиши мумкин. Ўйинларда шиддат бўлиши ва барча клублар Кубок беллашувларига жиддий эътибор қаратиши учун ҳам шу йўлдан юрилди. Қайд этиш керак, Ўзбекистон Кубогида ғолиб чиққан жамоа Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш имкониятига эга бўлади.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz