Қайднома

Қидирув

Амиржон Сафаров: «Муаммоси йўқ жамоа борми ўзи?»

Амиржон Сафаров: «Муаммоси йўқ жамоа борми ўзи?»

  27.03.2018 03:47
  0
  638
Амиржон Сафаров: «Муаммоси йўқ жамоа борми ўзи?»

Самарқанд «Динамо»си ўтган ҳафта Тошкентда ташкиллаштирилган ўқув-машғулотлар йиғинини тугатиб, ўз қароргоҳига қайтди ва тайёргарликнинг сўнгги босқичига киришди.

Самарқандликлар пойтахт йиғини давомида назорат ўйинларига катта эътибор қаратишди, шунингдек, ЎФА томонидан жорий қилинган тест-синовларини топширишди.

Хусусан, Про-лига вакили «Бунёдкор-2» ва «Локомотив-БФК» жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинлари ташкил этилди. Маълумот сифатида эслатма: Самарқанд вилояти бош клуби Про-Лиганинг илк турларида «Шўртан» (25 март) ва «Сурхон» (28 март) меҳмони бўлади.

Биз Тошкент йиғинининг сўнгги куни «Динамо»нинг истеъдодли футболчиларидан бири, жамоа тўпурари Амиржон Сафаровдан махсус интервью олдик. - Амиржон, янги мавсумга қаратилган тайёргарлик жараёни қандай давом этяпти? Жамоада янгиликлар борми?

- Ҳаммаси режа асосида олиб бориляпти. Жамоамиз мавсумга деярли тайёр. Янгиликларга келсак, таркибимизда бир қатор янги футболчилар шуғулланишмоқда. Улардан айримлари шартнома тузишга ҳам улгуришди.

«Динамо» сафига қўшилганлар орасида олий лигада ўйнаш тажрибасига эга футболчилар ҳам бор. Масалан, ўтган йили «Машъал»да яхши таассурот қолдирган Марадона Сафаров, «Нефтчи»да тўп сурган ҳужумчи Мўйдин Мамазулунов, «Сўғдиёна» дарвозабони Шоҳруҳ Эшбўтаев, «Ғизилқум» фахрийси Илҳом Юнусов биз билан биргалар.

- Мураббийлар штабида ўзгариш бўлмадими?

- Йўқ. Жамоани ўтган йили ишлаган мураббийлар тайёрлашяпти.

- Умуман, мавсум-2017дан қандай хулосалар чиқардинглар?

- Агар чемпионатнинг биринчи даврасида кўрсатилган иштиёқни охиригача сақлаб қолганимизда, ҳозир эҳтимолки, Суперлигада ўйнардик. Жамоамиздаги ҳамжиҳатлик даражасини инобатга олиб айтсам, ҳаттоки, кучли тўртликка даъвогарлик қилишимиз мумкин эди.

Албатта, бу шахсий фикрим. Афсуски, биринчи даврадан сўнг асосий таркибнинг 2-3 нафар футболчиси жамоадан кетди ва бу ўйинимизга салбий таъсир кўрсатди.

- «Динамо»нинг кучлилар сафидан тушиб қолгани оғир ботгандир...?

- Табиийки, алам қилди. Очиғи, элитада 12та жамоа қолиши мавсум бошида айтилганида, ҳеч ким ортиқча ранжимасди. Ахир қайси клуб Суперлигада қатнашишни истамайди...?

- Мана, Суперлига ўйинлари зўр дабдаба билан бошланди. Таассуротлар қандай?

- Илк турлардан кутилмаган натижалар кузатилмоқда. Ҳозирнинг ўзида очко йўқотмаган жамоа қолмади. Ўйлайманки, мухлислар бу йил асло зерикишмайди. Ёмон томони шуки, ўтган йили олий лигада ўз ўрнини сақлаб қолган 3-4та жамоага жабр бўлди. 

- Энди Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш осон эмас. Ахир Про-лигада «Динамо»дан ташқари, «Машъал», «Истиқлол», «Андижон» каби яққол даъвогар жамоалар бор. Хўш, «Динамо» элитага қайтиш вазифасини уддалай олармикан?

- Ҳа, Суперлига йўлланмаси йўлида анча тер тўкиш талаб этилади. Ўйлайманки, «Динамо» юқори рақобатга тайёр. Шахсан мен олдимизга қўйилган вазифани бажара олишимизга шубҳаланмайман.

Зеро, таркибимиз чакки эмас - тажрибали футболчилар ҳам кўп. Хуллас, тажриба ва ёшлик шижоатини уйғунлаштирган ҳолда, мазмунли футбол намойиш этишга интиламиз.

- Ғизиқ, жамоани ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?

- «Динамо» билан амалда яна бир йиллик шартномам бор. Аслида бошқа жамоалардан етарлича таклифлар олдим. Лекин барчасини ўйлаб кўриб, «Динамо»да қолишни афзал билдим. Демак, энди бош-қа нарсаларга чалғимасдан, жамоага қўлдан келганича ёрдам беришим керак.

- Айни ҳозирги ҳолатда «Динамо»да муаммолар йўқми?

- Ҳар бир жамоада ўзига яраша муаммолар бўлиши табиий ҳол. Муаммосиз клубнинг ўзи йўқ. 100 фоиз яхши шароитга эга эканлигимизни айтсам, ёлғон гапирган бўламан. Муҳими, жамоада ички муҳит аъло даражада.

- Суперлигада сизнинг позициянгизда ўйнайдиган 3 нафар энг кучли футболчини айта оласизми?

- Драган Черан («Насаф»), Марат Бикмаев («Локомотив») ва Баҳодир Насимов («Бухоро»).

- Дунё футболидаги энг кучли ҳужумчилар-чи?

- Криштиану Роналду, Неймар ва Лионель Месси.

Маълумот учун

АМИРЖОН САФАРОВ

Туғилган санаси ва манзили: 1995 йил 18 февраль, Самар-қанд

Биринчи мураббийлари: Саме Эгамбердиев, Саид Эгамбердиев

Ўйнаган жамоалари: «Шердор» (Самарқанд) - 2014; «Динамо» - 2015 - ...

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz