Қайднома

Қидирув

Кўчадан келган футбол фабриканти ва унинг «олтин» топилмалари ҳақида

Кўчадан келган футбол фабриканти ва унинг «олтин» топилмалари ҳақида

  29.03.2018 06:29
  0
  279
Кўчадан келган футбол фабриканти ва унинг «олтин» топилмалари ҳақида

У профессионал футболчи сифатида майдонга тушмаган бўлсада, Лионда самарали маҳорат мактабини яратди.

Афсонавий Арриго Саккига тегишли ҳикмат айнан шу мутахассис фаолиятида ўз тасдиғини топгандек, гўё: «Асл чавандознинг ўтмиши отники каби бўлмайди!».

10 ёшида футболга меҳр ўй­ғонган, лекин «Жерлан» мухлисларига тамоман нотаниш бўлган Жерар Бонно 1983 йили «Лион» академиясига болалар мураббийи сифатида ташриф буюрди. Табиийки, «кўчадан келган» мутахассисни киноя билан кутиб олишди. Бироқ Жерар бундай синовларга тайёр эди. Мана 35 йилдирки, «Лион» тизимида меҳнат қилмоқда.

Шу давр ичида Европанинг асосий иқтидорлар мактабидан бири бўлган «Тола Волож» академиясида бош скаут даражасига кўтарилди. Тадқиқотлар натижасига кўра, Европада «Барселона»дан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турган маҳорат маскани - «Олимпик»ни мунтазам равишда малакали ёшлар билан таъминлаб келмоқда.

Ҳозирда «Лион» дарвозасини академиянинг португалиялик тарбияланувчиси - Матьё Горжелен тўлдира олди. Ҳимоя марказини кучайтиришга Мухтор Диакаби доимо тайёр, марказда эса Уссам Ауар ишончли тўп сура олади.

«Бу футболчи майдонда учиб юргандек ҳаракатланади. Ўйинни яхши ҳис этади, вазиятга тўғри баҳо беради. Кеаркли пайт суръатни оишириши ёки аксинча, тўпни ушлаб туриши мумкин», - дейди Бонно Уссам ҳақида. Чиндан ҳам Ауар-Жерар Бонно томонидан кашф этилган йирик жавоҳирлардан бири.

Ёш иқтидор соҳибларини кашф этиш соҳасида 2000 йилдан буён ишлаётган мутахассис бебаҳо тажрибага эга бўлди. Шунингдек, бу борада ўзига хос услуб яратишга ҳам улгурди. Масалан, у танлаган Ауар ихчам гавдали, лекин ўта чаққон ҳаракат қилади, юксак техника соҳиби.

Франциядаги бошқа академия Н~Голо Кантега ўхшаган йирик мускулли, бақувват ярим ҳимоячиларни афзал кўрадилар. Бонно эса ўзгача фикрда: «Хави-Иньеста жуфтлиги эталон даражасига кўтарилгач, барча жамоалар «Барселона»дек ўйнашга интила бошладилар. Ваҳоланки, бу хусусият футболчиларга ёшлигидан сингдирилиши лозим.

Бизнинг ярим ҳимоячиларимиз анчадан бери жисмоний кўрсаткичлар бўйича рақобатлаша олмайдилар. Бақувват рақибларга қарши тўп суриш тажрибаси уларни илдамроқ ҳаракат қилишга, тўпни рақиб билан тўқнашув юз беришидан аввалроқ узатишга ўргатади».

Жерар Бонно шунга ўхшаш бир қатор қоидаларга оғишмай амал қилади. Жумладан, Хатем Бен-Арфанинг «томоша»ларидан ке­йин мутахассис инжиқ табиатли ёшлардан бутунлай воз кечадиган, ёш иқтидор соҳибларининг одоб-ахлоқини ўқитувчилар билан муносабатларидан билиб оладиган бўлди.

Академияда эса мактабда берилган вазифаларни бир хил вақт - соат 17:00дан бошлаб бажаришни, тунги уйқуга соат  22:00дан ётишни белгилаб қўйди. Тўғри, Антони Мартиаль каби бошқа шаҳарлардан келадиган тарбияланувчилар кун тартибига мослашиш жараёнида бироз қи­йинчиликларга дуч келишди.

Зе­ро, «Лион» интизомни бўшаштирмади. Академиянинг бошқа ўқув масканларидан фарқ қиладиган асосий хусусияти - ишончли ва сермаҳсул ҳужумчиларни тайёрлаш. Бонно даврида «Лион» мактаби Гову, Бен-Арфа, Бензема, Ляказетт, Газзил, Н~Жие, Мартиаль каби юлдузларни тарбиялади.

Шу тариқа «Лион» бир ўқ билан икки қуённи овлайдиган бўлди. Биринчи ўлжани Бонно қуйидагича изоҳлади: «Ўз вақтида ҳужум чизиғи «Лион»нинг шунчаки бир бўлаги эди. Энди вазият ўзгарди. Очиғини айтганда, савия­ли ҳужумчиси бўлган жамоа ҳақида кўпроқ гапирилади».

Иккинчи ўлжага эса жамоанинг собиқ спорт директори Бернар Лякомб асос солган. Айнан унинг ташаббуси билан «Олимпик» бозордаги тайёр, лекин қиммат ҳужумчиларни харид қилишдан воз кечди.

Бунинг ўрнига ўз ҳужумчиларини тарбиялашга кўпроқ эътибор қарата бошлади. Шу тариқа муайян маблағ тежаб қолинди. Ғўшимчасига, сўнгги 10 йил ичида жамоа икки нафар топ-ҳужумчини рисоладагидек баҳода пуллаб, даромадни академия ривожига сарфлади.

Ғизиғи шундаки, «Лион» ҳимоячилар тарбиялашга онгли равишда эътибор қаратмайди. 2008 йили Клод Пюэль академия мутасаддиларидан бу борада рухсат олиб, ҳаракат қилиб кўрганди. Уч йил ичида атиги бир ҳимоячини асосий таркибга олиб чиқолмади.

Бонно Франциянинг асосий академияси бўлган Клерфонтенга уюштирган сафарини қуйидагича хотирлайди: «2003 йилда туғилган болалар ўртасидаги танловда ёш иқтидор соҳиблари етарли эди. Лекин 1200 нафар номзод орасидан 12 нафар ҳимоячини танлаб олиш ҳам кўплик қилади.

Франциялик болакайларнинг 70 фоизи ҳужумкор ўйинчилар. Агар 1- ва 2-дивизион жамоалари таркибига эътибор берсангиз, франциялик марказий ҳимоячилар жуфтлигини деярли учратмайсиз». «Лион»нинг ҳозирги таркиби мутахассис фикрини тўла тасдиқлайди: ҳимоя марказида собиқ қанот ҳимоячиси ва бразилиялик легионер тўп сурмоқда.

Учинчи марказий ҳимоячи Мухтор Диакаби эса собиқ ҳужумчи. «Лион» скаут хизматининг саъй-ҳаракатлари эвазига тезкор ва ҳужумкор жамоага айланди. Бонно эса 20 кишилик гуруҳи билан изланишни давом эттирмоқда. Албатта, хатоликлардан ҳеч ким кафолатланган эмас, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади.

Жумладан, қаҳрамонимиз ҳам ўз фаолияти давомида икки марта янглишди: Антуан Гризманн 14 ёшида ҳар куни «Лион» билан машқ қиларди. Жамоанинг тўлақонли аъзосига айланишини кута-кута зерикди. «Ўша даврда унинг позициясида 3 нафар ўйин­чи - Ляказетт, Гренье ва Тафердан умидимиз катта эди.

Мана шу бизнинг улкан хатойимиз бўлди. Бу чинакам тарихий хато эди», - дейди Бонно. Дарҳақиқат, Антуандан устун қўйилган Яннис Тафер ҳозирда Швейцариянинг «Санкт-Галлен»­и­да тўп сурмоқда. Эътибордан четда қолган Гризманн эса «Атлетико» ва Франция терма жамоасининг етакчи ҳужумчиси.

Ўзининг иккинчи хатоси - Набиль Фақирни 15 ёшида қўйиб юборганлигини Бонни уч йилдан кейин тўғрилади: «Набиль учун унинг жамоасига 1000 евро тўлаб, керакли лицензия­га эга бўлдик. Энди у 1-дивизионда порламоқда!». Агарда Жерар Бонно академияга ташриф буюрганида, уни қабул қилмаган бўлишарди.

Мутасаддилар ҳозирда ёшлар тарбиясини «Лион»нинг собиқ ўйинчиларига топширишган. Бу борада раҳбариятга эътироз йўқ - улар етарли ўйин тажрибасига эга, узатмаларни амалга ошириш ва позиция танлаш каби кўплаб нозик жиҳатларни намойиш этиш орқали шогирдларига кўмак беришлари мумкин.

Бундан ташқари, бош жамоанинг собиқ устози Реми Гард ва амалдаги устоз Брюно Женезио ҳам академия орқали ўтишган. Бу мантиқан тўғри қарор. Аммо ана шу империяга кўчадан келган кишининг асос солганлиги бироз ажабланарли.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.