Қайднома

Қидирув

«Локо»нинг йўқотишлари, янгича «Навбаҳор», трансляциялар... Янгича чемпионатимиз сизга маъқулми?

«Локо»нинг йўқотишлари, янгича «Навбаҳор», трансляциялар... Янгича чемпионатимиз сизга маъқулми?

  30.03.2018 06:43
  0
  380
«Локо»нинг йўқотишлари, янгича «Навбаҳор», трансляциялар... Янгича чемпионатимиз сизга маъқулми?

Янгича умидлар, катта ўзгаришлар билан бошланган Суперлиганинг ҳам мана, дастлабки 3та тури ортда қолди. Хўш, ўтказилган ўйинлар бизга қандай таассуротларни туҳфа этди?

Бу галги чемпионат аввалги форматдаги мусобақалардан фарқланяптими? Ички биринчилигимизнинг шу йўсин давом этиши футболимиз равнақига хизмат қиладими?

Келинг, миллий жамоамизнинг ўртоқлик ўйинлари сабаб вужудга келган танаффусдан фойдаланиб ушбу саволларга жавоб топишга уриниб кўрсак.

ТАҚВИМ ВА ТРАНСЛЯЦИЯ

Энг аввало, ПФЛ томонидан чиқарилган тақвимга назар ташласак. Битта турда ўтказилиши кўзда тутилган 6та ўйин 3 (айрим турларда 2) кун давомида бўлиб ўтиши қайд этилди.

Қўшимчасига, барча учрашувларнинг мухлислар учун қулай вақтга тўғри келиши ишқибозлар томонидан илиқ кутиб олинди. Тўғри-да, кундалик юмушларни бажариб бўлгач, соат 18:00 ёки 20:00да бошланадиган ўйинни кўриш учун бамайлихотир стадион томон отланишнинг гашти ўзгача.

Мухлислар манфаатини кўзлаётган ЎФАнинг ҳар бир стадионда оилавий секторлар ташкил этилишини таъминлагани эса алоҳида эътирофга лойиқ.

Ассоциациянинг ишқибозларга қулайлик яратиш мақсадида қўл урган яна бир янгилиги - барча учрашувларнинг «Спорт» телеканали орқали жонли эфирда томошабинларга тақдим этилаётгани.

Бу, албатта, профессионалликка интилишнинг илк намунасидир. Зеро, шу тариқа учрашувларни таҳлил қилиш, барча клублардаги ўйинчилар билан яқинроқ танишиш, статистлар учун эса зарур маълумотларни тўплаш имконияти ортади. Учта тур ортда қолган бир паллада айтиш мумкинки, юқоридаги омил тўлиқ ўзини оқламоқда.

БЕҲУДА ҲУШТАК ЧАЛИШ ЙЎҚ

Суперлига тартибига мувофиқ, энди ҳакамларнинг ўйиндан сўнг олган баллари эълон қилинмайди. Бу янгиликнинг чемпионат савиясига қандай таъсир кўрсатишини вақт кўрсатади.

Асосийси, энди ҳакамлар бригадасидан янада сергакроқ ишлаш талаб этилади. Ҳар бир баҳснинг жонли эфирда томошабинлар ҳукмига ҳавола этилаётгани эндиликда реферилар иши ҳар бир мухлис ва мутахассис назоратида турганини англатади. Ўйин-дан сўнг вужудга келадиган баҳс-мунозаралар эса ҳакамнинг обрўсига путур етказиб қўйиши мумкин.

Ўзбекистон ифтихори Равшан Эрматов ушбу масалада ўз фикрларини билдираркан, ўйинларни бошқариш чоғида Европа футболидан андоза олиш, беҳуда ҳуштак чалавермаслик муҳимлигини таъкидлади.

Суперлиганинг дастлабки 3та тури давомида тажрибали реферининг айтганлари ўз тасдиғини топаётганига гувоҳ бўлдик: тўхталишлар қанча камайса, ўйиннинг шиддати ошаверади.

МУХЛИСЛАР МУНОСАБАТИ

Ўзбек футболи ихлосмандлари орасида шундайлар борки, миллионлар ўйини атрофида рўй бераётган жараённи кузатиб, вазиятга тўғри баҳо беришда манаман деган мутахассислардан қолишмайдилар. Ишонинг, улар билдираётган фикрлар, бераётган таклифлари амалда фойдали бўлиб чиққанига кўп гувоҳ бўлганмиз.

Ички чемпионатимизга бефарқ бўлмаган мухлис бирор шубҳали ҳолатни сездими, шунчаки қўл силтайди, стадионга боришга ҳафсаласи қолмайди. Чунки у сценарийси тайёр спектакль кўришни хоҳласа, театрга боришни афзал билади.

Янги форматдаги Суперлига бошланганидан сўнг стадионлар анча гавжумлашаётгани эса ўша зийрак ишқибозларнинг эътиборини тортаётган ўйинларда шаффофлик учқунлаётганидан далолатдир. Мазкур ҳолатда 3та турда кузатилган томошабинлар ташрифи бўйича статистикага назар солишнинг ўзи кифоя, бизнингча.

1-тур

Жами: 85209 томошабин

Энг кўп мухлис ташриф буюрган ўйин: «Нефтчи» - «Насаф» - 19632

2-тур

Жами: 57876 томошабин

Энг кўп мухлис ташриф буюрган ўйин: «Бунёдкор» - «Пахтакор» - 20168

3-тур

Жами: 85209 томошабин

Энг кўп мухлис ташриф буюрган ўйин: «Навбаҳор» - «Локомотив» - 25300

Ҳа, томошабинлар ташрифи бўйича 25 минглик кўрсаткич қайд этилганига ҳам анча йиллар бўлиб қолганди. Мана, Суперлига шарофати билан «Навбаҳор» мезбонлигидаги учрашувда яна шундай манзара гувоҳи бўлдик. Эътибор беринг, 3-турдаги аншлаг сиғими 22000 кишилик Намангандаги «Марказий» стадионида кузатилди...

«ЛОКОМОТИВ»НИНГ ЙЎҚОТИШЛАРИ

Амалдаги чемпионни таниб бўлмаяпти. Футболчилар чарчаб қолишдимикан, десангиз, мавсум энди бошланди. Балки, янги келганлар жамоа ўйинига мослаша олишмаяптими?

Қисқаси, «Локомотив»нинг ОЧЛ-даги муваффақиятсиз иштирокини ҳазм қилиб улгурмаган мухлисларни «темирйўлчилар»нинг ички чемпионатдаги кетма-кет очко йўқотишлари янада кўпроқ ранжитган бўлса, ажабмас.

Ҳар ҳолда, «Локо»нинг ўз уйида «Металлург»га очко бериб, Намангандан «қуруқ қўл» билан қайтишини ҳеч ким кутмаганди. Бу ҳам бўлса, эндиликда ички биринчилигимизда фаворит сифатида кўрилаётган жамоаларнинг ҳам очко олишлари қи-йинлашишидан далолат, албатта.

ЯНГИЧА «НАВБАҲОР»

Жорий мавсум кўпчиликнинг эътиборини тортган жамоа сифатида «Навбаҳор»ни кўрсатсак, унинг сафидаги умидли футболчи Азиз Турғунбоевни қайтадан кашф этаётганимиз айни ҳақиқат.

Янгича чемпионатга янгича логотип, либос ранги ва умидлар билан қадам қўйган «лочинлар» дастлабки уч турда 7 очко тўплаб, «Насаф» ва «Бунёдкор» билан кучли учликни ташкил этиб туришибди.

Ўзининг 40 йиллик юбилейини нишонлаётган жамоанинг Суперлигадаги очилиш учрашуви ҳақиқий байрамга айланди, мухлислар билан тўлган стадионда кузатилган муҳитни таърифлашга тил ожиз.

Бундан кўриниб турибдики, «Навбаҳор» ишончли ўйнашда давом этиб, ғалабалар бардавом бўлса, наманганлик мухлислар ўз суюклиларини асло ёлғизлатиб қўйишмайди.

ҚОСИМОВНИНГ «БУНЁДКОР»И

«Бунёдкор»нинг бугунги таркибига назар солиб, уни бошқа грандлар таркиби билан солиштирсангиз, ишонинг, катта тафовут юзага келади. Аммо Миржалол Қосимовдек тажрибали мутахассис шу ҳолатдан ҳам максимал самара чиқаришни уддаламоқда. Бунинг учун футболимиз афсонасига қойил қолиш керак, албатта.

Сир эмаски, «қалдирғочлар» сафида асосан ёш футболчилар тўп суришади. Шунга қарамай, «Бунёдкор» АГМК билан ўйиндаги дуранг ва «Пахтакор» ҳамда «Нефтчи»га қарши кечган баҳсларда эришилган ғалабалар эвазига бу сафар ҳам ўз олдига жиддий ниятлар қўйганини исботлади. Эътибор беринг, азалий ва ноқулай рақиблар мағлубиятга учратилди.

Ҳа, Миржалол Қосимовнинг «Бунёдкор»и шундай ўйнайди. Таркиби нисбатан кучсиз туюлсада, мураббий имзоси ҳар доим кўзга ташланади.

КЎҲНА ШАҲАРДАГИ ТАНДЕМ

Улуғбек Бақоев мураббийлик соҳасига ўтаётганида, унинг қисқа муддатда рақобатбардош жамоа шакллантира олишига кўпчилик ишонмагани айни ҳақиқат. Яқин ўтмишнинг энг кучли тўпурар ҳужумчиларидан бири амплуасидан келиб чиқиб, ҳужумкорликка урғу бермоқда ва бу қарор ўзини тўлиқ оқлаяпти.

Ҳар ҳолда, «Бухоро» кўрсатаётган ўйин кўпчиликка манзур бўлмоқда. Таркиб танлашда эса Бақоевга ҳар жабҳада ёрдам кўрсатаётган Бахтиёр Ашурматовнинг ҳам маслаҳатлари асқотяпти. Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиларидан ташкил топган тандемнинг саъй-ҳаракатлари бесамар кетмаяпти.

Буни Бухорода ўтадиган ўйинларда мухлислар ташрифи узилмаётганидан ҳам билиб олса бўлаверади. Тўғри, жамоа «Насаф» майдонида мағлубият аламини тотиб кўрди. Аммо ўз уйида рақибларига имконият қолдирмаяпти.

Дастлаб Нўъмон Ҳасанов бошчилигидаги «Қўқон-1912» таслим этилган бўлса, 3-турда «Сўғдиёна» устидан ишончли ғалабага эришилди - 3:0. Ҳали «Бухоро» фаворитларга ҳам бошоғриқ бўлиши турган гап. Бу эса Суперлигадаги шиддатнинг ошишига хизмат қилади.

КАТТА САҲНАДА - ЛЕГИОНЕРЛАР

Дастлабки 3та турда кузатилган яна бир диққатга молик факт хорижлик футболчилар билан боғлиқ. Эътибор берган бўлсангиз, аксарият ўйинларда катта саҳнага легионерлар чиқишмоқда ва рақиб дарвозаларини ишғол қилиб, муҳим голларга ассистентлик қилишмоқда.

«Насаф»да бу вазифани ўнг қанот ҳимоячиси Славко Лукич аъло даражада бажараётган бўлса, «Пахтакор» ва АГМКда пенальти тепиш масъулиятини мос равишда Исмоил Гонсалвеш ҳамда Йован Жокич ўз зиммаларига олишмоқда.

«Навбаҳор» ҳамда «Қўқон-1912» мудофаа чизиғида сербиялик ҳимоячилар алоҳида ўрин тутишаётгани, «шерлар» сафида Тиаго Безерранинг фаоллик кўрсатаётгани таҳсинга сазовор. Қолаверса, «Бухоро»даги Сергей Русецкий, «Локомотив»даги Нивалдо ҳамда «Қизилқум» вакили Элгужа Григалашвилининг ўйинлари ҳам кўпчиликда илиқ таассурот қолдирмоқда.

Мазкур ҳолат эндиликда клубларимиз легионер танлашда ҳам алоҳида мезонларга таяниб, хориждан фақат фойдали иш коэффициенти юқори бўлган футболчиларни жалб этишаётганини исботламоқда.

Қизиғи, Суперлига иштирокчилари орасида фақат «Сўғдиёна» таркиби легионерлардан холи. Бу ҳам бўлса, жиззахликларнинг асосий эътиборни маҳаллий футболчиларни тарбиялашга қаратишга бел боғлаганликларидан далолат бермоқда.

ОЧКОСИЗ «ҚИЗИЛҚУМ» ВА ИЛК ИСТЕЪФО

Ҳа, ҳозирча навоийликларнинг ишлари қовушмаяпти. Афтидан, мавсумга тайёргарлик кўриш чоғида сусткашликка йўл қўйилган. Акс ҳолда, дастлабки учта турни ўз майдонида ўтказиб, бирорта очко ишлай олмасликни яна қандай изоҳлаш мумкин?

Дастлаб «Локомотив»га қарши баҳсни бой берган (0:3) «Қизилқум» кейинчалик «Қўқон-1912» ҳамда «Насаф»га ҳам «меҳмондорчилик» кўрсатди. Оқибатда ҳозирча бирорта ҳам очкога эга бўлолмаган жамоа турнир жадвалининг сўнгги поғонасини эгаллаб турибди.

Бу ҳолат навоийлик мухлислар ва клуб мутасаддиларига маъқул келмаслиги тайин эди. Шу боис, қониқарсиз иштирок туфайли 3-турдан кейиноқ Суперлигадаги дастлабки истеъфо гувоҳига айландик - Ҳамиджон Актамов «Қизилқум»даги бош мураббийлик курсисини бўшатаркан, ушбу қарорни қуйидагича изоҳлади:

«Футболда омад ва омадсизлик ёнма-ён туради. Қўлимдан келганича жамоани юқорига кўтаришга интилдим. Аммо бир кишига ҳамма ишни бажариш қийинчилик туғдирар экан. Афсуски, ҳозирча хориждан тажрибали мураббий таклиф этишга имкониятимиз йўқ. Шу боис эндиликда жамоа устози сифатида Юрий Павлович Лукин ишлайди.

Илгари ҳеч қачон мавсумни бу қадар ёмон бошламагандик. Ҳар қандай қийинчиликнинг охири бўлади. Футболчиларга қўлдан келганча барча имкониятларни яратишга интиляпмиз. Мавсум энди бошланди. Ўйлайманки, аста-секин яхши натижаларни ҳам қўлга кирита бошлаймиз».

Албатта, Суперлигада ҳар бир очко олтинга тенг бўлади ва отни тезроқ қамчилаш мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, биринчи давра якунланмай туриб, яққол аутсайдер номи ойдинлашиб қолса, бу чемпионат савиясига салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

ХУЛОСА

Юқорида қайд этилган маълумотлардан келиб чиқиб, хулоса билдирадиган бўлсак, ҳозирча Суперлига номи остида фаолият бошлаган биринчиликнинг бориши чакки эмас.

Тўғри, қайсидир жабҳаларда нуқсонлар кузатилаётгандир. Аммо иш бор жойда камчилик бўлиши табиий ҳол. Муҳими - ривожланиш биносига пойдевор қўйилди, ўша бинонинг тўлиқ барпо этилиши эса бироз вақт талаб этади.

Эндигина 3та тур ортда қолди ва мақолада номи тилга олинмаган бошқа клубларнинг ҳам юқори ўринларга даъвогарлар қаторига қўшилишлари ҳеч гап эмас.

Бу эса, ўзига хос занжирни вужудга келтиради: рақобат кучаяди - рақобат бор жойда интрига пайдо бўлади - интрига ўз навбатида, мухлисларни стадионга чорлайди - мухлислар футболчиларни руҳлантиришади - кайфияти чоқ футболчилар эса миллий жамоа ва ОЧЛ баҳсларида фақат ғалаба қозониш ҳақида ўйлашади.

Бир сўз билан айтганда, бу кетма-кетлик футболимиз ривожига хизмат қилади. Ушбу «занжир»ни мустаҳкамлаб, унинг узилмаслигини таъминлаш учун эса барча биргаликда меҳнат қилишига тўғри келади.

Ўткир УМАРОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz