Қайднома

Қидирув

Англиялик «Симёғоч»ни танийсизми?

Англиялик «Симёғоч»ни танийсизми?

  31.03.2018 06:53
  0
  359
Англиялик «Симёғоч»ни танийсизми?

«Арсенал» вакиллари 4 март куни дебютант - «Брайтон»га қарши баҳсда бир ярим соат тинмай югуришди, ҳужум ортидан ҳужум уюштиришди. Бироқ бу ҳаракатлар атиги 1та голга яради, холос.

Боз устига, габонлик Пьер-Эмерик Обамеянгнинг голи «тўпчилар»га завқ улашгани йўқ. Гап шундаки, «Брайтон» бунгача Льюис Данк ҳамда Гленн Мюррейнинг аниқ зарбалари эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олганди.

Улардан иккинчиси ўйин қаҳрамони сифатида тан олинди. Хуллас, бу сафар айнан англиялик Гленн Мюррей ҳақида ҳикоя қиламиз.

*****

34 ёшли фахрий ҳужумчининг ташқи кўринишига қарасангиз, шиддатли иш ҳафтасидан сўнг ўлгудай чарчаган кишини кўрасиз. Бироқ бу алдамчи таассурот. Аввало, аҳамиятли фактга диққат қилинг: Гленн - АПЛ дебютантининг асосий тўпурари. Дейлик, жорий мавсум чемпионат доирасидаги ўйинларнинг ўзида 11та гол урди.

Хусусан, янги йилдан кейин барча турнирларда рақиблар дарвозабонларини нақ 8 марта ранжитди. Оддий айтганда, қаҳрамонимиз ҳозирда Александр Лаказетт ва Альваро Моратадек қимматбаҳо амплуадошларидан анча самарали тўп сурмоқда. 

«Гол урган чоғинг ажиб бир лаззатни туясанки, буни ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Бу - қиёси йўқ мароқ. Мисол учун, барча футболчилар жарима майдони томон югуриб, ўзларини худди минг-минглаб мухлислар кўз ўнгида гол ургандек ҳис қилишади. Аслида эса бу ишни мен бажарган бўламан» - Мюррей ўз фаолиятида тез-тез юз бераётган воқеани шундай изоҳлайди.

Январдан кейинги даврни олсак, Англия футболида фақатгина Муҳаммад Салоҳ ва Серхио Агуэро камтарин «Брайтон» етакчисидан яхшироқ кўрсаткич қайд этишди. Оддий айтганда, Мюррей - АПЛнинг 2018 йилги англиялик энг яхши тўпурари!

Ўзи камтарин жамоада тўп сурадиган футболчининг энг нуфузли чемпионатда 10тадан кўп гол уриши - камёб ҳодиса. Қолаверса, мусобақа ҳали поёнига етгани йўқ. Шундай экан, Гленн маҳсулдорлик бобида янада юксакроқ натижага эришиш имкониятига эга. Чунки у ўта тиришқоқ фахрийлар сирасига киради. 

*****

Мюррей фаолиятининг илк йиллари тўртинчи дивизион вакили - «Карлайл Юнайтед» билан шартнома тузишга роса уринган, аммо клуб раҳбариятидан 2 марта ошкора рад жавобини олганди. Шунинг натижасидами, футболдан кўнгли қолиб, бутсаларини михга илиш ҳақида ўйлади.

Лекин тез орада тушунарсиз тушкунликни бир четга улоқтириб, АҚШга йўл олди. Аниқроғи, Профессионал лига иштирокчиси - «Велмингтон Хаммерхэдс» жамоасида профессионал футболчи бўлиш орзусини рўёбга чиқариш ҳаракатини бошлади. Муҳими, Гленн океан ортида чакки ўйнамади ва 3та гол урган, маълум тажриба тўплаган ўйинчи сифатида Англияга қайтди.

Ниҳоят, учинчи уриниши самара бериб, «Карлайн» сафидан жой олди. Тўғри, жамоа шундан кейин ҳам Гленни 2 марта бошқа клубларга юборди - ижара келишуви. Боз устига, охир-оқибат, футболчи билан алоқани бутунлай узди. Мутасаддилар бироз бесўнақай, лапашангдек кўринадиган йигитчадан савияли футболчи чиқишига ишонмагандилар.

«Тан оламан, вақтида 2 марта футболдан батамом кўнгил узиш хусусида жиддий бош қотирганман. Чунки менга нисбатан муносабат таъсирида ўйнаш ва ишлашга қизиқишим деярли сўнганди.

Фақат автомобилда стадион сари узоқ йўл босганим ва машғулотлар ёдимда қолган, холос. Зеро, ўша пайт ҳеч ким билан гаплашмасдим, шунчаки, тушкун кайфиятда жаҳл билан машқ қилардим», - дея эслайди ҳужумчи фаолиятининг илк босқичини.

*****

Аслида Мюррей бутун фаолияти давомида гол уришда унча қийналмаган, аммо элит дивизионда бу ишни бирданига қойиллатолмади. Ҳужумчи хусусан, «Брайтон» сафида ҳам рисоладагидек сермаҳсуллик намойиш этган, фақат учинчи дивизионда. Хуллас, у камтарин жамоалар ўртасидаги мусобақаларда етарлича гол урган.

Бундан 4 йил олдин эса ҳужумчи «Кристал Пэлас»ни кучлилар сафига чиқиши йўлида бор маҳоратини ишга солди. Лекин «плей-офф» баҳсларида тиззаси жароҳатланди ва ҳал қилувчи учрашувда жамоасига ёрдам беролмади.

Шундан сўнг февралда сафга қайтдию, тезда яна Чемпионшипга қайтди. Ҳужумчи бу сафар ижара шартномаси асосида «Рединг» шарафини ҳимоя қила бошлади. Айтишларича, Мюррей «Пэлас»нинг адолатсиз муносабатини ҳозиргача унутолмаган. «Бургутлар» яқинда «МЮ»га қарши учрашувда 2та гол фарқи билан олдинда бораётиб, якунда мағлубиятни тан олишди - 2:3.

Натижада Мюррей иродали ғалабани ўзгача нишонлаган Гари Невиллнинг ижтимоий тармоқларда қолдирган барча изоҳларига «маъқул» белгисини босиб чиқди. Табиийки, ҳужумчи бу билан лондонлик мухлислар ғазабини қўзғатди.

*****

Футболчининг «Борнмут» билан АПЛ саҳнасида бош кўтаришга илк уриниши айтарли самара бермади. Ўшанда «Пэлас» уни «Рединг»дан қайтариб, «Борнмут»га «қарз» сифатида юборганди. Гарчи Гленн «Челси» дарвозасига жамоанинг ғалаба тўпини йўллаган бўлсада, бош мураббий Эдди Хау унга мунтазам равишда майдонга тушиш имкониятини бермади.

Қисқаси, ижарачи-ҳужумчи «Брайтон»нинг атиги 2та ўйинида иштирок этди. Мана, ниҳоят, иккинчи қайтишида ўзини чинакамига кўрсата бошлади. Қизиғи шундаки, «Брайтон» вақтида Чемпионшипнинг «плей-офф» босқичида айнан «Кристал Пэлас»га имкониятни бой берганди.

Ўшанда Гленн ўйин қаҳрамонига айланиб, собиқ жамоасининг ашаддий рақиби душмани мақомини олганди. Умуман, Мюррей жорий мавсум фаолиятидаги энг шиддатли ўсишни қайд этиши мумкин - шу пайтга қадар ўртача ҳисобда ҳар 2та учрашувда 1тадан гол урган ҳужумчи шахсий кўрсаткичини яхшилаш имкониятига эга.

Тўғри, у олдин ҳам ўртача ҳисобда ҳар 187 дақиқада гол қувончини туйишга эришган. 2012|2013 йиллар мавсумида эса «Пэлас» сафида тўп суриб, Чемпионшип рекордини ўрнатганди.

*****

Хўш, энди нима ўзгарди? Шу пайтгача «Карлайл», «Рочдейл» каби «митти» жамоаларда ўйнаб келган ҳужумчи қандай қилиб фаолиятининг сўнгги босқичида Гарет Саутгейт бошқараётган Англия миллий жамоаси таркибида Россия мундиалида қатнашишга даъвогарлик қилмоқда?

«Агар 10 ёш кичикроқ бўлганингизда, ҳозиргига нисбатан яхшироқ ўйнай олармидингиз?» қабилидаги саволга Гленн қуйидагича жавоб қайтарди: «Йўқ, менимча, айнан ҳозир ишончлироқ тўп суряпман. Ҳақиқат шуки, йиллар давомида ижобий хусусиятларимдан самаралироқ фойдаланишни ўргандим.

Ортда қолган фаолиятимдан асло афсусланмайман. Қайсидир мураббий қадримга етади, бошқаси эса йўқ - ҳаётнинг оддий қоидаси шунақа». Хуллас, фаолиятидаги қийинчилик ва муваффақиятларга файласуфларга хос ёндашадиган Мюррей ўзига нисбатан талабчанликни сира пасайтирмайди.

Асосийси, жорий мавсум  «Ливерпуль», «Арсенал», ҳаттоки, уни «брак»ка чиқарган «Кристал Пэлас»ни ҳам гол билан жазолаган ҳужумчи гўёки, ҳеч нарса бўлмагандек камтарлик билан тўп сурмоқда. Гленнинг энг устун жиҳатлари - бош билан самарали ўйнаш, қулай позиция танлаш ва жарима майдончасида мўлжалдан адашмаслик.

Ҳа, у қандайдир ўзгача, бошқа касбдошларида учрамайдиган фазилатларга эга эмас. Шунчаки, зиммасидаги вазифаларни имкон қадар мукаммал даражада адо этишга уринади. Бу тоифадаги футболчиларга эҳтиёж доимо баланд.

Чунки улар бор жойда гол узоқ куттириб қўймайди. Англиялик ҳужумчининг ўзи мисол тариқасида Оливье Жиру ва Питер Краучни тилга олади: «Франция вакили «Арсенал»нинг фойдали ўйинчиларидан бири эди. Лекин ҳеч қачон етарли даражада эътирофга лойиқ кўрилмаган. Крауч эса 37 ёшида ҳам АПЛ аъзоларини гол билан жазолашни уддаламоқда».

Мана шу намуна Мюррейга яна бир неча мавсум юксак савияда тўп суриш умидини бағишламоқда. «Брайтон» айни пайт АПЛ турнир жадвалида 11-поғонани банд этиб турибди. Лекин «қора чизиқ» - хавфли ҳудуддаги жамоа билан ўртадаги фарқ атиги 7 очко, холос. Шу боис, Мюррей барча шериклари қатори хотиржамликка берилмаслиги керак.

Боз устига, у бундай ишончли мавсумни жуда узоқ кутди. Демак, «Темирни қизиғида бос» мақолига амал қилиб, иложи борича юқорироққа кўтарилиш ҳақида ўйлаши керак.

Бундан 2 йилча аввал соҳилликларнинг АПЛга чиқишлари учун атиги 1 очко етмай қолганди. Энди эса жамоа элита суръатига мослашиб, энг кучлилар муҳитига кўникиш тадоригини кўрмоқда.

*****

Табиийки, майдонда оёқларидан кўра, боши билан самаралироқ ўйнайдиган ҳужумчининг муваффақияти аввало, жамоадошлари билан тил топишиши ва уларнинг беминнат ёрдамларига боғлиқ. Ҳозирча ҳаммаси Мюррейнинг кўнглидагидек - «Брайтон» Паскаль Грос ва Хосе Эскьердо каби ажойиб таъминотчиларни ўз сафига қўшиб олди.

Сўнгги ойларда айнан шу футболчилар «симёғоч»ни ўз вақтида зарба йўлига олиб чиқишмоқда. АПЛдаги сермаҳсул мавсум Гленнга тасаввур қилиш қийин саналган орзу - Англия терма жамоаси сафида Россия мундиалида иштирок этиш умидини бермоқда. «Бу мен учун улкан муваффақият бўларди.

Терма сафидан жой олишим мумкинлиги ҳақидаги матбуот хабарлари ва мухлислар ўртасидаги гап-сўзларни эшитиш ёқимли, албатта. Лекин асосий мақсадим - «Брайтон»ни элитада қолишига қўлдан келганча ёрдам бериш. Бунинг учун имкон қадар кўпроқ гол уришим керак.

Қолгани эса ўз-ўзидан ривожланаверади, хусусан, терма жамоа мураббийлари назарига тушиш масаласи ҳам», - дейди ҳужумчи. Дарҳақиқат, яқин-яқингача бу ўйинчининг Англия миллий жамоаси таркибидан жой олиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди. Чунончи, Гленн лоақал ёшлар терма жамоасида ҳам бирор марта тўп сурмаган.

Лекин Гарри Кейн ва Даниэль Старрижнинг жароҳатланишгани натижасида жорий мавсум кашфиёти асосий номзодлар қаторига қўшилди. Йўқ, ҳозирда Мюррейнинг ЖЧ-2018да иштирок этиши, лоақал захирадан майдонга тушиши фантастика эмас.

Фахрий ҳужумчи бунинг учун мавсумнинг якуний қисмида маҳсулдорликни бирозгина ошириш асносида Гарет Саутгейт ишончига кирса, бас.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz