Қайднома

Қидирув

Парк Жи Сун: «Жаҳон чемпионати ҳамма учун имконият»

Парк Жи Сун: «Жаҳон чемпионати ҳамма учун имконият»

  02.04.2018 06:36
  0
  308
Парк Жи Сун: «Жаҳон чемпионати ҳамма учун имконият»

Жанубий Корея футболининг энг ёрқин намояндаларидан бири Парк Жи Сун нақ 3та ЖЧда иштирок этганию, 2002 йилги мундиал ярим финалида ўйнагани билан бемалол мақтаниши мумкин.

Умуман, собиқ ярим ҳимоячи «Манчестер Юнайтед»дек гранд клуб сафида самарали фаолият юритгани ортидан Осиёнинг тарихдаги энг совриндор футболчисига айланган. Табиийки, бу катта натижа.

Парк Жи Сун айни пайт янги «амплуа» (мақом)га эга - FIFA афсонаси. У жаҳон чемпионатининг нақадар муҳим турнир эканлигини жуда яхши тушунади, албатта.

Дейлик, бутун Жанубий Кореянинг чин фахри Европа клуб футболида кўпчилик ҳавасини уйғотадиган натижаларга эришган бўлсада, доимо фаолиятидаги энг қувончли ва унутилмас лаҳзаларни айнан Осиёда ташкиллаштирилган ЖЧ-2002да бошдан кечирганини рўй-рост айтади.

Бошқача айтганда, Жанубий Корея ва Япония мезбонлик қилган турнирдаги иштирокидан чинакамига ғурурланишини таъкидлаб келади, ярим финалда ўйнаганини эса футболдаги энг катта ютуғи сифатида тилга олади.

Мана, Парк FIFA.com сайтига берган охирги интервьюсида ҳам шу мазмундаги гапларни такрорлади: «Очиғи, ўша жаҳон чемпионати мен учун нақадар муҳимлигини сўз билан ифодалаб беролмайман. Бу футболдаги йўлимнинг мазмунидир».

ЖЧ-2002 ОРТИДАН ЕВРОФУТБОЛГА

Осиёда ўтказилган илк жаҳон чемпионати тарихдаги энг яхшиларидан бири сифатида эътироф этилади. Парк Жи Сун ўша вақт Жанубий Корея миллий жамоасининг шубҳасиз етакчиси саналарди.

Мисол учун, у турнирнинг гуруҳ босқичида Португалия термаси дарвозасига гол уриб, юртдошларининг тарихда илк марта жаҳон футбол форумининг «плей-офф» босқичига йўл олишларига мислсиз ҳисса қўшган ва жамоадошларини ярим финал довонигача олға бошлаганди.

Корейсларга устозлик қилган голландиялик Гус Хиддинк чидамли универсал ярим ҳимоячининг ҳаракатларидан шу қадар ҳайратланадики, атиги ярим йилдан кейин уни ПСВга чорлайди.

«Хиддинкнинг ўша таклифи бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди», - дея хотирлаганди Жи Суннинг ўзи. Муҳими, 22 ёшидаёқ еврофутболга юзланган иқтидор эгаси ўз имкониятини қўлдан чиқаргани йўқ. У ПСВ ўйинига муаммосиз киришиб кетиб, бирданига энг сара клублар эътиборига тушди. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди.

Зеро, Эйндховен жамоаси Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиққан мавсум Парк бош роллардан бирини ижро этганди. Натижада узоқни кўришга уста сэр Алекс Фергюсон ҳаммадан илдамроқ ҳаракат қилиб, осиёлик футболчини «Манчестер Юнайтед» сафига қўшиб олади. Уни сокин Голландиядан шовқинли Англияга кўчиб ўтишига шахсан шотландиялик мутахассиснинг ўзи бош-қош бўлганди.

Яъни устамон мураббий футболчини айни вақтида кўндирган. Асосийси, кореялик йигит сэр Алексга ишониб, адашмади - АПЛ унинг учун ҳақиқий парвоз саҳнасига айланди. Фактлар асосида айтсак, Парк «қизил иблислар» сафида муносиб ўйнаб, Англиянинг 4 карра чемпиони бўлди, тарихдан улкан Осиё вакиллари орасида Европа Чемпионлар Лигаси финалида иштирок этган биринчи футболчи сифатида жой олди, қолаверса, Клублар ўртасидаги ЖЧда ғалаба нашидасини сурди.Хуллас, Осиёнинг энг совриндор футболчиси мақомини олди.

Парк Жи Суннинг терма жамоадаги фаолиятига келсак, у ўша зафарли ЖЧ-2002дан кейин яна 2та мундиалда қатнашди. Шунчаки, қатнашмади, балки ёрқин ўйини билан омма назарини тортди. Тўғри, эҳтирослар нуқтаи назаридан айтсак, кейинги турнирлар унинг дебют мундиалидан орқада, барибир.

ОЛДИНДА ЖЧ-2018

- Жанубий Корея миллий жамоасининг ЖЧ-2018даги асосий вазифаси нима? Юртдошларингиз учун гуруҳ босқичидан чиқиш муносиб натижа саналадими ёки...?

- Менимча, асосий мақсад шу бўлса керак. Тан олиш жоиз, Осиё жамоалари ҳозирча жаҳон футболи грандлари қаторидан жой олишга даъво қилолмайди.

Шундай экан, ҳаммасига реал қараганимиз маъ-қул. Қитъадошларимиз, хусусан, кореяликлардан дейлик, ярим финалга чиқишларини кутиш ноўрин, чамамда. Демоқчиманки, аввалига гуруҳ раунди довонидан ўтишни кўзлаш мақсадга мувофиқ.

Мисол учун, ЖЧ-2018 финал босқичига қуръа ташлаш жараёнида Осиёнинг деярли барча терма жамоалари 4-саватчага жойлаштирилди. Бу нимадан далолат? Хуллас, Осиё ҳозирча футбол мезонлари бўйича саёрамизнинг энг кучли ҳудудларидан бири эмас.

- «Суонси»даги Ки Сон Ён ва «Тоттенхэм»да чакки ўйнамаётган Сон Хюн Мин ҳақида нима дея оласиз? Уларни Ж.Корея термасининг бугунги етакчилари сифатида эътироф этиш мумкинми?

- Объектив қараганда, ҳа. Бу футболчиларнинг жамоа учун жуда муҳим эканликлари ўз-ўзидан тайин. Хусусан, Ки Сон ҳам, Сон Хюн ҳам жаҳон чемпионатида ўйнаш тажрибасига эга ва улар сайёранинг энг кучли термаларига қарши туриш қандай бўлишини яхши билишади.

Ўйлайманки, бу йигитлар Россияда жамоадошларини ўз ортларидан эргаштира олишади. Хуллас, бой тажрибаларини шерикларига ўтказа олишса, бас.

- Аслида кореялик кўплаб футболчилар эндиликда хориж чемпионатларида тўп суришмоқда. Легионерлар сафи кенгайгани терма жамоа фойдасига ишладими?

- Албатта, бунинг аҳамияти катта. Аммо масаланинг яна бир жиҳати бор - ҳозирда миллий жамоа жаҳон чемпионатига худди 2002 йилги турнир арафасидаги каби тайёргарлик кўролмайди. Ўша вақт аксарият футболчилар маҳаллий лигада ўйнашарди ва номзодларни терма жамоа базасига йиғиш айтарли муаммо туғдирмасди.

Энди эса бунинг иложи йўқ: мураббийлар легионерларни чақиришда ФИФА регламентию, тақвимини инобатга олишга мажбурлар. Демакки, ҳозирда машғулот йиғинлари ва ўртоқлик ўйинлари сони чекланган. Умуман, тўлақонли таркиб билан шуғулланиш учун вақт етарли эмас.

Тўғри, шахсан мен кореялик йигитларнинг хорижга талпинишларини мудом ёқлаб келаман. Юртдошларим айниқса, кучли футбол муҳити шаклланган Европада ўйнашларини хоҳлайман. Ахир энг сара футболчилар билан рақобатлашиш - ўсиш гарови.

- Хўш, қайси жамоаларни ЖЧ-2018 фаворитлари қаторига киритасиз, кимда имконият кўпроқ?

- Ҳозирги ҳолатда Бразилия термасининг тезлиги юқори. Яна Германия термаси одатдагидек, жуда яхши ўйнамоқда. Аслида фаворитлар масаласи мураккаб, зеро, бир неча жамоани ғолибликка яққол даъвогар сифатида айтиш мумкин. Менимча, бизни олдинда ўта қизиқарли мундиал кутмоқда.

- Ҳар доим турнир мезбонига алоҳида эътибор қаратилади. Шахсан сиз Россия термасидан нималар кутяпсиз?

- Аввало айтишим керак, жаҳон чемпионати - ҳамма учун улкан имконият. Лекин энг каттаси айнан мезбонларда. Бу мамлакатни бутун дунёга бошқача кўз-кўз қилиш имконияти саналади.

Шу маънода айтсам, россияликларнинг мезбонлик факторидан нечоғли фойдаланишларини кузатиш ҳам ўта қизиқарли. Ўзи ҳар бир жаҳон чемпионати алоҳида ўрин тутиши аниқ: янги таассуротлар, ўзгача қарашлар, маданият, урф-одат...

Европа Чемпионлар Лигаси финали туфайли Россияга келганимда, такрорланмас муҳитни кўргандим. Ўшанда ҳаммаси талаб даражасида бўлганди ва бўлажак жаҳон биринчилиги ҳам юқори савияда ўтишига заррача шубҳаланмайман.

- Москвадаги «Лужники» стадионида бўлиб ўтган ўша финалда «Манчестер Юнайтед» ғалаба қозониб, ортга ЕЧЛ кубоги билан қайтганди. Ўйинга боғлиқ хотираларингиз...

- Афсуски, улар унчалик ёрқин эмас, чунки ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушмаганман (Фергюсон кейинчалик Парк Жи Сунни ўйин қайдномасига киритмаганидан қаттиқ афсусланганини очиқ тан олганди).

Тўғри, жамоам ғалаба қозонган ва бу ҳаммамиз учун катта байрам бўлганди. Такрор айтаман, стадион ва ундаги муҳит ҳамон кўз ўнгимда. Қизиқ, шунча йилдан кейин у қанчалик ўзгарганкин? Бу ҳам мундиал стартини интизор кутаётганимга яна бир сабаб.

- Айни пайт бўлажак жаҳон чемпионатида янги технологиялар қўлланилиши кенг муҳокама қилинмоқда. Футболга технология воситаларини аралаштириш масаласига қандай муносабат билдирасиз? Бу табиийликка путур етказмайдими?

- Технология ҳар бир спорт турида бор ва энди футбол ҳам четда қолмаслиги керак. Хуллас, қўшимча воситаларни амалга татбиқ этилишига қарши эмасман.

Муҳими, ҳаммаси тўғри қўлланилса, бас. Ахир техник аралашув билан адолатсизлик олдини олишнинг зиёни йўқ-ку. Умуман, янги тажриба футболга фойда келтирса керак.

- Якунда «FIFA афсоналари» дастури ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Бу лойиҳа сизни айнан нимаси билан қизиқтириб қўйди?

- Собиқ футболчиларнинг ушбу лойиҳада иштирок этишлари жуда муҳим, менимча. Зеро, вақтида машҳурликка эришган ва кўпчилик учун кумир мақомига кўтарилган ўйинчилар мухлисларга таъсир ўтказа олишади.

Бинобарин, футбол нафақат ўйин иштирокчилари, балки уни яхши кўрувчи ҳамма-ҳаммага очиқ бўлиши керак.

Шахсий фикримча, собиқ футболчилар ФИФА тадбирларида қатнашиш асносида қизиқиш кўламини ошириш баробарида мухлислар ҳамда амалдаги ўйинчиларга ижобий таъсир кўрсатишлари мумкин.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz